XX асрда Россия ҳудудида иккита энг йирик метеоритнинг тушиши кузатилган. Улар Тунгус ва Сихотэ-Алин метеоритларидир. Уларнинг ерга урилган жойларида кратерлар ҳосил бўлган. Бундай кратерлар дунёнинг купчилик мамлакатларида кузатилади (18-расм).
Тунгус метеорити Тунгуска дарёси ҳавзасидаги тайгага 1908 йилнинг 30 июнида тушган. У кучли энергия ажралиб чиққан ҳодисалар билан кечган. Юзлаб километр масофада кўринган оловли шар; кучли момақалдироқ гумбурлаши; ер шарини икки марта айланиб чиққан ва кўплаб мамлакатларда барометрлар билан қайд қилинган ҳаво тўлқини; Иркутскдаги сейсмографлар қайд этган зилзила - бунинг барчаси космик ҳалокатнинг фавқулодда кучли ҳодисалигидан далолат беради.