Брахман – Ҳиндистондаги олий каста (табақа) вакили. Брахманлик ва ҳиндуизмдаги дин арбоби.
Будда – (санскр. «нурланган, олий ҳақиқатга эришган») буддавийлик асосчиси Сиддхартха Гаутамага берилган ном.
Варна – (санскр. «сифат, ранг») қадимий ҳинд жамиятидаги диний-синфий каста.
Васания (араб. «васан» – «ёғочдан ишланган бут») бутпарастлик.
Ваҳий – илоҳиёт билан инсонларнинг пайғамбарлар орқали мулоқот йўли.
Веда – (санскр. «башорат») Қадимий Ҳиндистоннинг шимолида яшаган халқларнинг муқаддас китоби.
Ведалар (véda — “билим”, “таълимот”) – ҳиндуийлик динининг санскрит тилида ёзилган қадимий муқаддас ёзувлари тўплами..
Виждон Эркинлиги – диний эътиқод эркинлиги.
Виная-Питака – Трипитаканинг раҳбонийлик одоби ва хонақоҳ низомига бағишланган қисми.
Виштаспа – зардуштийликни қабул қилиб, унинг тарқалишида Зардуштга яқиндан ёрдам берган Бақтрия подшоси.
Вожиб – Ҳанафий мазҳаби таълимотига кўра, Қуръони каримда тўғридан-тўғри буйруқ келмаган ҳолда бажарилиши шарт бўлган амалларга нисбатан ишлатилади.
Галаха – яҳудийликдаги диний, оилавий ва фуқаролик қонунлари мажмуи.
Дао – даосизм динидаги олий илоҳиёт.
Диакон (юнонча — хизматчи) – христиан черковларидаги энг қуйи руҳонийлик даражаси.
Епископ – (қад. юнон. «назорат қилувчи») кўп христиан черковларида – олий иерарх. Барча архиерейларнинг (патриарх, митрополит, архиепископ) умумлашган номи.
Ессейлар – қадимий яҳудийликдаги оқим.
Жаброил – Аллоҳ билан пайғамбарлар ўртасида элчи вазифасини бажарувчи фаришта.
Жоҳилия – (араб. «ягона Аллоҳни танимаслик») Арабистон ярим оролининг ислом динидан аввалги даври шундай аталган.
Забур – Довуд пайғамбарга туширилган китоб. “Қадимги Аҳд” таркибига киритилган бўлиб, турли қўшиқ ва мадҳиялардан иборат.
Закот – (араб. «тозаланиш, покланиш») исломнинг беш рукнидан бири. Мол-мулк нисобига (муайян миқдорга) етгач, унинг қирқдан бири (2,5 %) камбағаллар фойдасига садақа сифатида берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |