Xurshid Do’stmuhammad. Jajman (To’liq matni) & Adabiyotda kashfiyot bo’lmasa…
Download 144.35 Kb.
|
Jajman Xurshid
- Bu sahifa navigatsiya:
- АДАБИЁТДА КАШФИЁТ БЎЛМАСА… Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат Суҳбатдош: Умид Али
Xurshid Do’stmuhammad. Jajman (To’liq matni) & Adabiyotda kashfiyot bo’lmasa…(Yozuvchi bilan suhbat) ХХ аср ўзбек ҳикоячилигининг энг етук намуналаридан бири сифатида тан олинган «Жажман» ҳикояси уни илк маротиба интернет тизимида тақдим этган сайт хатоси туфайли чала ҳолида эълон қилинган эди. Таниқли ёзувчининг 65 ёшга тўлиши арафасида хатони тузатиб, ҳикояни тўлиқ матни ва бир суҳбатни сизга тавсия этишни ўйладик. АДАБИЁТДА КАШФИЁТ БЎЛМАСА… Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат Суҳбатдош: Умид Али — Хуршид ака, буюк шоир Чўлпон бир хиллик ҳар қандай миллий адабиётни таназзулга олиб боришини, бадиий кашфиётларга ошуфта инсон кўнгли ҳамиша янгилик қидиришини ёзган эди. Адабиётимизга разм солсак, довруқ таратиб турган адибу шоирларимиз ўз сўзи, оҳанги, ифода тарзи, услуби билан ажралиб туришади. Бир сўз билан айтганда, ҳар бири бир олам. Бироқ, муҳими, бу «олам»ларнинг мангуликка дахлдорлигида эмасми? Ахир вақт ва китобхон деган ҳакамлар бор… — Жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган жуда кўп асарлар ўз даври анъаналаридан воз кечиш, улардан юз ўгириш шарофати ила дунёга келган. Мана шундай изланишлар бўлмаганида бадиий ижод сеҳри сийқалашиб кетган бўлур эди. Сиз юқорида келтирган фикрни буюк шоир Чўлпон «Улуғ ҳинди» мақоласида ёзганди. Диққат қилинг-а: «Ўзимнинг йўлсизлигимдан бироз сўзлаб ўтайин. Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқийман: бир хил, бир хил, бир хил… Кўнгил бошқа нарса қидирадир. Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқунбойларни ўқийман: қувонтира дир, холос. Улар менинг учун ёнғон чироқлар бўлса ҳам менинг эртам учун…» Буюк бобомиз Чўлпон асрлар оша яшаб келган мумтоз адабиётимизни, ўз даврида катта шуҳрат қозонган бу шоиру фузалоларнинг ижодига кўниколмаган. Улар яратган асарлар бир оҳанг, бир йўл, бир услуб бўлиб туюлган. Бу мумтоз шоирларга тақлид қилмаган холда янги давр адабиётини яратишни, янги оҳанглар, янги услубларда ижод қилиш пайти келганини жар солган. Айни шу даврда адабиётда янги нафаслар уфурганидан қувонган, ижодкорларни янада изланишга, янгиликка чорлаган. Бир хилликдан қутулиш йўлини излаган. Адабиётда ижодкор ўз ўрнини топиши керак, албатта. Ҳар бир ижодкор янгилик қилиши, ўз оҳанг, услубини яратиши даркор. Ўз олдига шундай мақсад қўйиши керак: адабиётда кашфиёт қилишим зарур! Ижодкор ёзувчилар асарларини ўқиб, шунга эргашиб, тақлид қилиб, ижод қилса, бу билан узоққа боролмайди. Ўз йўлини тополмайди. — «Жажман» хикоянгиз адабий жараёнда бир воқеа бўлган эди. Рамзий, ўзига хос услубда ёзилган мазкур асарни ҳар бир китобхон ўзгача идрок қилган бўлса керак. Мохиятан полифоник хусусиятга эга бу ҳикояни бир домламиз ўтмишда ҳукм сурган сиёсий тузумларнинг емирилиб, истиқлол тантана этгани деб тушунганди. Менимча, бу фикр нисбий бўлса керак. Асл моҳиятни, мақсадни ўзингиздан эшитсак… Шунингдек, бу сўз (ЖАЖМАН)ни ҳам изоҳлаб берсангиз. — Бу ҳикоя юзасидан адабиётшунос олимларимиз, тадқиқотчилар кўп мақолалар ёзишди, тадқиқотлар қилишди. Шу ўринда мазкур ҳикоя бўйича илмий иш қилган, тадқиқотлар олиб борган барча адабиётшуносларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Тўғри, ҳикоя полифоник хусусиятга эга. Ҳар ким ўзича идрок қилиб, ўзича маъно кашф қилиши мумкин. Аммо мақсад, моҳият битта. «Авесто»да икки куч: эзгулик худоси (Ахурамазда) ва ёвузлик худоси (Ахриман) ўртасида мислсиз жанг боради. Азалдан шундай: эзгулик ва ёвузлик доимий курашда. Алалоқибат эзгулик тантана қилади. «Жажман» сўзининг изоҳига келсак, адабий учрашувларда, гурунгларда мухлислар шу саволни кўп беришади, аммо мен ҳар гал жавобсиз қолдирганман. Бу — менинг сирим, ҳикоянинг жозибаси шунда. Ўқувчи ўзи ўйлаб топсин. — Жаҳон тан олган фозил, даҳо инсонларнинг бадиий сиймоси акс этган асарларимиз кўп. Бу анъана ҳазрат Навоий, ундан олдин ўтган ижодкорлардан бошланган ва шу кунларга қадар давом этяпти. Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаевлар ўз ҳикояларида рус адиби Лев Толстой бадиий қиёфасини акс эттирганлар. Сиз ҳам асарларингизда Достоевский, Эдгар По образларини гавдалантиргансиз. Бир вақтлар Кафка, Акутагава, Лев Толстой каби даҳо адиблар образларини яратиш орзуингиз борлигини айтгандингиз… — Одам шундай табиатга эгаки, у нимага ё кимга меҳр қўйса, муҳаббат боғласа, шу ҳақида кўп маълумотга эга бўлишни, у билан бирга «яшаш»ни, шу жараёндан чиқмасликни истайди. Бу ҳол, айниқса, ижодкорларда сезилади. Мен Достоевский, Эдгар По китобларини ўқиб, шу адибларнинг дунёсида яшаб, улар яратган қаҳрамонлар, образлар билан бирга нафас олдим. Хаёлимда, ўйларида, ҳаттоки тушларимдаям улар билан бирга эдим. Оқибат Досгоевский муҳаббати ва бу буюк муҳаббат меваси — у кўрган фарзанд ҳақида ҳикоя ёзиш истаги туғилди. Эдгар По ҳақидаги фожиа ҳам шу йўсинда ёзилди. Бу анъанани давом эттириш ниятим йўқ эмас. Навоий, Бобур, Улуғбек, Фурқат ва шу каби кўплаб буюкларимиз сиймолари бадиийлаштирилган, гавдалантирилган асарларимиз бор. Бироқ жаҳонга донғи таралган шахматчилар, бастакорлар, рассомлар, адибу фузалолар образлаштирилган асарлар яратиш мумкин эмасми? Ўзбек ижодкорлари ҳам шулар ҳақида ҳикоя-қиссалар, романлар ёзишса бўлади-ку? — Ҳозирда кўпчилик жаҳон адабиётига қизиқаяпти, ўқишяпти. Афсуски, бизда жаҳон адабиётининг дурдоналари кам таржима қилинган. Жойс, Пруст, Голсуорси, Акутагава каби жаҳон адибларининг асарлари она тилимизга ўгирилганми? — Кейинги пайтлар илм аҳли, зиёлиларда негадир лоқайдлик, эътиборсизлик сезиляпти. Кафканинг «Жараён», Нитшенинг «Зардушт таваллоси» асари она тилимизга таржима қилинди. Бу ўзбек адабиётида фавқулодда воқеа. Дўппини осмонга отиб, байрам қилишимиз керак. Тадқиқотчилар, адабиётшуносларимиз бу борада ҳафсаласизлик қилишяпти. Ҳолбуки, шўро даврида бу асарларни топишнинг ўзи амримаҳол эди. Истиқлол шарофати билан бу нодир асарлар таржима қилиняпти, китобхонлар қўлига етиб боряпти. «Жақон адабиёти» журналида Жойснинг туркум ҳикоялари Ахмад Отабоев таржимасида ўзбек тилида чоп этилди. Иброҳим Ғафуров бу адибнинг кўп шов-шувларга сабаб бўлган «Улисс» асарини таржима қилди. — Яқинда истеъдодли ижодкор Вафо Файзулло таржимасида австриялик буюк ёзувчи Франц Кафканинг «Жараён» романи китоб ҳолида нашрдан чиқди. Китобда сизнинг сўзбошингиз бор. Адибга эҳтиромингиз чексизлиги билдирилган. Яна қайси адибларга ўзгача меҳр, муҳаббат билан ёндашасиз, такрор-такрор ўқийдиган китобларингиз? — Адиб Франц Кафканинг асарлари билан танишувим унинг «Эврилиш» («Превращение») ҳикоясидан бошланган. Ҳозир ёдимда йўқ, дўстларимизнинг бирининг қўлида шу ҳикояни кўриб қолганман. Уйга олиб келиб ҳижжалаб ўқиб чиққанман. Ниҳоятда таъсир қилган эди. Франц Кафка бу ҳикоясида инсондан ҳашаротга айланиб қолиш ҳодисасига, эртак, афсона, фантастика деб эмас, реал воқелик сифатида ёндашади. Бу ҳолатни сира иккиланмай том маънодаги ҳаётий воқеа сифатида реалистик ҳикоя тарзига олиб киради. Шундан сўнг бу адибга ҳурматим ошиб, унинг барча асарларини топиб ўқишга ҳаракат қилдим. Асарлари мени ҳаяжонга солган, чуқур таассурот қолдирган адиблар кўп: Фолкнер, Хемингуэй, Камю, Акутагава, Пруст…. — «Бозор адабиёти» деган атама пайдо бўлди. Бу азалдан давом этиб келётган жараёнми ё шу кунларда юзага келган ҳолми? — «Бозор адабиёти»… Бу «адабиёт» Алишер Навоий, ундан олдин ўтган ижодкорлар замонидан буён мавжуд. Буни тақиқлаб ҳам бўлмайди. Шу «санъат»нинг мухлислари бор эканки, фаолият юритяпти. Бу енгил, ўта жўн адабиётнинг санъатга, хусусан, сўз санъатига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунингдек, бадҳазм, мураккаб типдаги адабиёт маҳсуллари борки, булар санъатнинг дурдона намуналари сифатида жаҳон миқёсида тан олинган. Марсел Пруст, Камю, Кафка сингари адабиёт дарғаларининг асарлари шу тоифага мансубдир. Шуниси аёнки, «бозор адабиёти» учун ёзилган асарнинг умри узоққа чўзилмайди. — Бугунги мутолаа борасидаги фикрингиз ва китоб, адабиёт муҳибларига тилакларингиз. — Яқинда бир нарсадан ҳайратландим. Бир ёш тадбиркор (номи ёдимда йўқ) Нобел мукофоти совриндори Ўрхун Помуқ асарлари ҳақида илиқ фикрлар айтиб қолди. Таажубландим. Мен бу адибнинг асарларини ҳали ўқиганимча йўқ. Яна ҳайратланарлиси, у асарни дастлаб аслиятда (туркчада), кейин рус тилида мутолаа қилибди. Озми, кўпми, китоб мутолааси бўлиб турибди. Ҳар ким ўзи хоҳаган китобини топиб ўқияпти. Мамлакатимизда «Шарқ», «Янги аср авлоди», «Ўзбекистон», «Маънавият», Ғафур Ғулом номидаги ва бошқа кўплаб нашриётлар борки, китобхонлар учун хизмат қиляпти. Одамлар қалбига зиё, нур сочяпти. Манба: «Бекажон», 2008 йил, 72-сон Download 144.35 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling