Вирусли гепатит ўткир юқумли касаллик
Download 20.84 Kb.
|
Virusli gepatit
Вирусли гепатит - ўткир юқумли касаллик; жигар ҳужайраларининг зарарланиши, умумий интоксикация белгилари, тери ва шиллиқ қаватларнинг сарғайиши, пешобнинг тўқ сариқ ёки "пиво"га ўхшаш, нажаснинг оқимтир тусга (гилвата рангига) кириши, жигар, баъзан талоқнинг ҳам катталашиши билан ифодаланади. В. г . деганда бир-бирига ўхшаш олти хил гепатит тушунилади, булар А, В, С, Д, Е, Г вируслари қўзғатадиган касалликлардир. Улар юқишига қараб оғиз орқали (А, Е) ва парентерал ёғл билан юқадиган (Б, С, Д, Г) хилларга ажратилади. А ва Е вирусли гепатитларда вируслар беморнинг ахлати орқали ташқарига чиқади. Шунинг учун ахлат, сув, озиқ-овқат маҳсулотлари, бемор фойдаланган буюм ва нарсалардан ифлосланиш жуда хавфли ҳисобланади. Парентерал ёғл билан юқадиган В. г .лар шпритс, игна ва б. тиббий асбобларни етарли зарарсизлантирмаслик оқибатида, шунингдек қон ва қон препаратлари қуйиш ҳамда турли тиббий муолажалар (гинекологик, стоматологик ва б.) вақтида юқиши мумкин. В. г .лар даврий кечиши билан ҳарактерланади, унинг яширин, бошланғич, авж олган, орқага қайтиш ва соғайиш даврлари ажратилади. Касалликнинг яширин даври унинг турига қараб ҳар хил: А ва Е вирусли гепатитларда 7 кундан 60 кунгача, парентерал ёғл билан юқадиган хилларида 2 ҳафтадан 6 ойгача, баъзан 1 йилгача давом этиши мумкин. В. г .лар енгил, ўрта ва оғир, шунингдек асоратсиз ва асоратли, ўткир, сурункали ҳамда вақт-вақти билан қайталаниб турадиган шаклларда кечади; баъзан аралаш хиллари ҳам кузатилади. Ҳомиладор аёллар ва болаларда касаллик оғирроқ кечади. В. г .ларнинг шакли-шамойили турлича: гриппга ўхшаш, диспептик, астеновегетатив, артралгик аломатлар, аралаш синдромлар билан ҳамда латент (клиник белгисиз). Касаллик гриппга ўхшаб бошланганда бемор тўсатдан қалтирайди, эти увишади. боши оғрийди, ҳарорати кўтарилади, аъзойи бадани қақшайди, ёғталади ва ҳ.к. Диспептик аломатлар билан бошланганида бемор кўнгли айниб қусади, меъда соҳасида бир оз оғриқ бўлади, баъзан ичи кетади; унинг мадори қуриб, иштаҳаси пасаяди, ўнг қовурғаси остида оғриқ пайдо бўлади. Астеновегегатив аломатлар билан бошланганда беморнинг боши айланади, оғрийди, кўп терлайди, ўта инжиқ, йиғлоқи бўлиб қолади. В.гларнинг бошланғич даври қандай синдром билан кечишидан қатъи назар, шу касалликка хос 3 белги кузатилади: 1) сийдикнинг пиво рангида бўлиши; 2) ахлат рангининг оқариши; 3) кўпчилик (деярли 90%) ҳолларда жигарнинг катталашиши. Касалликнинг "сариқлик даври" ҳам ўзига хос тарзда кечади. Кўз оқи сарғайиши билан В. г .нинг авж олган даври бошланади; А шаклида бемор сарғайиши билан унинг аҳволи анча енгиллашиб тузалинқирайди. Парентерал ёғл билан юқадиган В. г .ларда, оғиз орқали юқадиганларига нисбатан сариқлик даври узоқроқ чўзилади, бемор тезда тузалавермайди, дармони қурийди, кўнгли айнийди, баъзи ҳолларда бадани қичийди (холестатик хили). В. г .ларнинг хилига қараб унинг клиник аломатлари турлича намоён бўлиши мумкин: сариқсиз ўтадиган шаклида пигмент алмашинуви бузилмаганлиги сабабли бемор сарғаймайди, сийдиги ва ахлатининг ранги ўзгармайди, қонда билирубин миқдори меъёрида бўлади. Билинар-билинмас белгилар билан ўтадиган шаклида беморнинг кўзи қисқа муддат сал сарғаяди, билирубин миқсори ҳам тезда ўз аслига келади. Субклиник шаклида клиник белгилар деярли кузатилмайди, уни фақат лаб. текширувларидан билиш мумкин. В. г .нинг вирус ташиб юрувчилик шакли анча мураккаб, у яширин ҳолда кечиб, бора-бора сурункали тус олади. Касалликнинг сурункали хили анча огир асоратларга (ўткир жигар энсефалопатияси, геморрагик, шиш-асситик синдром ва б.) сабаб бўлиши мумкин. В. г . ташҳиси (диагнози) асосан бемордан олинган маълумотлар, касалликка хос аломатлар, қон таҳлили ва б. асосида қўйилади. В. г .нинг бошланғич даври диспептик, катарал ва сохта ревматоид синдромларда кузатиладиган белгиларга ўхшаб кетганлиги боис, уни ана шу касалликлардан фарқлай билиш лозим. В. г .ларнинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига бекаму кўст амал қилиш, касалликни ўз вақтида аниқлаб, беморни касалхонага ётқизиш ва у билан яқин бўлганларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда у тутган идиш-товоқ ва буюмларни дезинфексия қилиш муҳим. Касалхонадан чиққан беморлар маълум муддат диспансер назоратида бўлишлари лозим. Касалликнинг олдини олиш мақсадида А ва В гепатитларга қарши ваксинация қилинади (эмланади). У янги туғилган чақалоқларга, 2-марта эса 1 ойлигида тери остига юборилади. Реваксинация бола 6 ойлигида ўтказилади. Эмлаш натижасида 95% болаларда касалликка қарши иммунитет пайдо бўлади; эпидемиологик жараёнларга қараб катталарга ҳам ваксина юборилади, у биринчи бор қилингандан кейин орадан 1 ой ва 6 ой ўтгач қайта эмланади. Эмлаш натижасида иммунитет пайдо бўлиб, у 15— 20-йилгача сақланади ва касаллик тар-қалишининг олдини олади, вирус ташувчилик ҳимояланади. Профилактика мақсадида болаларга гаммаглобулин (нормал иммуноглобулин) дан укол қилинади. Даволаш асосан беморнинг умумий аҳволи ва касалликнинг клиник белгиларига қараб олиб борилади; енгилроқ хилида деярли дори-дармонлар берилмайди, кун тартиби ва парҳезга (қаранг Парҳез билан даволаш) риоя қилиш тавсия этилади. Касалликнинг бошқа шаклларида ҳам парҳез ва кун тартибига амал қилишдан ташқари, глюкоза, витаминлар, тузли эритмалар, қон ҳамда плазма ва қон ўрнини босувчи суюқликлар, зарур ҳолларда гормонлар, антибиотиклар ва ҳ. к. буюрилади. Беморга витаминлар, углеводлар, оқсилга бой овқатлар, шунингдек турли мева шарбатлари берилади. Download 20.84 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling