Тинчлик ва бағрикенглик – ислом динининг моҳияти


Download 41.88 Kb.
Sana02.11.2023
Hajmi41.88 Kb.
#1740024
Bog'liq
3. Тинчлик ва бағрикенглик


Тинчлик ва бағрикенглик – ислом динининг моҳияти

Ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик”дир, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди. Бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғимиз зарур.


Тинчлик – барча халқларнинг азалий орзуси бўлиб келган. У инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланади. Бу неъмат бебаҳо экани ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. Хусусан, Қуръоннинг 50 дан зиёд сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Ҳадиси шарифларда ҳам “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” - дея инсонларни тинчликни қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга даъват этади. Шунингдек, Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бор, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий).
Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани бежиз эмас, албатта. Шунингдек, доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – ҳурлигинг” каби мақолларда ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади.
Шунинг билан бирга, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳллари билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирилган. Унинг таълимотига биноан барча Пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшиликдан тўсмаслиги лозим.
Бу борада Қуръони каримда Оллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
Яъни: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8–оят).
Ушбу оятдаги тафсир китобларда айтилишича: “Сизлар билан урушмаган ўзга дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлинг”. Бунда диний бағрикенгликни таъминлашдан асосий мақсад барча эътиқодларга бирдек эргашиш эмас, балки ўз эътиқодида мустаҳкам турган ҳолда ўзга дин вакиллари билан тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшаш, эзгу ишларда ҳамкорлик қилиш орқали тараққиёт, илм-фан ривожи учун тинчликни қарор топтириш кўзланади.
Юқорида қайд этилганидек, ислом тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик ва моҳиятан енгиллик динидир. У диний мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди. Демак, ҳар бир ишда, ҳатто эътиқод масалаларида ҳам мўътадиллик тамойилларига риоя этиш ислом динининг асослари ҳисобланади. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ислом енгил дин экани, уни қийинлаштириш, унга ўзгача талқин ва қарашлар олиб кириш қораланиши атрофлича ёритилган.
Жумладан, Қуръони каримда бундай дейилади:
Яъни: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара, 185). “Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилган-да!(Нисо, 28). “Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди” (Моида, 87).
Шунингдек, диний масалаларда ҳаддан ошганлар ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳис-салом) ҳам ўзларининг қатор ҳадисларида кўп бор таъкидлаб, уларнинг аксарияти Аллоҳнинг ғазабига учраб, ҳалок бўлганини айтиб ўтганлар. Жумладан, Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса, Расулуллоҳ (алайҳис-салом) “Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди”, деб уч бора такрор айтганларининг ўзида ҳам мутаассиблик ва ғулувнинг нақадар қораланганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳам бундай дейилади: “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг!”
Ха азизлар динимиз Ислом мана шундай дин тинчлик ва осойишталик динидур. Оллоҳ таоло барчаларимизни соф Исломга амал қилишимизни насиб айласин. Омин.

“Қўштепа” жоме масжиди имом – хатиби З.Муллажонов





Download 41.88 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling