Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи мавзусида эссе


Download 40 Kb.
Sana24.04.2023
Hajmi40 Kb.
#1395353
Bog'liq
Эссе намуна (1)


Ўзбекистон Республикасининг ташқи қарзи мавзусида эссе
Ушбу эссени қайтиб, ўзимга юборманглар, шу мавзуда бошқа эссе ёзинглар
Ўзбекистонда давлат қарзи ва ташқи қарз билан боғлиқ ҳолатни мунтазам назорат қилиш, унинг хавфсиз чегарасини белгилаш ҳамда бу борадаги хавф-хатарларнинг олдини олиш каби масалалар доимий эътиборда.
Дунёда бирорта мамлакат йўқки, давлат қарзи муаммосига дуч келмаган бўлса. Ички ва ташқи манбалар ҳисобига жалб қилинган қарз маблағлари, агар у самарали бошқарилмаса, ҳар қандай мамлакатнинг молиявий барқарорлиги ва инвестициявий муҳити учун жиддий муаммолар келтириб чиқариши та­йин. Бу ҳақда кўп ёзилган бўлса ҳам айтиш жоизки, 2008-2009 йилларда дунё иқтисодиётида юзага келган иқтисодий бўҳроннинг асосий сабабларидан бири сифатида қарз билан боғлиқ таҳлика ҳамда таҳдидларни ҳисобга олмаслик ва давлат қарзини бошқаришда ушбу таҳдидларни тез илғаб, унга қарши чоралар кўра оладиган тизимнинг йўқлиги тан олинган.
Ташқи қарз хавф-хатарлар билан боғлиқ бўлишига қарамасдан ривожланган ва ривожла­наётган мамлакатлар ушбу маблағлардан иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим манба сифатида фойдаланиб келмоқда. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Мамлакатимизда кейинги беш йил ичида давлат қарзи, шу жумладан, ташқи қарз сезиларли даражада ошганлигини кўрамиз. 2021 йилнинг якунларига кўра, давлат қарзининг қолдиғи 25 млрд. АҚШ доллари миқдорини, ёки ЯИМга нисбатан 38,4 фоизни ташкил қилмоқда. Унинг 90 фоизга яқини ташқи қарзлардир.
Иқтисодий ўсишни яқин беш йил ичида 1,6 марта, саноат ишлаб чиқаришни эса 1,4 марта ошириш, жон бошига ялпи ички маҳсулотни (аҳолининг реал даромадларини) қарийб 1,5 марта кўпайтириш вазифалари мақсад қилинган. Бундай юксак марраларга эришиш учун давлат томонидан ижтимоий соҳани ривожлантириш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ инфраструктурани шакллантириш талаб этилади. Бунинг учун, албатта, ички ва ташқи қарз маблағларидан ҳам фойдаланилади.
Агар ташқи ва ички қарз белгиланган мезон кўрсаткичларидан ортиб кетмаган ҳолда мамлакатнинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмаса ҳамда ривожлантириш давлат дастурлари доирасида энг долзарб ва натижадор лойиҳаларга йўналтирилса, бундай харажатлар иқтисодий хавфсизлик нуқтаи назаридан муаммо келтириб чиқармайди. Бунинг учун давлат қарзини самарали бошқаришнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари такомилга етказилган бўлиши керак.
Мамлакатимизда давлат қарзини хавфсиз чегарада ушлаб туриш учун унинг чекланган миқдорларини қонун билан белгилаш амалиёти жорий этилди. “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда давлат қарзининг хавфсиз даражаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоиз ҳамда давлат қарзига йиллик ­лимитларнинг соф ҳажми 4,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида қайд этилди.
Халқаро валюта жамғармасининг 2021 ва 2022 йиллардаги Ўзбекистон Республикасига бағишланган Қарз барқарорлиги ҳисоботида (IV модда) Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзига хизмат кўр­сатиш (институционал) салоҳияти “кучли” дея қайд этилган. Шунга қарамасдан, юзага келиши мумкин бўлган айрим ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ҳамда пруденциал ёндашувдан келиб чиқиб, қонунда давлат қарзининг максимал ҳажмини номинал қийматда ЯИМга нисбатан 60 фоиз этиб белгилаш кўзда тутилмоқда. Ушбу кўрсаткич давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти “ўртача” бўлган давлатлар учун Халқаро ­валюта жамғармаси томонидан белгиланган мезонга мос келади.
Давлат қарзи суммаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоизга етганда Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бу меъёрдан ўтиб кетмасликни таъминловчи чораларни ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритади. Бундай мезонни белгилашдан мақсад иқтисодий инқироз (шок)лар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда давлат қарзи ҳажмининг ялпи ички маҳсулотга нисбати кескин ошиб кетиши эҳтимолини ҳисобга олади. Шу сабабдан ҳам қонунда ҳукумат давлат қарзи ҳажмининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан ошмаслигига қаратилган чоралар кўриши лозим.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда дунё мамлакатлари иқтисодиётининг бир-бирига боғлиқлиги ортиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон иқтисодиётининг очиқлигини таъминлаш, хоҳлаймизми, йўқми, барибир давлат қарзи масаласини келтириб чиқаради. Чунки миллий иқтисодиётимизни тез суръатларда ўстириш эвазига аҳоли жон бошига ЯИМни 2026 йил якуни билан 2,8 минг АҚШ долларига, 2030 йилга бориб эса 4 минг АҚШ доллари миқдорига етказиш жуда катта, масъулиятли ва оғир вазифа ҳисобланади. Бунинг учун иқтисодиётимиз ички ва ташқи қарз манбаларига муҳтож. Чунки ижтимоий ривожлантириш, инфраструктурани замон талаблари даражасида шакллантириш ҳамда атроф-муҳитни сақлаш, экологик вазият билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш замонавий лойиҳаларни амалга оширишни, технологиялар, қўшимча инвестициялар жалб қилишни талаб этади.
Мана шундай шароитда Ўзбекистон учун ташқи қарз манбалари билан биргаликда ички манбаларни кўпроқ йўналтиришнинг замонавий механизмларини кўзда тутувчи ички қарз бозорини ривожлантириш, бизга қарз берувчи мамлакатлар бўйича қарз таркибини миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда диверсификациялаштириш, давлат қарзини бошқариш бўйича ишлаб чиқиладиган стратегиянинг асосий масалалари сифатида қаралиши лозим. Чунки давлат қарзи, айниқса, ташқи қарз хавф-хатарлар билан боғлиқлиги бу, бор ҳақиқатдир.
Download 40 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling