БУХГАЛТЕРЛИК ҲИСОБИДА ҲУЖЖАТЛАР ВА ҲУЖЖАТЛАР АЙЛАНИШИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 14 январда 1297-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 мартдаги ПҚ-2847-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ буюраман:
1. «Бухгалтерлик ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжат айланиши тўғрисида»ги низомини иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Ушбу буйруқ кучга кирган кундан эътиборан СССР Молия вазирлиги 1983 йил 29 июлда 105-сон билан тасдиқлаган «Бухгалтерлик ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжат айланиши тўғрисида»ги низоми Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилмаслиги эътироф этилсин.
Молия вазири М.НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 23 декабр,
131-сон
Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги томонидан
2003 йил 23 декабрда, 131-сон билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
БУХГАЛТЕРЛИК ҲИСОБИДА ҲУЖЖАТЛАР ВА ҲУЖЖАТ АЙЛАНИШИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМ
Мазкур Низом «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни асосида ишлаб чиқилган ва ҳужжатларни тузиш, қабул қилиш, сақлаш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш, ҳамда ҳужжатлар айланишини амалга ошириш бўйича ягона тартибни белгилайди.
1-§. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасидаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларга (банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бундан мустасно) татбиқ қилинади (кейинги ўринларда — корхоналар).
2. Корхоналар томонидан амалга ошириладиган барча хўжалик операциялари тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши лозим. Ушбу ҳужжатлар бошланғич ҳисоб ҳужжатлари бўлиб хизмат қилади ва улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритилади.
3. Тегишли техник воситалар мавжуд бўлганда бошланғич ҳужжатларни ва регистрларни ахборот тизимлари хизматларидан ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тузишга йўл қўйилади. Бунда мазкур Низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши лозим.
4. Техник воситалар ҳамда ахборот тизимлари хизматлари ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тузилган бирламчи ҳужжатлар ва регистрлар бухгалтерия ҳисобида тегишли мажбурий реквизитлар мавжуд бўлгандагина қўлланилади. Электрон ҳужжатларни сақлаш чоғида улардан эркин фойдаланиш ва уларнинг қоғоз нусхаларини тақдим этиш имконияти таъминланиши лозим.
5. Бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш шароитида бошланғич ҳужжатлар реквизитлари кодлар кўринишида қайд этилиши мумкин. Бунда электрон шаклда тузилган бошланғич ҳужжат ва регистр, электрон рақамли имзо ҳақидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг тўғри тузилиши учун жавобгар бўлган шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |