145-модда. Маҳкумнинг хизмат вазифасини ўзгартириш
Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазо муддати мобайнида маҳкум ҳарбий хизматчининг лавозими ва ҳарбий унвони оширилиши мумкин эмас.
Командир (бошлиқ) қарорига биноан маҳкум ҳарбий қисм доирасида ёки бошқа қисмга кўчирилган ҳолда бошқа тенг лавозимга ўтказилиши мумкин.
146-модда. Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазо ижросини тугатиш
Хизмат бўйича чеклаш муддати тугашидан камида уч кун олдин командир (бошлиқ) жазо ижроси тугатиладиган санани кўрсатиб буйруқ чиқаради.
Буйруқ нусхаси ҳукм чиқарган судга юборилади.
147-модда. Ҳарбий хизматдан бўшатилганда жазони алмаштириш
Хизмат бўйича чеклашга ҳукм қилинган шахс ҳукмда белгиланган жазо муддати тугагунига қадар қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосларда ҳарбий хизматдан бўшатилиши мумкин. Бундай ҳолда командир (бошлиқ) жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини бошқа жазо билан алмаштириш ёки жазодан озод қилиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун материалларни судга тақдим этади.
148-модда. Қамоқ тариқасидаги жазони ўташ
Қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчилар жазони гарнизон гауптвахтасида ўтайдилар.
Офицерлар, контракт асосида хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари бир-биридан алоҳида сақланади.
Қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчиларга ушбу Кодекснинг 8-бобида, шунингдек ҳарбий уставларда белгиланган жазони ижро этиш тартиби ва шартлари татбиқ этилади.
26-БОБ. ИНТИЗОМИЙ ҚИСМГА ЖЎНАТИШ ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ
149-модда. Жазони ижро этиш тартиби
Интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазо Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг шунга махсус мўлжалланган ҳарбий қисмлари (интизомий қисм) томонидан ижро этилади.
Маҳкумларни интизомий қисмга жўнатиш ва бу қисмларда қабул қилиб олиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Жазони интизомий қисмда ўташ даврида барча маҳкумлар, ҳарбий унвонлари, лавозимлари ва аввалги хизматлари хусусиятидан қатъи назар, солдатлар (матрослар) ҳолатида бўладилар ҳамда белгиланган кўринишдаги кийимда юрадилар ва тафовут белгиларини тақадилар.
Интизомий қисмда жазони ўтаётган ҳарбий хизматчилар маҳкумлар учун ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган режим талабларига риоя этишлари шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |