Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси


Зардуштийлик жамоа тузуми


Download 1.58 Mb.
bet27/114
Sana23.10.2023
Hajmi1.58 Mb.
#1716769
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   ...   114
Bog'liq
КУЛЛАНМА Дунё динлари тарихи 26 12 2011 тахрир

Зардуштийлик жамоа тузуми
Зардуштийлик диний тизим сифатида Марказий Осиёда бронза даврида ибтидоий жамоа муносабатлари емирилаётган, жамиятда мулкий ва ижтимоий тенгсизлик пайдо бўлаётган шароитда шакллангани қайд этилади. Темир даври бошига келиб у янада мукаммаллашиб, ички тизими тартибга келди. Диннинг оғзаки анъаналари аста-секин ёзувга айланди, бу эса зардуштийликнинг муқаддас диний ёзувлар тўплами “Авесто”нинг илк битикларини келтириб чиқарди. Бу ўтиш даври милоддан аввалги I минг йилликнинг биринчи чорагига тўғри келади.
Зардуштийликнинг шаклланиш ва “Авесто”нинг ёзилиш даврига келиб, Марказий Осиёда чуқур мулкий ва ижтимоий табақаланиш анъаналарига эга бўлган ўтроқ заминдорлар ва чорвадорларнинг патриархал жамоалари, ҳарбий аристократлар ва дин арбоблари пайдо бўлган эди. “Авесто”да қайд этилган жамоада озод жамоадошлар ва тобеъ аҳоли, яъни “қуллар” алоҳида ўрин эгаллаган. Бироқ “Авесто” жамоасида қуллар етакчи ишлаб чиқарувчи куч эмасдилар, қулчилик ёрдамчи моҳиятга эга бўлган.
“Авесто” маълумотларига кўра, зардуштийлар жамоа тузуми тўрт поғонали эди: нмана – “уй-оила”, яъни бошида катта оилали уй бошлиғи турган патриархал оила; вис – “уруғ, уруғчилик овули”, бунга ўзаро қариндош бўлган барча оилалар кирган; занту – қабила ва ҳудуд, бунда қабила яшаган. Ўз навбатида занту ўзаро қариндош қабилаларни бирлаштирган; бахйу – ”вилоят, мамлакат”, бунга дахйу ҳудудида қўшни бўлган барча уруғлар кирган. Жамият тизимининг бу тўрт поғонали тизими қадим замонларга бориб тақалади ва Авесто матнларида атамаларнинг қондошлик моҳияти ҳудудий моҳият билан алмашади, яъни “оила” ва унинг турар жойи бўлган “уй” атамалари нмана “уруғ ва турар жой” атамалари билан параллел равишда ишлатила бошлайди.
Зардуштийлик оиласи жамиятнинг энг қуйи бирлиги ҳисобланган. Уй-оила бошида оила асосчиси ота турган. Уни нманопати – “бошлиқ, уй қўриқчиси” деб аташган. У билан бир поғонада хотини ёки оиланинг катта аёли – нманопатни турган. Зардуштийлик анъаналарига кўра, уй хўжайини диний бошлиқ ва оила ҳаками ҳисобланиб, “Авесто”да “рату деб аталган. Уруғ отасининг бу вазифаси “нманья” деб аталиб, оила аъзоларининг барчаси диний кўрсатмаларни бажаришини назорат этишдан иборат деб саналган. Шунингдек, нманья атамаси оила ва унинг аъзолари тинчлигини асровчи яхши руҳларни ифодалаш учун ишлатилган.
Яна икки ҳомий-руҳлар – брчя ва ушахина хаёлан оиланинг доимий “аъзолари” ҳисобланиб, экинларни ва барча оилага эзгулик бахшида этувчи тонг сокинлигини сақлашган. Шунингдек, зардуштийларнинг патриархал оилалари “Авесто”да вира, вайса ва париайтар деб аталган, тенг ҳуқуқли бўлмаган оила азоларини ўз ичига олган. Вира бир вақтнинг ўзида “эркак, навкар” ва “қул”. Зардуштнинг “Гата”сида вира “қул” сифатида намоён бўлади.
Вайса атамаси вис – “уруғ” билан боғлиқ. Яъни, бу тоифадаги одамлар бир вақтнинг ўзида ҳам оилага, ҳам уруққа хизмат қилишган. Парийтар атамасига келсак, бу мардикорлар дегани. Тадқиқотчилар назарида бу тоифадаги одамлар жамиятнинг энг ночор қатламларига мансуб бўлиб, яшаш учун бошқа уруғникида ишлашга мажбур.
Юқорида айтилганлардан ташқари, зардуштийлик жамияти уруғчиликнинг бошқа тоифадаги атамаларини ҳам билишган, масалан, питар “ота”, маатх “она”, пусра “ўғил”, дхутар “қиз” ва ҳоказо. Бу эса оилавий муносабатларнинг чуқур анъанавийлигидан далолат беради.
Бундан ташқари “Авесто”да қуйидаги ижтимоий атамалар: шойтра – “қабила яшайдиган вилоят”, “худу, гава-шайана, гава-шита – “қишлоқ, қишлоқ ҳудуди” учрайди.
Зардуштийлик жамоаси ўзининг барча тўртта босқичида хусусий ва умумий мулкни гайта атамаси билан ифодалаган. Майтана атамаси “уруғ, қабиланинг яшаш жойи” деган маънони англатган.
Занту қабиласи ва ҳудуди зантупати – “қабила қўриқчиси бошлиғи” томонидан бошқарилган. Зантупати бир вақтнинг ўзида дин ва ҳуқуқий масалалар билан шуғулланган. Бу вазифа учун зантума атамаси қўлланилган.
Дахйу атамаси остида зардуштийлик оламида катта ҳудудий бирлик, яъни қабилалар уюшмаси тушунилган. Бундай дахйулар арийлик ва ноарийликка ажратилган, масалан, турлар дахйуси, саклар дахйуси. Бинобарин, зардуштийликнинг шаклланишида дахйу биринчи навбатда этник жамоали ҳудудий-географик тушунчадир.
Маъмурий моҳиятига келсак, дахйу дахйупати деб аталган бошлиқ томонидан бошқарилган, унинг диний ва ҳуқуқий вазифалари дахйума деб аталган. Дахйупати атамаси билан бир қаторда састар – “ҳарбий бошлиқ, ҳудуд ҳокими” атамаси учрайди. Бундан ташқари хшаянт атамаси “ҳоким, бошқарувчи” маъносини англатган. Бир нечта дахйу битта дахйусастга бирлашган. Худди шундай унвон бундай бирлашма ҳокимига берилган. Дахйусасти ҳокимлигини дахйу уюшмаси аъзоларининг кенгаши чеклаган. Бу кенгаш дахйунам ва фратэмадато “бирламчи вилоятлар кенгаши” деб аталган. Дахйусатининг диний бошлиғи заратуштроэтома - “зардуштга жудаям ўхшаган” деб аталган.
Шундай қилиб, зардуштийликнинг тарихий фони ижтимоий институтларнинг мураккаб чатишиб кетишлари билан боғлиқ. Чунки, жамият ибтидоий жамоа муносабатларидан ҳудудий давлат муносабатларига ўтиш даврини бошидан кечирмоқда эди. Бу ўзгаришларнинг барчаси маълум ижтимоий-сиёсий бошқарувни ғоявий асослаш ва ушбу ғоя атрофида маънавий бирлашишни тақозо этарди.




Download 1.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   ...   114




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling