Ватанни унга бўлган муҳаббат обод этади, асрайди


Download 27.89 Kb.
bet1/2
Sana13.02.2023
Hajmi27.89 Kb.
#1193015
  1   2
Bog'liq
14январь


ВАТАННИ УНГА БЎЛГАН МУҲАББАТ ОБОД ЭТАДИ, АСРАЙДИ


Дунёда шарафли вазифалар жуда кўп, аммо улар ичида киндик қонинг томган Ватанингни ҳимоя қилиш шарафлилар ичра шарафлисидир. Негаки, Ватан – бу инсонга ато этилган энг қутлуғ неъмат, аждодларимиз уйғоқ, руҳи кезиб юрган табаррук гўша, уларнинг нафаси уфуриб турган муқаддас тупроқдир!
Ватан асл ватанпарварлар кўксида жон қадар эъзоз ва ҳимоя топади.
Жалолиддин Мангуберди шижоати, Амир Темур жасорати...
Булар кўксида Ватан деган қуёшни кўтариб яшаган улуғ аждодларимиз. Шу боис улар қалбларимиз тўрида. Ватан тарихини нима безаб туради, деб сўрасалар, мен ҳеч иккиланмай шижоату жасорат, маърифату адолат, садоқату ҳимоят, деган бўлар эдим.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий армиямизни шакллантириш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилди ва олиб борилмокда. Ўзбекистан Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида давлатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини, халкимизнинг тинчлиги ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган профессионал Куролли Кучлар барпо этилди.
Бугун миллий қадриятларимиз ва аждодларимизнинг жанговар анъаналарига таянган Куролли Кучларимиз сафида мард ва жасур, ҳарбий соҳада пухта билим ва маҳорат соҳиби бўлган, юксак жисмоний тайёргарлик, интеллектуал салоҳиятга, руҳий-маънавий фазилатларга эга асл ватанпарвар аскар йигитларимизни кўрганда, калбимизда ифтихор туямиз. Эндиликда жамиятимизда ҳарбийда хизмат қилиш нафақат фахрли бурч, балки олий шарафга айланмокда. Буни мамлакатимиз Куролли Кучлари сафида хизмат килиш истагида бўлган ёшларнинг сони ортиб бораётганида кўриш мумкин. Хеч шубҳасиз, бугун ҳарбийда хизмат килиш йигитларимиз учун, Юртбошимиз таъкидлаганидек, садоқат, жасорат ва матонат мактабига айланмокда.
Ҳар йили Ватан ҳимоячилари кунини нишонлаш, байрам қилиш диёримизда кутлуғ анъанага айланди. Мустабид тузумдан мерос бўлиб қолган инсонни камситувчи “тартиб-қоидалар” ўрнида бугун юксак маънавий асосдаги, чинакам ватан ҳимоячисига эъзоз намунаси бўлган эзгу анъаналар шаклланди. Ҳарбий маҳоратли аскарларимиз, махсус сержантлар мактаби, олий ҳарбий билим юртлари, жанговар шай турган харбий қисмларимиз, ҳар томонлама етук алпомишдек йигитларимиз шижоатини кўрганда бир зум ўтган йиллар ёдимизга тушади.
1991 йил 31 сентябрь куни Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилинди. Ҳар қандай давлатнинг мустақиллигини эса, биринчи навбатда, унинг ўз армияси, қуролли кучлари ҳимоя қилиши керак.
Шу боис 1991 йил 6 сентябрь — истиқлолнинг бешинчи куниёқ тарихда илк бор Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимизда яна бир муқим Кадам қуйди. Шу куни мамлакатимиз ҳудудидаги барча Куролли Кучларни Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул килинди. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган қонунига биноан, юртимизда 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.
Шу ўринда яна бир масала юзасидан алоҳида тўхтаб ўтиш лозим, деб уйлайман. Гоҳида айрим юртдошларимиз: “Нима учун биз бу байрамни аввалгидек 23 февралда эмас, 14 январда нишонлаймиз?” деб сўраб қолишади.
Жавоб берамиз: 1918 йил 23 февраль куни Нарва ва Псков шаҳарлари остонасида қизил аскарларнинг немис қўшинлари билан тўқнашуви бўлиб ўтган! Хўш, буни бизга нима алоқасию қанчалик аҳамияти бор?!
Таъкидлаб ўтганимиздек, 1992 йил 14 январь мустақил давлатимиз солномасида ифтихор билан битиб қўйилдики, бу кун мамлакатимиз ҳудудидаги барча Қуролли Кучларни Ўзбекистон юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Оддий қилиб айтганда, мустақил давлатимиз “собиқ марказ”га эмас, ўзига бўйсунадиган, ўз эрки ва истиқболини химоя қиладиган армиясига эга бўлди. Бу катта байрам қилишга арзирли сана!
Ҳар йили Ватан ҳимоячилари байрами арафасида бир-бирларини чин дилдан табриклаётган нафақат аскар ва офицерлар, балки талабалар, зиёлилар, олимлар, фахрийларни – юртдошларимизни кўрганда юрагинг ёришиб кетади. Ха, бу байрам ҳам биз учун Мустақиллик байрамидек азиз ва эъзозлидир.
Бугунги кунда харбий қисмларимизда хизматчиларнинг маънавий-рухий, сиёсий тайёргарлигини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Харбийларимизнинг мамлакат хавфсизлигига қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ва хатарларга тезкор ва самарали жавоб бериш қобилияти янада кучайтирилмоқда. Оддий аскардан тортиб офицерларгача юртимиз мустақиллиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш туйғуси ва мамлакатимиз тақдири учун масъуллик ҳисси билан яшамоқда. Шу боис ҳарбий хизматчиларимиз халқимизнинг юксак ҳурматига сазовор бўлмокда. Давлатимиз ва жамиятимиз ҳар қадамда уларга ғамҳўрлик кўрсатяпти.
Ота-боболаримиз, улуғ аждодларимиз ва алломаларимиз Ватанга садоқатларини, ўз юртларига муҳаббатларини ифода этиш борасида тарихда ажойиб намуналарни бизга мерос қолдиришган. Масалан, улардан биз кўпроқ Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абулайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк мутафаккирларимиз ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт билан боғлаганлари, уларнинг номини дунёга маълуму машҳур қилганликларини яхши биламиз. Уларнинг ёзиб қолдирган бой меросини ўқир экансиз, бениҳоя қалбингизни ватанпарварликка ҳис-туйғуларини ҳис қилишга ундайди.
Айниқса бутун дунёга довруғи кетган, ўзининг ботирлиги ва жанговорлиги билан дунё тарихчиларини лол қолдирган Хоразмшоҳ сулоласининг сўнгги ҳукмдори, моҳир саркарда Жалолиддин ибн Аловуддин Муҳаммадни алоҳида эслаш ўринлидир.
Тарихий манбаларга кўра, фақат исми қолиб, жисми эса таназулликка юз тутиб бораётган Ануштегинийлар давлатини ҳалокат ёқасидан сақлаб қолиш учун 32 йиллик умри мобайнида кўз кўриб қулоқ эшитмаган жасоратлари кўрсатганлиги ҳақидаги тарихий маълумотлар, афсона ва ривоятлар, асл ҳақиқатлар бизгача етиб келган.
Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида бобомиз Алишер Навоийнинг бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилиши зарурлиги ҳақидаги фикрларини келтирди.
Шунингдек, Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теран ҳис этишимиз зарурлиги ҳамда “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олаётгани, алоҳида таъкидлади. Бу эса Ватан ҳимояси, юрт тинчлигини сақлаш, фидоий бўлиб хизмат қилиш чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан далолат эканлигини уқтирди.
Хар йили анъанага айланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланиши ҳам бунга яққол мисолдир. 2019 йили ҳам мазкур тантана 14 январь куни ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари: – Бу мукофотлар сизларга айнан Ватан ҳимоячилари кунида топширилаётганида чуқур рамзий маъно бор. Биз бу байрамда Қуролли Кучларимизни, барча аскар, сержант, офицер ва генералларни, муҳтарам фахрийларимизни шарафлаймиз, уларга энг эзгу тилакларни билдирамиз. Сизларнинг тимсолингизда ҳозир бутун армиямизни, барча ҳарбийларимизни қутлаб тургандек бўлаяпман. Жонажон Ватанимиз ҳимояси ва тинчлиги йўлидаги фидокорона хизматингиз ва жасоратингизни ҳаммамиз яхши биламиз, юксак қадрлаймиз. Шу маънода, бу мукофотларни халқимиз ва давлатимизнинг Қуролли Кучларимизга, унинг барча шахсий таркибига кўрсатаётган чексиз эҳтироми сифатида қабул қилишингизни истайман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мудофаа тизимида ҳам инсон омили ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ўз қасамёдига содиқ, кенг билим ва малакага эга, ақл-заковатли, мард ва азму шижоатли ҳарбийлар армиянинг қудратли кучи. Ғалабани таъминлайдиган ҳам, шахсий таркибни тарбиялайдиган ва ўз ортидан эргаштирадиган ҳам шулар эмасми?!
2018 йил 12 июлда Ўзбекистон Қуролли Кучлар академияси (собиқ Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти) ташкил этилганига 100 йил тўлиб, катта тантанали маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Сўнгги йилларда ҳарбий соҳада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, 2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди. 2018 йили ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилди.
Мудофаа вазирлиги қўшинларида эса ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш органлари негизида тарбиявий ва мафкуравий ишлар органлари ташкил этилди.
Бригадаларда (уларга тенглаштирилган ҳарбий қисмларда) ва алоҳида батальонларда “ҳарбий психолог” (офицер) лавозими жорий этилди.
Бундан ташқари, ҳарбий округлар бошқарув аппаратларида “психолог”, “етакчи социолог”, бригадаларда ва алоҳида батальонларда “ҳарбий қисм командирининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси – Маданият маркази бошлиғи” (Қуролли Кучлар хизматчиси) лавозимлари жорий этилиб, уларга қўшимча устама пул тўланиши белгиланганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Қисқа муддатда хорижнинг илғор технологиялари ва замонавий ўқув воситаларини ўзида мужассам этган янгиланган Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди. Мазкур академияда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Умумқўшин факультети базасида қўшимча “Қўмондонлик-тактик тарбиявий ва мафкуравий ишлар” мутахассислиги бўйича офицерлар тайёрлаш таълим тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги тизимидаги мавжуд офицерлар уйлари Маънавият ва маърифат марказига айлантирилиб, марказ ҳузурида “Турон” театр студияси ташкил этилди. Бу албатта, эътирофга сазовор ишлар, ҳарбий хизматчиларни маънавияти ва маърифатига Давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиши юксак намунадир.
Бугунги таҳликали даврда, мудофаа қудратини янада ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш хар қачонгидан-да зарурдир. Бунинг исботи сифатида 2019 йилнинг ўзида ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида 116 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилгани, 700 дан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганини фахр билан тилга олишимиз мумкин.
Доно халқимизнинг “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр – мингни” деган мақоли бежиз айтилмаган. Мазкур мақолни исботи сифатида Қуролли кучлар тизимида ёш аскар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал “Ўзбекистон тарихи” фани ва “Темур тузуклари” китоби бўйича синов ўтказиш тартибини йўлга қўйилди. Уларнинг нафақат билаги зўр бўлиши керак, балким билими ҳам юксаклиги талаб этилаётгани қувонарли, албатта. Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Аммо, ватанпарвалик фақат ҳарбий хизматчида эмас, балки хар бир юртдошимиз юрагида ҳох у ҳорижда бўлсин, ҳох қийин шароитда бўлсин, Ватан нелигини ҳис этмоғи, у учун жонини фидо айламоғи даркор. Ана шу аслида ватанпарварлик. Бунинг исботини ўмиш тарихимизга назар солсак, кўплаб ватандошларимиз Ватан учун ўз жонидан кечганларни кўришимиз мумкин.
Ватанпарварлик фақат ҳарбий хизматда ёки жанг майдонида намоён бўлмайди. Балки, мана шу заминда яшаб турган ҳар бир инсон ўз уйи, маҳалласини асраши ҳам ватанпарварлик намойиш этишидир. “Ўз уйингни ўзинг асра” деган шиорларни бежизга айтилмаган. Ҳоҳ шаҳарда яшовчи фуқаро бўлсин, ҳох қишлоқда яшовчи фуқаро бўлсин, бу шиорни англаши ва унга сидқидилдан амал қилиши даркор. Бунда нафақат ҳимоя қилиши, балки ўз оиласини ва маҳалласи фуқароларини онгини ёт ғоялардан ҳам асраши зарур. Бунинг учун биз ҳар дақиқа сезгир, ҳушёр туришимиз талаб этилади. Қайси ҳудудда лоқайдлик ва бепарволик бўлса, ана шу жойда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик юз беради. Шунинг учун ҳамки ҳар доим биз “Менга нима” эмас, “Бу менинг Ватаним” деб яшашимиз шартдир. Шунда бизни бузғунчи ғоялар яшаб турган заминимизга кира олмайди. Ҳаттоки киришга ҳам қўрқади. Чунки, бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчи кимсалар инсоннинг онгига таъсир кўрсатиб, унинг бутун вужудини эгаллаб олади. Бундай сезгир ва ҳушёр туришимиз ҳам ватанпарварликдир.
Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган одамнинг мақсад-муддаолари аниқ, ғурур ва ифтихори юксак бўлади. Шундай экан, унга меҳр билан муҳаббат қўйиш, унинг равнақи йўлида куч-ғайрат сарфлаш барчанинг фарзандлик ва фуқаролик бурчидир.
Улуғ аждодларимиз Ватанга садоқати, юртига муҳаббатини ифода этишнинг ажиб намуналарни мерос қолдиришган. Масалан, аксар алломаларимиз номидан уларнинг ватани кўриниб туради: Аҳмад ФАРҒОНИЙ, Муҳаммад ХОРАЗМИЙ, Имом БУХОРИЙ, Имом ТЕРМИЗИЙ, Абулайс САМАРҚАНДИЙ, Бурҳониддин МАРҒИНОНИЙ, Мазжуб НАМАНГОНИЙ, Абду-л-Ҳамид КЕШИЙ, Абу-л-Баракот НАСАФИЙ... Бу зот шу билан ўз ватанларини дунёга машҳури замон қилганлар. Бу – ибрат. Бу – ҳикмат.
Тарих шу жиҳатлари билан ёшларда, умуман, фуқароларда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришда энг буюк қуролдир.
Жалолуддин Мангуберди, Амир Темурлар ҳарбий ватанпарварлик нуманаларини кўрсатган, буюк алломаларимиз қолдирган бой мерос – илмдаги кашфиётлари илмий жасорат бўлса, Ватаннни севиш, унинг хурсандчиликларига шерик бўлиб, оғир дамларида елкадош бўлиш, бир сўз билан айтганда, ундан фахр қилиш чин маънавий жасоратдир. Маънавий жасоратнинг яна бир жиҳати бор. Яъни ҳозирда долзарблик касб этиб турган ахборот урушлари ҳар бир зиёлидан масъулият, дахлдорликни талаб қлимоқда. Чунки мафкуравий хуруж ҳам ички, ҳам ташқи таҳдилар кўринишида намоён бўлар экан, бу биздан фавқулотда ҳушёрлик, тезкорликни талаб қилади. Илм билан. Ақл билан. Ёшларнинг кўзини, қулоғини асраш (ҳозир дунёда барча кучлар айни шу икки жиҳатга бор эътиборини қаратган), уларга энг ишончли ахборотларни тақдим ва таклиф қилиш, шу орқали информацион софликка эришиш биринчи галдаги вазифамиз бўлиб қолиши зарур.
Ватанпарварлик аслида ҳар кунлик иш ва бу кун йил давомида амалга оширилган ишларнинг сарҳисоби ҳисобланади.
Дуога қўл очар эканмиз Ватанга тинчлик сўрашдан бошлаймиз. Тинчликка интиламиз, уни яқинларимизу ватанимизга илинамиз. Назаримизда, бошқага тинчликни тилаган одам унга жаннатни илингандек бўлади, гўё.
Яна бир гап. Уйда ҳам, ватанда ҳам томон, осмон, ер бор. Муҳими, булар қабрда ҳам бор. Мана шу ҳудуд унинг соҳибиники. Унинг тинчлиги ҳам, безовталиги ҳам шу ерда.
Инсон учун азиз (бешикдан қабргача яшайдиган) манзил – ватан борки, унга кўпроқ меҳр қўйилади. Чунки инсон ақли билан онгли равишда таниган ватан – бу. Тарихга назар солайлик, қанчадан-қанча инсонлар шу ватанини дея молини, ширин жонини тиккан. Энг муҳими, бешикда алла воситасида берилган тарбия ҳаётий амаллар сифатини белгиласа, шу – ўртадаги ватанда истиқомат қилишимиз асносида қилган амалларимиз охирги “ватан”имиздаги ҳаётимиз қай тахлит бўлишини белгилайди. Бу ўринда муносиблик муҳим.
Соҳибқирон Амир Темур “Темур тузуклари”даги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилиш мумкин. Унинг: “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган сўзлари бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга экани барчамизга аён.
Амир Темурнинг бундай чуқур маъноли ҳикматлари халқимизда қадимдан мавжуд бўлган “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр – мингни” деган мақолга ғоят ҳамоҳанг бўлиб, инсонни доимо ақл-идрок, адолат ва юксак маънавият асосида яшашга даъват этиши билан эътиборлидир.
Беназир аллома Мирзо Улуғбекнинг ўрта асрлар шароитида намоён этган илмий жасорати бугунги кун олимларини ҳам ҳайратга солмасдан қўймайди. Тақдир бу улуғ зотнинг зиммасига беҳад улкан ва машаққатли вазифалар юклади. Буюк саркарда Амир Темур бунёд этган салтанатнинг вориси бўлишдек ўта масъулиятли вазифа айнан унга насиб этди. Мирзо Улуғбек қарийб қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳр диёрининг донишманд ҳукмдори сифатида халқнинг азалий орзуси – тинчлик, тотувлик, илм-фан ва маданиятни тараққий топтириш йўлида улкан шижоат ва матонат кўрсатди. У ҳам юксак хулқи, одоби – маънавияти, ҳам илмий камолоти билан ибрат намунаси бўлиб қолади. У тўплаган билим то қиёмат қадар бутун инсониятга хазина бўлиб қолаверади.
Хуллас, мана сизга ватанпарварликнинг намунаси. Буюк жасорат ва садоқат. Она юрти учун жонини фидо айлашлик. Ҳар бир ўғлонимизга шуни ўргатишимиз керак эмасми?! Бунга масъул ота-она, маҳалла ҳамда таълим берувчи муассасалардир. Масъулият қанчалик кучли бўлса, келажак авлодимиз шунчалик биздан кўра, ақлли, кучли, вафодор, садоқатли, доно ва албатта бахти бўлади.
Ёшларни маънан етук, жисмонан соғлом, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишларининг самарадорлигини ошириш ва натижадорлигига эришиш, бу борадаги таълим-тарбиявий ишларга мамлакатимиз фуқароларини, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этиш ва ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш мақсадида 2018 йил 23 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 140-сонли Қарори қабул қилинди.
Инсон тарбияси борасида гап борар экан, у энг аввало, олий тарбия мактаби бўлмиш оиладан бошланади, сўнг мактабгача таълим муассасаси, мактаб, коллеж (лицей) ёки олий таълим, армияда давом этади. Ҳар бир босқичда ёшларнинг камол топаётган онгини ёт ғоялардан асраш, унга қарши курашувчи мафкуравий иммунитетини ўз вақтида шакллантиришга эришиш хар қачонгиданда зарурятини ҳаёт сабоқлари кўрсатмоқда. Юқоридаги концепция шу муҳим масалани ҳал этишга ҳам хизмат қилади. Ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдирилиши энг муҳим вазифаларидан бири этиб белгиланди. Унга кўра ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари асосан тўрт босқичда (1-босқич 3-7 ёш, 2-босқич 7-16 ёш, 3-босқич 16-18 ёш, 4-босқич 18-30 ёшдагилар) амалга оширилиши белгилаб берилмоқда. Бу ҳам ўз навбатида тарбиянинг узлуксизлигини таъминланиши ва тарбиядаги ноқисликка барҳам берилиши ҳамда тарбиянинг мукаммалашишини вужудга келтиради. Буларнинг таг замирида ёшларнинг маънан юксак ва маърифатли авлод бўлиб етишиши ётади. Демак, уларнинг маърифатини юксалтириш муҳим масала.
Бундай иборалар нафақат бизнинг ўлкамизда, балки бутун дунёда бир таомилга айланган, гўё. Жангчи биринчи ўринда савашишни билиши керак, маърифат, маданият шарт эмас, каби тушунчалар қадим замонлардан мавжуд. Тарихда ҳам асосан уларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигига урғу берилган. Лекин ҳозир замон ўзгарди. Энди бизга маънавияти кучли аскар керак.
Ҳарбий хизматга қадар ҳам шеър ва насрий ёзганларим газета ва журналларда чиқиб турарди. Яширишга ҳожат йўқ, шеър ёзишни тўхтатмаган бўлсам-да, ижод қилишга кўп вақт бўлмаган. Ёзган шеърларимда хизмат қилган масканимдаги чиройли табиат манзаралари тасвирланган. Балки буни баҳонага йўярсиз, аммо ижод қилишда муҳит ҳам муҳим роль ўйнайди. Ўзингнинг миллатинг, она тилингда гапирадиган одамлар орасида яшаш билан бошқа муҳитда истиқомат қилишнинг фарқи жуда катта. Бундай шароитда ҳамиша ҳам илҳом келавермайди.
Она юртни соғиниб, қадрдонларни қўмсаб ёзилган кўплаб шеърлар бор. Соқчиларнинг минорасига чиққанимда, гўё, юртим кўриниб қоладигандек узоқ-узоқ термилардим. Ана шундай маҳаллар сатрлар қуйилиб келаверарди. Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” деб, Ватанни чексиз севишини қуйидаги шеъри билан изхор этади:
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.
Нечун ватан, дея еру осмонни,
Муқаддас атайман, атайман танҳо.
Аслида дунёда танҳо нима бор?
Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?
Ёки қуёшми севгимга сабаб?
Ахир қуёшли-ку, бутун Осиё.
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Боғларин жаннат, деб кўз-кўз этаман.
Нечун ардоқларкан тупроғини мен,
Ўпаман, тупроғинг бебаҳо, Ватан!
Аслида тупроқни одил табиат,
Тақсим айлаган-ку, ер юзига тенг
Нечун бу тупроқ, деб йиғлади Фурқат,
О, Қашқар тупроғи, қашшоқмидинг сен?
Мен нечун севаман Ўзбекистонни?
Сабабин атгин, десалар менга.
Шоирона, гўзал сўзлардан олдин,
Мен таъзим қиламан она халқимга:
Халқим, тарих ҳукми сени агарда,
Мангу музликларга элтган бўлсайди,
Қорликларни макон этган бўлсайдинг,
Меҳрим бермасмидим ўша музларга?
Ватанлар, Ватанлар,
Майли, гулласин,
Боғ унсин мангулик музда ҳам, аммо,
Юртим, сени фақат бойликларинг чун
Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!
Ҳамма ўлканинг ўзига хос томонлари бор, барибир инсон боласи таъсирланаверади. Аммо қилаётган ишингдан фахрланмайсан, севиб, севиниб бажармайсан. Юртингда бўлса ҳамма нарса ўзингники, бевосита ўтмиш билан, миллат тақдири билан алоқадор – одамга ғурур, ифтихор, илҳом бағишлайди.
Соҳибқироннинг саркардаликда, сиёсатда, маърифатда бунчалик катта муваффақиятларга эришишининг сабабларидан яна бири – ул зот, ҳозирнинг ибораси билан айтганда, беҳад байналмилалчи бўлган. Армиясида турли миллат вакиллари хизмат қилган. Дунёнинг турли мамлакатларидан олимларни Самарқандга чорлаб, уларга ижод учун шароит яратиб берган. Ўз фарзандларига: «Уламо, пок ниятли, тоза қалб кишиларга талпиниб яша», деб уқтириб келган. Мисрлик ибн Холдун исмли улуғ араб олими Самарқандда Амир Темур ҳазратлари ҳузурига кириб, Қоҳирага бориб келишга рухсат сўрайди. Соҳибқирон унга, биздан хафамисиз, дейди. «Йўқ, – дейди олим, – у ерда менинг кутубхонам қолган». «Э балли, сизга устоз, – дейди Амир Темур. – Кутубхонангизга боринг ва бизга Арабистон, сиз билган, кўрган бошқа юртлар ҳақида китоб ёзиб келинг». Бу – тарихий ҳақиқат. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Яна тарихга назар ташлайдиган бўлсак, темурийлар даврида ҳам маликалар ҳам нафақат ички, балки халқаро дипломатик муносабатларида фаол иштирок этган. Буни испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ёзиб қолдирган маълумотларида кўришимиз мумкин. Хусусан, Миср, Туркия, Мўғулистон, Хитой, Испания каби давлатлардан келган элчиларни кутиб олиш маросимида Сароймулкхоним (Бибихоним), Хонзодабегим каби маликалар ҳам иштирок этиб, улар испан элчиси шарафига алоҳида зиёфат уюштириб, элчининг эътирофига сазовор бўладилар.
Бугунги кунда Европа Комиссияси президентлигига илк бор Германия мудофаа вазири Урсула вон дер Леен хоним яширин овоз бериш йўли сайланди. Испания қуролли кучлари тарихида эса илк марта аёл киши 56 ёшли Патрисия Ортега Гарсия хоним генерел бўлди. Ҳа, бу каби тарихий ёки ҳозирги кунда давлат ишларида ўз билими, ақлу-заковати билан фаоллик кўрсатаётган кўплаб аёлларни келтиришимиз мумкин.
Ҳатто Алишер Навоийнинг “Муҳокаматул-луғатайн” сингари илмий асари ҳам юксак ватанпарварлик руҳида яратилди. Ўзини “ватанга раҳнамойе” билган Навоий “Садди Искандарий” достонида донишмандлик билан шундай деган эди:

Download 27.89 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling