Амир темур ва темурийлар даври тарихининг фанда ўрганилиши


Download 117.66 Kb.
bet1/3
Sana18.06.2023
Hajmi117.66 Kb.
#1588663
  1   2   3
Bog'liq
темур тарихшунослик матн


АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИ ТАРИХИНИНГ ФАНДА ЎРГАНИЛИШИ

Бугунги кун жаҳон тарихшунослигида темуршунослик кўплаб илмий асарлар, тадқиқотлардан иборат илмий йўналишга айланган. Уларни географик ва даврий тамойилларга кўра 3 гуруҳга ажратиш мумкин: 1) хорижий мамлакатларда чоп этилган адабиётлар; 2) Россия империяси ва Совет даврида эълон қилинган илмий ишлар; 3) мустақиллик йилларида мамлакатимизда олиб борилган тадқиқотлар.


1. Хорижий мамлакатларда чоп этилган адабиётлар. Хорижлик олимлар томонидан Амир Темур ва темурийлар даври тарихи бир неча асрлардан бери кенг ўрганиб келинмоқда. Улар томонидан яратилган асарларда Темурийлар салтанати тарихига оид бир қатор масалалар жаҳон тарихининг бир қисми сифатида тадқиқ этилиб, илмий хулосалар билдирилган. Хорижий муаллифлар асосан Амир Темур ва сулоланинг бошқа йирик вакиллари шахси, марказлашган давлат барпо этилиши, ҳарбий юришлар, дипломатик муносабатлар, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий тараққиёт, темурий ҳукмдорлар ўртасидаги ўзаро урушлар оқибатида сепаратизмнинг кучайиб бориши каби масалаларига катта эътибор қаратганлар.
Жаҳон темуршунослигининг ривожига француз шарқшунослари катта ҳисса қўшиб келмоқдалар. Улардан бири Бартелеми д’Эрбелонинг “Par la Compagnie des Libraires” (Шарқ кутубхонаси)1 асарида шарқ мамлакатлари тарихи ҳақида сўз юритилганда Амир Темур тўғрисида ҳам ҳикоя қилинади2. Асарда Амир Темур ва темурийлар даври тарихига кенг тўхталиб ўтилган.
Француз шарқшуноси Джозеф Де-Гиннинг “Historie generale des huns, des turcs, des mongols, et des autres tartars occidentaux.” (Хунларнинг умумий тарихи...) номли асари3 5 томдан иборат бўлиб, IV-V томида Амир Темур ва темурийлар даври тарихи ҳақида ҳам маълумотлар берилган.
Француз тарихшунослигида Амир Темур тарихига оид яратилган тадқиқотлар орасида Л. Лянглэнинг “Темур ҳаёти” асари муҳим ўрин тутади. Асарга қизиқиш юқори бўлганлиги унинг XIX асрдаёқ рус тилига таржима қилиниб, нашр этилганидан сезилади. Муаллиф ўз тадқиқотида Амир Темур фаолиятининг деярли барча жабҳаларини қамраб олган4.
Замонавий француз шарқшунослари Жан Поль Ру ва Р. Гроуссетлар мўғулларнинг Фарғонага бостириб кириши ва Амир Темур томонидан уларга қарши олиб борилган кураш масалаларини ёритишда айрим воқеаларни тарихий манбаларга ҳамоҳанг ҳолда тўғри ёритган бўлсалар, баъзан чалкашликларга йўл қўйганлар5.
Р. Гроуссет Жан Поль Рудан фарқли равишда Мирзо Искандарнинг 1399-1400 йилардаги Шарқий Туркистон юришига ҳам тўхталган. Лекин унинг мазкур юриш Амир Темур топшириғи билан амалга оширилганлиги ҳақидаги фикрига қўшилиб бўлмайди6. Чунки Мирзо Искандар ўзбошимчалик билан юриш ташкил этганлиги учун жазоланган эди7.
Амир Темур ва Темурийлар даври тарихининг йирик тадқиқотчиларидан бири Л.Кэрэн ўзининг “Tamerlan, l’empire du seigneur de fer” (Амир Темур салтанати) асари темуршуносликда муҳим ўрин тутган ишлардан биридир. Унда Амир Темур шахсига холис баҳо беришга ҳаракат қилинган.
Л. Керен ва А. Саидов томонидан 1996 йилда “Амир Темур ва Франция” асари ёзиб тугалланди8. Ушбу тадқиқот тарихшунослик жиҳатидан фойдали ҳисобланади. Мазкур китоб А. Темур ва Темурийлар сулоласи тарихининг француз шарқшунослик мактаби томонидан ўрганилишига бағишланган. “Амир Темурга адолатли буюк эҳтиромимиз” деб номланган қисмида кўплаб янги тарихшунослик маълумотлари билан танишиш мумкин бўлади.
Л. Керен9 ўз тадқиқотларида А. Темурнинг тарихдаги буюк хизматлари, унинг давлатида адолат ва қонун устуворлик қилганлигини манбалардаги маьлумотлар, тарихий фактлар орқали очиб берган10
Инглиз тилида ҳам Амир Темур тарихига бағишланган кўплаб илмий асарлар яратилган11. Улардан бири Хильда Хукхэмнинг “Tamburlaine the Conqueror” (“Саркарда Темур”) тадқиқоти бўлиб, эркин услубда, нисбатан бадиий бўёқларга бойлигига тарихий манба ва илмий адабиётлар таҳлили асосида ёзилганлиги билан эътиборни жалб қилади12.
Хориж тадқиқотлари орасида Беатрис Форбес Манцнинг Амир Темур ва темурийлар даври тарихига бағишланган асарларини алоҳида таъкидлаш ўринли13. Муаллиф “Adminstration and the delegation оf Authority in Temurs Dominions” (Темур тасарруфидаги давлатларда бошқарув ва вакиллик ҳокимияти) мақоласида Амир Темурнинг давлат бошқарув услубларини таҳлил қилган. Унинг фикрича, ҳукмдор томонидан бирор вилоят ёки ўлкани бошқариш учун тайинланган шаҳзодалар бошқарувларининг дастлабки йилларида доимий равишда ўз ҳудудларида бўлган. Бу уларнинг жойларда давлат ишларини йўлга қўйиши ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаши билан боғлиқлиги таъкидланади ва 1377 йили Фарғона ҳокими этиб тайинланган14 Мирзо Умаршайхнинг 10 йилдан ошиқ вақт давомида водийда қолганлиги Олтин Ўрда ҳамда Мўғулистоннинг таҳдиди билан изоҳланади15.
Б. Ф. Манцнинг “Тhe Ulus Chagatay before and after Temur's rise to power: the transformation from tribal confederation to army of conquest” (Чиғатой улуси Темур ҳокимиятга келишидан аввал ва кейин: қабилалар конфедерациясидан истилочи лашкарга ўтиш) мақоласида Амир Темур томонидан Мовароуннаҳрнинг марказлаштирилиши масалалари кўриб чиқилган16.
Муаллиф “Амир Темур ҳукмронлиги ва унинг тараққий этиши” (The rise and rule of Tamerlane.) асари17да Амир Темур фаолиятининг турли томонлари қамраб олиб, уни тарихий манбалар асосида таҳлил қиллган. Аммо баъзи ўринларда муаллиф янглиш фикрлар ҳам билдирган. Масалан, унинг 1376 йили Фарғона билан биргаликда Кошғар вилояти ҳам Мирзо Умаршайх тасарруфида бўлганлиги тўғрисидаги фикрига қўшилиб бўлмайди18. Гарчи Амир Темур фармонига кўра Мирзо Умаршайх шу йили Кошғарни ҳам забт этган бўлса-да, бу Темурийлар бошқараётган давлат таркибига киритилмаган. Шунинг учун кейинчалик Кошғарга Мирзо Умаршайх ҳамда унинг ўғли Мирзо Искандар бошчилигидаги темурийлар қўшини бир неча бор юришлар қилган19. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, муаллиф Амир Темур забт этилган ҳудудларни икки қисмга бўлган. Биринчи қисм Фарғона, Хоразм, Хуросон, Эрон ва Ироқ ҳудудларидан иборат бўлиб, Амир Темур бу ҳудудларни ўз ҳокимияти тасарруфига киритганлигини, иккинчи қисмдан ўрин олган Ҳиндистон, Анатолия, Сурия, Мўғулистон, Дашти Қипчоқни эса ўз таъсирида сақлаб турганлигини таъкидлаган20. 1404 йилга қадар Кошғар иккинчи қисм таркибида бўлган21.
Б. Ф. Манцнинг “Tamerlane and symbolism of sovereignty” (Амир Темур ва суверенитет рамзи) мақоласида Амир Темур ҳокимиятининг қонунийлаштирилиши, жаҳонгирлик мафкурасининг шаклланиши, янги сулоланинг яратилиши масалалари тарихий манбалар асосида таҳлил этилган22.
Беатрис Форбес Манцнинг “Темурийлар Эронида ҳокимият, сиёсат ва дин”(Power, Politics and Religion in Timurid Iran.) асарида ҳам биз ўрганаётган давр тарихига оид бир неча қизиқарли фикрлар учрайди23. Ушбу темурийлар даврида Эронда ёз берган сиёсий, иқтисодий ва маданий жараёнларни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳ. Р. Ромер қаламига мансуб “Темур Эронда” номли тадқиқотда ҳам Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганишга қўшилган муҳим ҳиссалардан биридир24. Асарда Амир Темур ва темурийлар сулоласи бошқарувида бўлган Эрон тарихига кўпроқ эътибор қаратилган бўлса ҳам, ундан Амир Темурнинг ўғли Мирзо Умаршайх ва Мирзо Султон Абу Саъид фарзанди Мирзо Умаршайхлар Фарғона вилоятида ҳокимлик қилганлиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобур фаолияти билан боғлиқ водийда содир бўлган айрим воқеалар ўрин олган. Муаллифнинг Амир Темур томонидан Эронни ҳудудларини забт этилиши ва унинг кейинчалик сулола вакиллари томонидан бошқаришига оид асосли илмий хулосалари кўплаб темуршунослар томонидан эътироф этилган. Лекин муаллифнинг 1402 йилда Халил Султонга Фарғонани бошқариш топширилганлиги ҳақидаги фикрини манбалар тасдиқламайди. Фикримизча, Ромер 1402 йилда Халил Султон Туркистон атрофларидаги Хитойга борадиган йўлларни муҳофаза қилиш учун юборилганлигидан келиб чиқиб, шундай хулосага келган25. Лекин бу маълумот Халил Султоннинг Фарғона ҳокими бўлганлигини асосламайди.
Мария Субтелли ҳам Темурийлар даври тарихига оид тадқиқотлар олиб борган. У кўпроқ Султон Ҳусайн Бойқаро26 ҳукмронлиги мисолида бошқарув тизимидаги ўтроқ ҳамда кўчманчи ҳудудлар давлатчилик анъаналарининг синтезлашув жараёнига эътибор қаратган27.
К. З. Ашрафян томонидан инглиз тилида эълон қилинган “Сentral Аsia under Тimur from 1370 – to the early fifteenth century” (Ўрта Осиё Темур ҳукмронлиги даврида (1370 йилдан XV асрнинг бошигача)) номли мақолада Амир Темур фаолиятининг асосий қирраларини очиб беришга ҳаракат қилинган28. Муаллиф Амир Темур Самарқандда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаши биланоқ Янги Талас ҳудудидан то Кошғаргача бўлган ҳудудларга юриш қилганлигини таъкидлайди. Чиндан ҳам Амир Темур Мовароуннаҳрнинг шимолий-шарқий қисмида, жумладан Фарғона водийсида мўғулларнинг таъсирини йўқотиш учун 1371, 1375 йилларда ушбу ҳудудларга ҳарбий юришлар уюштирган. Лекин К. З. Ашрафян бу жойларни Оқ Ўрда таркибига кирганлиги ҳақида нотўғри маълумот берган29.
Венгер олими Ҳ.Вамберининг “Бухоро ёҳуд Мовароуннаҳр тарихи” номи остида ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилган асарида ҳам Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи кенг тадқиқ этилган30.
Амир Темур ва Темурийлар даври тарихий жараёнлари акс этган хорижий тадқиқотлар орасида Е. Бретшнэйдер31, Г. Капус32, Л. Буват33, А. Чагатаи34, М. Брион35, Г. Бонивель36, П. Энрювс37, Б. Барбара38, Б. Аморетти39, Р. Ферриер40, И. Кеннеди41, Т. Ленз42 ва бошқаларни ҳам кўрсатиб ўтиш жоиз. Кембриж университети олимлари тадқиқотларининг Эрон тарихи билан боғлиқ қатор жилдларида43 ҳам Амир Темур даврига оид бир қанча таҳлиллар мавжуд, аммо уларда давлат бошқарув масалалари ечимига алоҳида эътибор берилмаган.
Темуршунослик Туркияда ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Ҳозирги кунга қадар турк тилида 362 та илмий иш эълон қилинганлиги ҳам бунинг ёрқин далилидир44. Туркияда темуршуносликнинг тараққий этишига Исмоил Ака ўз тадқиқотлари билан катта ҳисса қўшган45. Муаллифнинг “Timur ve Devleti” (“Темур ва давлати”) асарида Амир Темур фаолиятининг барча жиҳатларига қисқача тўхталиб ўтган. Унинг бошқа асарлари ва илмий мақолалари ҳам темуршуносликнинг ривожида муҳим ўрин эгаллаган илмий хулосалар баён қилинган
Турк тарихшунослигида амалга оширилган бир қатор тадқиқотларда Амир Темур ва Темурийлар даври тарихининг турлимасалалари тадқиқ этилган бўлиб46, уларда Фарғона водийси тарихига оид баъзи сиёсий воқеалар ҳам қайд этилган.
XX аср охири ва XXI аср бошларида Россияда ҳам Амир Темур ва Темурийлар тарихига оид тадқиқотлар олиб борилди. Уларда асосий эьтибор Темурийлар сулоласининг Олтин Ўрда давлати билан олиб борган ҳарбий ва дипломатик муносабатлари тарихига қаратилмоқда47. Ушбу даврда яратилган асарлардан бири «Военная держава Амира Темура» монографиясида Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрнига юқори баҳо берилган48.
Хорижий тадқиқотларнинг катта қисмини бобуршунослик ва Бобурийлар сулоласи тарихини тадқиқ этиш йўналишидаги изланишлар ташкил этгани ҳолда, асосий эътибор Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Афғонистон ва Ҳиндистондаги фаолиятига қаратилган49.
Ўзбекистон илм-фан тараққиётининг ўчоқларидан бири сифатида жаҳон тарихида ўз ўрнига эга. Юртимиз мутафаккирлари томонидан яратилган фан асослари нафақат Ўрта Осиё, балки жаҳон илм-фани равнақида ҳам муҳим рол ўйнаган. IX – XII асрларда эришилган фан тараққиётига муносиб равишда Амир Темур ва Темурийлар даврида ҳам илму фан соҳасида улкан ютуқлар қўлга киритилди. Бу даврда фаннинг барча соҳаларида сезиларли юксалиш кузатилиб, ҳозирги кунда ҳам ўз илмий аҳамиятини йўқотмаган бир қатор илмий асарлар яратилди. Темурийлар даврида фан тараққиётини ўрганиш жараёнида асосий эътибор йирик давлат арбоби ва олим Мирзо Улуғбек ҳамда унинг астрономия мактаби илмий меросини ўрганишга қаратилган бўлиб, фаннинг бошқа соҳаларида эришилган ютуқларни тадқиқ этиш эътибордан четда қолди. Ҳолбуки, бу даврда тарих, математика, техника, география, тиббиёт, фалсафа, фикҳ ва фаннинг бошқа соҳаларида ҳам сезиларли илмий ютуқларга эришилган эди.
Амир Темур ва Темурийлар даври фан тарақиёти ва унинг ютуқларини тадқиқ этиш бир неча асрлар аввал бошланган эди. Ғарбий Европада XVII асрдан бошлаб Оксфорд университети олимлари Жон Гривс, Брайнбриж, Томас Хайд, Г. Шарп, поляк астрономи Ян Гевелий, Гринвич обсерваториясининг директори Д. Флейстид, инглиз шарқшунослари Ж.Ж. Седийо ва Л.П.Е.А. Седийо, Франсис Бейли ва бошқалар томонидан “Улуғбек Зижи”га оид қатор тадқиқот ва нашрлар эълон қилинди.50

Download 117.66 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling