22-БОБ. ТАРБИЯ КОЛОНИЯЛАРИДА ЖАЗОНИ ЎТАШ
124-модда. Тарбия колонияларида жазони ўташ тартиби
Тарбия колонияларида:
ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаган маҳкумлар каттароқ ёшдаги маҳкумлардан;
биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган маҳкумлар илгари озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ўтаган маҳкумлардан алоҳида сақланадилар.
Ижобий тавсифга эга маҳкумлар ушбу Кодекснинг 104-моддасида назарда тутилган тартибда енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказилади.
125-модда. Тарбия колонияларида жазони ўташ шартлари
Тарбия колонияларида маҳкумлар умумий турар жойларда яшайдилар.
Маҳкумлар белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг икки ярим бараваригача бўлган суммага озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олишлари мумкин.
Тарбия колонияларида маҳкумлар йил мобайнида:
олти марта қисқа муддатли ва олти марта узоқ муддатли учрашув;
ўн икки марта телефон орқали сўзлашув;
олтита посилка ёки йўқлов;
олтита бандерол олиш ҳуқуқига эга.
Ўн саккиз ёшга тўлган ва тарбия колонияларида қолдирилган маҳкумларга вояга етмаган маҳкумлар учун белгиланган нормаларда овқат, уст-бош, моддий-маиший таъминот ва бошқа жазо ўташ шароитлари татбиқ этилади. Бу шахсларнинг меҳнат шароитлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
126-модда. Тарбия колонияларида қўлланиладиган қўшимча рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари
Тарбия колонияларида маҳкумлар ушбу Кодекснинг 102-моддасида назарда тутилган рағбатлантириш чораларидан ташқари:
муассаса ҳудудидан ташқарида ўтказиладиган маданий-томоша ва спорт тадбирларини кўришга юбориш;
қисқа муддатли учрашув ўрнига ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки яқин қариндошлари кузатувида саккиз соатгача бўлган муддатга эркинликка чиқариш;
ҳибсхонада бўлиш муддатини қисқартириш ва ундан муддатидан илгари озод қилиш тариқасида рағбатлантирилишлари мумкин.
Жазони ўташ тартибини бузганлиги учун тарбия колонияларида маҳкумларга ушбу Кодекснинг 105-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораларидан ташқари томошага боришдан бир марта маҳрум этиш тариқасидаги жазо қўлланилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |