Ю ф. н профессор Б. А. Дауменов Тадқиқотчи М. Б. Тиллабоева
Download 56.63 Kb.
|
1 2
Bog'liq2.1. 9.12.202
- Bu sahifa navigatsiya:
- Калит сўзлар
- Ключевые слова
2.1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг жамият ва фуқаролар олдидаги конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлиги ю.ф.н. профессор Б.А.Дауменов Тадқиқотчи М.Б.Тиллабоева Аннотация Мақолада давлат органларининг жамият олдидаги хуқуқий жавобгарлик муаммолари тахлили қилинган. қайси холларда жавобгарлик парламент томонидан ва қайси холларда эса сайловчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг жамият ва фуқаролар олдидаги конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлиги деган масалаларига ойдинлик киритилган. Калит сўзлар: жавобгарлик, давлат хокимияти, ҳуқуқий нормалар, конституция, сиёсий муносабатлар Аннотация В статье анализируются проблемы юридической ответственности государственных органов перед обществом. уточнены вопросы конституционно-правовой ответственности Олий Мажлиса Республики Узбекистан перед обществом и гражданами, в каких случаях ответственность лежит на парламенте, а в каких - на избирателях. Ключевые слова: ответственность, государственная власть, правовые нормы, конституция, политические отношения. Annotation In the the article is analyzed the problems of legal responsibility of state bodies to society. the issues of the constitutional and legal responsibility of Oliy Majlis of the Republic of Uzbekistan to society and citizens are clarified, in which cases the responsibility lies with the parliament, and in which - with the voters. Key words: responsibility, state power, legal norms, constitution, political relations. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи олий давлат вакиллик органи бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолияти халқ иродасини давлат иродаси даражасига олиб чиқилишига қаратилган. Бу билан у Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида мастаҳкамланган “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир” принципни амалга оширилишини таъминлайди. Шу муносабат билан Олий Maжлиснинг тўғридан-тўғри халқ томонидан умумий сайловлар орқали шакллантирилиши халқ манфаатларини тўлиқ ифодалаш ва амалда рўёбга чиқарилишида унинг зиммасига масъулият юкланишини белдиради. Бу демак, Олий Мажлис оммавий ҳокимиятни амалга оширувчи давлат органидир. Ўз навбатида, мазмуни ва субъектларига кўра, давлат ҳокимияти органларининг конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлиги ўзига хос хусусиятларга эга. Жумладан, ушбу мазмун ҳақида, Нисневич Ю.A. "Оммавий ҳокимиятининг сиёсий институтлари биринчи навбатда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя ва ҳимоя қилиш ҳамда сиёсий қарорлар қабул қилишда ва ушбу қарорларга мувофиқ жамият ва давлат ишларини бошқариш бўйича ҳаракатларни амалга оширишда конституционализм тамойилига риоя қилиш учун сиёсий жавобгардир" [1]. Колосова Н.M. эса "сиёсий масъулият - бу ҳокимиятнинг ўз мажбуриятлари, ваъдалари ва дастурларини бажариш, айрим куч тузилмалари халқдан ҳокимиятнинг ягона манбаи сифатида олган ваколатларини тўғри амалга оширилиши учун жамият олдидаги жавобгарлиги"деб ҳисоблайди [2]. Шу билан бирга, Ю.E.Мошенконинг "Конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлик сиёсий жавобгарликнинг туралидан бири эмасдир, чунки уни қўллаш асослари сиёсат доирасидан ташқарисидадир: у қандайдир сиёсий сабабларга кўра эмас, балки конституциявий нормаларни бузганлик учун қўлланилади" [3]. Бу ерда, Ю.E.Мошенко сиёсий жиҳатни қатъиян рад этиб, ҳуқуқий ва конституциявий ҳуқуқий жавобгарлик тушунчаларини тўғри ажратмайди. Ҳуқуқий жавобгарлик ҳуқуқий норманинг аниқ кўрсатмалари бузилганда юзага келади, конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлига тегишлича эса, унда у декларатив конституциявий нормаларни сиёсий нормаларидан четга чиқиши юзасидан сиёсий баҳо берилиши асосида юзага келиши мумкин, чунки Конституция сиёсий ҳужжат ҳамдир. Шунинг учун, Д.И. Комягин тўғри таъкидлаганидек: "сиёсий масъулият бундай масъулият субъекти учун танлов эркинлигини англатмайди, фақат ахлоқий, ички танлов эмас, балки унинг фаолиятини ташқи баҳоланиши билан бевосита боғлиқдир" [4]. "Сиёсий жавобгарлик" тушунчаси сиёсат ва ахлоқнинг икки категориялари бирикмасида хосил бўлади деб таъкидлаш мумкин. Сиёсий жавобгарлик қуйидаги жиҳатларни ўз ичига олади: бу мавжуд ёки юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва аниқ шакллантириш учун жавобгарлик; бундан ташқари, қабул қилинган қарорлар учун жавобгарлик; давлат органларига ишончни таъминлаш учун жавобгарлик. Сиёсий масъулиятни қўллаш соҳаси бу сиёсий фаолиятдир. Ушбу категорияни сиёсат ва ҳуқуқ ўртасидаги муносабатлар нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, бундай сиёсий жавобгарлик учун асослар йўқлигини таъкидлаш мумкин. Сиёсий масъулият, авваламбор, давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан сиёсий қарашларнинг номувофиқлиги туфайли ноҳуқуқий мажбурлашдир. Шунингдек, сиёсий масъулият сиёсий зиддиятларни ёки турли сиёсий кучлар тарафдорлари ўртасидаги келишувининг услуби сифатида ҳам қўлланилиши мумкин. Юқорида келтирилган барча таърифлардан кўриниб турганидек, "давлат ҳокимиятининг сиёсий масъулияти" атамасининг моҳиятини очиб берувчи калит сўзлар конституциявий тамойиллар, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатга қаратилган. Ушбу асос жиҳатини қўллаган холда, оммавий ҳокимият органининг сиёсий жавобгарлиги тушунчасига таъриф бериб уни халқдан давлат ҳокимиятини ягона манбаи сифатида олган ўз ваколатларини жамият олдидаги мажбуриятларини, ваъдаларини ва дастурларини тўлақонли бажаришдаги жавобгарлигини тушуниш керак [5, с.16]. Конституциявий ҳуқуқ асосан сиёсий муносабатларни тартибга солганлиги сабабли, конституциявий–ҳуқуқий жавобгарлик сиёсий мазмунга ва унинг чоралари сиёсий характерга эга бўлиши мумкин. Шу билан бирга, сиёсий тусга эга бўлган ҳар қандай таъсир ўлчовини конституциявий–ҳуқуқий жавобгарлик деб ҳисоблаш мумкин эмас. Шу ўринда, Нисневич Ю.А. Колосова Н.M. ва Комягин Д.И., фикрларига таянган холда хулоса қилиш мумкинки, Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти органи сифатида қонунийликни, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларда белгиланган талабларни бузганлиги учун конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлиги сиёсий тусга эгадир. Шу билан бирга, Ю.A. Нисневичнинг фикрини маъқуллаган холда "сиёсий қарорлар қабул қилиниши мумкин, ҳаракатлар эса ҳам индивидуал, ҳам жамоавий равишда амалга оширилиши мумкин, шунинг учун сиёсий жавобгарлик субъектлари индивидуал ва жамоавий бўлиши мумкин [6]. Бу дегани, конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлик давлат ҳокимиятининг коллегиал органи бўлмиш Олий Мажлиснинг ва уни ташкил этувчи шахсан хар бир депутатгнинг зиммасига юкланади. Жумладан, Олий Мажлиснинг масъулиятини амалга ошириш механизмларига уни тарқатиб юбориш, депутатларни эса чақириб олиш, мунтазам равишда ҳисобот бериш, сайловчилар, сиёсий электорат ва партиянинг талабларини бажариш мажбурияти киради. Бунда конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллаш ваколатига эга бўлган субектларга, масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва бевосита қарор қабул қиладиган округ сайловчилари таалуқли бўлиши мумкин, иштирокчилар қаторига эса Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди киритиш мумкин, чунки у конституциявий-ҳуқуқий жавобгарликка тортишга розилик беради. Бундай ҳолда, конституциявий-ҳуқуқий жавобгарликка тортиш ҳуқуқининг Президентга берилиши, бу уни Конституциянинг 89-моддасида белгиланган давлат бошлиғи ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаш борсаидаги ваколатидан, шунингдек 93-моддада белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир деган ваколатидан келиб чиқади, Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Олий Mажлис ваколатларини тарқатиб юбориш йўли билан муддатидан олдин тугатиш учун иккита асос мавжуд. Хусусан, биринчи асос бўйича, 95-моддага мувофиқ, Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституциявий суди билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилиши мумкин. Бундай ҳолда, Конституциявий суди регламентининг 76-моддасига мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасини, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишида маслаҳат бериш тўғрисида қарор қабул қилишда: Қонунчилик палатаси ёки Сенат таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганлиги; улар бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид қарорлар қабул қилганлиги; Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганлиги фактлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича Конституциявий суд қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади: Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга маслаҳат бериш тўғрисида; Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга маслаҳат беришни рад этиш тўғрисида [7]. Мазкур масалада О.В. Брежневнинг қуйидаги фикрига қўшилиш мумкин: "розилик бериш лозимлиги Конституциявий суд томонидан Парламент палаталарини тарқатиб юбориш учун асосларни олдиндан аниқланишининг ва бу билан Президентни ушбу қарорининг қонунийлигини таъминлайдиган зарурий шарти эканлигини назарда тутади. Бундай ҳолда, тегишли конституциявий норманинг талқини талаб қилинади" [8]. Иккинчи асос 98-моддага биноан Бош вазирга ишончсизлик вотуми механизми ишга туширилган тақдирда содир бўлиши мумкин. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади. Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади. Янги Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади. Олий Мажлис томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини тарқатиб юборади. Ушбу тарқатиш механизмларининг ўзига хос хусусиятлари уларнинг субъективлиги ва асосларида ётади. Шундай қилиб, тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишда иштирок этувчи субъектлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Конституциявий суд бўлиб, умуман Олий Мажлис ёки палаталардан бири, Қонунчилик палатаси ёки Сенат тарқатиб юборилиши мумкин. Биринчи ҳолда, тарқатиб юбориш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Конституциявий суднинг биргаликдаги иштирокида амалга оширилади ва бутун Олий Mажлис, бу дегани бир вақтнинг ўзида унинг икала палатаси хам, шунингдек алохида палаталардан бири - Қонунчилик палатаси ёки Сенат тарқатиб юборилиши мумкин. Иккинчи ҳолда, ишончсизлик вотуми билан тарқатиб юборишда фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирок этади. Шу билан бирга, қонунчилик ҳокимиятида конституциявий-ҳуқуқий жавобгарликнинг асосий субъекти депутат ва сенатордир. Депутатларга тегишлича, уларга нисбатан процессуал санкцияларни амалга оширилишининг ўзига хос хусусиятлари юзасидан таъкидлаш жоизки, депутатларга нисбатан конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлик чоралари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2015 йил 30 апрелдаги 122-III сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари”да белгиланган [9]. Бундай жавобгарлик чораларининг асосий мақсади Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мақбул ишлаши учун шароит яратишга қаратилган. Жумладан, ушбу Қоидалар асосида депутатга қуйидаги умумий одоб талаблари қўйилмоқда: ўз фаолиятида жамиятда умумий қабул қилинган ахлоқ-одоб принципларига қатъий риоя этиши, фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, шунингдек депутат номига доғ туширадиган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси нуфузига, умуман давлат манфаатларига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим; ўз вазифаларини виждонан ва ҳалол бажариши, ўз малакасини юқори даражада тутиб туриши, ўзининг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириб бориши керак; ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмаслиги. Мазкур умумий талаблар депутатларнинг соҳалар бўйича фаолиятидаги одоб талаблари аниқлаштирилган. Хусусан, бу қуйидаги соҳалар: 1. Қонунчилик палатаси, сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва комиссиялар мажлисларидаги депутатлик одоби; 2. Бошқа депутатлар ва сайловчилар билан ўзаро муносабатлардаги депутатлик одоби; 3. Оммавий чиқишлар чоғидаги депутатлик одоби; 4. Депутатнинг мақомидан ғайриқонуний равишда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги; 5. Депутатлик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан депутат томонидан олинган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги; 6. Хизматдан ташқари вақтдаги депутатлик одоби. Алохида таъкидлаш жоизки, мазкур қоидаларни бузганлик учун жавобгарликка тортиш чора-тартиблари кўзда тутилган. Хусусан, ушбу Қоидалар бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала Комиссия томонидан кўриб чиқилиши ёки Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилиши мумкин. Ушбу Қоидаларни бузган депутатга нисбатан Комиссияга қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш ваколати берилмоқда: 1. Депутатга Қоидаларни бузишга йўл қўйилмаслигини кўрсатиб ўтган ҳолда огоҳлантириш бериш; 2. Депутатдан Комиссиянинг ёки Қонунчилик палатасининг мажлисида узр сўрашни талаб этиш; 3. Комиссия депутат томонидан ушбу Қоидаларнинг бузилишига йўл қўйилганлиги фактини Қонунчилик палатаси мажлисида ўқиб эшиттириши мумкин. Натижада, “Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкин [10]. Бундай масалани кўриб чиқиш учун депутатнинг юксак номига доғ туширадиган хулқ-атвор асос бўлиши мумкин. Бунда депутат томонидан умумий қабул қилинган одоб нормаларини, депутатлик одобини қўпол тарзда бузадиган, депутатнинг юксак номига доғ туширадиган ва давлат ҳокимияти вакиллик органларининг обрўсига путур етказадиган хатти-ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этилган тақдирда, унинг ваколати муддатидан олин Қонунчилик палатаси қарори билан тугатилиши мумкин ёки қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкин. Аммо, Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2015 йил 30 апрель 122-III-сонли, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш хақида”ги 2015 йил 22 апрель 112/1-III-сонли қарорларида “Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида”ги қонунидаги талаблар эътиборга олинмаганлик холатлари мавжуд. Улар қуйидагилардан иборат: Биринчидан, Қонуннинг 1 моддаси 5 қисмида келтирилган чақириб олиш асосларига оид “депутатнинг уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаганлиги” холати инобатга олинмаган; Иккинчидан, Қонуннинг 2 моддаси 2 қисмида келтирилган “депутатни чақириб олиш масаласини кўриш учун, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партиянинг таклифи асос бўлиши мумкинлиги” холати хам келтириб ўтилмаган. Келтирилган мазкур хар иккала мухим масала Одоб комиссияси ҳақидаги низомда ва Одоб қоидаларида ўз аксини топмаган бўлиб қонун билан номуфиқликни келтириб чиқармоқда. Мазкур номувофиқликларни мазмунини Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган тегишли Низом ва Қоидаларда депутатларни конституциявий-ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ сиёсий партияларни қонун билан мустаҳкамланган ҳуқуқларини чеклашни келтириб чиқармоқда. Бунда Низом ва Қоидаларда депутатни одоби билан боғлиқ ҳаракатлар сиёсий партияларни эътиборга олмаган холда Қонунчилик палатасининг бевосита ички ташкилий -ҳуқуқий фаолиятига қаратилган бўлиб ундаги Палатани ўзининг, унинг Кенгаши, ундаги фракциялар, қўмита, бошқа комиссиялар ва депутатларга қаратилмоқда. Шуларга кўра, Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2015 йил 30 апрель 122-III-сонли, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш хақида”ги 2015 йил 22 апрель 112/1-III-сонли қарорларини “Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмунига мос келтириш лозим. Ўз навбатида, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги 2004 йил 2 декабрдаги қонуннинг [11] 4-моддасида депутат ваколатларининг муддатидан илгари тугатилиши ҳолатлари белгиланган. Улар қаторида қонституциявий-ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ иккита ҳолат мавжуд: биринчиси, бу у чақириб олинган тақдирда, иккинчиси, бу муддатидан илгари тугатилиши натижасида. Мазкур холатларни амалга оширилиши ўз хосликларига эга. Хусусан, Қонунчиликка мувофиқ депутатни чақириб олиш қонун билан тартибга солиниб у сайланган округ сайловчиларининг яширин овоз бериши йўли билан амалга оширилади. Шу ўринда, муддатидан илгари тугатилиши қонуности хужжат орқали Қонунчилик палатасининг қарорига биноан амалга оширилади. Бу ерда, депутат ваколатининг конституциявий-ҳуқуқий жавобгарликдан келиб чиқиб муддатидан илгари якунланишини хар иккала холатларнинг хосликлари қуйидагилардан иборат: Биринчидан, иккала холат бўйича уларни қўлланилиши мумкинлиги хақида қонун билан ҳуқуқ берилган. Иккинчидан, икала холатда хам депутат ваколатининг муддатидан илгари якунланишини хақида таклиф киритиш кўзда тутилган. Бунда, чақириб олиш холати бўйича депутатни чақириб олиш масаласини кўриш учун уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партиянинг таклифи асос бўлади ва бу холат қонун билан белгиланган. Муддатидан илгари тугатилиши холати бўйича эса депутатлик одоби комиссиясининг таклифи асос бўлади ва қонуности хужжат билан белгиланган. Учинчидан, депутатни чақириб олиш ҳақидаги масаланинг қўйилиши асослилиги ёхуд асоссизлиги тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан қарор чиқарилишида депутатлик одоби комиссиясининг ва прокурорнинг хулосаларини эшитиш талаб этилади. Муддатидан илгари тугатилиши холати бўйича эса бундай талаб қўйилмаган. Тўртинчидан, хар иккала холатда хам депутат ваколатининг конституциявий-ҳуқуқий жиҳатидан муддатидан илгари якунланиши асосларига бирҳил омиллар қўйилган. Булар; депутатнинг, сенаторнинг ахлоқ, депутатлик одобининг умум эътироф этилган нормаларини қўпол равишда бузувчи ва депутат, сенатор номига доғ туширувчи ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этганлиги; депутатнинг, сенаторнинг қонунчиликда назарда тутилган ўз вазифаларини мунтазам равишда, узрли сабабларсиз бажармаганлиги, шу жумладан тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мажлисларида, уларнинг органлари ишида иштирок этмаганлиги, уларнинг топшириқларини бажармаганлиги; депутатнинг уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаганлиги. Бешинчидан, депутатни чақириб олишни тартибга солувчи қонунчилигида шикоят қилиш ҳуқуқи белгиланган бўлса, бундай ҳуқуқ муддатидан илгари тугатилишига оид қонунчилигида кўзда тутилмаган. Келтирилган хар иккала холатларни асосий хосликлари шундаки, бир томондан уларни иккаласи хам бир ҳил субъект (депутат), объект (депутат ваколатини муддатидан илгари якунлаш) ва асослар (депутат деган юксак номга доғ туширувчи хулқ-атвор) бўйича депутатга нисбатан конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлик чораларини қўллашга қаратилган, иккинчи томондан эса, бу чораларни қўллашда икки хил ташкилий-ҳуқуқий шакклар қўлланилмоқда. Бунда депутат ваколатини муддатидан илгари якунлашда биринчи холат бўйича бу жараённинг асосий иштирокчилари сиёсий партия, прокурор, одоб комиссияси, Қонунчилик палатаси, сайловчилар ва суд органлари бўлиб у чақириб олиш жараёни орқали амалга оширилса, иккинчи холат бўйича эса асосий иштирокчилар одоб комиссияси ва Қонунчилик палатаси бўлиб у муддатидан илгари тугатилиши асосида амалга оширилади. Ўз навбатида, халқаро ва хорижий тажрибага кўра аксарият замонавий давлатларда парламент жавобгарлиги билан боғлиқ масалалар, қоида тариқасида, конституциялар, қонунлар ва қоидаларда мустаҳкамланган ва парламентлар регламентига киритилган. Хусусан, Ўзбекистонда Қонунчилик паласининг регламентида ўз аксини топмаган. Шу ўринда, хорижий тажрибада айнан шу қоидалар кўпинча парламент жавобгарлиги билан боғлиқ батафсил процессуал қоидаларни ўз ичига олади, шунинг учун парламентдаги депутатларнинг хулқ-атвор қоидаларини тартибга солувчи энг муҳим ҳужжатлар деб ҳисобланади. Шу билан бирга, парламент ёки унинг палатаси қарори билан мандатдан маҳрум қилиш парламент аъзосига энг оғир таъсир чораси, конституциявий жавобгарлик чораси бўлиб, парламент аъзоси томонидан муайян ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги ва ўз конституциявий вазифаларини мунтазам равишда бажармаганлиги учун қўлланилади. Бундай қарорлар парламент палатасининг ўзи томонидан, одатда малакали кўпчилик томонидан қабул қилинади (Аргентина, АҚШ, Японияда 2/3, Таиландда 3/4, Финляндияда 5/6). Шунингдек кўпгина мамлакатларда парламент томонидан мандатдан маҳрум қилиш устидан конституциявий ёки бошқа судга шикоят қилиш мумкин. Ундан ташқари, охирги даврда хорижий давлатларда депутатлик ҳақидан ажратмалар билан боғлиқ жазолар кенг тарқалди. Бундай санкциялар кўпинча Болгария, Германия, Полша, Португалия, Франция ва бошқа давлатлар парламентларида қўлланилади. Бир қатор Европа мамлакатларида хам бу каби тажриба тўпланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг жамият ва фуқаролар олдидаги конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлиги такомиллаштирилишда қуйидаги жихатларга алохида эътибор бериш мақсадга мувофиқдир: Биринчидан, қайси холларда жавобгарлик парламент томонидан ва қайси холларда эса сайловчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси олий Мажлисининг жамият ва фуқаролар олдидаги конституциявий-ҳуқуқий жавобгарлиги деган масалаларига ойдинлик киритиш лозим бўлади. Иккинчидан, депутатнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши хақида Қонунчилик палатасининг қарори малакали кўпчилик томонидан қабул қилиниши хақида талаблар қўйиш мақсадга мувофиқ. Учинчидан, депутатнинг парламент жавобгарлиги ва унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатилиши холати бўйича асосий жихатлари Қонунчилик паласининг регламетида ўз аксини топиши керак. Тўртинчидан, қонунчиликда чақириб олиш каби, депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатилиши устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ. Download 56.63 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
1 2
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling