Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг


Download 31.54 Kb.
Sana23.04.2023
Hajmi31.54 Kb.
#1384153
Bog'liq
3422 07.03.2023




[ОКОЗ:

1.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.01.00.00 Соғлиқни сақлаш / 14.01.12.00 Суд-тиббиёт экспертизаси ва суд-психиатрия экспертизаси]

[ТСЗ:

1.Одил судлов. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Адлия / Суд-экспертиза муассасалари. Судга оид тиббий экспертиза]

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг
буйруғи
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг касб этикаси қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 7 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3422]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги ПФ-6256-сон «Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг касб этикаси қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 7 март,
3-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2023 йил 7 мартдаги 3-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг касб этикаси
қоидалари
Мазкур Қоидалар нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг касб этикасига оид асосий қоидалар ва талабларни (бундан буён матнда касб этикаси қоидалари деб юритилади) белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Касб этикаси қоидаларининг мақсади нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида суд-экспертлик фаолиятига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларининг (бундан буён матнда суд экспертлари деб юритилади) одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олиш ҳисобланади.
2. Суд эксперти хизмат вазифасига киришганда нодавлат суд экспертиза ташкилотининг раҳбари томонидан мазкур касб этикаси қоидалари билан таништирилиши лозим.
3. Суд экспертлари касб этикаси қоидаларига сўзсиз риоя қилиши, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши, суд экспертларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳамда суд-экспертлик фаолиятининг нуфузини сақлаши лозим.
4. Суд экспертлари ҳар қандай вазиятда адолатли, ҳалол ва холис бўлишлари, суд-экспертлик фаолиятининг нуфузини пасайтирадиган, унинг обрўсига путур етказадиган ҳамда суд экспертларининг адолатли, ҳалол ва холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари лозим.
2-боб. Суд экспертлари фаолиятини амалга оширишнинг асосий принциплари
5. Қуйидагилар суд экспертлари фаолиятининг асосий принциплари ҳисобланади:
суд экспертининг мустақиллиги;
суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда қонунийликка риоя қилиш;
суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш;
тадқиқотларнинг холислиги, ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги.
Суд экспертининг мустақиллиги принципига асосан:
суд эксперти суд экспертизасини ўтказишда суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан), тарафлардан ва ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахслардан мустақилдир;
суд эксперти ўзининг фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимларига мувофиқ ўтказилган текширишлар натижаларига асосланиб хулоса беради;
суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс), шунингдек бошқа давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тарафлардан бирортасининг ёки ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахсларнинг фойдасини кўзлаб хулоса олиш мақсадида суд экспертига таъсир кўрсатилишига йўл қўйилмайди.
Суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда қонунийликка риоя этилиши принципига асосан, суд экспертлари суд-экспертлик фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширади.
Суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши принципига мувофиқ:
суд-экспертлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунларида назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади;
шахснинг эркинлигини вақтинча чеклашни ёки унинг шахсий дахлсизлиги бузилишини талаб этувчи суд-эксперт текширишлари фақат қонунда белгиланган асослар ва тартибда ўтказилади.
Тадқиқотларнинг холислиги, ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги принципига асосан:
суд эксперти тадқиқотларни холисона, қатъий илмий ва амалий асосда, тегишли ихтисослик доирасида, ҳар томонлама ва тўлиқ ҳажмда ўтказади;
суд экспертининг хулосаси (хулоса) қилинган фикрларнинг асослилиги ва ишончлилигини умум эътироф этилган илмий ва амалий маълумотлар базасига мувофиқ тадқиқот имкониятини берадиган қоидаларга асосланиши лозим.
3-боб. Суд экспертларининг касб этикасига қўйиладиган талаблар
6. Суд эксперти қуйидагиларга мажбур:
хизмат вазифаларини виждонан ва юқори профессионал даражада бажариш;
меҳнат интизоми, касб этикаси ва иш юритиш қоидаларига қатъий риоя қилиш, иш вақтидан оқилона ва самарали фойдаланиш;
суд экспертизасини ўтказиш учун зарур ускуна ва материаллардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланишни таъминлаш;
хизмат мавқеидан давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;
ўз фаолиятида коррупциявий ҳолатлар вужудга келишининг олдини олиш.
7. Суд экспертига қуйидагилар тақиқланади:
суд-экспертлик фаолиятини обрўсизлантирадиган ҳаракатларни амалга ошириш;
тадқиқот ўтказиш давомида ўзига маълум бўлган маълумотлардан ғаразли ёки шахсий мақсадларда фойдаланиш;
суд экспертизаси натижаларини суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан) ташқари бирон-бир шахсга хабар қилиш.
8. Суд экспертлари меҳнат фаолияти давомида қуйидагиларга амал қилиши лозим:
хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги;
фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, фуқаролиги, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи камситилишига олиб келувчи ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)га йўл қўймаслиги;
ҳалол, адолатли ва камтар бўлиши, шунингдек фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи ва бошқа омиллардан қатъий назар, хушмуомала, вазмин самимий ва одоб доирасида муносабатда бўлиши;
жамиятда ахлоқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилиши;
ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олмаслиги;
иш фаолияти давомида ҳамкасбларига ҳурматда бўлиши ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи маълумотлар, туҳмат, турли уйдирмаларни тарқатмаслиги.
9. Суд экспертлари кийинишда қуйидаги талабларга риоя этиши лозим:
эркин ҳаракатланиш учун қулай ва касбга мос ҳолда кийиниши;
атрофдагиларнинг эътиборини ўзига ортиқча жалб қиладиган тарзда бўлмаслиги;
кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши;
умумэътироф этилган миллий-анъанавий шаклларга ва маънавий ахлоқий тарбияга зид келмайдиган кийимларда бўлиши.
10. Суд экспертлари ишдан ташқари вақтда қуйидагиларга мажбур:
умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва уларга зид бўлган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари;
миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;
жамоат жойларида (кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда) атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймаслик;
жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этмаслик, мазкур ноқонуний ҳаракатларга бошқаларни жалб этмаслик ёки даъват қилмаслик;
иш фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ишга алоқадор бўлмаган бошқа шахслар иштирокида муҳокама қилмаслик.
4-боб. Якуний қоидалар
11. Суд экспертлари томонидан мазкур касб этикаси қоидаларига риоя этилиши устидан назорат тегишли нодавлат суд экспертиза ташкилотининг раҳбари ҳамда Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
12. Мазкур касб этикаси қоидаларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.03.2023 й., 10/23/3422/0127-сон)

Download 31.54 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling