13.Мавзу. Туристик корхоналарни лицензиялаш.
13.1.Туризмда лицензия олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар ва уларнинг мазмуни.
13.2. Туризм фаолияти билан шуғулланувчи туристик корхоналарга лицензия бериш тартиблари.
13.3. Германия ва Б.Британияда лицензия бериш тартиблари.
13.4. Турфирмаларнинг лицензияга амал қилиш шартлари.
13.1.Туризмда лицензия олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар ва уларнинг мазмуни.
Туристик фирманинг туризм сохасидаги фаолиятининг зарурий шарти - унда лицензия (рухсатнома)нинг мавжудлигидир. Туризм фаолиятини лицензиялаш туризмни тартибга солишнинг муҳим бўғинидир. Ўзбекистонда туризмни лицензиялаш бир неча йиллар мобайнида амалга оширилиб келинмоқда. Бу сохадаги ишни ташкил этишда ҳам муайян тажриба тўпланган. 1994 йилда Ўзбекистон Республикасида туризм биринчи маротаба лицензияланадиган фаолият турларига киритилган эди. Шу жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 апрелдаги 215- сонли қарори билан лицензияланиши лозим бўлган баъзи бир фаолият турлари жорий этилди (шу жумладан, туризм сохасида ҳам) ва лицензияларни берилишини расмийлаштиришга доир умумий низом ҳам тасдиқланди. Лицензиялаш усулларини синовдан ўтказиб бориш, қонунчилик базасини ўзгариши ва таҳлил қилиш ва ҳал этишни талаб қиладиган муаммоларни вужудга келиши билан 1998 йиллар “Ўзбекистон республикасида туризм фаолияти билан шуғулланиш учун рўйхатдан ўтиш ва лицензия бериш қоидаси” янги тахрири кучга киритилди. Ушбу қоида мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар юридик шахс мақомига эга бўлган ва туризм сохасига амалдаги қонунчиликка мувофиқ фаолият юритаётган корхона, бирлашма ва ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва уларга лицензия бериш тартибини белгилаб беради. Янги босқичдан туризм сохасида фаолият кўрсатадиган иштирокчиларига талаб кучайтирилди. Шунингдек лицензияларнинг бекор қилинишини (чақириб олинишини) кўзда тутувчи ҳолатлар белгиланди. Туризм фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия “Ўзбектуризм” Миллий Компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги комиссия қарори асосида берилади. Туризм фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия 5 йил муддатга берилади. Лицензия берилганлиги учун Республикадаги энг кам иш ҳаққини 25 та миқдорида лицензия йиғими тўланади. Лицензия йиғими тўловидан келиб тушадиган маблағлар “Ўзбектуризм” Миллий Компанияси ҳузуридаги туризмни ривожлантириш марказлаштирилган фондига йўналтирилади. 2004 йил ҳолатига кўра “Ўзбектуризм” миллий компаниси томонидан туризм сохасида фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи 450 дан ортиқ лицензия берилган. Айни пайтда корхона ва ташкилотлар Ўзбекистан Республикасининг амалдаги қонунчилигини бузувчи турли хил сабабларга кўра 70га яқин корхоналар лицензиядан маҳрум этилганлар. Кўпчилик мамлакатларда, турагент ва туроператор фаолиятини тартибга солиш даражасида фарқлар мавжуд. Жумладан, ривожланган мамлакатларнинг туризм амалиётида туроператорлик ва турагентлик фаолиятни лицензиялашда лицензия йиғими миқдори, таваккалчиликларни суғурталаш тизими, ушбу сохада муайян маълумотга эга бўлишга доир талабларда фарқланиш мавжуд. Ушбу фаолият турларининг белгиланган фарқлари, мақсад ва вазифалари, мижоз билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибидан келиб чиққан ҳолда ушбу корхоналарни лицензиялашга ҳам турлича методологик ёндашув амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида туризм сохасидаги тадбиркорлик фаолияти ташкил топиш ва ривожланишининг дастлабки босқичида кўпчилик кишилар бир вақтнинг ўзида туроператор ва турагент фаолиятини фарқлай олмасдан ушбу фаолият билан шуғуллана бошлаши албатта мақсадга мувофиқ эмас эди. Ҳозирги босқичда ушбу фаолият сохасидаги тадқиқотлар ва амалиётдан келиб чиққан ҳолда Бутун Жахон Туристик Ташкилотининг “Туризм сохасидаги фаолият турларини халқаро таснифлаш андозалари”га мувофиқ ҳолда ушбу сохадаги фаолият турларини алоҳида кўрсатган ҳолда умумий лицензиялаш тизимини жорий этиш зарурлиги мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |