Ўзбек халқ достонлари тилидаги метонимияларнинг поэтик хусусиятлари ф ф. д проф. Г. Жуманазарова (ждпу). Аннатация


Download 70.18 Kb.
bet1/2
Sana19.06.2023
Hajmi70.18 Kb.
#1619889
  1   2
Bog'liq
Г.Жуманазарова


ЎЗБЕК ХАЛҚ ДОСТОНЛАРИ ТИЛИДАГИ МЕТОНИМИЯЛАРНИНГ ПОЭТИК ХУСУСИЯТЛАРИ
ф.ф.д. проф. Г.Жуманазарова (ЖДПУ).
Аннатация. Мақолада ўзбек халқ достонларидаги метонимияларнинг бадиийликни таъминлашдаги поэтик хусусиятлар, мазкур лингвомаданий бирликнинг нарса билан кўчирилган маъно ўртасида алоқадорлик, мансублик ва яқинликка асосланиши тадқиқ этилган.
Annotation. In the article, the poetic properties of metonymies in Uzbek folk epics in providing artistry, the relationship between the object of this linguistic and cultural unit and the transferred meaning, are researched.
Аннотация. В статье исследуются поэтические свойства метонимий в узбекских народных эпосах в обеспечении художественности, взаимосвязи между объектом данной лингвокультурной единицы и переносимым значением.
Калит сўзлар: халқ достонлари, бадиийлик, поэтик, лингвомаданий бирлик, кўчим, бахши, достон, матн.
Метонимия метафора сингари ўзбек халқ достонларининг бадиийлигини таъминлашдаги лингвомаданий бирликлардан бири. У “тилшуносликда бирор нарса ёки ҳодисани бошқача номлаш деб юритилади”. Бу тушунча поэтикага оид кўпчилик илмий адабиётларда, терминологик луғат ва дарсликларда деярлик бир хил изоҳланади. Уларнинг ҳаммасида метонимияга хос хусусиятлар ҳақида сўз юритилар экан, мазкур кўчимнинг нарса билан кўчирилган маъно ўртасида алоқадорлик, мансублик ва яқинликка асосланиши алоҳида таъкидланади. Дунё, хусусан, рус тилшунослигида А.А.Потебнянинг кўрсатишича, метонимия ҳодисаси ном қўйиш турларидан бири бўлиб, у нарсалар, белгилар, ҳаракатлар ўртасидаги алоқадорликка (боғлиқликка) кўра ном қўйишдир [1]. “Бундай ўзаро алоқадорликка асосланган ном кўчиши метафорадагидек яққол кўзга ташланиб турмайди. Метонимиядаги ном кўчиши тадрижий тарзда кечади” деб ёзади Ҳ.Шамсиддинов ва яна: “Бундай йўл билан ном кўчиши орқали сўзларнинг ўз маъноларидан фарқ қилувчи вазифавий маънолар юзага келади” [2:33] деган тезисни илгари суради ва таъкидланаётган маъно бошқа бир тушунчанинг номи бўлган сўз билан синонимик муносабатни юзага келтиришини таъкидлайди.
Илмий адабиётларда таъкидланганидек, “Объектив борлиқдаги айрим нарса-предметлар, белгилар, шунингдек, ҳаракат ўртасида маълум умумийлик, алоқа (боғланиш) бўлади. Ана шунинг таъсирида бирор нарса, белги ёки ҳаракатнинг номи у билан алоқаси (умумийлиги) бўлган бошқа нарса, белги, ҳаракатни ифодалаш учун ҳам қўлланади, унга ҳам ном бўлиб кўчади. Натижада, бир предмет, белги ёки ҳаракатнинг номи бўлган сўз икки ёки ундан ортиқ предмет, белги ёки ҳаракатнинг атамасига айланади – сўзнинг маънолар миқдори ортади”. Айни нуқтаи назарни эътиборга олган ҳолда достонлар тилидаги янги маънонинг шаклланиш жараёнини кузатганимизда, аввало, муайян маъно нолингвистик ҳодиса асосида юзага келганлигини тасдиқлайди. Масалан, биргина из сўзини олайлик. Бу сўзнинг асосий маъноси билан оёқ изи, йўлбарс изи, туёқ изи каби бирикмалардаги маъноси ўртасидаги алоқа (боғланиш) борлигини сезиш қийин эмас. Бунинг учун достонлар матнидан олинган мисолларга эътибор берамиз: Бизлар бунда ғамга тўлиб бехабар, / Баҳромнинг изига бўлиб интизор (Б.Г.:72); Зангарда подшоман, эшит сўзимни, / Бир нечалар тополмайди изимни (З.:150) каби.
Тилимиздаги алоқадорлик, яъни боғлиқлик фақат бирор нарса – предметлар доираси билан чегараланиб қолмасдан, бу ҳол белги ва хатти-ҳаракатлар ўртасида ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Шу боисдан ҳам алоқадорлик (боғлиқлик) асосида ном кўчиши, яъни янги маъно ҳосил бўлиши деярлик ҳамма сўз туркумларига хос хусусият саналади. Халқ достонлари тилидаги предмет билдирувчи сўз (от)ларда метонимия асосида ном кўчиши ҳолати энг фаол саналади, улардаги алоқадорлик хилма-хил кўринишларга эга. Уларнинг айримлари ҳақида сўз юритамиз.
Тилимизда баъзан бирор ҳаракат, ўйин объекти шу ҳаракат, ўйиннинг ўзига кўчиш каби лисоний ҳолат учрайди. Мисол учун миллий қадриятларимиздан бири бўлмиш кўпкаридаги муайян хатти-ҳаракатларни олайлик. Унда чавандозларнинг ўйин мусобақасига эчки (улоқ)лар сўйилиб берилади. Аслида, эчки (улоқ) ана шу ўйин, мусобақанинг объекти. Шу алоқадорлик асосида ўйин-мусобақа, яъни кўпкарининг ўзи ҳам кўпчилик ҳудудларда улоқ номи билан ифодаланади. Мазкур объектнинг номи ўйин-мусобақа (кўпкари)га кўчганлигини, яъни янги маънонинг нолингвистик ҳодиса асосида юзага келишини бахши достонлари тилида ҳам кузатамиз: Тўйхонага яхши унлар ёптириб, / Кўпкари қинг, бунда улоқ чоптириб (Б.:98); Олтин етиб, олтин қовоқ отдириб, / Тўй бермоқчин энди улоқ чоптириб (М.а.:205) каби.
Овлоқ сўзини олайлик. ЎТИЛда бу сўзнинг “1. ов қилинадиган қуш ва ҳайвонлар сероб жой. 2. Марказдан узоқ, чет жой, кимсасиз ер. 3. Пасқам, хилват жой, одамдан ҳоли жой; пасқамлик, хилват” (III, 78-79) маънолари мавжудлиги қайд этилган. Кўрамизки, овлоқ сўзи аслида ов қилинадиган махсус жойни билдиради ва тилимизда шу маънони ифодалайди. Мантиқан ва табиатан олганда, ов қилинадиган жой аҳоли яшайдиган марказдан узоқдаги пасқам, хилват, кимсасиз маконда бўлади. Демак, бунда “пастлик” “хилватлик”, “кимсасизлик” белгилари бор. Ҳудди ана шу белги асосида овлоқ сўзи “аҳоли яшайдиган, марказдан узоқ, кимсасиз, чет, пана ва пасқам жой” (ЎТИЛ, III, 78-79)ни ифодалаш учун қўлланганлиги туфайли шундай маконнинг атамасига айланган: Не иш бошлаб кўп ғавғолар қиласан, / Овлоқ жойда қўлга тушиб қоласан? (З..:164); Мана, кўрсам гулзор жойлар, / Овлоқ жойда ўйнаб-кулсам (Л.М.:303) каби.
Тилимизда баъзан муайян ҳаракат-ҳодисанинг номи шу ҳаракат-ҳодиса бажариладиган вақтга кўчирилиши ҳодисаси ҳам учрайди. Яъни хатти-ҳаракат ёки ҳодиса бажариладиган вақт шу ҳаракат-ҳодисанинг номи билан аталади. Масалан, бахши достонлари тилида фаол қўлланган азон ва намозгар сўзларини олайлик. Азон сўзи “намоз ўқишга чақириш, тонг ёришиш, ғира-шира пайти. эрта тонг” (ЎТИЛ, I, 52) маъноларини, намозгар сўзи жонли сўзлашув нутқида “қуёш ботишдан аввалги пайт, олдинги вақт” маъноларини ифодалаб келади. Ҳар иккала сўз орқали янги маънонинг нолингвистик ҳодиса асосида юзага келишини халқ достонлари тилидаги қуйидаги метонимияларда ҳам кузатдик: Ўтиришда ўйин-кулги қилади, / Намозгар, азонда бари келади (Б.Г.:9); Қочиб жўнаб энди Зевар йўл тортди, / Намозгар ҳадиги энди кун етди. (З.:181) каби.
Тилимизда баъзан бирор нарса-предметнинг номи шу нарса учун асосий (характерли) бўлган белги-хусусиятга ном сифатида кўчади. Масалан, халқ достонлари тилида, баъзи шеваларда фаол қўлланадиган шайтонламоқ сўзини олайлик. ЎТИЛда бу сўзнинг “1. Тутқаноқ тутмоқ, тутқаноғи тутиб қолмоқ; 2. кўчма. Тутқаноқ тутгандагига ўхшаш ҳаракатга тушмоқ, ўзини у ёқ – бу ёққа ташламоқ, ўйноқламоқ” (IV, 535) маънолари берилган. Фозил шоир достонларининг эпик баёнида баъзи эпик қаҳрамонлар хатти-ҳаракатларидаги муайян белги-хусусият шайтонламоқ сўзи асосидаги метонимия орқали берилган: Агар одамнинг тушига кирса ҳам, одам шайтонлаб қолади (З.:391); Ана одамнинг сулуви, уни кўрсанг сира айрилмай шайтонлаб ўласан (Р.:231)каби.
Тилимизда баъзан бирор нарса-предметнинг ўзи жойлашган ўрнини билдирувчи сўз билан аталиш ҳоллари ҳам учрайди. Масалан, ҳозирги адабий тилда ҳам, жонли сўзлашув нутқида ҳам, халқ достонлари тилида ҳам фаол қўлланиладиган қулоқ ва бош сўзларини олайлик. Халқ бахшисининг достонлари тилида қулоқ ва бош сўзлари метонимик қўлланган: Қулоқ тут, сенга сўзлар сўзим бор. / Неча кунлар бўлди элда юрибман (Б.Г.:14; З.:178); Шум фалак бошингга савдо солибди, / Оғзинг югрук сенинг, савдонг ғолибди(р) (Н.:166) каби.
Тилимизда муайян нарса-предметлар, белгилар, ҳаракатлар ўртасида фақат ўхшашлик ёки фақат алоқадорлик эмас, балки булардан ҳар иккаласи ҳам бўлиши мумкин. Шу сабабли бирор нарса-предмет, белги ёки ҳаракатнинг номи метафора ва метонимия асосида бошқа предмет, белги ёки ҳаракатга кўчиши, яъни айнан бир сўз метафора ва метонимия асосида янги маънолар касб этиши мумкин. Масалан, кўз сўзининг янги маъно ҳосил қилиш жараёнига эътиборни қаратайлик. Таҳлилга жалб этилган достонлар тилида кўзнинг назар, нигоҳ, қараш маънолари туфайли ном кўчиши асосидаги янги маъно ҳосил бўлишига сабаб бўлган: кўзни айирма, кўзи тушди, кўз тикиб каби метонимиялар юзага келган: Ёй тортса ўқдан кўзимизни айирмайик (З.:165); Шуъладан кўзни айирмай, / Шундай тиклаб турар эрди (Л.М.:265) каби.
Таҳлилга жалб этилган достонлар тилидаги метонимия сон, замон муносабатига кўра ўзаро боғланган предметлар, тушунчалар мавжудлигидан ҳосил бўлганлиги кузатилади: Энди бу бола бир, икки, учга етди (Б.Г.:7); Бу болалар бирга, иккига, учга кириб, юрадиган, куладиган бўлди... (Н.:119); каби.
Луғат бойлигимиздаги тил сўзининг гап, сўз маъносида қўлланиши сўзлашув нутқига хос лисоний ҳодиса. Бу сўзнинг айнан шу маъноси халқ достонлари тилида эпик қаҳрамонларнинг мулоқот нутқида анча фаол қўлланган. Матнларга эътибор қиламиз: Қулоқсолгин паризоднинг тилига, (Б.:6); Сен эшитгин бу Сайфурнинг тилини (Б.Г.:37) каби.
Хуллас, бахшининг эпик баёни ёки қаҳрамонларнинг мулоқот нутқи жонли оғзаки нутққа хос хусусиятларни ўзида тўла мужассам этган. Айни ҳолат айрим нутқ бўлакларининг кўп такрорланишида, гапдаги нормал синтактик тартибнинг бузилишида (инверсия), нутқнинг барча сатҳларида тежаш принципига амал қилишда кўзга ташланади. Булардан ташқари, метонимиялар яратишнинг етакчи шарти, яъни нутқнинг тежаш принципига асосланганлигини ҳам кузатдик. Достонлар матнидаги метонимияларнинг қўлланиши фақат эпик тасвиргагина эмас, балки қайта номлашга ҳам қаратилган. Улар кўчма маъно ҳосил қилиш, шунингдек, сюжет оқими билан алоқадор ғояларни, эпик қаҳрамонларнинг муайян хатти-ҳаракатларини тасвирлашда лўнда, ифодали, таъсирчан баён қилишнинг бир воситаси сифатида бадиий-услубий вазифасини ҳам бажарган.



Download 70.18 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling