Ўзбекистон республикаси қонун ҳужжатлари тўплами


Одил судлов / 17.02.00.00 Суд тизими / 17.02.19.00 Халқ маслаҳатчилари] 62-модда. Халқ маслаҳатчилари


Download 1.15 Mb.
bet157/160
Sana08.01.2023
Hajmi1.15 Mb.
#1084166
1   ...   152   153   154   155   156   157   158   159   160
Bog'liq
Qonunlar to\'plami

1.17.00.00.00 Одил судлов / 17.02.00.00 Суд тизими / 17.02.19.00 Халқ маслаҳатчилари]
62-модда. Халқ маслаҳатчилари
Ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.
(62-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўттиз ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суд халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.
(62-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
Ҳар бир суд учун халқ маслаҳатчилари сони судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан белгиланади.
(62-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 7 декабрдаги 320-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 1-сон, 20-модда)
Халқ маслаҳатчилари судлардаги вазифаларини бажариш учун йилига кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилади, уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар бундан мустасно. Шу даврда уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
63-модда. Судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари, судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси судларининг раислари ва раис ўринбосарлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади.
Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тайинланади.
Ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.
(63-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
631-модда. Судьянинг ваколат муддати ва уни ҳисоблаш тартиби
Судья биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда тайинланади ёки сайланади.
Судья ўз ваколати муддати давомида ҳарбий суднинг, вилоят ва Тошкент шаҳар судининг судьяси, туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса, Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қайта тайинланиши мумкин. Бунда бир суднинг ўзида судьялик лавозимида бўлиш муддати икки йилдан кам бўлмаслиги керак.
Судьянинг қайта тайинланиши масаласи унинг аризасига асосан Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига биноан киритилади.
Судьянинг ваколат муддати унинг судьялик лавозимида фаолият юритган умумий стажидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
632-модда. Суд раисларининг ваколат муддати
Суд раислари беш йил муддатга сайланади ёки тайинланади. Айни бир шахс тегишли судда сурункасига икки муддатдан ортиқ раис этиб сайланиши ёки тайинланиши мумкин эмас.
Суд раисининг раис сифатидаги ваколат муддати тугагач, у ўзининг фаолиятини ўз розилиги билан шу судда судьялик лавозимида давом эттиради ёхуд қолган ваколат муддатига ўз розилиги билан бошқа судьялик лавозимига сайланади ёки тайинланади.
(631 ва 632-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
64-модда. Судьянинг қасамёди
Илк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилганидан кейин ўз вазифасини бажаришга киришади:
«Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан».
Судьялар Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, Қорақалпоғистон Республикасида эса Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғи олдида ҳам тантанали вазиятда қасамёд қиладилар.
Судьялар қуйидаги тартибда қасамёд қиладилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар судьялари — Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисида;
Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари –Қорақалпоғистон Республикасининг тегишли судлари раёсати мажлисида.
(64-модданинг учинчи қисми учинчи ва тўртинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонунига асосан учинчи хатбоши билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
65-модда. Судьяларнинг ҳуқуқлари
Судьялар:
мансабдор шахслар ва фуқаролардан одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз фармойишларининг бажарилишини талаб қилиш;
мансабдор ва бошқа шахслардан одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот олиш;
уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқига эга.
Судьялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар судьяларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган талаб ва фармойишларини сўзсиз бажаришлари шарт. Одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва уларнинг нусхалари судьяларнинг талабига мувофиқ бепул берилади. Судьяларнинг талаблари ва фармойишларини бажармаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
66-модда. Судьяларнинг мажбуриятлари
Судьялар ўз ваколатлари доирасида ишларни кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя этиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, беғараз ва адолатли бўлиши шарт.
(66-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Судьялар судьялик шаънини судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
(66-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
Судьялар судьяларнинг маслаҳат сирини ҳамда ёпиқ суд мажлислари ўтказиш чоғида олинган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.
Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.
(66-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
(66-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
661-модда. Судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари учун судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш ёшни, бошқа судларнинг судьялари учун олтмиш беш ёшни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, бошқа судларнинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши судьянинг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан беш йилгача узайтирилиши мумкин.
Судья пенсия ёшига етганда ёки пенсияга чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа асослари мавжуд бўлган тақдирда, пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
(661-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
8-БОБ. СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ
67-модда. Судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш
Судьяларнинг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:
уларни қонунда белгиланган тартибда судьяликка сайлаш, тайинлаш ва судьяликдан озод қилиш;
Қўшимча маълумот учун мазкур Қонуннинг 63 ва 72-моддаларига қаранг.
уларнинг дахлсизлиги;
одил судловни амалга оширишдаги қатъий таомил;
қарор чиқариш чоғида судьялар маслаҳатининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши;
судга ҳурматсизлик ёки муайян ишларни ҳал қилишга аралашганлик, судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик;
судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш.
68-модда. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик
Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этиши шарт.
Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади.
69-модда. Суд ишларини ҳал қилишга аралашишга йўл қўйилмаслиги
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўришга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд қарори чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин бирон-бир тарзда таъсир этиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Судьядан кўрилган ёки иш юритишидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари, кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга ҳақли эмас.
70-модда. Судьялар дахлсизлиги
Судьянинг шахси дахлсиз. Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.
Судьяларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида уларга тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, адлия вазири томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ўқотар қурол берилади. Зарур ҳолларда тегишли суд раисининг қарорига биноан ички ишлар органи судья ва унинг оиласи учун қуролли соқчилар ажратади.
(70-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.
(70-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
(70-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёки олишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилади.
Туманлараро, туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши юқори турувчи суд судловига, бошқа судларнинг судьяларига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишлидир.
(70-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Судда ўз вазифаларини бажараётган даврда халқ маслаҳатчиларига судьялар дахлсизлигининг барча кафолатлари татбиқ этилади.
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг 2007 йил 12 январдаги 2/2, 3-сонли «Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги Йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 1655, 15.01.2007 й.) қаранг.
71-модда. Судьянинг ваколатларини тўхтатиш
Судья жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда унинг ваколатлари тўхтатилади.
Судьяларнинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори билан қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин, агар:
(71-модданинг иккинчи қисми биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
судья ўз лавозимига зид фаолият билан шуғулланаётган бўлса;
судья тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган бўлса;
(71-модданинг иккинчи қисми учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
судья суд қарори билан бедарак йўқолган деб топилган бўлса.
Судьянинг ваколатлари бу ваколатларни тўхтатишга сабаб бўлган асослар бекор бўлгунга қадар тўхтатилади.
Судья қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судьялар малака ҳайъати қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 22 апрелдаги ЎРҚ-368-сонли Қонуни билан тасдиқланган «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида»ги низомнинг 57-моддасига қаранг.
Судьялик ваколатларининг тўхтатилиши унга иш ҳақи тўланиши тўхтатилишига ёки унинг иш ҳақи миқдори камайтирилишига, судьянинг таъминоти даражасини пасайтиришга ва судьяни ушбу Қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум қилишга сабаб бўлмайди, эҳтиёт чораси сифатида судьяга нисбатан ҳибсга олиш чораси танланган ҳоллар бундан мустасно.
72-модда. Судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш
Судьянинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:
1) судьянинг қасамёдини бузган тақдирда;
2) ёзма ариза берган тақдирда;
3) судьяларнинг тегишли малака ҳайъати томонидан огоҳлантириш қилинганидан ёки ваколатлари тўхтатилганидан кейин у судья лавозимига зид фаолият билан шуғулланишни давом эттираверган тақдирда;
4) белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган тақдирда;
5) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотган тақдирда;
6) унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
7) вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;
8) соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра узоқ вақт мобайнида судьялик вазифасини бажаришга қодир бўлмай қолган тақдирда;
9) суд раисининг ваколат муддати тугаши муносабати билан, агар у бошқа судьялик лавозимига ўтишга розилик бермаса.
Ушбу моддада назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ваколатлари — Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисининг ва раис ўринбосарининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ваколатлари — Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;
ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьясининг, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисининг ва судьясининг ваколатлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан;
Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьясининг ваколатлари — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосасига асосан киритиладиган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан муддатидан илгари тугатилади.
Судьянинг ваколатларини ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори асосида муддатидан илгари тугатишга йўл қўйилади.
Судья қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судьяларнинг малака ҳайъати қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 22 апрелдаги ЎРҚ-368-сонли Қонуни билан тасдиқланган «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида»ги низомнинг 58-моддасига қаранг.
Халқ маслаҳатчиларининг ваколатлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича муддатидан илгари тугатилади, бундан ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3 ва 9-бандларида кўрсатиб ўтилган асослар мустасно.
(72-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
73-модда. Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги
Судья:
одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун;
суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун, шунингдек судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этганлик учун;
судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини бузганлиги учун фақат судьялар малака ҳайъатининг қарорига кўра интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
(73-модданинг биринчи қисми учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонунига асосан учинчи ва тўртинчи хатбошилар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
(73-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи, суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди.
Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 22 апрелдаги ЎРҚ-368-сонли Қонуни билан тасдиқланган «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида»ги низомнинг 6-бобига («Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартиби»га) қаранг.
74-модда. Судьялар малака ҳайъатлари
Судьяларнинг малака ҳайъатлари қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш учун тузилади:
судьянинг интизомий жавобгарлиги;
судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш;
судьянинг дахлсизлигини таъминлаш;
судьяга малака даражасини бериш;
халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларнинг сайловини ўтказиш бўйича ишларни ташкил қилиш;
судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш.
Судьяларнинг малака ҳайъатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришида унга кўмаклашади.
Судьялар олий малака ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан беш йил муддатга сайланади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларининг малака ҳайъатлари тегишли судлар судьяларининг конференцияларида беш йил муддатга сайланади.
(74-модданинг иккинчи — тўртинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Судьялар малака ҳайъатларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 22 апрелдаги ЎРҚ-368-сонли Қонуни билан тасдиқланган «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида»ги низомга қаранг.
(74-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
[ОКОЗ:
1.17.00.00.00 Одил судлов / 17.02.00.00 Суд тизими / 17.02.15.00 Судларнинг молиялаштириш ва моддий-техник таъминоти]
9-БОБ. СУДЬЯЛАРНИНГ МОДДИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ
75-модда. Судьяларнинг моддий таъминоти
Судьяларнинг иш ҳақи лавозим маошидан, малака даражаси, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлиб, унинг миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Малака даражалари учун судьяларнинг лавозим маошларига қўшиладиган қўшимча ҳақ миқдорлари, шунингдек малака даражаларига эга бўлган судьяларга бериладиган ойлик устама ҳақ миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 9 июлдаги 343-сон қарорининг 1 ва 3-иловаларида белгиланган.
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 14 декабрдаги 164-II-сон қарори билан тасдиқланган «Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида»ги Низом, «Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида»ги Низомга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августдаги ПФ-4459-сонли «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонигақаранг.
Судьялар ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.
(75-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
Судьяларга ҳар йили ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътил берилади.
76-модда. Судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш чоралари
Судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг махсус муҳофазасида бўлади ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилинади.
Қуйидаги ҳолларда давлат суғурта органлари суғурта суммаларини тўлайди:
судья ишлаётган даврида ёки ваколат муддати тугаганидан кейин ҳалок бўлса (вафот этса), агар бу судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки соғлиғининг бошқача шикастланиши оқибатида рўй берган бўлса, унинг меросхўрларига судьянинг эллик ойлик иш ҳақи миқдорида;
судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолса ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида — судьянинг йигирма беш ойлик иш ҳақи миқдорида;
судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этмайдиган ва меҳнат қобилиятининг доимий йўқолишига олиб келмайдиган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида — судьянинг беш ойлик иш ҳақи миқдорида.
Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолганида ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда унга иш ҳақи ва тайин этилган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда тўлаб борилади.
Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилиши оқибатида ҳалок бўлса (вафот этса), унинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига судья иш ҳақининг уларнинг ҳиссасига тўғри келадиган қисми ва боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан уларга тайинланган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда, мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда тўланади.
Судьянинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан унга тегишли мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлаш оқибатида етказилган зарар судьяга ёки унинг оила аъзоларига тўлалигича қопланади.
Ушбу модданинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган зарарни қоплаш бўйича тўловлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик улар айбдор шахслардан қонунда белгиланган тартибда ундириб олинади.
761-модда. Судьяларнинг ваколатлари тугаганидан кейин уларга бериладиган кафолатлар
Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига ишга жойлаштирилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.
Судьяларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
(761-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
V БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
77-модда. Суд аппарати
Суд аппарати суднинг одил судловни амалга ошириш, суд амалиётини умумлаштириш, суд статистикасини таҳлил қилиш, шунингдек суднинг бошқа вазифаларини бажаришга доир ишларини таъминлайди.
Суд аппарати ходимлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан белгиланадиган тартибда аттестациядан ўтади.
(77-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Суд аппарати ходимларига малака даражаларини белгилаш ва уларни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 14 декабрдаги 164-II-сон қарори билан тасдиқланган «Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида»ги Низомга қаранг.
78-модда. Судларнинг тузилиши ва штатлари
Ўзбекистон Республикаси судларининг тузилмаси ва штат бирлигининг сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Судларнинг штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан тасдиқланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги ПФ-4214-сонли «Ўзбекистон Республикаси хўжалик судлари тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ва 2013 йил 4 октябрдаги ПФ-4570-сонли «Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси зарур бўлган ҳолларда судларнинг штатлар жадвалига штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади.
(78-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
79-модда. Судларни молиялаш ва уларнинг моддий-техника таъминоти
Судларни молиялаштириш, уларнинг моддий-техника ва ўзга хил таъминоти, биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш республика бюджетининг ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ажратиладиган маблағларнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ажратилган маблағларни тақсимлаш:
Қорақалпоғистон Республикаси судлари, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар учун — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди учун — Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан амалга оширилади.
Ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш ва автотранспорт билан таъминланади.
(79-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
80-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг матбуот органлари
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз матбуот органларига эга.
(80-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
81-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида ишлайдиган илмий-маслаҳат кенгаши тузилади. Унинг вазифасига қонун ҳужжатларини қўллаш юзасидан суд амалиётида келиб чиқадиган масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш киради.
(81-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
82-модда. Судлар муҳри
Судлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
83-модда. Судларда давлат рамзлари
Суд биносида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилади ва Давлат гербининг тасвири ўрнатилади, суд залларида эса Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири ўрнатилади.
(83-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
84-модда. Судьяларнинг махсус кийими
Судьялар суд мажлисини махсус кийимда олиб борадилар.
Судьянинг махсус кийими тавсифи ва намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланади.
(84-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)
85-модда. Судьянинг гувоҳномаси
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раисига, раис ўринбосарига ва судьяларига гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, ҳарбий судларнинг, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судьяларига гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан берилади.
(85-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 14-сон, 214-модда)
Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 18 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2017 йил 28 мартда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.
Кенгаш юридик шахсдир, у Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
4-модда. Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари
Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, ўз аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқликдан иборатдир.
Кенгаш ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.
Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади. Кенгашнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Кенгаш қарорлари унинг мажлисида коллегиал равишда қабул қилинади.
Кенгаш аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди.
Кенгашнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлидир ва унинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда биттадан овозга эгадир.
Кенгаш ўз фаолиятини очиқ тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.
5-модда. Кенгашнинг таркиби ва уни шакллантириш тартиби
Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан — жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади.
Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланади.
Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан тасдиқланади ва у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказини бошқаради.
Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан тасдиқланади.
Кенгаш котиби ва унинг етти нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади.
Кенгашнинг раиси, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади, Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси, шу жумладан Кенгаш раисининг ўринбосари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
Кенгашнинг судьялар орасидан тасдиқланган ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи ўн бир нафар аъзоси Кенгаш томонидан унинг раиси тақдимига биноан Кенгашнинг шўъбалари ҳамда Суд инспекцияси таркибига, шу жумладан мазкур тузилмаларнинг раҳбарлари лавозимларига сайланади.
2-боб. Кенгашнинг асосий вазифалари ва ваколатлари
6-модда. Кенгашнинг асосий вазифалари
Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш асосида судьялар корпусини шакллантириш;
судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
судьяларни касбий тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек уларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш;
оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш;
суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш.
7-модда. Кенгашнинг ваколатлари
Кенгаш ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун:
судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантиради;
судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлашни ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ҳамда раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;
ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман,шаҳар судларининг раислари ва судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялик лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига қонунга мувофиқ хулосалар (тақдимномалар) киритади;
судьяларни уларнинг ваколатлари муддати даврида ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьялари лавозимларига ўз аризаларига асосан Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига кўра қайтадан тайинлайди;
судьяларни Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьялари лавозимларига ўз аризаларига асосан Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига кўра қайтадан тайинлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимномалар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланадиган судьяларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар (таклифлар) киритади;
қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимидан озод қилади;
Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьяларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига хулосалар киритади;
судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;
судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқади ва материалларни судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига юборади;
судьяларни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш масалалари юзасидан хулоса беради;
суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми кўриб чиқиши учун киритади;
судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, уларнинг фаолиятини текширади, судьяларнинг малака ҳайъатлари раислари ҳисоботларини эшитади;
жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади;
судьяларнинг фаолиятини уларнинг касбига муносиблиги нуқтаи назаридан ўрганади;
Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлайди;
судьяларнинг фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди;
судьяларни касбий тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишга доир дастурни тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директорининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитади;
судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларнинг,янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларнинг шахсий ва касбий сифатлари даражасини ўрганиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Регламентини тасдиқлайди.
Кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
8-модда. Кенгашнинг ижро этувчи девони
Кенгашнинг ижро этувчи девони ўз фаолиятида Кенгашга ҳисобдордир.
Кенгашнинг ижро этувчи девони тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
9-модда. Кенгаш раисининг ваколатлари
Кенгаш раиси:
Кенгаш фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва Кенгаш зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Кенгашнинг мажлисларини чақиради ва унда раислик қилади;
Кенгаш ваколатига тааллуқли масалаларни унинг кўриб чиқиши учун киритади;
давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Кенгаш номидан иш кўради;
Кенгашнинг тегишли аъзолари лавозимига тавсия қилинаётган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;
Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;
Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларига мансаб даражаларини беради;
Кенгашнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди ва молия-хўжалик фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади;
Кенгаш номидан қарорларни, тақдимномаларни, мажлислар баённомаларини ва бошқа ҳужжатларни имзолайди.
Кенгаш раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
10-модда. Кенгаш раиси ўринбосарининг ваколатлари
Кенгаш раисининг ўринбосари:
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказини бошқаради;
суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Кенгаш мажлисига киритади;
Кенгаш раиси йўқлигида унинг вазифасини бажаради.
Кенгаш раисининг ўринбосари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11-модда. Кенгаш котибининг ваколатлари
Кенгаш котиби:
Кенгаш аъзоларини мажлислар ўтказиладиган сана ва вақт тўғрисида хабардор қилади;
Кенгаш аъзоларини мажлис кун тартибига киритилган масалалар бўйича зарур ҳужжатлар билан таъминлайди;
Кенгаш мажлисларини тайёрлаш бўйича ташкилий масалаларни амалга оширади;
Кенгаш мажлисларининг баённомасини юритади;
Кенгаш қарорларининг кўчирма нусхалари манфаатдор шахсларга ва ташкилотларга юборилишини таъминлайди;
Кенгаш қарорларининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ишларини ташкил этади;
Кенгашда иш юритилишини назорат қилади;
Кенгаш раисининг топшириқларини бажаради.
Кенгаш котиби йўқлигида унинг вазифаларини бажариш Кенгаш раисининг топшириғига биноан Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзоларидан бири зиммасига юклатилади.
12-модда. Кенгаш аъзосининг ҳуқуқлари
Кенгаш аъзоси қуйидагиларга ҳақли:
Кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этилган материаллар билан танишиш, уларни ўрганиш ва кўриб чиқишда иштирок этиш;
кўриб чиқилаётган масалалар бўйича Кенгашга илтимосномалар киритиш, ўз далил-асосларини баён қилиш ва қўшимча материалларни тақдим этиш;
судьялар малака ҳайъатлари томонидан ўтказиладиган судьялар фаолиятини баҳолаш жараёнида иштирок этиш;
Кенгашнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур ахборот ва ҳужжатларни давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан сўраш ҳамда бепул асосда олиш;
Кенгашнинг ваколатига тааллуқли бўлган масалаларни мажлисларда кўриб чиқиш учун тақдим этиш;
Кенгашнинг қарорларини қабул қилишда иштирок этиш ва ўзининг алоҳида фикрини баён этиш.
Кенгаш аъзоси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
13-модда. Кенгаш аъзосининг мажбуриятлари
Кенгаш аъзоси:
ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга ошириши;
суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципини рўёбга чиқаришда, судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантириш ва уларни ўрганишга доир ишларда Кенгашга кўмаклашиши;
Кенгаш мажлислари маслаҳатлашувини сир тутиши ва ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши туфайли судьяларнинг ва судьялик лавозимларига номзодларнинг шахсий ҳаёти тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиши;
Кенгашнинг нуфузига путур етказиши, унинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши;
ушбу Қонун 16-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, ўзини ўзи рад этиши;
Кенгаш томонидан кўрилаётган масалалар бўйича овоз бериши шарт.
Кенгаш аъзосининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
3-боб. Кенгашнинг фаолиятини ташкил этиш
14-модда. Кенгаш мажлиси
Кенгаш фаолиятининг асосий ташкилий шакли Кенгаш мажлисидир. Кенгаш мажлиси ўз ваколатига кирадиган масалаларнинг тайёрланишига қараб ўтказилади. Кенгаш мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
Кенгашнинг қарори очиқ овоз бериш орқали мажлис иштирокчиларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Раислик қилувчи охирида овоз беради. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.
Кенгашнинг қарорига рози бўлмаган Кенгаш аъзоси хулосани имзолайди ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма тарзда баён қилишга ҳақли бўлиб, ушбу фикр мажлис баённомасига қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Ўзига нисбатан мазкур қарор қабул қилинган шахс Кенгаш аъзосининг алоҳида фикри билан таништирилмайди.
15-модда. Кенгаш мажлислари маслаҳатлашувининг сир тутилиши
Кенгаш аъзоларининг овоз бериши ёпиқ мажлисда ўтказилади. Овоз бериш чоғида Кенгаш аъзоларидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.
Кенгаш аъзоси маслаҳатлашув сирини ошкор этишга ҳақли эмас. Кенгаш аъзоларининг овози ва уларнинг фикри сир сақланади ҳамда унинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Кенгаш аъзолари кўрсатилган ахборотни ошкор этганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
16-модда. Кенгаш аъзосини рад этиш ва унинг ўзини ўзи рад этиши
Кенгаш аъзоси, агар у:
Кенгаш мажлисида номзоди кўрилаётган шахсга хизмат жиҳатидан, моддий ёки бошқа томондан қарам бўлса ёхуд унинг яқин қариндоши бўлса;
Кенгаш мажлисининг натижасидан ва унда қабул қилинадиган қарордан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, Кенгаш мажлисида иштирок этиши мумкин эмас ва у рад этилиши керак.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Кенгаш аъзоси ўзини ўзи рад этиши шарт. Агар у бундай қилмаса, айни шу асослар бўйича Кенгашнинг бошқа аъзолари томонидан,шунингдек судьялик лавозимига номзод томонидан рад этилиши мумкин.
Рад этиш ҳақидаги баёнот асослантирилган бўлиши керак.
Рад этиш билдирилган Кенгаш аъзоси рад этиш тўғрисидаги масала кўрилишидан олдин ўз тушунтиришларини беришга ҳақли.
Рад этиш тўғрисидаги масала рад қилинаётган шахснинг йўқлигида Кенгашнинг қолган аъзолари томонидан оддий кўпчилик овоз билан ҳал этилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Кенгаш аъзоси рад этилган ҳисобланади.
Билдирилган рад этиш қаноатлантирилганлиги ёки рад қилинганлиги тўғрисида Кенгаш мажлисининг баённомасига белги қўйилади.
17-модда. Кенгаш қарорлари
Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар, хулосалар қабул қилади ва тақдимномалар киритади.
Кенгаш мажлисида қуйидаги қарорлар қабул қилиниши мумкин:
судьялик лавозимига номзодни захирага қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш тўғрисида;
номзоднинг кўрсатилган судьялик лавозимига муносиблиги ёки номуносиблиги ҳақида;
судьялик лавозимига тайинлаш, қайта тайинлаш тўғрисида;
судьяларни рағбатлантириш ташаббуси билан чиқиш ҳақида;
судьяга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида;
судьяни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақида;
судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш тўғрисида.
Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан бошқа қарорлар ҳам қабул қилиши мумкин.
Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар учун мажбурийдир.
18-модда. Кенгашнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги
Кенгаш судьялик лавозимига биринчи марта, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг кейинги муддатсиз даврига тайинланадиган (сайланадиган) номзоднинг муносиблигини аниқлашда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раҳбарлик лавозимларига номзодни тайинлашда (сайлашда) ваколатли органнинг фикрини сўраб олади. Ваколатли орган Кенгашнинг сўрови олинган кундан эътиборан бир ой муддатда тегишли хулосани тақдим этиши керак.
Кенгаш номзоднинг судьялик лавозимига муносиблигини ўрганаётганда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ва бошқа ташкилотларнинг номзоднинг ушбу ташкилотларда ишлаган даврда шахсий ва касбий сифатлари ҳақидаги фикрини сўраб олади. Кенгашнинг сўровига сўров келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай жавоб юборилиши керак.
4-боб. Судьялар корпусини шакллантириш
19-модда. Судьялар корпусини шакллантириш чоғида судьялик лавозимларига номзодлар ҳуқуқларининг тенглиги
Судьялар корпусини шакллантириш судьялик лавозимларига номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари тенглиги асосида амалга оширилади.
20-модда. Судьялик лавозимларига номзодлар захираси
Кенгаш судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасини (бундан буён матнда захира деб юритилади) шакллантиради.
Захирага киритилиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Кенгашга ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Захирага судьялик лавозимлари учун зарур билимга эга бўлган, етарли ҳаётий тажрибага ва бенуқсон обрў-эътиборга эга юқори малакали юристлар орасидан ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киритилиши мумкин.
Қуйидаги шахслар захирага киритилиши мумкин эмас:
муқаддам судланганлар;
одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларга ёки жисмоний нуқсонларга эга бўлганлар;
белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун ваколатлари олдинги иш жойи бўйича белгиланган тартибда тугатилганлар.
Захирага киритиш судьялик лавозимига номзоднинг ушбу Қонунда назарда тутилган мезонларга муносиблигини ўрганиш ва Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган имтиҳондан муваффақиятли ўтиш натижаларига кўра Кенгашнинг қарори билан амалга оширилади.
Судьялик лавозимига номзод қуйидаги ҳолларда захирадан чиқарилади:
захирадан чиқариш тўғрисида ўзи ариза берганда;
судьялик лавозимларига номзодлар тайёрланадиган махсус курсларга қабул қилиш танловидан ўтмаганда;
унинг ўқиш ва стажировка натижалари қониқарсиз баҳоланганда;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;
унда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар пайдо бўлганда;
белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда;
вафот этганда ёки суд қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда;
жиноят ёки ўзининг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи бошқа хатти-ҳаракатлар содир этганда;
унинг судьялик лавозимига номуносиблиги ҳақида хулоса чиқарилганда.
Судьялик лавозимига номзод, агар у уч йилдан ортиқ муддат давомида судьялик лавозимига кўрсатилмаган бўлса ҳам захирадан чиқарилади.
21-модда. Биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонлари
Бенуқсон обрў-эътибор, ҳалоллик, лаёқатлилик, етарли ҳаётий тажрибага эгалик, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ёки жисмоний нуқсонларнинг мавжуд эмаслиги биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонларидир.
22-модда. Судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонлари
Судьяларнинг судьялик фаолияти даврида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлиши, ҳалоллиги, холислиги, адолатлилиги ва лаёқатлилиги судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонларидир.
Кенгаш янги ваколат муддатига тайинланадиган судьялик лавозимига номзодни кўриб чиқишда ушбу номзод томонидан қабул қилинган суд қарорларининг барқарорлигини, одил судловни амалга ошириш ва қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш борасида етарли тажрибага эга эканлигини, шунингдек жамоатчиликнинг унинг касбий фаолияти ҳақидаги фикрини инобатга олади.
23-модда. Судьялик лавозимига номзоднинг тиббий текширувдан ўтказилиши
Судьялик лавозимига номзодда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар мавжуд эмаслигини тасдиқлаш учун у дастлабки тиббий текширувдан ўтказилади. Одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ва жисмоний нуқсонларнинг рўйхати Кенгашнинг ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланади. Одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар йўқлиги ҳақидаги ҳужжатнинг шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
24-модда. Судьялик лавозимларига номзодларни танлаш тартиби
Бўш судьялик лавозимлари тўғрисидаги ахборот Кенгашнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга оширилади.
Захирага киритилган судьялик лавозимига номзод ўқиш ва стажировкани муваффақиятли ўтаганидан сўнг бўш судьялик лавозимларини тўлдириш учун танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза бериш ҳуқуқига эга.
Бошқа судьялик лавозимига номзодини кўрсатиш истагини билдирган судья Кенгашга ариза ва зарур ҳужжатларни беради.
Судья ваколат муддати тугашига камида олти ой қолганда Кенгашга янги ваколат муддатига кўрсатиш ёки кўрсатишдан воз кечиш тўғрисида ариза ва зарур ҳужжатларни беради.
Тегишли судьялар малака ҳайъати Кенгашга судьялик лавозимига номзод бўйича хулоса тақдим этади.
Агар судья ўзи даъвогар бўлган лавозим талабларига жавоб бермаса, Кенгаш уни қуйи судьялик лавозимига кўриб чиқиш масаласини кун тартибига киритишга ҳақли.
Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларни, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларни танлашда Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда турли ўрганиш усулларидан — суҳбат ўтказишдан, мустақил экспертлар томонидан тест синовидан ўтказишдан, берилган муаммолар бўйича мавзуга оид рефератлар тайёрлашдан, экспресс сўровлардан фойдаланилиши мумкин.
Судьялик лавозимига номуносиблиги туфайли ўзига нисбатан Кенгашнинг захирага киритиш рад этилганлиги тўғрисидаги хулосаси чиқарилган шахс бир йил ўтгач, захирага киритиш тўғрисида Кенгашга ариза билан такроран мурожаат қилиши мумкин.
Захирага киритиш бошқа сабабларга кўра рад этилган шахс рад қилиш сабаблари бартараф қилинганидан кейингина захирага киритиш тўғрисида Кенгашга ариза билан такроран мурожаат қилиши мумкин.
25-модда. Судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш
Судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш судьяларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек судьяларни қонун ҳужжатларидаги охирги ўзгартишлар ҳамда замонавий ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан таништириш мақсадида амалга оширилади.
Кенгаш судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Адлия вазирлиги, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси, илмий муассасалар, жамоатчилик вакиллари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Судьялар малакасини ошириш тадбирлари судьялар фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш натижаларига кўра, одил судловни амалга оширишда аниқланган тизимли камчиликлар ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилади.
5-боб. Кенгаш аъзосининг мустақиллиги кафолатлари ва мақоми. Моддий ва ижтимоий таъминот
26-модда. Кенгаш аъзосининг мустақиллигини таъминлаш
Кенгаш аъзосининг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:
унинг қонунда белгиланган тартибда тайинланиши (тасдиқланиши);
унинг дахлсизлиги;
Кенгаш мажлислари маслаҳатлашувининг сир тутилиши;
унинг юксак мақомига мувофиқ унга давлат ҳисобидан моддий ва ижтимоий таъминот берилиши.
27-модда. Кенгаш аъзосининг ваколатлари муддати
Кенгаш аъзоси беш йил муддатга тайинланади (тасдиқланади).
Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзоси сурункасига икки муддатдан ортиқ тайинланиши (тасдиқланиши) мумкин эмас.
28-модда. Кенгаш аъзосининг дахлсизлиги
Судьялар орасидан тасдиқланган Кенгаш аъзосига нисбатан ушбу модданинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида судьялар учун назарда тутилган дахлсизлик кафолатлари татбиқ этилади.
Кенгаш аъзоси Кенгашнинг розилигисиз жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек қамоққа олиниши мумкин эмас.
Кенгаш аъзосига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
29-модда. Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзоси моддий ва ижтимоий таъминоти
Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзосининг иш ҳақи лавозим маоши, малака даражаси (мансаб даражаси ва бошқалар), кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборатдир.
Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзолари хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан ўзлари олган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.
Судьялар орасидан тасдиқланган Кенгаш аъзоларининг судьялик мақоми ва судьялар учун белгиланган барча имтиёзлари Кенгаш аъзоси лавозимида бўлиши даврида сақланиб қолади.
30-модда. Кенгаш аъзосининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш
Кенгаш аъзосининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:
ваколатини зиммасидан соқит қилиш ҳақида ариза берганда;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;
ўз фаолиятини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар пайдо бўлганда;
белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда;
вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
ўзининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган хатти-ҳаракатлар содир этганда.
31-модда. Кенгаш аъзосининг ваколатлари тугаганидан кейин уни иш билан таъминлаш кафолатлари
Кенгаш раиси ва котибининг ваколатлари тугаганидан кейин уларга лавозимга тайинланишига (тасдиқланишига) қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
Судьялар орасидан тасдиқланган Кенгаш аъзолари ўз ваколатлари муддати тугаганидан кейин судьялик фаолиятини аввалги лавозимида ёки шунга тенг бўлган бошқа судьялик лавозимида давом эттиради.
32-модда. Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларининг моддий ва ижтимоий таъминоти
Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимининг иш ҳақи лавозим маоши, мансаб даражалари, кўп йиллик хизмат муддати учун тўланадиган устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборатдир.
Кенгаш раисининг қарорига биноан Кенгаш ижро этувчи девонининг ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ходимлари учун белгиланган тартибда мансаб даражалари берилади, мансаб даражалари учун қўшимча ҳақ, кўп йиллик хизмат муддати учун устамалар тўланади.
Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларига мансаб даражаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
33-модда. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Регламенти
Кенгаш ўз ишини ўзи тасдиқлайдиган Регламентга мувофиқ ташкил этади.
34-модда. Кенгаш фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш
Кенгаш фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
35-модда. Кенгаш аъзосининг ва Кенгаш ижро этувчи девони ходимининг гувоҳномаси
Кенгаш раисига ва унинг ўринбосарига гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Кенгашнинг бошқа аъзолари ва ижро этувчи девони ходимларига эса, Кенгаш раиси томонидан берилади.
36-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини,етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминласин.
37-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
38-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
2017 йил 6 апрель, ЎРҚ-427-сон



Download 1.15 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   152   153   154   155   156   157   158   159   160




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling