Янги ўзбекистон: ёшлар ғоявий тарбиясининг устувор йўналишлари қувондиқ Қодиров
Download 32.38 Kb.
|
1 2
Bog'liqК. Кодиров
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН: ЁШЛАР ҒОЯВИЙ ТАРБИЯСИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ Қувондиқ Қодиров Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Мамлакатимизда маънавият, миллий ғоя, маънавий-ахлоқий тарбия каби масалалар давлат сиёсатининг бош масаласи сифатида ҳам энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуларга айланди. Ёшларнинг яхлит дунёқарашини шакллантиришда, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда маънавий қадриятларнинг етакчи ролини эътироф этиш, бу ўринда эса меҳрибонлик, раҳм-шафқат, виждон, ҳамдардлик, сахийлик, масъулият каби маънавий-ахлоқий қадриятлар талабаларнинг терминал ва инструментал компетенцияларига, маънавий-ахлоқий фазилатларига айлантирилмоғи зарурлиги дасвлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бугун мамлакатимиз ўз олдига эзгу мақсадлар билан «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» ғояси ила тараққиётнинг 3-даври пойдеворини яратишга киришди. Бу эса бугунги ёшлар билан бевосита ишлашадиган таълим-тарбия муассасаларининг барча бўғинларида фаолият юритаётган масъулларга, жамоат ташкилотлари одимларига ҳамда униб-ўсиб келаётган юртимизнинг эртанги кун эгалари бўлган ёшларга жуда катта талабларни қўймоқда. Бундай шароитда олий таълим муассасалари ходимларидан ҳар қачонгидан кўра фидоийликни, кўпроқ ўқиб изланишликни, бугунги голбаллашув жараёнида ёшларимизга ҳақиқий маънода устозлик қилиб, тўғри йўналтира олишликни, энг асосийси, ҳурматли устоз сифатида шахсий намуна бўлишликни талаб қилмоқда. Ёшларимиздан эса, ахборот, коммуникатив маданият, ижодий, креатив, инновацион ривожланиш қобилияти, иш, касбий муносабатлар компетенцияларини ва кескин рақобат талабларига жавоб беришни, ўзида тадбиркорлик ва лидерлик фазилатлари билан бирга Ватанга садоқат, мустаҳкам мафкуравий иммунитет ва масъулиятни ўз зиммасига олишни талаб этмоқда. Зеро азалий миллий қадриятларни қадрсизлантирувчи «оммавий маданият», информацион хуружлар, ахлоқсизлик фалсафаси, экстремизм, нигилизм, «дунё фуқаролиги»ни (космополитизм), миссионерлик, прозелитизмни мадҳ этувчи сайтлар, турли шоулар, кўнгилочар кўрсатувлар ва мусиқий каналлар бугунги глобал ва локал маънавий ҳаётимизнинг объектив манзараларига айланмоқда. Демакки, бу шароитда олий таълим муассасалари маънавий-маърифий ишлар тизими ўз устуворликларини ёшлар маънавий идеаллари, қадриятлари ва ғоялари билан боғлиқ бўлган аниқ ахлоқий фазилатлар кластерини таъминлашга йўналтирилиши лозим. Бу фазилатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Узлуксиз маънавий тарбия Концепциясида [1] белгилаб берилди. Мазкур Концепция узлуксиз маънавий тарбия жараёнини тизимли ташкил этиш, ёшлар орасида тарбия индикатори ва компетенцияларини тарғиб қилиш, тарбия соҳасини илғор инновацион технологияларни жалб этган ҳолда янада такомиллаштириш, ёшларнинг мустақил ҳаётга Ватанга садоқат, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, толерантлик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби таянч компетенциялар билан кириб боришини таъминлаш вазифаси юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканлигидан келиб чиқиб, 5 та муҳим ташаббусни илгари сурди [2]. Президент Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 19 январь куни «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш» [3] масалалари бағишланган йиғилишида: «...бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти. Шунингдек, терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, миллатлар аро тотувлигимизга раҳна солиб, норозилик кайфиятлари авж олдирилмоқда», - деб аълоҳида таъкидладилар. Ҳурматли конференция иштирокчилари! Бугун дунёда мана ман деган энг буюк давлатлар ҳаётининг турли соҳаларида, хусусан, маънавий-маданий ҳаётда юз бераётган инқирозий жараёнларга мутахасислар томонидан фавқулодда ҳолат деб, эътироф қилинмоқда. Яъни, дунёга машҳур сиёсатчилар - Ғарб дунёси ҳалокот томон бораётганлигини қайғу билан қайд этмоқдалар. Масалан, америкалик таниқли файласуф ва сиёсий шарҳловчи П.Ж.Бьюкененнинг сўнги йилларда эълон қилинган китоблари сарлавҳаларининг номланиши ҳаммани огоҳликка чорлайди: масалан: «Буюк хоинлик: Америка суверенитети ва ижтимоий адолат глобал иқтисодиёт тангрисига қурбон этилгани ҳақида» (1998), «Ғарбнинг ҳалокати: аҳолининг камайиши ва муҳожирликнинг кучайиши мамлакатимиз ва тамаддунимизга қандай таҳдид солмоқда?» (2001), «Ўнгларнинг сўлларга айланиши» (2004), «Ғарбнинг халокати» китобларида АҚШда вужудга келган вазиятни чуқур ва атрофлича таҳлил этар экан, муаллиф ўз юртининг таназзулини, аввало, маданиятининг емирилаётганлигини, азалий урф одатларнинг йўқолаётганлигини, асрлар давомида эъзозлаб келинган қадриятларнинг топталаётганлиги билан боғлайди ва бундай ишларнинг тепасида турган «маданий инқилобчилар»ни «замонамиз толибонлари», деб атайди. Дарҳақиқат, юртимизда ёшлар тарбияси, ғоявий тарбия масаласи Президентимиз раҳбарлигида давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди: «Жаҳон тарихига назар солсак, дунёдаги энг ривожланган бешталикдаги ҳар бир халқ, аввало, маънавий бирлашуви, миллий ғояси билан юксалган. Бугун янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган мамлакатимизда ҳам миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳақиқатдан ҳам, Президентимиз таъкидлаганидек: “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир» [4]. Яқинда бўлиб ўтган йирик тадбирлар – давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси [5], Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми [6] ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият, ёшлар тарбияси ва бугунги ғоявий тарбия йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Чунки бу борада ечимини кутиб турган, ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўп. Афсуслар бўлсинки, айни бугунги кунда ҳам Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, ёшлар тарбияси нечоғлик муҳим бўлиб турган бир пайтда, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар, бу менинг ишим эмас, ёки мендан кетганча эгасига етганча қабилида иш тутувчи масъуллар ҳам йўқ эмас. Шу боис ҳам Президентимизнинг кейинги нутқларида Олий таълим муассасалари фаолиятидан норозилик кайфиятилари, таълим муассасалари ўша ҳудуднинг ҳар томонлама маънавият ва маданият маркази бўлолмаётганликлари, шунингдек, жойларда, оддий аҳоли орасида давлат сиёсатини олиб боришда жонбозлик кўрсатиб, фидоийлик билан ёндошиш ўрнига сусткашликларга йўл қўйилаётганлигини алоҳида таъкидладилар. Ҳаммамизга маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан: «Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган», – деб бугунги мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғояси белгилаб бердилар. Бугунги кунда таълим муассасаларида ғоявий тарбияни модернизациялаш мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида белгиланган жараёнлар билан уйғун бўлиши талаб этилмоқда [7]. Мана шундай янги тарихий вазиятда «Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама инновацион ривожлантириш учун, 3-ренессанс пойдеворини яратишимиз учун халқимиз, ёшларимизда қайси фазилатларни кучайтириб, қайси иллатларга чек қўйишимиз керак?», деган саволларга илмий жавоблар керак. Бу саволларга эса олий таълим муассаларининг зиёли қатлами ҳамда маънавият жавоб бериши ва халқимизни бунёдкор ишларга даъват қилиши лозимдир [7]. Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, қуйидаги таклиф-тавсияларимизни беришни маъқул топдик: 1. Бугунги кунда Олий таълим тизимида фаолият юритаётган ҳар қандай бўғиндаги ходим, аввало, юртимизда ҳамда дунё ҳамжамиятида рўй бераётган воқеалар мазмунидан хабардор бўлишлиги, воқеа моҳиятини чуқур англаган ҳолда дарс машғулотлари давомида ёшларимизга биринчилардан бўлиб тўғри ва аниқ етказиш; 2. Юртимизда таълим жараёнига тадбиқ қилинган “Узлуксиз маънавий тарбия” концепциясининг Олий таълим тизимига қўйилган талабларини тўлақонли адо этиш; 3. Олий таълим муассасаларининг ижтимолий-гумантар фанлар йўналишидаги кафедралар томонидан ўқитувчиларнинг ишчи фан дастурлари ва маъруза матнлари мазмунини йилига бир марта эмас, балки тизимли равишда бугунги ғоявий ислоҳотлар, ёшлар тарбиясига қўйилаётган талаблар асносида доимий янгилаб, бойитиб бориш; 4. Олий таълимнинг ҳар қандай бўғиндаги масъули Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган давлат сиёсасати нафақат олий таълимда, балки маҳалларда ва бошқада бириктирилган ўринларда ҳам энг фаол ва ташаббускор тарғиботчиси бўлишлиги лозим. Хулоса ўрнида таъкидлаймизки, бугунги даврнинг ўзи Республикамиз олий таълим муассаларига Янги Ӯзбекистон ғоявий мафкурасининг драйвери сифатида бўлажак мутахассисларни тайёрлашда ғоявий тарбия ишларида илгари қўйилмаган янги вазифани амалга оширишни талаб қилмоқда. Яъни, илгари талабаларга миллий ғоя, бузғунчи ва бунёдкор ғоялар тўғрисида билим бериш билан чекланиб келинган бўлса, энди улардан ана шу олий мақсадларга йўғрилган бунёдкор ғоялар асосидаги билимларини ҳаётда қўллай билишни ҳам ўргатишни талаб этади. Мана шундай эзгу мақсадлар йўлида барча-барчангизга омад, ишларингизда муваффақиятлар тилайман! Этиборларингиз учун рахмат! Download 32.38 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
1 2
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling