Ўзбекистон ҳудудида электр энергетика иншоотларининг бунёд этилиш тарихи


Download 25.51 Kb.
Sana21.08.2023
Hajmi25.51 Kb.
#1669034
Bog'liq
ЎЗБЕКИСТОН ҲУДУДИДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГЕТИКА ИНШООТЛАРИНИНГ БУНЁД ЭТИЛИШ ТАРИХИ


ЎЗБЕКИСТОН ҲУДУДИДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГЕТИКА ИНШООТЛАРИНИНГ БУНЁД ЭТИЛИШ ТАРИХИ
Ўзбекистон электр энергияси саноати тараққиёти ГОЭЛРО (Государственная комиссия по электрификации России) режасини тузиш билан бошланди. 1920 йил 22 декабрда ГОЭЛРО (том маънода – давлатни электрлаштириш сиёсати) плани қабул қилиниб, республикада аввал гидроэлектростанциялар қурилди. Чунки ёқилғи четдан келтирилганлиги учун иссиқлик электр станцияларида ҳосил қилинган қувватнинг таннархи юқори бўлган. Сув қувватидан фойдаланиш Ўрта Осиёда мавжуд бўлган бошқа бир муаммони – янги ерларни суғоришни ҳам ҳал қилиб берар эди. Шунингдек, дастлабки ГЭСлар кичик каналларда, кичик дарёларда қурилиб, иқтисодий ва техник жиҳатдан арзон тушар эди.
Ўзбекистон ҳудудида энергетиканинг равнақи ва ГЭСлар қуриш ишлари 1923 йилда Тошкентда Бўзсув ГЭСининг қурилиши бошланиб, 1926 йил 1 майда ишга туширилиши билан бошланди 1. РСФСР ҳукумати Бўзсув гидроэлектр станциясини қуриш учун 350 минг рубль ажратди 2 . Маълумки, ўша даврда, давлат аҳамиятига молик ишлар халқ ҳашари йўли билан ташкил этилган. Бўзсув ГЭСнинг қурилиши ҳам ҳашар асосида олиб борилган. Таъкидлаш жоизки, қурилиш жараёнида қатор муаммолар келиб чиқди: қурилишни молиялаштириш, зарурий жиҳозларни етказиш, кадрлар, қурилиш материаллари билан таъминлаш долзарб масалага айланади.
Мазкур масалаларни ижобий ҳал қилиш учун собиқ Иттифоқ ҳукуматига мурожаат этилиб, молиялаштириш манбалари аниқлаштирилади. Қурилиш ишлари қўл меҳнати билан ташкил этилади. Айтиш лозимки, бутун механизация ускуналари – темир йўл вагонеткалари, насос қурилмалари, дизелда ишлайдиган бетонни аралаштириш мосламасидан иборат эди, холос. Шунга қарамасдан, Бўзсув ГЭС қисқа муддатда қурилиб битказилди. Тўғон 94 сутка мобайнида, ГЭС биноси ва гидроиншоотнинг асосий қисми эса 9 ой давомида қурилган. 1926 йил – Ўзбекистонда энергетикани янада ривожлантириш билан тавсифланади. ГЭСнинг ишга туширилишини катта ҳаяжон билан куттан аҳоли байрам тадбирларини бошлаб юборади, тантанали митинглар уюштирилади. Унда Ўзбекистоннинг ўша давридаги раҳбари Йўлдош Охунбобоев ҳам сўзга чиқиб, биринчи икки агрегатнинг ишга туширилиши билан барчани қутлайди.
Шу билан, тўқимачилик саноати, бошқа турдаги саноат корхоналарига электр энергияни узлуксиз етказиш таъминланади. Шаҳар кўчаларининг кечаси керосин ёритилишига барҳам берилади 3.
Ўша даврда қуввати 2 минг кВт бўлган Бўзсув ГЭСи Ўрта Осиёда биринчи ва йирик энергетика иншооти бўлиб, ХХ асрнинг 30-йилларида унинг қуввати Ўзбекистонда мавжуд бўлган барча ГЭСлардан юқори бўлган. Айни вақтда Бўзсув ГЭСи Тошкент трамвайини электр энергиясини таъминловчи дизель электр станцияси билан боғловчи, узунлиги 34 км ли 39 та трансформатор маскани (пункти) бўлган 6 кВт ли кабель тармоғи қурилган эди 4. Шу тариқа Ўзбекистонда энергетика тизимини қуришга асос солинди.
Электроэнергиянинг ўсиши натижасида Тошкент қишлоқ хўжалиги муҳандислик заводи, Тошкент тамаки фабрикаси, Тошкент тўқимачилик фабрикаси қурилиши бошланди, Қувасой цемент заводи фойдаланишга топширилди, Хилковада цемент заводи реконструкция қилинди, Фарғонадаги тўқимачилик фабрикаси ва консерва заводи, Самарқанддаги ипакни қайта ишлаш заводлари барпо этилди. Бухорода ва Марғилонда иккита йирик ипак тўқиш фабрикаси қурилди, еттита ғишт заводлари қурилиб, ишга туширилди, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш саноатини яратиш учун дастлабки қадамлар қўйилди. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига электр энергияси ва иссиқлик энергиясини етказиб бериш учун 2000 кВт қувватга эга биринчи буғ турбинали электр станцияси фойдаланишга топширилди ва 1935 йилгача унинг қуввати 8300 кВт га оширилди 5.
1931 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Ўрта Осиё энергетика қурултойида Ўрта Осиёни электрлаштириш Бош режаси тасдиқланади ва бу режага кўра Ўрта Осиёнинг гидроэнергетик ресурсларини ўзлаштириш ишларида лойиҳа-қидирув ва лойиҳа ишларини амалга ошириш 1930 йилда ташкил этилган “Средазгидропроект” институтига топширилади 6. 1934 йил 25 сентябрда Ўзбекистон энергетика тизимининг ташкилий асоси – “Ўзбекэнерго” энергетика бошқармаси (кейинчалик Ўзбекистон Республикаси энергетика ва электрлаштириш вазирлиги) ташкил этилди 7.
Республика иқтисодиёти ва аҳолиси сонининг ўсиши баробарида Ўзбекистон электр энергетика саноати барпо этилишидан то у ягона тизимга бирлашгунига қадар “Ўзбекэнерго” томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси 3 млн кВт соатдан (1909 йил) 180 млн кВт соатга (1934 йил) ёки 60 маротабага ошди 8.
1932 йил апрель ойида Чирчиқ дарёси водийсида икки зинали ГЭС ва азот ўғитлари бўйича завод қуриш қарори қабул қилинди. Бир пайтнинг ўзида “Чирчикстрой” давлат бошқармаси ташкил этилиб, 1934 йилда у Давлат Иттифоқ қурилиш-монтаж трестига айлантирилди. 1951 йилда эса “Средазгидроэнергострой”, 1957 йилда “Ўзбекгидроэнергострой”га айлантирилиб, қайта ташкил этилди.
ГОЭЛРО режасининг Ўрта Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилишининг илғор бўғинларидан бири сифатида 1930 йил апрелида Бўзсув каналида қурилиши бошланиб, 1933 йил май ойида Тошкентда эксплуатацияга киритилган, қуввати 13,2 МВт бўлган 4 та агрегатли Қодирия ГЭСи бўлди. ГЭС қурилиши учун биринчи йилда собиқ Иттифоқ бюджетидан 1,9 млн ва республика бюджетидан 1,2 млн сўм ажратилган 9. Мазкур ГЭС Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида оғир саноатни ташкил этиш ҳамда уни янада ривожлантиришда муҳим роль ўйнади.
Қодирия ГЭС ишлаб чиқарган электр энергия негизида Тошкент шаҳридаги Ворошилов номли қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводи, Чирчиқ электрокимё комбинати, ноёб гидротехник иншоотларига эга Чирчиқ ГЭСлари каби республикадаги биринчи йирик корхоналар қурилди. Ушбу ҳудудда саноат корхоналарининг юксалиши замирида Чирчиқ шаҳри барпо этилди ҳамда ривожланиб борди 10. Қодирия ГЭСи электр энергиясидан Тошкент шаҳридан Бурчмулло қишлоғигача бўлган Чирчиқ водийсидаги колхозчилар ва деҳқонларнинг уйларида тарихда биринчи марта минглаб чўлғамали электр лампочкалари ёнди.
Электр станцияларининг қурилиши ва саноат корхоналарининг ривожланиши магистрал электр тармоқларини қуриш заруратини келтириб чиқарди. Қодирия ГЭСининг ишга туширилиши билан бир вақтнинг ўзида республикада биринчи бўлиб ундан Тошкент шаҳрига электр энергиясини ўтказувчи 35 кВ кучланишли икки занжирли линия фойдаланишга топширилди 11. Шу тариқа Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистондаги сув йўлларига ГЭСлар қурилиши мумкинлиги асосланди ҳамда Фарғона ва Марғилон шаҳарларини электр энергияси билан таъминлаш учун Исфайрамсойга қуриладиган Исфайрам ГЭСи, Самарқанд шаҳрини электр энергияси билан таъминлаш учун Дарғом каналига қуриладиган Хишрау ГЭСининг лойиҳалари ишлаб чиқилди 12. 1932 йили Чирчиқ дарёсига қуриладиган ГЭСлар каскади қурилиши бошланди.
Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари кенгаши 1933 йил 29 январдаги қарори билан 1933 йил 2 май ойида Тошкент шаҳрида электр энергияга кескин ўсиб бораётган талабни қондириш ва Текстиль комбинатини электр энергия билан таъминлаш мақсадида Бўрижар ГЭСнинг қурилиши бошланади. 1936 йил 19 март куни қуввати 3,2 МВт бўлган 1-гидроагрегат ишга туширилади, иккинчи гидроагрегат шу йилнинг 15 августида ишга туширилади. ГЭСнинг умумий қуввати 6,4 МВт га тенг. ГЭС тўлиқ эксплуатацияга 1937 йил 1 сентябрда киритилган.
Маълумки, Чирчиқ дарёсининг гидроресурслари ҳали 1923 йилдаёқ академик И.Г.Александров томонидан чуқур ўрганилиб, ГОЭЛРО экспедицияси тадқиқотлари натижалари асосида тақдим этилган.
Мазкур қурилиш ишлари бошқалар каби халқ ҳашари йўли билан ташкил этилди. Бутун республикадан ишчилар жалб этилди. Ўзбекистон ёшлар ташкилоти ҳам сафарбарлик асосида ёшларнинг қурувчи гуруҳларини тузган, шунингдек, Волхова, Свир ва Днепр қурилиш ишларида иштирок этиб, тажриба ва билим тўплаган мутахассислар ҳам сафарбар этилди.
1936 йил 17 ноябрда Чирчиқ ГЭСнинг асосига биринчи бетон қўйилиб, катта митинг уюштирилади. Унинг ишида ўша пайтда Ўзбекистоннинг уч раҳбари қатнашади: Ўзбекистон КП МҚ котиби Акмал Икромов, Халқ комиссарлари кенгаши раиси Файзулла Хўжаев, Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Йўлдош Охунбобоев 13.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкент атрофини боғловчи 35 кВт кучланишли ҳалқасимон ҳаво линияси қуриб битказилди, шимолий саноат районини электр энергияси билан таъминлаш учун катта қувватли “Шимолий” нимстанция қурилди.
1939 йил декабрда ВКП(б) МК ва СССР Халқ Комиссарлари Совети Чирчиқ ГЭСи ва азот-ўғит комбинатининг биринчи навбатини қуриб битказиб, 1940 йил сентябрь ойида ишга тушириш тўғрисида, 1940 йил январда “Чирчиқ электрохимия комбинатини қуриш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Чирчиқ ГЭСларининг қурилиши муҳим тоифадаги объектлар сирасига кирган ва у доимо партия ва ҳукумат назоратида бўлган. Шу зайлда 1940 йил май ойида Чирчиқ ГЭС (ГЭС-7) нинг 2 та агрегати томонидан электр энергияси ишлаб чиқарилди. 1941 йилга келиб, Чирчиқ ГЭСлари Чирчиқ ва Тошкент шаҳрини электр энергияси билан таъминлайдиган энг йирик энергия ишлаб чиқарувчилари ҳисобланган. Уларнинг қуввати ҳудуддаги саноат корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигини таъминлашда устувор аҳамият касб этган.
1. Тўраев Б., Тўраев З. Ўзбекистон гидроэлектр станцияларининг ривожланиш тарихи // “Ўзбекгидроэнергетика” журнали. 2020, №4. – Б. 68.
2. Абдушукуров Р.Х. Октябрьская революция, рассвет узбекской социалистической нации и сближении ее с нациями СССР. – Ташкент: Госиздат УзССР, 1962. – С. 250-251.
3. Самеджанов А. Ўзбекистон гидроэнергетика қувватлари юбилярлари // “Ўзбекгидроэнергетика” журнали. 2021, №1. – Б. 76.
4. Алимбоев А.У., Алимов Х.О., Аҳмедов К.Х. Иссиқлик электр станциялари. – Тошкент: Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2007. – Б. 3.
5. Мухаммедов М.М., Умаров А.З. Экономическая история Узбекистана. – Ташкент, 2020. – С. 142.
6. Уришев Б.У. Кичик гидроэлектрстанциялар. – Тошкент: Тафаккур авлоди, 2020. – Б. 6.
7. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 12-жилд. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2005. – Б. 245.
8. Нормуратов Б., Тиллаев С. Ўзбекистон гидроэнергетика тизимининг ривожланиш тарихи ва истиқболлари // “Ўзбекгидроэнергетика” журнали. 2020, №4. – Б. 38.
9. Уразов А. “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги Қодирия ГЭС (ГЭС-3) модернизациясига доир // “Ўзбекгидроэнергетика” журнали. 2020, №1. – Б. 10.
10. Сангинов А.А. Ўзбекистон гидроэлектростанциялари тарихи (1923– 2019). – Тошкент: “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Медиа маркази, 2019. – Б. 9.
11. Гайибов Ш.Т., Шамсутдинов Ҳ.Ф., Пулатов Б.М. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш. – Тошкент. “Fan va texnologiya”, 2015. – Б. 13.
12. Гидроэлектростанции Средней Азии. ЦАО Гидропроект. Альбомсправочник. – Ташкент, 1970. – С. 172. 13. Уразов А. Чирчиқ ГЭСлар каскади // // “Ўзбекгидроэнергетика” журнали. 2019, №4. – Б. 50.
Download 25.51 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling