Улуғбек Абдуллаев Ўзбекистон тарихидаги этнонимлар
Download 419.3 Kb. Pdf ko'rish
|
Сўз боши
Ўзбекистон полиэтник давлат. Бугунги кунда унинг ҳудудида 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Республика аҳолисининг бундай ўзига хос, айни вақтда мураккаб этник таркиби асрлар давомида кечган этник жараёнларнинг натижасидир. Зеро, ҳар бир халқнинг ижтимоий-сиёсий, иқтиодий-маданий тараққиёти этник жараёнлар билан боғлиқ ҳолда кечади. Халқнинг этногенези (келиб чиқиши) ва этник тарихидан ушбу халқнинг тарихи бошланади. Ўзбек халқининг ҳам этногенези қадим даврларга бориб тақалади. Ўзбекистон ҳудудида асрлар давомида кечган этник жараёнлар шу билан характерланадики, бу юртда таркиб топган барча қабила бирлашмаларини, ўзбек элатини ва ниҳоят ўзбек миллатини шаклланишида хилма хил этник компонентлар иштирок этган. Бошқача этганда, ўзбек халқи ўз тараққиёти давомида таркибига кўплаб этник компонентларни бирлаштириб, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида аввал элат ва сўнгра миллат даражасида таркиб топган. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёнида иштирок қилган ҳар бир этник уюшмалар бир- биридан қатор хусусиятлари билан фарқланганлар. Уларнинг бир қисми ўтроқ яшаб деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан машғул бўлсалар, қолгани кўчманчи ҳаёт тарзида чорвачилик билан шуғулланганлар. Улар турли тилларда сўзлашганлар. Урф-одатлари ҳам турлича бўлган эди. Бироқ, умумий жиҳатлари ҳам бўлган. Барчалари шу заминни ватан тутдилар. Уни севиб, ҳимоя қилдилар. Энг асосийси улар ўз этник номларига (этнонимлари) эга бўлганлар. Айнан шундай этник белгилари орқали биз уларни таниймиз ва ўрганамиз. Ўзбекистон тарихида учрайдиган этнонимларнинг аксарияти уруғ- қабилаларнинг номланиши бўлиб, улар ҳақида тарихий-этнографик маълумотларни билиш эса нафақат ўзбек халқини, балки қардош қирғиз, қозоқ, туркман, қорақалпоқ ва бошқа туркий халқларнинг ҳам этник тарихини чуқур билиб олиш имконини беради. 5 Ушбу китоб айнан шу мақсадни кўзлаб ёзилди. Унда халқимизни босиб ўтган кўп минг йиллик тарихи ўз изини қолдириб бугунги кунда тарих қаъридан жой олган кўплаб этник уюшмаларга оид тарихий-этнографик маълумотлар келтирилди. Муаллифдан Ҳар бир қалам соҳиби бирор бир асар ёзиб ўқувчи эътиборига ҳавола қилар экан "ўқувчи қандай муносабат билдирар экан" деган ҳадик унинг кўнглидан ўтиши табиий ҳол. Агар муаллиф ўзи мансуб бўлган халқ, миллат тарихини қаламга олса, бу ҳадик ўн чандон, юз чандон ортиқ бўлади. Зеро, унинг маъсулияти нафақат мутахассис олимлар, балки бутун миллат олдидадир. Шу боис мазкур сатрлар муаллифи ушбу рисолани ёзиш олдидан кўплаб тарихий манба ва адабиётлар билан танишди, китобда кўриб чиқилган масалалар юзасидан ўзидан олдин билдирилган фикр-мулоҳазалар ва маълумотларни чуқур таҳлил қилди, фактларга таянди, соҳанинг етук тадқиқотчиларининг асарларидаги маълумотлардан фойдаланди. Шундай бўлсада, ушбу китобда муаллиф эътиборидан четда қолган жиҳатлар ҳам кўзга ташланиши мумкин. Бундай камчиликлар ҳақида билдирилган беғараз фикр-мулоҳазалар учун муаллиф ўз миннатдорлигини билдиради. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling