Ўзбекистон республикаси президенти


Download 5.26 Mb.
bet34/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Маҳмуд Қошғарий фаолияти билан бевосита шуғулланувчи олимларнинг фикрича бу зот 1029-1038 йиллар орасида Қашғарда туғилган. У ўзига тўқ, зиёли оиладан бўлиб, Қашғарда яхши билим олади. Ҳатто у Бухоро ва Нишопур шаҳарларида ўз билимларини кенгайтириб катта-катта олимлар билан суҳбатда бўлади. Маҳмуд Қошғарий яшаб ижод этган йиллар Қорахонийлар давлатининг гуллаб-яшнаган даврига тўғри келади. Маҳмуд Қошғарий жуда кўп сафарларда бўлади ва ўзининг асарлари учун бой маълумотлар тўплайди. Кўп йиллик изланишлар натижасида “Девони луғати турк” ва “Жавоҳири-наҳв” “Турк тили синтаксиси асослари” асарларини ёзади. Маҳмуд Қошғарийни бутун илм оламига танитган асари унинг “Девони луғати турк” асаридир. Бу китоб араб тилида ёзилган. Унда олим кўп йиллар давомида туркий қабилалар орасида олиб борилган кузатишлар асосида туркий тилларни қиёсий ва тарихий усуллар билан таҳлил қилган ва бу тилларнинг ўзига хос хусусиятларини очиб беришга ҳаракат қилган.
Асар икки қисм (муқаддима ва луғат)дан иборат. Олим асарга ўзи тузган дунё харитасини ҳам илова қилади. Бу ҳол асарнинг қимматини янада оширади. Харита доира шаклида чизилган бўлиб, унда мамлакат, шаҳар, қишлоқ, тоғ, чўл, Даван, денгиз, кўл, дарё ва ҳоказолар номлари ёзилган. Харитада ёзилмай қолган номлар эса асар матнида берилган. Харита асосан ҳозирги Шарқий ярим шарга тўғри келади. Маҳмуд Қошғарийнинг ўзи бу ҳақда шундай ёзган: ”Румдан Мочингача бўлган... шаҳарлар ўрнини аниқлаш мақсадида уларнинг ҳаммасини ер шаклидаги доирада кўрсатдим”.
Асарда турли уруғ-қабилалардан қипчоқ, ўғиз, татар, ямак, басмил, ябону, қай, бошқирт, қирғиз, уйғур, жамил, тару, ичроқ, тухси, яғмо, чигил, тангут, табғоч, шунингдек, форс, араб, хитой, рус халқлари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади. Асарда булардан ташқари бир неча туркий тилдаги ҳикматли сўзлар берилган.
Китобда туркий ёзув тўғрисида аниқ маълумотлар берилиб, 18 ҳарфдан иборат турк (уйғур) алифбоси ҳам кўрсатиб ўтилган.
Маҳмуд Қошғарийнинг бу китоби дунё халқларининг жуда кўп тилларига таржима қилинган. Асарнинг бунчалик катта аҳамиятга эга бўлиши муаллифнинг ҳаётни яхши билганлиги, турли билимларни пухта ўзлаштирганлиги ва асарни ҳаёт тажрибасига асосланиб ёзганлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам асар ўз илмий қимматини бугунги кунда ҳам йўқотгани йўқ.
Қорахонийлар даврида яшаган яна бир ўз даврининг атоқли шоири, донишманд ва давлат арбоби Юсуф Хос Ҳожибдир (XI аср). Унинг таржимаи ҳоли, туғилган йили ва ҳаёти тўғрисида ёзилган бирон-бир асар сақланиб қолмаган. У Қорахонийлар сулоласининг пойтахти Боласоғунда туғилган ва шу ерда ижод этган. Ҳозирги кунда Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик”-”Бахт-саодатга бошловчи билим” деб номланган дидактик, бадиий-фалсафий асари бизгача етиб келган бўлиб, бошқа асарлари маълум эмас. Шоирнинг ўзи бу ишга роппа-роса 18 ой сарфлаган ва унга жуда ҳам пухта тайёргарлик кўрган.
Асар насрий муқаддимадан сўнг 77 байтдан иборат бўлган шеърий муқаддима билан бошланиб, 73 бобнинг мундарижаси берилади. Бошланғич боблар ўша давр анъаналарига биноан бошланиб, Оллоҳ ва Пайғамбар, ислом динининг фойдаси ва дунёвий, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-илмий масалалар билан тугалланади.
Асар шунчалик кўп қамровли-ки, унда кўтарилган масалаларни оддий санаб ўтишнинг ўзи ҳам бир неча саҳифаларни ташкил этади.
“Қутадғу билиг” асарида билим ҳақида алоҳида боб бўлиб, унда билимдан ҳеч бир зиён бўлмаслиги, у кишиларга фақат фойда келтириши мумкинлиги, кишиларга билим қадр-қиммат, ҳурмат ва эҳтиром келтириши мумкинлиги айтиб ўтилади. Шунингдек, асарда марказлашган давлатни мустаҳкамлашга қаратилган низоларга чек қўйиш каби ўша давр учун жуда катта аҳамиятга молик бўлган масалаларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Шу билан бирга, давлатни идора этиш йўллари, бунинг учун беклар бу йўлда ўз атрофига билимдон, ақлли одамларни тўплаши лозим эканлигини алоҳида таъкидланади. Эл-юртни бошқариш асосида икки нарса ётади деб кўрсатган шоир. Бири адолат кўрсатиш бўлса, иккинчиси, улардан марҳаматни аямасликдир. Юқорида қайд қилинганидек, шоирнинг бу асари дунё жамоатчилиги томонидан яхши қабул қилинган энг яхши асарлар қаторидан ўрин олган.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling