8-боб. Талабаларни ўқишдан четлаштириш, қайта тиклаш, курсдан курсга ўтказиш механизмлари
41. Бир фанга ажратилган аудитория соатининг 25 фоизини ва ундан ортиқ соатни сабабсиз қолдирган талаба ушбу фандан четлаштирилиб, якуний назоратга киритилмайди ҳамда мазкур фан бўйича тегишли кредитларни ўзлаштирмаган ҳисобланади. Якуний назорат турига киритилмаган ёки кирмаган, шунингдек, ушбу назорат тури бўйича қониқарсиз баҳо олган талаба академик қарздор ҳисобланади.
Академик қарздор талабалар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади.
42. Таълим олувчини курсдан курсга ўтказиш унинг GPA қийматини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. ОТМ талабаларни курсдан курсга ўтказишда GPA кўрсаткичини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга. Бунда GPA кўрсаткичи 2,4 — 3,0 оралиғида бўлиши талаб этилади. GPA ўтиш баллини тўплай олмаган талаба қайта ўқиш учун тегишли курсда қолдирилади. Семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича академик қарздорлиги бор таълим олувчилар ўқишдан четлаштирилмайди. Курсдан курсга қолган талабалар фақат қарздор бўлган фанларни ўзлаштириб уларга мос равишда шартнома маблағларини тўлайди. Шартнома асосида бир курсда қайта ўқиш сони чегараланмайди. Жами таълим олиш муддати бакалавриат учун 1 курсга ўқишга қабул қилинганидан сўнг 8 йилгача, магистратура учун 1 курсга ўқишга қабул қилинганидан сўнг 4 йилгача деб белгиланади.
43. Таълим олувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари асосида ўқишни қайта тиклаш ва кўчириш ҳуқуқига эга. Таълим олувчи томонидан четлаштирилгунга қадар ўзлаштирган кредитлар миқдори олий таълим муассасаси томонидан тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
44. Олий таълим муассасасида таълим олишнинг тўлов қиймати Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
45. Фанлар бўйича қайта таълим олиш учун тўлов қиймати олий таълим муассасаси томонидан бутун ўқув йилининг контракт суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Қайта таълим олиш учун тўлов механизми олий таълим муассасаси томонидан бир кредит қийматини ҳисоблаш асосида белгиланади. Бир кредит қиймати ўқув йили давомидаги таълим олиш учун тўланадиган базавий тўлов-контракт миқдорини режалаштирилган кредитлар миқдорига бўлиш йўли билан аниқланади.
46. Талаба олий таълим муассасаси таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган тақдирда, унга академик даражасини тасдиқлайдиган диплом берилади.
Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Do'stlaringiz bilan baham: |