Тарихий манбашунослик
Download 1.58 Mb.
|
manbashunoslik
8.3.21. “Мажму ат-таворих”
“Мажму ат-таворих” ёки “Зубдат ут-таворих” номли асар муаллифи Ҳофизи Абру номи билан машҳур бўлган йирик географ ва тарихчи олимдир. Унинг ҳақиқий исми Шаҳобуддин Абдуллоҳ ибн Лутфуллоҳ ибн Абдурашид ал-Ҳавофийдир. Абдураззоқ Самарқандийнинг сўзларига қараганда Ҳофизи Абру Ҳирот ҳудудидаги Ҳавофда туғилган, Ҳамадонда таҳсил кўрган ва 1430 йилда Занжонда вафот этган. Бошқа тарихий манбаларнинг маълумотларига ва унинг сўзларига қараганда, Ҳофизи Абру Амир Темур ва Шоҳруҳ саройида истиқомат қилган ва ҳар иккала ҳукмдор билан яқиндан муносабатда бўлган. Агар у Амир Темур билан фақат саройдагина яқин суҳбатдош бўлган бўлса, Шоҳруҳ билан унинг юришларида бирга бўлган. Ҳофизи Абру Шоҳруҳнинг топшириғи билан иккита йирик асар ёзган. Булардан бири тарихий-географик мазмунда бўлиб, 1414-1420 йиллар орасида ёзилган. У Х асрда араб тилида битилган номахлум бир китоб асосида ёзилган. Ю.Е.Борщевскийнинг сўзларига қараганда, бу “Китоб ал-масолик ва-л-мамолик” деб аталиб, Ҳасан ибн Аҳмад Муҳаллабийнинг қаламига мансуб бўлган. Шоҳруҳ Мирзо 1414 йили Ҳофизи Абруга мазкур асарни форс тилига таржима қилиш ва бошқа манбалар асосида қайта ишлашни топширган. Демак, бу асар шунчаки компиляция ва таржима бўлиб қолмай, балки янги далиллар билан бойитилган, диққатга сазовор асардир. Шуни айтиш кифояки, унда ҳар бир вилоятнинг географик ҳолатини тавсифлашдан ташқари, унинг қисқача сиёсий тарихи ҳам баён қилинган. Биз учун асарда Амударёнинг Каспий денгизига қуйилиши ҳақидаги, шунингдек, Мовароуннаҳр ва унинг йирик шаҳарлари Бухоро, Самарқанд, Насаф, Кеш, Термиз, Хўжанд ва бошқалар ҳақида келтирилган маълумотлар муҳим аҳамият касб этади. Асарнинг яхши қўлёзма нусхалари Англия ва Россияда, Санкт-Петербург шаҳрида сақланмоқда. Ҳофизи Абру Шоҳруҳнинг кўрсатмаси билан ўзидан аввал ўтган мазкур тарихчилар Табарий, Рашидуддин ҳамда Низомуддин Шомий асарларига қўшимчалар (зайл) ҳам ёзган. 1412-1418 йиллар орасида ёзилган бу қўшимчалар “Мажмуа-йи Ҳофизи Абру” деб аталади. Табарий асарининг Балъамий таҳририга қилинган қўшимча халифа Муқтадир (908-932 йй.) замонидан то Мўътасим (1242-1258 йй.) давригача халифаликка кирган мамлакатларда бўлиб ўтган воқеаларни ўз ичига олади. Рашидуддиннинг “Жоме ут-таворих”ига қилинган қўшимчага Куртлар (Картлар) сулоласидан чиққан подшоҳлар, Туға Темур, Амир Вали ибн Шайх Али Ҳинду, сарбадорлар ҳамда Амир Арғуншоҳ таризи, яъни Эронда 1306-1393 йиллар орсида бўлиб ўтган воқеалар киритилган. Низомуддин Шомийнинг “Зафарнома”сига қилинган иловада эса Амир Темур ҳукмронлигининг сўнгги даври ва Шоҳруҳ тарихи 1416 йилга қадар баён этилади. “Мажмуа”нинг айрим қисмлари матни ва таржимасини Хонбобо Баёний 1938 йилда, Ф.Тауэр 1959 йили ва К.М.Маитра 1934 йили нашр эттирганлар. Ҳофизи Абрунинг асосий катта тарихий асари “Мажму ат-таворих” бўлиб, уни муаррих Шоҳруҳнинг ўғли Бойсунғур Мирзо (1433 йили вафот этган)нинг топшириғи билан 1423-1425 йиллари ёзилган. Мазкур асар тўрт қисмга бўлинган: 1) исломиятдан аввал ўтган пайғамбарлар ва Эрон подшоҳлари; 2) Муҳаммад пайғамбар ва араб халифалари (ал-Муҳтасимгача); 3) Эроннинг Салжуқийлар ҳамда мўғуллар давридаги (Элхон Абу Саид давригача) тарихи; 4) “Зубдат ут-таворихи Бойсунқурий”. Асарнинг сўнгги, тўртинчи қисми асли ва мустақил аҳамиятга эга бўлиб, унда Амир Темур тарихи, қайта ишланган ва бирмунча тўлатилган ҳамда Хуросон, қисман Мовароуннаҳрнинг 1427 йилгача бўлган ижтимоий-сиёсий аҳволи баён этилган. “Мажму ат-таворих” асарининг қўлёзмалари Тошкент ҳамда хорижий мамлакатлар Туркия, Олмония, Англия, Франция, Эрон ва бошқа мамлакатлари кутубхоналарида сақланмоқда. Download 1.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling