Жуманазар Йўлдош (Жуманазар Йўлдош Муроджон ўғли) 1997 йил 5ноябръда Хоразм вилояти Хива тумани, Шомахулум қишлоғида туғилган. Ҳозирда УрДУ Филология факультети 1 босқич талабаси.
УЧРАМАСЛИК
Ўтиб кетай ёнингдан бефарқ,
Ўтиб кетай ёнингдан бедард...
Омон МАТЖОН
Муйилишда бир қиз ила йигитни кўрди. Кўрдию, бўшашиб кетди. Қўл-оёқлари ланжлашиб, бир зум тек қолди. Бу ёғига қадамини секинлатди. Ерга қараб ўтиб кетмоқчи бўлганида кўзлари бебуйруқ қизга қадалди. Қадалдию, нимагадир қувониб кетди. Томирида қони жўшиб, одими шахдамлашди.
«Хайрият, – деб ўйлади ўтиб кетгач. – Бошқа экан. Худонинг менга раҳми келди, чоғи. Юрагим эзилишини истамади... »
«БАХТ УЙИ»
Йўлакдан ғамбода қиёфада кетаётган аёлнинг кўзи ногоҳ таниш ёзувга тушди... Бирдан уввос тортиб йиғлаб юборди.
НАДОМАТ
«Отамнинг жанозасида ҳам йиғламайман», – деди. Фаришта «омин», деди.
Жаноза пайти... Боши қуйи...
...Қон йиғлади...
ТИЛАК
Ҳозиргина офталмолог ҳузуридан чиқиб келаётган ёзувчи йўлида учраган тиланчи олдида тўхтади, пул тутқазди:
– Дуо қилинг, кўз нурим қайтсин!
АКСИРИҚ
Буюк бўл, шунда акса уришинг ҳам афоризмга айланади.
Муаллиф
Буюк файласуфдан сўрадилар:
– Ҳаёт деганлари ўзи нима, устоз?
Буюк файласуфнинг шу чоғ димоғи қичиб, қаттиқ акса урди ва бурнини артди:
– Нима дединг?
Шогирдлар ҳайратланган кўзларини Буюк файласуфга қадаб, анграйиб қолишди.
ТАҚДИР
У ўрнидан турди. Асабийлашди. Бир оз ўйланганидан кейин қаердандир милтиқ топиб келди ва ҳозиргина уруш бошланганини эълон қилган радио ускунасига узоқ термулиб қолди...
Биринчи якун
Нафрат
У радио ускунасига ўқ узди...
Иккинчи якун
Do'stlaringiz bilan baham: |