Юсуф хос ҳожиб “Қутадғу билиг” асари ва унинг эстетик моҳияти


Download 39 Kb.
Sana21.04.2023
Hajmi39 Kb.
#1368642
Bog'liq
Qutadg\'u biligning estetik mohiyati


ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ “ҚУТАДҒУ БИЛИГ” АСАРИ ВА УНИНГ ЭСТЕТИК МОҲИЯТИ


М.Ў. Абдуллаева ЎзМУ Этика ва эстетика кафедраси магистранти

Ўрта асрлар мусулмон Шарқи минтақаси эстетик тафаккури тараққиётида Юсуф Хос Хожибнинг ўрни жуда беқиёс. Буюк файласуф ва мутафаккир Юсуф Хос Ҳожиб (тахминан 1016-1018 й) ҳозирги Қирғизистон Республикасининг Боласоғун шаҳрида туғилган. Адиб дастлабки таълимни ўз шаҳрида, олий маълумотни эса – Қошғар шаҳрида олди. У бошқа машҳур олимлар сингари, Сожия (Нур таратувчи ) мадрасасида таҳсил олди.


У ўзининг “Қутадғу билиг” достонини Қошғарда 18 ойлик қаттиқ меҳнатдан кейин ёзиб тугатди. Турк файласуфи Р.Р.Аратнинг маълумотларига кўра, асарни якунлаш пайтида Юсуф Хос Ҳожиб 54 ёшда бўлган. Айрим олимларнинг таъкидлашича, Юсуф Хос Ҳожиб “Сиёсат ҳақида китоб” ва “Қомуслар китоби” номли асарларини ёзган. Лекин, афсуски бу қўлёзмалар изсиз йўқолган.
Мутафаккир 68 ёшида вафот этган. У Қошғар шаҳрининг жанубида жойлашган Пайпоп ҳудудида дафн этилган.
Ўзбекистонда “Қутадғу билиг” асарини ўрганиш Фитрат, А.Саъдийларнинг фаолиятлари билан бошланган. Асарни ҳар томонлама батафсил ва чуқур ўрганиш ва уни тарғиб қилишда А.П.Қаюмов, Ғ.А.Абдураҳмонов, Н.М.Маллаев, Қ.Каримов, Б.Тўхлиев, Қ.Содиқов, З.Содиқов, Ҳ.Абдуллаев каби олимларнинг тегишли ҳиссалари бор.
“Қутадғу билиг” туркий муҳит билан алоқадор бўлган кўплаб тасаввур ва урф-одатларни, ўша давр кишиларининг шодлик ва қувончлари, алам- изтиробларини, энг муҳими, қадимий миллий қадриятларни ўзида мужассамлаштирган асардир. Демак, бундай асарни ўрганиш қадимги аждодларнинг тарихи, миллий-маънавий руҳиятини ўрганиш учун ҳам катта имконлар беради. Шу нутқаи назардан уни ўрганиш, тахлил этиш, ёшлар тарбиясидаги аҳамиятини тушуниб етиш жуда мухим масалалардир.
Умуман олганда, “Қутадғу билиг” асарининг бадиий-эстетик имкониятлари жуда кенг. Мазкур бадиий асарни пухта ўрганиш ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол инсонлар, етук шахслар сифатида тарбиялашга, уларнинг эстетик дидларини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида гўзаллик ва хунуклик, эзгулик ва ёмонлик, мардлик ва жасорат, оқиллик ва донолик, улуғворлик маънавий бойлик ва руҳий камбағаллик, мангулик ва ÿткинчилик сингари тушунчаларнинг бадиий талқини ўқувчиларнинг эстетик такомиллашувига ижобий таъсир қилади.
Достон эпик жанр сифатида муайян сюжет асосига қурилади. Асарнинг ифода йÿсини эса хилма-хилдир. Достон: 1) маснавий; 2) тўртлик-рубоий; 3) туюқ; 4) мунозара; 5) қасида сингари шеърий шакллардан фойдаланиб яратилган. “Қутадғу билиг” ни ўрганган кўплаб олимларнинг таъкидлашига кўра, у туркий ёзма адабиётнинг ривожланишида ўзига хос босқич бўлиб, энг қадимги адабий анъаналарнинг якунланиб, янги бир тарихий давр асосидаги янги анъаналарнинг бошланғич нуқтасида пайдо бўлган . Бу мулоҳазалар билан ўқувчи ҳамда талабаларимизнинг танишиши уларнинг дунёқарашининг кенгайишига, маърифий билимларининг ортишига, адабиёт тарихидаги ҳодисаларнинг асл моҳиятини тўғри идрок этишларида катта ёрдам беради.
“Қутадғу билиг” асари туркий тилдаги илк асар бўлишига қарамасдан мукаммаллиги билан эътиборли. Ундаги бадиий образлар ўқувчини ўзига тортади. Уни ўқиган ҳар бир одам ўзи учун янги оламни кашф этади. Асардаги қаҳрамонларниг ўзаро муносабатлари орқали муаллиф бутун бир ахлоқий-эстетик масалаларни қамраб олган дейиш мумкин. Шу нуқтаи назардан уларни ўрганиш асарни чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг “Қутадғу билиг” асаридаги фалсафий, ахлоқий-эстетик қарашларини фақат панд ва ўгитлар тарзидагина баён этишни мақсад қилиб олган эмас, балки у жамият аъзоларини ўша даврда безовта қилаётган кўплаб муаммоларни бадиий-эстетик жиҳатдан мукаммал ва таъсирчан ифодалашни кўзда тутган. Бу ниятнинг мутлақо ўзига хос тарзда, айни пайтда юксак ва такрорланмас маҳорат билан амалга ошганлигини “Қутадғу билиг”ни илк марта ўрганган олимлардан бошлаб, замонавий тадқиқотчиларгача якдиллик билан таъкидлашади.
Юсуф Хос Ҳожиб асарининг энг қизиқарли тарафи барча ахлоқий, эстетик, фалсафий масалалар асар қаҳрамонлари тили орқали баён этилади. Шу сабабли, ҳар бир қаҳрамонга маълум бир вазифа юкланади. Бошқача айтганда ҳар бир қаҳрамон ўзига яраша рамзий маънога эга.
Кунтуғди – донишманд раҳбар, талабчан бошлиқ, адолатли ҳукмдор, меҳрибон дўст.
Ойтўлди – бошқалар манфаати учун жонкуярлик қилувчи шахс, бошқарувда адолатни мезон қилиб олган бошлиқ меҳрибон ота, адолат ва ҳақиқат учун муросасиз курашувчи шахс.
Ўгдулмиш – асардаги ёш, энг фаол ҳаракатланадиган қаҳрамон, ёш бўлишига қарамасдан олам ва одамга хос бўлган асл моҳиятни теран илғайдиган донишманд.
Ўзғурмиш – комил ва собит эътиқодли зоҳид, имони бутун ва покиза инсон.
Муаллиф ўзининг барча айтмоқчи бўлган фикрларини мана шу тўрт қаҳрамон орқали ўқувчига етказган дейиш мумкин. Бу қаҳрамонларнинг ҳар бири ҳаётдан кўзлаган ÿз мақсадларига эга. Уларни бирлаштириб турадиган нуқталар оз эмас, айни пайтда улар орасидаги айирмалар ҳам кўзга ташланиб туради. Яъни мана шу қаҳрамонлар ўзаро суҳбатлашадилар.
“Қутадғу билиг”дан бир ҳикоят: донишманд Ойтўлдини подшоҳ Кунтуғди Элиг ёнига чорлайди. Йигит эса ёнидан копток чиқариб, ўшанга ўлтиради. Элиг унга кўп саволлар беради. Йигитнинг жавобидан шодланади. Шунда Ойтўлди кўзларини юмиб олади. Элиг бундан ажабланганида Ойтўлди изоҳ беради:
- Эй Элиг! Сен менинг қиёфамда давлат ва бойликни кўрмоқчи эдинг. Мен уларни аниқроқ тасаввур эта олгин, деб шу ҳаракатларимни қилдим. Копток давлат, яъни бойликка жуда ўхшайди. Уларнинг иккови ҳам жойида тўхтаб турмайди. Юмалаб кетаверади. Менга кулиб боққанингда, кўзларимни юмиб олишимга сабаб - давлатнинг кўзи кўр эканини сенга уқтириш эди. Бойлик билан давлат кўзи кўр одамларга ўхшайди. Ким бойлик ва давлатнинг қўлидан тутса, ўшанга эргашиб кетаверади: бу яхши, мана буниси ёмон, деб ажратиб ўтирмайди. Оқар сув, йўриғ тил ва қут бир жойда тўхтаб турмайди. Олам кезувчилар йўл юриб тинмайди. Бахт-давлат ҳам бир жойда қўним билмайди.
“Қутадғу билиг” асарида эзгулик ва ёвузликнинг қарама-қаршилиги масалаларига алоҳида эътибор берилади. Юсуф Хос Ҳожиб ёвузликнинг моҳиятини тушунтириш учун Эзгу одамга таъриф беради. Мана бунга асрадан бир мисол келтирсак.Эзгу одамга Юсуф Хос Ҳожиб қандай таъриф беради: “Эзгунинг барча қилмиши ва йўриқлари халққа фойда ва манфаат берадиган бўлади. Барчага бирдек яхшилик қилади, лекин эвазига улардан мукофот миннатини қилмайди. Эзгу ўз манфаатини кўзламайди, бошқалар манфаатини кўзлайди, бошқаларга келтирган фойдасидан ўзига манфаат тиламайди”. Тўғриликни эса, у шундай таърифлайди: “Тўғрилик одам учун жуда керакли сифатдир, у одамийлик демакдир”. Инсоннинг қадр-қимматини ҳам мутафаккир инсонийликда, одамгарчиликда деб билади: “Одам қадрли эмас, одамгарчилик қадрли, одам ноёб эмас, одамгарчилик ноёб”.“Қутадғу билиг”да фақат ахлоқий тамойиллар ёки тушунчалар эмас, балки муомала одоби ва этикет муаммолари ҳам ўртача ташланади.
Маданиятимиз, хусусан, эстетик тафаккур тарихида маърифий аҳамиятга, тарбиявий омилларга бой бўлган асарлар кўп. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари уларнинг биттаси холос.
Ушбу асардаги айрим ҳикматли сÿзларни, ахлоқий-маънавий, эстетик жихатдан аҳамиятли ÿгитларни бошланғич синфлардаёқ ÿргатиш имконлари бор. Бу жиҳат эса, ёшларнинг эстетик диди шаклланишида, ахлоқий жихатдан баркамол бўлишларида катта аҳамиятга эга.
Download 39 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling