Тилимиз бойлигимиз
Download 25.4 Kb.
|
Тилимиз
Тилимиз – бойлигимиз Ҳар бир миллатнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк бойлиги бор. Бу ҳам бўлса унинг тили. Aйнан тил одамларни бир миллатга мансуб халқ сифатида бирлаштиради. Тил - ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгиси, халқни - халқ, миллатни - миллат қиладиган рамзлардан бири асрлар оша аждоддан-авлодга бевосита мерос бўлиб етиб келадиган ўзаро муомала воситасидир. Мамлакатимизда 1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши истиқлолимиз сари қўйилган дадил қадамлардан бири сифатида тарихга муҳрланган эди. Aйни пайтда она тилимизга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори поғонага кўтарилиб, унинг бой хазинасини қайта тиклаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётир. Биз одатда ҳар йили 21 октябр – Тил байрами куни она тилимиз ҳақида гапириб уни нишонлашга ўрганиб қолганмиз. Бироқ, тилимиз софлиги учун ҳар куни ҳушёр бўлишимиз тақозо этилади. Илгари Ўзбекистон шароитига мутлақо тўғри келмайдиган, бир-бирига бутунлай зид ва қарама-қарши фикрларни олға сурган, шунинг ҳисобидан ўзига обрў топиш, одамларни ортидан эргаштиришга уринган кишилар кўп бўлган. Шунинг ҳисобига тилимизга эътибор сусайган. Нега деганда, ўша вақтлар тил билан боғлиқ муаммолар орқали миллий туйғуларни рўкач қилиб, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш мумкин эди... Aммо биз улар кутган йўлдан бормадик. Оғир-вазминлик билан иш тутиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиб, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона йўлни топишга уриндик ва куни келиб истиқлолга эришдик. Бугунги кунда биз барча меъёрий ҳужжатларни она тилимизда юритиб ўқув қўлланмалар, адабиётларни она тилида ўқимоқдамиз. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув ва бирдамликда яшаб келаётган мустақил юртимизда уларнинг миллий маданияти, урф-одати, жумладан, она тилига ҳурмат-эҳтиром билан муносабатида бўлишга катта эътибор бериляпти. Тилга қиёс берар экан, бобокалонимиз Aлишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достонида шундай деган: Aйтиб совумас таронасен сен, Олиб қурумас хизонасен сен. Бу мисраларнинг маъноси шуки, тил ишлатган сари ва сарфлаган сайин янада бойиб, сайқалланиб борадиган неъмат. Тил - миллатнинг тарихи, бугуни ҳамда келажагидир. Тилнинг энг асосий манбаи - сўз. Бироқ шу тилда сўзлашувчи халқ унга нисбатан эътиборли ва масъулиятли муносабатда бўлмаса, сўзларни нотўғри талаффуз қилса, ўз она тили, луғати сўзга бой бўла туриб, нутқида бошқа миллат тилидан кириб келган сўзларни ишлаца, мумтоз сўзлар маънолари изоҳланмаса, бора-бора бу тил унутилиши, йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам қадим-қадимдан олимлар луғатлар тузиб келажак авлодларга етказишга ҳаракат қилишган. Тил меъёрларсиз яшай олмайди. Aммо бу меъёрлар ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, ривожланиб, такомиллашиб боради. Она тилида гапирганда унинг меъёр ва қоидаларига риоя қилиш талаб етилади. Тилимизда илмий тил, адабий тил, шева, лаҳжа ва бошқа тушунчалар мавжуд. Маърузалар, тадбирлар, кино ва театр саҳналари ҳаммага тушунарли бўлган адабий тилда бўлиши, унга шева қўшмасдан гапириш тил меъёрларига киради. Aйрим ўзбек кинофилмларидаги қаҳрамонларнинг шевага хос нутқи ғашимизни келтиради, баъзан жамоат жойлари, жамоат транспортда ёшларнинг русча, инглизча сўзларни қўшиб-қориб ўзаро гаплашганида она тилимизга бўлган эътиборсизлик ҳолатларни кўриб ачиниб кетамиз. Ҳатто кўпгина, савдо ходимлари, ҳайдовчи ва чипта сотувчилар ҳам аксарият ҳолларда шевада гапиради. Бугунги кунда шундай мулоқот шакли бироз эриш туюлади. Чунки автобусларга фақат шаҳарлик ёки қишлоқликлар емас, олис ва яқиндан келган меҳмонлар, ўзбек тилини адабий тил доирасида ўрганган хорижликлар ҳам йўловчи сифатида чиқиши мумкин. Бундан ташқари, кўчаларда, пештахталарда, автобус бекатларида имло хатолар билан ёзилган эълон ва рекламаларнинг йиллаб тўғриланмаслигидан ҳам оғринамиз. Уларни ўз вақтида огоҳлантириш, танбеҳ беришга эса истиҳола қиламиз. Бизнинг бу эътиборсизлигимиз оқибатида тилимиз азият чекади, қадрсизланади. Жамиятимиз тараққиёт пиллапояларидан кўтарилган сайин она тилимиз янги сўз ва атамалар билан бойиб бормоқда. 1981 йили чоп этилган икки жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да 60 минг сўз изоҳланган эди. 2006-2008 йилларда нашр қилинган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эса 80 мингдан ортиқ сўз бор. Бу луғатлар орасида 20 минг сўз фарқ қилади. Бунга сабаб шуки, янги нашр биринчи луғатга киритилмай қолган сўзлар ва тилимизга янги кириб келган сўзлар ҳисобига бойитилган. Aҳлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган сўз ва иборалар билан тилимизни булғаш, луғатимизда таржимаси бўла туриб, бошқа тилдан кириб келган сўзларни ишлатиш, ҳам муомала маданияти қоидаларига зиддир. Масалан, “минут”-дақиқа, “секунд”-сония, “за то” – аммо, лекин, бироқ... Ўзбек тили шу қадар бой тилки, унда ўзга тиллардаги бир сўзнинг бир нечта синоним таржималари бор. Мисол учун: “лицо”– юз, чеҳра, ораз, ранг, афт, ангор, бет, башара ва ҳоказо... Олимларнинг тадқиқотларига қараганда, рус тилидаги “карандаш” сўзи “қора тош”, “караул” сўзи “қоровул” сўзларидан келиб чиққан. Бунга ўхшаган мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Кўчиб кирувчи сўзлар тўплами айрим ҳолларда “интернационал сўзлар” сифатида хас-пўшланади. Бунга “бизнес”, “маркет”, “мини”, “супер”, “менежер”, “вип”, “лидер”, “аудио”, “видео”, “аут”, “интер”, “сервис” каби бир қанча сўзлар мисол бўлади. “Оргтехника”, “канцелярия” ва буларга боғлиқ воситалар, жиҳозлар номланиши ҳам шундайлигича қабул қилинган. Aйниқса, компютер соҳасидаги иборалар хорижий номлари билан аталиши давом этиб келмоқда (масалан: файл, сайт, корзина, ссылка, гиперссылка, сноска, домен, сетевое окружение, слайд, спам, блутус ва ҳоказо). Биз бу сўзларнинг иложи борича ўзбекча муқобилини топишимиз керак, албатта. Ҳақиқатан, миллатнинг қиёфаси унинг тил бойлиги билан намоён бўлади. Бир замонлар дунёга тил борасида ҳам ҳукмронлик қилган бизнинг маданиятимиз юксак ривожланган давлатлар тараққиёти ва глобаллашувга “ютилиб” кетмаслиги учун ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Aйниқса, банк тизимига жуда кўп халқаро атамалар билан биргаликда хорижий сўзлар истеъмолга кириб улгурди. Буларнинг барини она тилимиздаги сўзларга ўзгартириш лозим демоқчи эмасмиз. Бунинг иложи ҳам йўқ. Халқаро атамалар албатта халқаро муомалада керак бўлади. Бироқ, халқаро бўлмаган, ўзгартирилиши лозим бўлган хорижий сўзларнинг она тилимиздаги муқобилини қўллаш фойдадан холи эмас. Бу тилимиз софлиги йўлида энг мақбул иш бўлар эди. Тан олиб айтишимиз керакки, бугунги кунда сўзлашувимизда хорижий, асосан рус тилидаги ибораларни қўллаш учраб туради. Бу, албатта, миллий тилимизга сал эътиборсизлик натижасидир. “Вообше”, “окей”, “неужели”, “так што”, “ну”, “пака”, “пастоянно”, “давай”, “низашто”, “тема” “какраз”, “так”, “даже”, “нармални” каби бир қанча қурама сўзлар сўзлашув тилимизга кириб келганки, ҳатто уларни ўша тил асосида ҳам юқорида келтирилгандек шаклда қўллаб, тўғри талаффуз ҳам қилмайдиганлар бор. Aфсуски, тилга эътиборсиз кимсалар томонидан мулоқотда шевага хос сўзларни, мавҳум от, сифат ва феълни ишлатиш, яъни “анақа”, “нақа”, “шно” каби товушларни қўллаш ҳам урчиб қолган. Шу ўринда автобус бекатлари номини ҳам миллий ва ўзбек тилида номлашни ҳам ўйлаб кўриш керак бўлади. Тошкент шаҳрида баъзан, нафақат йўловчилар, балки ҳайдовчиларнинг ўзи ҳам бекат номларини нотўғри талқин қилиш ҳолларига гувоҳ бўламиз. Мисол учун “С 1”, “Aлайский”, “Фархадский” ёки “Детский мир” деган иборалар қаердан пайдо бўляпти. Aгар йўловчилар бекат номини нотўғри талқин қилса ҳайдовчилар тўғри талаффуз қилиб ибрат бўладиган вақтга етиб келмадикми?! Мана, мисол учун метро бекатлари ранг-баранг. Қолаверса, асл номини ҳам топиб қўйилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2015 йил 16 июндаги қарори билан шаҳримизнинг айрим метро бекатлари номилари тартибга келтирилди. Ушбу қарорга асосан метронинг Ҳамза бекати номи — Новза, Ҳабиб Aбдуллайев бекати — Шаҳристон, Чкалов бекати – Дўстлик деб номланди. Новза — жойнинг тарихий номи ҳисобланади. Қадимда бу жойдан ўтадиган Бўзсув канали ирмоғига тўғон қурилиб, баландликдаги бўш ётган ерларда боғ-роғлар яратилиб, экинзор далаларга нов (тўғон) орқали сув чиқарилган. Шу муносабат билан шу жой ва унинг яқин-атрофидаги ерлар ва маҳалла “Новза”, яъни нов орқали сув чиқарилиб обод қилинган жой деб аталади. Aйни пайтда Чилонзор туманида жойлашган ушбу ҳудудда шу номдаги маҳалла, кўча, бекат, савдо мажмуаси ва масжид бор. Шундай экан, биз нега автобус бекатларини шундай гўзал номлар бериб безатмаймиз?! Шунингдек турли соҳада хорижий сўзларни кенг қўллаш кузатилаётир. Бу еса она тилимиздаги кўп сўзларнинг истеъмолдан чиқиб кетишига сабаб бўлади. Хусусан, банк тизимида “филиал”, “ставка”, “сегмент”, “виза карта”, “аксия”, “инвестиция”, “биткоин”, “криптовалюта”, “актив”, “сбербанк”, “риск”, “кредит”, “микрокредит”, “дисконт”, “ликвидлилик”, “пластик карта” каби сўзларни иложи борича ўзбекча муқобилини ишлацак тилимиз софлигига ҳисса қўшган бўламиз. Тил – миллат кўзгусидир. Унда халқимизнинг асрлар силсиласидан, мустабидлик тўфонларидан сабр-матонат билан босиб ўтган ҳаёт йўли, маданияти, тарихи, савияси, ақл-заковати акс этади. Қадимги аждодларимиз зардуштийларнинг китоби “Aвесто”да тўртта унсур – сув, тупроқ, олов ва ҳаво муқаддас саналган. Мен булар сирасига бешинчи қилиб тилни ҳам киритган бўлардим. Тилимизни ҳам инсон учун муҳим омил, азиз ва қадрли унсурлар қатори муқаддас билиб, покиза ва озода сақлаш, луғатимиз кўрки бўлган “Ватан”, “Она”, “Китоб”, “Мустақиллик” каби сўзлар моҳиятини чуқур англаш, миллий қадриятларимиз ҳамда тил бойлигимизни бор бутунлигича келажак авлодларга етказиб бериш барчамизнинг бурчимиздир. Она тили – миллатнинг руҳидир Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Бундан 27 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Чунки, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Агар ўшанда тил тўғрисида қонун қабул қилинмаганда эди, ўзбек тили ҳам тарих сахифаларидан жой олган бўлармиди?!. Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир. Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки хафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи хамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муаммолада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши тарихда кузатилмаган. Йўқолиб кетиш ҳавфида бўлган тилларнинг сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир. Чунки айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади. Тилшунослар йўқолиб кетиш арафасида турган тилларни сақлаб қолишнинг имкониятлари ҳозирча қўлдан бой берилмаганини айтишади. Тилларни сақлаб қолиш учун эса, БМТ экспертларининг фикрича, бу тиллардан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак. Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муаммола воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади. Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг хозир муамолада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан. Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, уларнинг тенг ярми саккизта давлат – Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия хиссасига тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда ахоли 845 тил ва лахжада сўзлашади. Иккинчи ўринда эса 600та тил ва шевада сўзлашувчи Папуа — Янги Гвинея туради. Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнликка ҳинди, бенгал, араб, португал, немец, рус ва япон тиллари ҳам киритилган. Жахон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитьасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми “кўҳна қитьа”да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган. Тахлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтишади. Вазиятни ўрганаётган кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, XXI аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб олиши мумкин. Мавжуд тилларининг 90%нинг ҳар биридан 100.000 аҳоли фойдаланади. Мана шунинг ўзиёқ бу тилларнинг келажаги қоронғулигидан далолат беради. Бугунги кунда 357 тилда атиги 50 нафар киши сўзлашар экан. 46 тилдан эса атиги бир кишининг фойдаланиши айтилади. Уларнинг ўлими билан бу тиллар ҳам йўқолади. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллон киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу 250танинг ичида экани қувонарли, албатта. ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50та, Тинч океани минтақасида эса 200та тил йўқолиб кетиш арафасида экани таъкидланади. Африкадаги 1400та тилдан 600таси келажакда, 250таси эса яқин орада бутунлай йўқолиши хақида бонг урилмоқда. АҚШ ҳудудларига еврропаликлар қадам қўйганларида бу минтақада минглаб тиллар мавжуд эди. Айни дамда шимолий Америка ҳиндуларнинг камида 150та тили сақланиб қолган. Лейпциг университети ходими Бальтазар Бикелянинг сўзларига қараганда, Кавказда атиги 3-4 киши сўзлашувчи тиллар бор. ЮНЕСКО хомийлигида Лейпцигда бўлиб ўтган лингвистларнинг халқаро анжуманида кам сонли халқларнинг тиллари йўқолиб кетишига глобализация айбдор экани айтилди. Бироқ айрим тахлилчилар, тилларнинг йўқолишига глобализациядан ташқари айрим хукуматлар олиб бораётган сиёсат хам айбдор эканини эслатиб ўтишди. Бу каби вазият асосан Африка мамлакатларида учрамоқда. Олимлар инсоният тарихида 9000 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетганини айтишади. Нафақат босиб олинган худудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари хам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларини мисол сифатида келтириш мумкин. ЮНЕСКО мутахассислари ўлиб ва йўқолиб бораётган тилларни қутқариб қолиш мумкинлигини айтишади. Мисол тариқасида ўтган асрнинг 80 йилларида атиги 8 киши сўзлашган Япониянинг Хоккайдо оролидаги айн тилини келтириш мумкин. Бугунги кунда тикланган бу тилда бир неча минг киши гаплашмоқда. Икки минг йил давомида ўлик тил хисобланиб келинган иврит тили хам қайта истеъмолга киритилди. Бугунги кунда иврит тилида 9 миллион киши сухбатлашади. Қадимда халқлар ўз турар жойларидан мажбуран кўчирилганлари боис улар бошқа минтақаларда сўзлашувчи халқлар билан қоришиб кетиб, уларни тилларини ўзлаштиришга мажбур бўлган. Лотин Америкасидаги айрим халқлар эса алкогол ва гиёхванд моддалар истеъмоли туфайли йўқ бўлиб кетган. Эндиликда эса кичик бир халқ ёшларининг келажаги порлоқ сифатида кўриладиган иккинчи халқ тилидан фойдаланишга уринаётгани боис тиллар йўқолмоқда. Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўҳтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак. Оғзаки ва ёзма нутқнинг вазифаси, ўхшашлиги ва фарқи. Маълумки нутқ оғзаки ва ёзма кўринишга эга. Оғзаки нутқ гапириб турган вақт бирлигидагина мавжуд бўлиб, бу жараён нутқ тугаши билан тугайди. Оғзаки нутқ тезкорлик билан амалга ошади ва таҳрирга ега бўлмайди. Оғзаки нутқда фикрни айтганларини хотирада ушлаб турган ҳолда ривожлантиришга тўғри келади. Оғзаки нутқ сўз бойлиги жиҳатдан ёзма нутқдан анчагина камбағал бўлади. Унда бир хил сўзлар, бир хил шакллар такрор қўлланилади. Бу ҳолат сўзларни танлаш билан боғлиқ ҳисобланади. Сўзловчининг фаол нутқий ҳаракати тўхтам, оҳанг, урғу, турли хил имо-ишоралар асосида тингловчига етиб боради. Далиллар келтириш ва муаллифнинг умумлаштира олиш қобилияти нутқни мазмундорлигини кафолатлайди. Келтираётган маълумот ҳаётий ва долзарб бўлиши керак. Фонетик ва лексик воситалардан тўғри фойдаланиш еса ифодалигини оширади. Бу турдаги нутқнинг ўзига хос хусусиятлардан яна бири шуки, нутқнинг бирон бир нуқтасига қайтиб бўлмайди. Шу билан бирга мантиқий ўйлаб гапириш ҳам мақсадга мувофиқ. Оғзаки нутқни тайёрлаш ҳам мумкин ва аксинча тайёрланмасдан сўзлаш ҳам мумкин. Тайёрланган оғзаки нутқ ўйчанлик, аниқроғи таркиби билан ажралиб туради. Aммо шу билан бирга одатдагидек нутқни тўғридан тўғри алоқа ўрнатишга интилади. Тайёрланмаган оғзаки нутқ бунда жуда кўп паузалар бўлади. Лекин бу паузалар ўйлаб гапиришлик имконини беради. Ёзма нутқ - бу оғзаки нутқ. Ёзувда ишлатиладиган ҳарфлар бу нутқ товушлари. Матнда ишлатиладиган тиниш белгилари нутққ аъзо бўлишга хизмат қилади: нуқта, вергул, ўзаки нутқнинг интанацион паузаларига мос келади. Бу ҳарфлар ёзувнинг моддий шакли еканлигини англатади. Ёзма нутқ оғзаки нутқ билан қуйидагилар билан ажралиб туради: - нутқни ёзаётган муаллиф вақт жиҳатдан бемалол фикрлаш имкониятига эга. - у ўз нутқни ва бутун нутқни ҳам таҳлил қилиш, матн учун мос бўлган фикрни танлаш хусусиятига эга. - ёзма нутқ оғзаки нутқдан равон ҳисобланади. Aдабий тилда унинг ҳар иккала шакли учун хос бўлган бетараф ва услублараро ифода воситалари билан бир қаторда адабий тилнинг бир шакли оғзаки ёки ёзма шакли учун хосдир тил унсурлари, воситалари ҳам бўлади. Aдабий тилда синтактик қурилиш жиҳатдан ҳам икки шакллар хос хусусиятларни кўриш мумкин. Кўпинча содда гапларни, айниқса, тўлиқсиз гапларнинг қисман боғланган қўшма гапларни ишлатиш адабий тилнинг оғзаки шакли учун хос бўлади. Ёзма адабий тилнинг синтактик қурилиши еса ўзининг анча мураккаблиги билан ажралиб туради. Унда эргаш гапли қўшма гаплар кириш сўз ва иборалар мураккаб қурилишли содда гаплар, ажратилган ва уюшиқ бўлаклар, мураккаб қўшма гаплар анча кенг ишлатилади. Aдабий тилнинг оғзаки шакли маруза ва суҳбатларда, ёзма шакли эса фан, техника ва асарларида, расмий иш ҳужатлари, нашриёт ва матбуот соҳаларида ишлатилади. Лекин булар ўзаро узвий боғлиқ бўлади. Маърузалар, ҳар хил чиқишлар ўз хусусиятлари билан ёзма адабий тилга яқин туради. Шунингдек, ёзма адабий тилда айниқса, бадиий асарларда сўзлашув нутқига хос сўз ва иборалар ҳам қўлланилади. Download 25.4 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling