Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети


Download 0.98 Mb.
bet4/160
Sana01.11.2023
Hajmi0.98 Mb.
#1736408
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   160
Bog'liq
ФОНЕТИКА

Эски туркий тил. Эрамизнинг ХI асрларидан бошлаб қорлуқ қабила иттифоқи кучая бошлади ва қорахонийлар сулоласи ҳукмронлигидаги ўзларининг давлатларини ташкил этди. Қорахонийлар Сирдарё ҳавзалари ҳамда сомонийларга қарашли бўлган Бухоро ва Самарқандларга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Қорахонийлар давлати майда уйғур қабилаларини ҳамда Сирдарё ва Амударё оралиғидаги турк-эрон аҳолиси яшайдиган маданий ерларни ўзига бўйсундирган ҳолда Х аср охирларида ислом динини қабул қилиб, Марказий Осиёнинг энг маданий турк давлатига айланди.
Қорахонийлар томонидан икки ривожланган маданий марказнинг шарқда уйғур маданиятининг ва ғарбда, Марказий Осиёда, турк-эрон маданияти­нинг бирлаштирилиши унинг ёзма маданиятида ҳам ўз ифодасини топди. Қорахонийлар даврининг энг асосий адабий ва лингвистик ёдгорликларидан бири Маҳмуд Кошғарийнинг «Девон-у луғотит турк» номли қомусий асаридир. Бу асар туркий тилларнинг ўша даврдаги фонетикаси, лекцикаси, грамматикаси, диалектал хусусиятлари ҳақида тўла маълумот берувчи қимматли манбадир. Шу билан бирга, туркий халқларнинг халқ оғзаки ижоди намуналарини акс эттирган йирик бадиий асардир.
Маҳмуд Кошғарий тилшунослик тарихида илк бор барча туркий тилларнинг бир неча гуруҳларини таснифлаб, улар ўртасидаги умумий ва фарқли жиҳатларни аниқлаган ҳолда қиёсий-тарихий тилшунослик деб номланувчи тилшунослик йўналишига асос солди.
Қорахонийлар даврининг иккинчи йирик ёзма ёдгорлиги бу - Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» («Бахт келтирувчи билим») асаридир. Бу асар йирик бадиий-тарбиявий асар бўлиб, туркий адабиёт тарихида жуда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асарлари шу даврнинг энг буюк адабий дурдоналаридир.
Қорахонийлар даври адабий тили ҳозирги Марказий Осиёдаги барча туркий тилларнинг шаклланиши ва ривожланиши учун асос бўлган тил саналади ва шунинг учун бу давр тили кўпчилик туркийшунослар томонидан эски туркий тил деб юритилади. Эски туркий тил эски ўзбек тилининг шаклланиши ва ривожида муҳим ўрин тутган.
Эски ўзбек адабий тили. Қорахонийлар даври адабий тили ўзбек тилининг шаклланиши учун ҳам асос бўлди. Бу даврдаги икки адабий тил анъанаси шарқий (қорлуқ-уйғур) адабий тили ва ғарбий (қипчоқ-ўғуз) адабий тили ўзбек тилининг шакллани­шида хизмат қилди.
Хусусан, ғарбий тил анъанасида ёзилган Қул Алининг «Қиссайи Юсуф» достони (1239-йил) ҳамда шарқий тил анъанасида ёзилган Рабғузийнинг «Қиссаси Рабғузий» (1309—1310) асарлари ўзбек адабий тилининг шакллан­ган даврини ифода этувчи бадиий асарлардир. А. Боровковнинг эътироф этишича, «Тафсир» (ХIII аср) тили эски ўзбек тилининг ёрқин намунасидир.
«Ўғузнома», «Тафсир» (Қуръоннинг сўзма-сўз таржимаси, изоҳлар, шарҳлар, тушунтиришлар), Қутбнинг «Хусрав ва Ширин», Сайфи Саройининг «Гулистон», Хоразмийнинг «Муҳаббатнома» асарлари эски ўзбек тилида яратилган дастлабки намуналардир.
Араб, форс-тожик тилларга хос бўлган фонетик, лекcик ва грамматик хусу­си­ят­лар эски ўзбек тилига кўплаб ўзлашди. Бу даврда ўзбек қабилалари бошқа қабилаларга нисбатан сиёсий ҳаётда етакчиликни ўз қўлларига ола бошладилар.
Эски туркий тилдан ажралиб то ҳозирги ўзбек тилининг шаклланишигача (ХХ аср бошларигача) бўлган ўзбек тили эски ўзбек тили деб номланади.
Демак, эски ўзбек тили ХII—ХIII асрдан то ХХ асрнинг бош­ларигача бўлган ўзбек тили тарихини ўз ичига олади ва жуда катта ёзма манбаларни ўзида мужассам этади.
Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Турди Фароғий, Бобораҳим Машраб, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Муҳаммад Аминхўжа Муқимийларнинг эски ўзбек тилини янги тараққиёт босқичига олиб чиқишда хизматлари катта. Айниқса, бу борада Алишер Навоий улкан ишлар қилди. У ўзбек тилини хазина деб билди. Бу хазинани илонлар ва тиканлар ўраб турганлигини таъкидлади. Навоий эски ўзбек адабий тилини ана шу «илон»лардан ва «тикан»лардан тозалаб берди.
Эски ўзбек адабий тили ҳозирги ўзбек адабий тилининг вужудга келишида муҳим босқич саналади.

Download 0.98 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   160




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling