Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўзбекистон республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги


Download 1.14 Mb.
bet1/18
Sana02.04.2023
Hajmi1.14 Mb.
#1322046
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   18
Bog'liq
folklorshunoslik asoslari


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРЛИГИ

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ НОМИДАГИ ТОШКЕНТ ДАВЛАТ МАДАНИЯТ ИНСТИТУТИ




Маматқул ЖЎРАЕВ




ФОЛЬКЛОРШУНОСЛИК АСОСЛАРИ

5810500 – «Халқ ижодиёти» таълим йўналишининг «Фольклор-этнографик жамоалари ташкилотчиси» соҳаси учун ўқув қўлланмаси



Тошкент - 2008

Мазкур ўқув қўлланмаси Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат Маданият институти илмий кенгашида муҳокама этилган ва нашрга тавсия қилинган.


«26» декабрь 2006 йил 4-сонли мажлис баёни


“Фольклоршунослик асослари” ўқув қўлланмаси ўзбек фольклоршунослигининг шаклланиш тарихи, асосий тараққиёт йўналишлари ва ривожланиш босқичлари, етакчи илмий мактабларнинг назарий мезонлари, халқ бадиий ижодиётини ўрганишнинг аҳамияти ва моҳияти, фольклор жанрларини тадқиқ этиш борасида эришилган асосий натижалар таҳлили асосида талабаларга фольклоршуносликнинг илмий тамойиллари хусусида чуқур билим беради.


Мазкур ўқув қўлланмаси Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг “Халқ бадиий ижодиёти” факультети “Фольклор-этнографик жамоаларга раҳбарлик” мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган талабалар
Масъул муҳаррир:
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор
Саодат ЙЎЛДОШЕВА


Тақризчилар:

филология фанлари доктори Асқар МУСАҚУЛОВ


филология фанлари номзоди Нозим ҚОСИМОВ,


СЎЗБОШИ

Ўзбек фольклоршунослиги кўп тармоқли фан йўналиши бўлиб, ҳозирги кунда унинг эпосшунослик, эртакшунослик, қўшиқшуносик, мусиқа фольклоршунослиги каби бир қатор фундаментал тадқиқот йўналишларига эга. Шунингдек, ҳозирга қадар мифология ва қадимги давр фольклори, ўзбек фольклорининг тарихий тараққиёти, маросим фольклори, болалар фольклори, халқ лирикаси, фольклор ва ёзма адабиёт муносабати, ўзбек фольклорининг эпик жанрлар тизими, халқ достончилиги, достончилик мактаблари ва уларнинг эпик анъаналари, туркий халқлар фольклорининг ўзаро алоқалари ва фольклорда жанрлараро муносабатлар, оғзаки театр ва халқ томоша санъати, халқ мусиқаси ва анъанавий рақс санъатини ўрганишга доир қатор тадқиқотлар силсиласи юзага келган.


Ўзбек фольклоршунослари халқ оғзаки бадиий ижоди асарларини тўплаш ва тадқиқ этиш билан шуғулланибгина қолмасдан, фольклор намуналарини нашр қилиш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришдилар. “Ўзбек халқ достонлари” силсиласида нашр этилган қатор эпик асарлар, “Ўзбек халқ ижоди” кўпжилдилигининг қирққа яқин томлари чоп эттирилганлиги, шунингдек, ўзбек халқ мақолларининг икки жилдлик академик нашри, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган кўплаб алоҳида нашрлар бунинг яққол далилидир. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин бошқа фанлар қатори ўзбек фольклоршунослиги фани ҳам ўзининг янги тараққиёт босқичига кўтарилди. “Алпомиш” достони яратилганлигининг 1000 йиллиги кенг тантана қилиниши халқ оғзаки бадиий ижодиётини тадқиқ ва тарғиб этиш борасида мислсиз катта имкониятларга йўл очиб берди. Натижада ўзбек фольклоршунослари “Алпомиш” достони Фозил Йўлдош ўғли вариантининг илмий-академик нашрини, шунингдек, Бекмурод Жўрабой ўғли, Пўлкан шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Берди бахши, Саидмурод Паноҳ ўғлидан ёзиб олинган вариантларини нашрга тайёрлаб, чоп эттирдилар. Фольклоршунослик тарихида биринчи марта “Гўрўғли” туркумига кирувчи достонларнинг Раҳматулла Юсуф ўғлидан ёзиб олинган барча намуналари тўла ҳолида нашр эттирилди. Бундан ташқари, ўзбек халқ мақоллари, маросим қўшиқлари, афсона ва ривоятлардан тузилган мажмуалар ўқувчилар қўлига етиб борди.
Ўзбек фольклоршунослиги халқ ижоди асарларини илмий тадқиқ этиш борасида ҳам жиддий ютуқларга эришди. Халқ эпосининг ўзига хос табиати, эпик сюжетлар генезиси, мотивлар поэтикаси, образлар силсиласи хусусида янгидан-янги тадқиқотлар юзага келди. Маросим фольклорининг жанрлар таркиби, ҳудудий -локал хусусиятлари, келин салом, ёр-ёр, лапар, ўлан, олқиш каби жанрларнинг тарихий асослари ва бадииятига доир илмий тадқиқотлар яратилди. Ўзбек мифологиясининг генетик илдизлари ва фольклор асарларидаги бадиий вазифалари, ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодиётидаги мифологик персонажлар, “Авесто” ва ўзбек фольклори, миф ва фольклор муносабати, ўзбек мумтоз адабиётида фольклоризмлар, фольклорнинг ҳозирги адабий жараёндаги ўрни, ҳозирги тарихий-фольклорий жараён изчил ўрганилаётганлиги фольклоршуносликни янги босқичга кўтарди.
Бугунги кунда олий ўқув юртларида фольклоршуносликнинг алоҳида ўқув предмети сифатида ўқитилаётганлиги ҳам халқ оғзаки бадиий ижодиётининг маънавий-маданий тараққиётда ғоят муҳим ўрин тутишини курсатади. Хусусан, Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг “Халқ бадиий ижодиёти” факультети “Фольклор-этнографик жамоаларга раҳбарлик” мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган талабалар “Фольклоршунослик асослари” фани орқали ўзбек олимларининг халқ оғзаки бадиий ижоди асарларини ўрганиш борасида эришган энг янги илмий-назарий ютуқларидан баҳраманд бўладилар.
“Фольклоршунослик асослари” фанининг асосий мақсади ва вазифалари бу фаннинг ўзига хос илмий мезонлари ва критерийларини кўрсатиш, фольклоршуносликдаги асосий илмий методлар ва илмий мактаблар, ҳозирги кунга қадар эришилган асосий натижалар, ўзбек фольклорини мустақиллик даврида ўрганишнинг янгича тамойиллари ва бу фаннинг истиқболлари ҳақида чуқур билим беришдан иборатдир.
“Фольклоршунослик асослари” фани - ўзбек фольклоршунослигининг шаклланиш тарихи, асосий тараққиёт йўналишлари ва ривожланиш босқичлари, етакчи илмий мактабларнинг назарий мезонлари, халқ бадиий ижодиётини ўрганишнинг аҳамияти ва моҳияти, фольклор жанрларини тадқиқ этиш борасида эришилган асосий натижалар таҳлили асосида талабаларга фольклоршуносликнинг илмий тамойиллари хусусида чуқур билим беради.
Ўзига хос тараққиёт йўли ва қисқа вақт ичида эришган оламшумул ютуқлари билан жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаган мамлакатимизнинг ойдин истиқболи илм-фаннинг энг янги натижаларини пухта ўзлаштирган юқори малакали кадрлар фаолияти билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам “Фольклоршуносликка кириш” номли мазкур ўқув қўлланмасида ўзбек фольклоршунослиги фанининг илмий-назарий йўналишлари, фольклоршунослик тарихи, фольклорни ўрганиш борасида ҳозирга қадар эришилган асосий натижалар, назарий ва амалий фольклоршуносликнинг ўзига хос хусусиятлари билан бир қаторда дунё фольклоршунослигининг тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлган етакчи илмий мактаблар ва уларнинг асосий назариялари, фольклорни ўрганишнинг турли хил метод ва усуллари, фольклоршунослик ва унга ёндош фанларнинг ўзаро муносабати тўғрисида ҳам муфассал маълумот берилади. Чунки бўлажак фольклоршунос, яъни ўзбек халқ оғзаки бадиий ижодини ўрганувчи мутахассис фольклоршунослик тарихида “фин мактаби”, “мифологик мактаб”, “тарихий мактаб”, “анторопологик мактаб”, “ритуал-мифологик мактаб” каби номлар билан аталган илмий мактабларнинг изланишлари ва улар томонидан яратилган илмий-назарий концепцияларнинг халқ ижодини тадқиқ этишдаги аҳамиятини яхши билиши, уларнинг филологик тадқиқотлар тизимида тутган ўрнига тўғри баҳо бера билиши лозим.
“Фольклоршуносликка кириш” номли қўлланма шу йуналишда мамлакатимизда яратилган илк ўқув қўлланмаси бўлганлиги учун унда муайян камчиликлар, етишмовчиликлар бўлиши табиий. Шунинг учун ҳам мутахассислар мазкур қўлланма тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Фольклор бўлими ҳамда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институти “Халқ ижодиёти” кафедрасига юбориш орқали қўлланмани янада мукаммаллаштиришга ўз ҳиссаларини қўшадилар деб умид қиламиз.


Download 1.14 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   18




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling