42-модда. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг чекланиши
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари давлат манфаатларини, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, муҳандислик коммуникациялари қуриш ва улардан фойдаланиш манфаатларини, бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг манфаатларини, шунингдек фуқаролар хавфсизлигини кўзлаб фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда чекланиши мумкин.
[ОКОЗ:
1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.03.00.00 Ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш / 11.03.07.00 Ерларнинг айрим тоифалари ва турларининг ҳуқуқий режими / 11.03.07.01 Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар]
6-БОБ. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ЕРЛАР
43-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг таркиби
[СПиТ:
1.Ер ҳуқуқи / Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар]
Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ёки ана шу мақсадлар учун белгиланган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалигини юритиш учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги ерлари ва дарахтзорлар, ички хўжалик йўллари, коммуникациялар, ўрмонлар, ёпиқ сув ҳавзалари, бинолар, иморатлар ва иншоотлар эгаллаган ерларга ажралади.
[СПиТ:
1.Ер ҳуқуқи / Қишлоқ хўжалиги ерлари]
Ҳайдаладиган ерлар, пичанзорлар, яйловлар, ташландиқ ерлар, кўп йиллик дов-дарахтлар (боғлар, токзорлар, тутзорлар, мевали дарахт кўчатзорлари, мевазорлар ва бошқалар) эгаллаган ерлар қишлоқ хўжалиги ерлари жумласига киради. Қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофаза қилиниши лозим.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қишлоқ хўжалигидан ўзга эҳтиёжлар учун бошқа тоифадаги ерларга ўтказишга алоҳида ҳолларда ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилади.
Қишлоқ хўжалиги ерларини ирригация сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тизимига асосланган сунъий суғориш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг асоси ва ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда уларнинг унумдорлигини ошириш шартидир.
(43-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-240-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 555-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |