V. Нобанк молия институтларини ривожлантириш
1. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси
Банк секторининг тижоратлашувини ошириш, унга хусусий капитални жалб қилиш ва мазкур секторни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича вазифаларни амалга ошириш асносида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) фаолиятини такомиллаштириш масаласи долзарб аҳамият касб этади.
Ҳозирги вақтда Жамғарманинг фаолияти фоиз ставкаларини қоплаш ва кредитлар бўйича кафилликлар бериш орқали молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Банк секторини ислоҳ қилиш Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш заруриятини кучайтиради. Хусусан, қарз олувчининг гаровга қўйилган мол-мулки билан бир қаторда кафолатлар бўйича ундиришни кўзда тутувчи маҳсулотларни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилади. Бундан ташқари, Жамғарма фаолиятининг барқарорлигини ошириш, шунингдек, кафилликлар бўйича табақалаштирилган комиссияларга босқичма-босқич ўтиш учун молиявий модель ишлаб чиқилади.
Жамғарманинг корпоратив бошқаруви унинг кузатув кенгашида мустақил аъзолар, шу жумладан хусусий сектор ва/ёки илмий доира мутахассисларининг иштироки ҳисобига кучайтирилади.
Жамғарманинг молиявий ҳисоботлари аудиторлик текширувидан ўтади, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш мақсадида бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар эълон қилинади.
Таваккалчиликларни мониторинг қилиш ва бошқариш соҳасида Жамғарманинг салоҳияти кучайтирилади, шунингдек, банклар томонидан кредит ажратиш жараёнининг мақбуллиги ва тўғрилигини баҳолаш методологияси ишлаб чиқилади.
Жамғарманинг таваккалчиликларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши билан портфелни кафолатлаш ва унда кутилаётган йўқотишлар асосида турли воситачилик тўловларини ундириш маҳсулотлари жорий этилади.
Жамғарма операциялари ҳажмининг янада кенгайиши ва банк сектори барқарорлиги учун унинг тизимли аҳамияти ортишини ҳисобга олган ҳолда, унинг фаолиятини самарали пруденциал назорат қилиш механизми ишлаб чиқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |