9-модда. Ўзбекистон Республикасида давлатнинг истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаши
Давлат истеъдодли ёшларни алоҳида қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон Республикасида давлат ташкилотлари ҳамда жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар истеъдодли ёшларни аниқлашда ва уларнинг ижодий камол топишида кўмаклашишлари шарт. Ана шу мақсадда Ўзбекистон Республикасида фан ва техника, иқтисодиёт, бошқарув, санъат соҳаларида истеъдодли ёшларни қидириб топишни, уларни муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашни амалга оширишда моддий-техника базалари билан таъминланган давлат муассасалари, жамоат бирлашмалари ва комиссиялар фаолият кўрсатади. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари республика ва маҳаллий бюджетлар, ҳамда бошқа манбалардан пул билан таъминланади. (ЎзР 30.04.2004 й. 621-II-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)
10-модда. Ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш
Ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш жисмоний, ақлий, ахлоқий жиҳатдан ўсишини ва Ўзбекистон халқининг манфаатлари йўлида ижтимоий камол топишини таъминлаш учун ёш фуқаролар ва уларнинг оилаларига бериладиган давлат кафолатларини ўз ичига олади.
Ўзбекистон Республикасида ёшлар учун:
бепул тиббий хизмат;
бепул таълим олиш;
спорт-соғломлаштириш ва маданий-маърифий муассасаларга имтиёзли шартларда қатнаш;
уй-жой қуриш, рўзғор буюмлари сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар бериш;
дастлабки меҳнат фаолияти учун иш жойи билан таъминланиш ёки амалдаги қонунларга мувофиқ моддий компенсация олиш ҳуқуқи; ижтимоий инфраструктура объектларини лойиҳалаш ва қуриш чоғида ёшларнинг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олиш;
ўқувчилар, талаба ёшлар ва вояга етмаган фуқаролар учун транспортда юриш имтиёзлари;
вояга етмаганларга компенсация тўловларини кафолатловчи ижтимоий таъминланиш минимуми белгиланади.
Вояга етмаганларни, ёш фуқароларнинг айрим тоифаларини (ногиронлар, уй бекалари, болалар уйида тарбияланаётган ва тарбияланиб чиққанлар, ўқувчилар, талабалар, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ҳарбий хизматчилар, захирадаги ҳарбий хизматчилар ва шу кабиларни) ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган махсус чора-тадбирлар, шунингдек уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |