Тадқиқотнинг диссертация бажарилган олий таълим муассасасининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация Бухоро давлат университети илмий-тадқиқот ишлари режасига мувофиқ «Фольклор ва ёзма адабиёт муносабати муаммолари» мавзусидаги амалий йўналиш доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади замонавий ўзбек шеъриятида мифологик образлар стилизацияси ва метафоризациясининг асослари, кўринишлари, анъанавийлиги ҳамда ҳозирги тараққиёт белгилари, восита ва усулларини аниқлашдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
адабиётда метафоризация ва стилизация ҳодисаларининг поэтик моҳиятини очиб бериш орқали мифологик тафаккурнинг бадиий-эстетик тафаккурга кўчганлигини исботлаш;
ўзбек адабиётида мифологик образлар стилизацияси ва метафоризациясининг тараққиёт хусусиятларини ўрганиш орқали унинг анъанавийлигини асослаш;
замонавий ўзбек шеъриятда мифологик образларни қўллашнинг ижтимоий-психологик асослари ва кўринишларини очиб бериш;
давр воқеликлари ва давр кишиларининг, янги турмуш предметларининг мифологик образлар воситасида берилишини, бунда унинг антропоморфик, зооморфик, қуш кўринишидаги образ типларидан фойдаланишда замонавий шоирларнинг индивидуал маҳоратини очиб бериш;
замонавий ўзбек шеъриятида мифологик образлар тасвири ва талқинига хос лингвопоэтик хусусиятлар, бадиий-услубий имкониятларни далиллаш.
Тадқиқотнинг объектини Миртемир, Абдулла Орипов, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Миртемир, Тўра Сулаймон, Муҳаммад Юсуф, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Аҳмедова, Эшқобил Шукур, Жамол Камол, Улуғбек Ҳамдам, Фахриёр каби ҳозирги давр шоирларининг шеърлари ташкил этади.
Тадқиқотнинг предметини замонавий ўзбек шеъриятидаги мифологик образлар тизими, поэтик тасвири ва талқини билан боғлиқ метафоризациялаш, стилизациялаш жараёнлари, усул ҳамда воситалари ташкил этади.
Тадқиқотнинг усуллари. Диссертацияда тарихий-қиёсий, қиёсий-типологик, структурал-анализ ҳамда психоаналитик тадқиқ усулларидан фойдаланилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |