1-мавзу. Экология ва унинг ривожланиши


Download 48.12 Kb.
Sana13.04.2023
Hajmi48.12 Kb.
#1349927
Bog'liq
1-МАВЗУ. ЭКОЛОГИЯ ВА УНИНГ РИВОЖЛАНИШИ


1-МАВЗУ. ЭКОЛОГИЯ ВА УНИНГ РИВОЖЛАНИШИ
Таянч иборалар: Атроф-муҳит, саломатлик, табиат, жамият, популяция, биоценоз, биогеоценоз, экологик меъёрлаштириш, экотизм, биосфера, антропоген, абиотик ва биотик омиллар, экология.
Режа:
Экологиянинг ривожланиш тарихи.
Экология ва унинг вазифалари.
Экологик омиллар.
Популяциянинг асосий хусусиятлари.
Биоценозлар ва экотизимлар.
Иқтисодиётнинг реал тармоқларини ривожланишида муҳим экологик вазифалар.

Экологиянинг ривожланиш тарихи


Маълумки, кундалик турмушимизда “экология” сўзи тез-тез учрайди. Бунинг сабаби атроф-муҳит ҳолатининг ўзимиз, яъни инсонлар, томонидан ноқулай ҳолатга келтирилганлигида. Шунинг учун ҳам бу атама кўпинча “Жамият”, “Инсон”, “Атроф-муҳит”, “Саломатлик” каби сўзлар орасида тез- тез қўлланилади. Зероки “Табиат” ва “Жамият” ўзаро диалектик бирликда бўлиб, улар доимо бир-бирига таъсир ўтказиб келади. Бизни ўраб турган барча табиий неъматлар – музлигу-қумликлар, ўрмону-даштлар, тоғу- тошлар, ҳавою-сувлар, хуллас, барчаси ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, бир- бирини мувозанатда сақлайди. Табиатнинг бирор бир ерида ва жабҳасида содир бўладиган ўзгаришлар табиий мувозанатга таъсир этмай қолмайди.
Бундай мувозанатни сақлаб туриш ҳаётнинг экологик қонун-қоидаларини ўрганишни талаб қилади.
Экологик тушунчанинг илдизи тарихан чуқур бўлиб, антик даврга бориб тақалади. Ҳайвон ва ўсимликларининг ер юзида тарқалиши ва улар ҳаётининг ташқи муҳит билан боғланишлари тўғрисидаги экологик маълумотлар эрамиздан аввал яшаб ўтган грек файласуфлари Аристотел ва Теофраст Эрезейский томонидан тўпланган. Аммо “Экология” атамаси фанга кечроқ кириб келди. Уни биринчи марта немис табиатшунос олими Эрнест Геккель 1866 йилда чоп этилган ўзининг “Организмларнинг умумий морфологияси” деган китоби орқали олиб кирди. Унинг таърифига кўра, “Экология – табиатни иқтисодий жиҳатдан тадқиқ қилиш орқали ҳамма тирик организмларнинг органик ва ноорганик муҳит унсурлари билан бирга, унинг таъсир доирасида турган антогонистик ва ноантогонистик алоқадорликда бўлган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ўртасидаги муносабатларни очиб бериши”. У инглиз олими Чарльз Дарвиннинг тирик организмларнинг эволюцион ривожланиши тўғрисидаги таълимотини ривожлантириб, ҳар қандай тирик организм атроф табиий муҳитга мослашиб, ўзининг морфологик (ички) ва морфометрик (ташқи) кўрсаткичларини ўзгартириб боришини, мослашмагани эса табиий танлаш асосида қирилиб кетишини исботлаб берди.
Э.Геккель “экология” сўзига таъриф берар экан, инсон томонидан “табиатни иқтисодий тадқиқ қилиш” деган иборалари биз учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки у табиатни сон жиҳатдан ифодаланиши инсон иқтисодиётига нечоқли боғлиқлигини ифода этди1.
Экология сўзи грекча бўлиб, “oikos” - уй, яшаш жойи, маскан ва “logos”
фан деган маъноларни билдиради. “Экология” сўзи ўз мазмунига кўра, “уй ҳақидаги, ўзининг яшаш жой ҳақидаги фан” деган маънони англатади. Янада
умумийроқ маънода экология - бу организмларнинг уларни ўраб турган яшаш муҳити билан ўзаро муносабати, шу билан бирга уларнинг бошқа организмлар ва туркумлар билан ўзаро боғлиқлиги (хилма-хиллиги) ни ўрганувчи фандир.
Дарҳақиқат, экология тушунчаси жуда кенг бўлиб, уни кенгайтиришда, экология фанининг шаклланиши ва ривожланишида кўпгина олимлар ҳисса қўшдилар.
Экология фанининг тарихи табиий фанларнинг тараққиёт босқичлари билан узвий боғлиқдир. Қадимги юнон олими Афлотун (Аристотель эрамизгача бўлган 384-322 йиллар) дунёнинг пайдо бўлиши ҳақида фикр юритиб, табиатдаги барча мавжудот бир-бири билан боғлиқдир, деган. Афлотуннинг шогирди Теофраст Эрезийский (эрамиздан олдинги 378-280 йилларда яшаган) ўсимликлар дунёсини ўрганиб, уларнинг турли шароитда ҳар хил шаклда (дарахтсимон, бутасимон ва ўтсимон) бўлишларини қайд қилган. Уларнинг инсон ҳаётидаги ролини алоҳида таъкидлаган. Гиппократ (эрамизгача 460-370 йиллар) инсон саломатлигига сув, ҳаво ва у яшаб турган муҳит ниҳоятда катта таъсир кўрсатишини қайд қилган эди.
Милоддан кейин Европада Христиан динининг вужудга келиши муносабати билан табиий фанлар инқирозга учраган бир пайтда Марказий Осиёда у анчагина ривожланди. Жумладан, ўзбек қомусий олими Абу Райҳон Беруний (973-1051 йиллар) ёзиб қолдирган асарларида (унинг 152 та асари бўлиб, шундан бизгача 27 таси етиб келган) йил ва фаслларнинг ўзгариши билан ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ўзгариши тўғрисида фикр юритилган. Беруний баъзи табиий-илмий масалаларда табиат ҳаётидаги диалектикани топишга ҳаракат қилади ва шу зайлда умумий шаклда бўлса ҳам кейинги даврлардаги табиатшунос олимларга баъзи муҳим илмий муаммоларни ечишлари учун йўл кўрсатиб беради. Хусусан, Беруний айтадики, гарчанд, ердаги ўсимлик ва ҳайвонларнинг яшаши учун зарур имкониятлар чекланган бўлса-да, ўсимлик ва ҳайвонлар чексиз кўпайишга
интилади ва шу мақсадда курашади. Унинг айтишича бирорта ҳайвон ёки
ўсимлик тури ер юзини бутунлай қоплаб олса, бошқаларнинг кўпайишига ўрин қолмайди. Шунинг учун деҳқонлар экинларни ўтоқ қиладилар, асаларилар асални бекорга ейдиган ўз жинсларини ўлдирадилар. Беруний - ер юзининг ўзгариши ўсимлик ва ҳайвонларнинг ўзгаришига олиб келади, деб таъкидлайди. Беруний асарларида ўсимлик ва ҳайвонларнинг биологик
хусусиятлари, уларнинг тарқалиши ва хўжаликдаги аҳамияти ҳақида маълумотлар топиш мумкин. Берунийнинг бу соҳадаги қарашлари асосан “Сайдана”, “Минералогия”, “Қадимги авлодлардан қолган ёдгорликлар” асарларида таҳлил этилган; ўсимлик ва ҳайвонларнинг ташқи муҳит билан алоқаси, уларнинг хулқ-автори табиат фасилларининг ўзгариши билан боғлиқ равишда ўзгариши мисоллар билан тушунтирилган. Жумладан асарда қиш қаттиқ келса, қушларнинг тоғдан текисликларга тушиши, чумолилар- нинг уясига бекиниб олиши ва ҳоказолар кўрсатилган. Беруний ер қиёфасининг ўзгариши ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ўзгаришига, тирик организмларнинг ҳаёти ер тарихи билан боғлиқ бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Қумни ковлаб, унинг орасидан чиғаноқни топиш мумкин, дейди аллома. Бунинг сабаби шуки, бу қумликлар қачондир океан туби бўлган, деб хулоса чиқаради.
Беруний “Сайдана” деган асарида 1116 тур дори – дармонларни тавсифлаган. Берунийнинг “Қадимги авлодлардан қолган ёдгорликлари” ва “Ҳиндистон” деган асарларида ўсимлик ва ҳайвонларнинг тузилиши ҳамда уларнинг ташқи муҳит билан алоқаси ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар келтирилади.
Буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг (782-847 йиллар) “Китоб сурат ал-арз” асарида дунё океанлари, қуруқликдаги қитъалар, қутблар, экваторлар, тоғлар, дарё ва денгизлар, кўллар, ўрмонлар ва улардаги ўсимлик, ҳайвонот дунёси, шунингдек, бошқа табиий ресурслар – ернинг асосий бойликлари ҳақида кўпгина қимматли маълумотлар келтирилган.
Абу Наср Фаробий (873-950 йиллар) ботаника, зоология, одам анатомияси
ва табиатшуносликнинг бошқа соҳаларида фикр юритиб, табиатда бўлиб
турадиган табиий танланишни ва инсонлар томонидан олиб бориладиган сунъий танланишни тан олади. Немис олими М.К.Броккельманнинг рўйхатида Форобийнинг турли соҳаларга оид 180 та асарларининг рўйхати келтириладию бу асарлар бир неча гуруҳларга бўлинади. Шулардан иккинчи гуруҳга Форобийнинг табиатшунослик илми, амалий фаолият ва ҳунармандчилик масалаларига оид асарлари киритилган. Форобий туршуносликнинг турли тармоқлари билан шуғулланган бўлиб, “Китоб ал-ҳажм ва алмиқдор”, “Китоб ал- мабоди ал-инсон”, “Қаламфиаъзо ал-ҳайвон” асарлари бунга далил бўла олади. Форобий ўзининг “Ихсоа ал-улум ва ал-таъриф” асарида замонасидаги илмларни ҳар томонлама ўрганиб, уларни маълум тизимга солиб, туркумларга ажратди, ҳар бири илм тармоғига таъриф беришга ҳаракат қилди, табиатшунослик илмига катта эътибор берди. Табиатшуносликка оид “Одам аъзоларининг тузилиши”, “Ҳайвонлар аъзолари ва уларнинг вазифалари ҳақида” каби асарларида одам ва ҳайвонлар айрим аъзоларнинг тузилиши, хусусиятлари ва вазифалари ҳақида, уларнинг ўхшашлиги ва фарқлари келтирилиши билан бирга асосий анатомик, физиологик тушунчалар берилган. Уларнинг руҳий ҳолатларидаги хусусиятлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Одам аъзосининг тузилиши ва вазифалари ҳақида сўз юритилганда уларнинг ўзаро боғлиқлиги ва яхлитлиги, уларда келиб чиқадиган ўзгаришлар яъни касалликлар биринчи навбатда овқатланиш тартибининг бузилиши оқибатида келиб чиқади, деб тушунтиради.Форобий табиий ва инсон қўли билан яратилган сунъий нарсаларни ажратган. Инсон омилининг таъсири катта эканлиги, табиий ва сунъий танлаш ҳамда табиатга кўрсатиладиган бошқа таъсирларни баҳолаган.
Абу Али ибн Сино (980-1037 йиллар) ҳам табиий фанларнинг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. Абу Али ибн Синонинг фалсафий ва илмий қарашлари “Китоб-аш-шифо” асарида баён этилган. Бу асарда хусусан, унинг ботаника, зоология, геология ва атроф-муҳит тўғрисидаги фикрлари ўз аксини топган. Ибн Синонинг инсон соғлиғини сақлаш ҳақидаги парҳёз, гигиена тўғрисидаги хулоса ва маслаҳатлари ҳануз
ўз аҳамиятини йўқотмаган. У барча ёшидаги кишилар учун жисмоний
машғулотларни тавсия этган. Ибн Сино тиббиёт тарихида физиотерапия асосчиларидан бири ҳисобланади. Киши организмига ташқи-муҳит таъсири муҳимлигини билан аллома айрим касалликлар сув ва ҳаво орқали тарқалиши ҳақида фикр баён этган. Ибн Синонинг фалсафий ва тиббий илмий қарашлари унинг жаҳонга машҳур асари “Китоб аш-шифо” яъни “Даволаш китоби” да баён этилган. Бу асарда материя, фазо, вақт, шакл, ҳаракат, борлиқ қаби фалсафий тушунчалар, шунингдек математика, кимё, ботаника, зоология, география, астрономия, психология каби фанлар ҳақида фикрлар баён этилган. Ибн Сино тоғларнинг вужудга келиши, Ер юзининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши, зилзилаларнинг юз бериши каби турли табиий жараёнлар ҳақидаги фикрлари геология илмининг ривожланишига катта таъсир қилди. Шу ҳол диққатга сазоворки, Ибн Сино бир қатор асарларини шеърий вазнда ёзган.
Экологияга доир фикрларни буюк давлат арбоби, шоир ва табиатшунос олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1482-1530 йиллар) ҳам баён қилган. У ўзининг “Бобурнома” деган буюк асарида ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ўхшаш томонлари ва фарқлари ҳақида аниқ далиллар келтиради. Самарқанд, Бухоро ҳудудларида ўсадиган ўсимликлар (арчалар, буталар, сарв дарахтлари, зайтунлар, чинорлар) ва ҳайвонларнинг кўпчилиги Ҳиндистонда ўсадиган ўсимликлар ва яшайдиган ҳайвонларга ўхшаш эканлигини айтади. Шу билан бирга Ҳиндистондаги кўпгина ҳайвонлар ва ўсимликлар эндемик эканлигини қайд қилади. У бир мамлакат ўсимликларини иккинчи мамлакат ерларига ўтқазиб боғлар барпо қилган. Жумладан Қобулга шимолдан олча, Ҳиндистондан банан, шакарқамиш келтириб эктирган. Кейинчалик бу ўсимликларни Бухоро ва Бадахшонга ҳам юборган.
Ўрта Осиёлик буюк алломаларнинг табиат ва уни асраш тўғрисидаги қарашлари ҳозирги кунда ҳам ўзига хос аҳамиятга эга2.

Экологиянинг кейинги тараққиёти Европада XVIII асрда ўз аксини топади3. Шу замонда К.Линней ва Ж.Бюффонлар қимматли экологик кузатишлар олиб боришган. Карл Линнейнинг (1707-1778 йиллар) илмий асарларида “Табиат системаси” (1735 йил), “Ботаника фалсафаси” (1751 йил) ва “Ўсимлик турлари” (1753 йил) асарларида ўсимликлар ва ҳайвонларнинг сунъий системаси ёритилган. У табиатда уч нарса: минераллар, ўсимликлар ва ҳайвонот ўзаро боғлиқлигини айтган. Француз табиатшунос олими Ж.Бюффон бир турнинг иккинчи турга айланишига ташқи муҳит, иқлим ҳарорати, овқатланиш сифати ва бошқа омиллар сабабчи бўлади, деган.


Буюк француз табиатшуноси Жан Батист Ламарк (1744-1829 йиллар) “Зоология фалсафаси” (1908 йил) асарида ўсимлик ва ҳайвонларнинг турлари муҳит ўзгаришларига мослашиши туфайли ўзгаради ва янги турларнинг вужудга келишига сабабчи бўлади. Шу тариқа ўсимлик ва ҳайвонлар эволюцияси вужудга келади, деб кўрсатган.
Экологик фикрларнинг кейинги ривожи XIX асрнинг бошларида биогеография фанининг вужудга келиши билан боғлиқдир. Бу йўналишнинг асосчилари Александр Гумбольдт (1769-1859 йиллар) ўзининг “Физиономия” (1807 йил) - ўсимликларнинг ташқи қиёфаси (ландшафт) атамалариии таклиф қилди. А.Гумбольд ўсимлик ҳаётий шаклларининг дастлабки классификациясини тузди.
Скаун ва А.де Кандолнинг “Ботаник географияси” (1855 йил) асари экология соҳасидаги тушунмовчиликларга барҳам берди ва шу фаннинг ривожланишида муҳим роль ўйнади.
Чарльз Дарвин (1809-1882 йиллар) 1859 йили “Турларнииг келиб чиқиши” асарида турли организмлар ўртасида ҳаётий пойга, яъни яшаш учун кураш, улар ҳаётининг муҳитга боғлиқлиги билан табиий танланиш ўртасида узвий боғланишни тўла исботлаб берди.
Даниялик ботаник Е.Варминг ўзининг “Ўсимликлар географиясининг онкологияси” (1895 йил) асарида ўсимликларнинг ҳаёт тарзи тўғрисидаги тушунчани тўғри исботлаб берди.
А.Н.Бекетов - (1825-1902 йиллар) ўсимликларнинг морфологик ва анатомик тузилиши уларнинг географик тарқалишига боғлиқ эканлигини аниқлади ва экологияда физиологик текширишлар ўтказишнинг аҳамиятини кўрсатди. Ўсимликлар жамоаси тўғрисидаги тушунчадан ўсимликлар экологияси мустақил бўлиб ажралиб чиқди. И.К.Пачосский, С.М.Коржинский ва Н.А. Краснов бу фанни “Фотосоциология” деб юритганлар ва кейинчалик унга “Фитоценология” деб ном берилади; вақт ўтиши билан у геоботаника деб аталадиган бўлди.
Ўзбекистонда геоботаника фанининг ривожига К.З.Зокиров, А.М.Музаффаров, Е.Коровин, И.И.Гранитов муносиб ҳисса қўшган.
Ўзбекистонлик олимлар АМ.Музаффаров, АА.Мухамадиев ва A.Э.Эргашев – сувда яшайдиган организмларнинг ҳаёт турларини ўрганиш ва уларнинг турларини аниқлаш бўйича самарали иш олиб бордилар. Улар сув муҳитидаги экосистема ва уларнинг компонентлари тўғрисида маълумотлар бердилар. К.А.Тимирязев (1843-1920 йиллар) ва Н.А.Максимов ўсимликлар экологиясида физиологик хусусиятларнинг аҳамияти ҳақида ўз илмий ишларида сўз юритганлар. Академик Т.Зоҳидов ўзининг “Ўрта Осиёнинг табиати ва ҳайвонот дунёси” (1969 йил) ва “Қизил қум чўлининг биоценози” (1971 йил) асарларида экология атамаларига катта эътибор берди. В.В.Докучаев (1846-1903 йиллар) тупроқшунослик махсус фан сифатида ривожланишига асос бўлган назарий масалаларни ишлаб чиқди. Олим табиатдаги тупроқлар ниҳоятда хилма-хил эканлигини ва тупроқдан фойдаланиш ҳамда унумдорликни оширишни зоналарга қараб олиб бориш кераклигини алоҳида қайд қилди. Тупроқнинг пайдо бўлишида ҳамда унинг унумдорлигини оширишда ўсимликлар ва микроорганизмларнинг ролини
алоҳида кўрсатди.
Швецария ботаниги О.Ф.Декалдоль ўсимликларга ташқи муҳит таъсирини ўрганадиган эрриология фанига асос солади (1832 йил). Бироқ экология ҳамма олимлар томонидан тан олинган фан сифатида фақатгина 1900 йиллари шаклланди. Даставвал ўсимликлар ва ҳайвонлар экологияси соҳасида кузатишлар олиб борган Ф.Клементс ва В.Шелфордлар, моддалар алмашинуви ва озиқа занжири концепцияларига асос солган Т.Линдеман ва Дж.Хатчинсонлар ва кўл системаларини кузатган Э.Бирдже ва Чана Джудее ҳамда шуларга ўхшаш бошқа олимларнинг кузатишлари умумий экология фанининг назарий асосларини ташкил этди. XX аср бошларида ўсимлик ва ҳайвонларнинг ташқи муҳит билан ўзаро таъсирини ўрганиш бош масала қилиб қўйилди. Шу билан биргаликда организмларнинг ички сув ҳавзаларида яшаш шароитини ўрганиш ҳам бошлаб юборилди. Сувда яшовчи организмларни ўрганувчи гидробиологлар биомасса (немис олими Т.Демоль), биоценоз маҳсулоти (Р.Демоль, А.Тинеман) тушунчаларини таърифлаб бердилар. Экологлар ўз тажрибаларини дала шароитида олиб борадиган бўлдилар. Улар зараркунандалар, кемирувчилар ва ов қилинадиган сут эмизувчилар сонининг ўзгариб туришини анализ қилдилар, қор қопламининг ҳайвонларга таъсирини ўргандилар, тупроқда яшайдиган умуртқасизларни текширдилар.
Экология фанини ривожлантиришга экосистема ва биогеоценоз тушунчаларининг шаклланиши ҳам катта ҳисса қўшди. Инглиз олими А.Тэнсли (1935 йил) биргаликда яшайдиган автотроф ва гетеротроф организмларнинг ҳар қандай тўдаси ва улар ҳаёти учун зарур бўлган абиотик муҳитни экосистема деб атади. Академик В.Н.Сукачев эса Ер юзининг муайян ҳудудида яшайдиган ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмларнинг, шу ҳудуд ландшафти, иқлим, тупроқ ҳамда гидрологик шароитлари билан бирлигини биогеоценоз деб номлади. Бу тушунчаларнинг фанга киритилиши, экологиянинг ҳар хил бўлимларини бир- бирига яқинлаштириш имконини берди ва XX аср бошларида ботаник ва
зоолог олимлар қуруқликдаги экологик кузатишларни алоҳида – алоҳида олиб
бордилар ва натижада ўсимлик гуруҳларининг тузилиш қонуниятларини ўрганувчи фитосоциология (кейинчалик фитоцинология) фани пайдо бўлди. Шу даврда гуруҳларнинг алмашиниш жараёнлари қонуниятларини ўрганиш (сукцессия) давом эттирилди.
Ўсимликлар гуруҳларини ўрганишда Т.Ф.Морозовнинг “Ўрмон тўғрисидаги таълимоти” (1912 йил) ва В.Н.Сукачевнинг “Ўсимлик гуруҳлари ҳақидаги таълимотга кириш” (1915 йил) асарлари муҳим аҳамият касб этди. Ҳозирги замон назарий экологиясининг ривожланишига инглиз олими Ч.Элтоннинг “Ҳайвонлар экологияси” китоби (1927 йил) ҳам катта таъсир кўрсатди.
ХХ асрнинг 1920-1930 йилларида академик В.И.Вернадский биосфера тўғрисидаги таълимотни яратиб экологияни ривожланишига катта ҳисса қўшди. 1930-1950 йилларга келиб, экосистема доирасида моддалар айланиши ва энергия оқимини ўрганиш сингари умумэкологик муаммолар кўтарилди.
1940-1950 йилларда Т.А.Работнов ва 1960 йилларда А.А.Уранов ўсимликларнинг популияциялари тўғрисидаги таълимотга асос соладилар. Кейинчалик чет элларда ҳам (инглиз олими Дж.Харпер) шунга ўхшаш илмий ишлар пайдо бўла бошлади. 1950 йилларга келиб умумий экология фани шаклланди. Унинг шаклланиши ва ривожланишига гидробиология соҳасида эришилган ютуқлар, қуруқликда яшайдиган ҳайвонлар ва ўсимликлар экологиясига оид тўпланган маълумотлар, экосистема ёки биогеноценоз тушунчаларининг ифодаланиши, экологияни ўрганишда математик усулларнинг кенг жорий этилиши ва шу кабилар муҳим аҳамият касб этди.
Ҳозирги замон экологиясининг характерли хусусияти бутун биосферани қамраб олувчи жараёнларни тадқиқ этишдир. Олимлар томонидан одам ва биосфера ўртасидаги ўзаро муносабатлар (тасирлар) синчиклаб ўрганилмоқда. Бу соҳадаги халқаро биологик дастур доирасида олиб бориладиган ишлар 1964 йилда бошланди. Унинг асосий мақсади - Ер шарининг турли хил жойлардаги экосистемаларнинг маҳсулдорлигини ўрганиш. Экологиянинг
асосий вазифаларидан бири, бу одам яратган табиий ва сунъий
системаларнинг тузилишини ҳам функционал асосларини миқдорий усуллар ёрдамида батафсил ўрганишдан иборат. Индивидларнинг жойлашишини популяциянинг ёши, жинсий ва экологик тизимини ўрганиш ҳам экологиянинг вазифасидир. Бунда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги зараркунандалари, касаллик қўзғатувчи ва тарқатувчилар популяциялари сонининг ўзгаришига алоҳида эътибор берилиши лозим.
Марказий Осиё ва Ўзбекистон экология фанини ривожлантириш соҳасида бир қанча олимлар ўз ҳиссасини қўшганлар ва ўз мактабларини шакллантирганлар.
1930 йилларда экология йўналишларига асосланган Марказий Осиё мактаби ҳозирги М.Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Давлат Университети қошида шаклланди. Мактаб ўлканинг биологик жамоаларини, уларнинг таркибий қисмларини ўрганиш билан бирга эколог мутахассислар тайёрлашда, экологияни ривожлантиришда ҳам аҳамиятга эга бўлди.
1930 йилларга келиб экологик илмий изланишларнинг натижалари илмий асарларда ўз аксини топа бошлади. Буларда фақат маълум жойнинг экологик ҳолати ҳақида гап бормай, балки экология фанининг асослари биоценология ва фитоценология каби соҳалари ҳам ривожлантирилди.
Марказий Осиё экологларининг, айниқса, ўлканинг айрим ланд- шафтларининг экологиясини ўрганиш, тизим, фаоллиги, динамикаси ва эволюцияси, шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг муаммолари ишлаб чиқилди. Д.Н.Кашкаров ишларида ландшафтнинг айрим элементлари ва уларнинг ўзаро боғлиқлиги, бирлиги ҳамда модда ва энергия алмашинуви, намлик, тупроқ ва биотик омилларнинг роли, антропоген омилининг ландшафтларга таъсири ва бошқаларни очиб берган.
П.А.Баранов ва И.А.Райковалар Помир тоғларида чўл биоценозларининг келиб чиқиши, динамикаси ва эволюциясида организмларнинг ҳаётида ноқулай ҳароратнинг аҳамияти, маданий биоценозларни юқори тоғ шароитида яратиш масалалари ишлаб чиқилди. Р.И.Абалин, Е.П.Коровин,
М.В.Культиасов ва И.И.Гранитовларнинг эколог – фитоценологик қарашлари
уларнинг чоп этган бир қатор ишларида ўз аксини топган. Марказий Осиёдаги ҳайвонлар экологияси йўналишлари бўйича комплекс илмий ишлар Т.З.Зоҳидов номи билан чамбарчас боғлиқ.
Т.Зоҳидов Қизилқум чўлларининг ўзига хос ҳаёт макони эканини, қумли, шўрхок лойли ва тошлоқ чўлларини мустақил биотоплар сифатида тавсифлаб, уларни ўз навбатида майда ҳудудий бирликлар, яъни фацияларга ажратиб берди.
Д.Н.Кашкаров ва Т.З.Зоҳидов ва бошқаларнинг асарларида ҳар бир ташқи муҳит омили (геологик, тарихий, орографик, иқлим, субстрат, ўсимликлар ва ҳоказолар) таъсирида маълум ҳудудлар бўйича ҳайвонлар гуруҳи ҳамда биоценозларнинг тақсимланганлиги очиб берилган.
Ўзбекистонда ўсимликлар айрим турларининг экологиясини (аутэкология) ўрганиш ишлари Е.Т.Коровин, М.В.Культиасов ва М.С.Поповларнинг ишлари билан боғланган. Ўзбекистонда экологик йўналишдаги ишларнинг асосчилари Д.Н.Кашкаров ва Е.П.Коровин ҳисобланади. 1930 йилларда бу олимлар томонидан “Муҳит ва жамоа”, “Ўрта Осиё ва Қозоғистон чўлларининг турлари ва улардан хўжаликда фойдаланиш истиқболлари”, “Чўллардаги ҳаёт” каби илмий асарлар чоп этилиб, бу асарларда экология фани ва унинг вазифалари, услублари ўз аксини топган. Экологик кузатишларни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Ботаника институтида В.А.Буригин раҳбарлигида ўсимликлар экологияси лабораторияси ташкил этилди. Ушбу лаборатория ходимлари чўл ва чала чўл шароитида ўсимликларнинг мослашиш хусусиятларини ўргандилар. Натижада тоғ олди минтақаларида фитомелиоратив ишларнинг ривожланишига асос солинди. Кейинчалик бу ишлар О.Х.Ҳасанов, Р.С.Верник, Т.Раҳимова ва бошқалар томонидан давом эттирилди. Чўл минтақаси ўсимликларининг биологик ва физиологик хусусиятлари З.Ш.Шамсиддинов, И.Ҳамдамов, Н.Сальманов, Л.С.Таевская ва шу каби олимлар томонидан ўрганилган бўлиб, уларнинг асарларида
шувоқ, изен, комфоросма, саксовул, терескин ва шу каби чўл
ўсимликларининг хусусиятлари турли хил тупроқ шароити билан чамбарчас боғлиги очиб берилган.
Ўзбекистонда ҳайвонлар экологиясини ривожлантиришда ҳисса қўшган олимларга Т.З.Зоҳидов, А.М.Муҳаммадиев, В.В.Яхонтов, М.А.Султанов, Р.О.Олимжоновларни киритиш мумкин. Улар ўзлари ва шогирдлари билан биргаликда бу соҳага бағишланган йирик монографиялар яратганлар. Жумладан, бу соҳада маълум бўлган В.В.Яхонтовнинг “Ҳашаротлар экологияси” (1963 йил), Т.З.Зоҳидовнинг “Қизилқум чўлининг биоценозлари” (1971 йил) каби асарларини келтириш мумкин. Д.Кашкаров, А.Зокиров, А.Петровлар Қарши чўлини чуқур ўрганиш натижасида “Қарши чўлининг умуртқали ҳайвонлари экологияси” деган асарни чоп эттирдилар. Бу асарда сут эмизувчи ҳайвонларнинг таркиби, тарқалиши, экологияси ва улардан фойдаланиш йўллари асослаб берилди.
Бир гуруҳ зоолог олимлар: Х.С.Солихбоев, О.П.Богданов, Т.Н.Паленко, С.Т.Губайдулина, Г.И.Ишунин, Д.Ю.Кашкаров, Н.Зокировларнинг илмий кузатишлари асосида “Нурота тоғи умуртқали ҳайвонлари экологияси” (1970 йил) номли асар яратилди.
1979 йилларда эхтиология ва гидробиология лабораторияси ходимлари А.М.Муҳаммадиев раҳбарлигида (А.Омонов, Ф.Зоҳидова, С.Ҳамроева, Д.Мансурова ва бошқалар) Ўзбекистон сув омборлари, кўлларининг биологик режими, ихтиофаунасининг шаклланиши, сувнинг ифлосланиши, сув ҳайвонлари экологияси ва сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича илмий изланишлар олиб бордилар.
Шундай қилиб, турли мамлакат олимларининг илмий изланишлари туфайли экология фани тўғрисидаги тасаввурлар тобора кенгайиб борди.
Экология – тирик жонзотларнинг яшаш шароити ва уларнинг ўзлари турган муҳит билан ўзаро яшаб мураккаб муносабатлари ва шу асосда туғилган қонуниятларни ўрганади.
Экологиянинг предмети – бундай боғланишларнинг замон ва маконга
қараб ўзгариб боришни ўрганиш яъни атроф муҳитдаги табиий мувозанатни
мониторинг қилишдан иборатдир. Унинг вазифалари – ер юзидаги тириклик жараёнларининг қандай кечаётганлигини ўрганиб бориш, фан ва техника ривожланган ҳозирги шароитда индустриал жамият кишисининг табиатга таъсирини ўрганиш ва уни бошқаришдан иборат. Бу вазифани бажариш учун экологик меъёрлаштириш тизимини яратиш зарур.
Экологик меъёрлаштириш – бу атроф муҳитга антропоген таъсирнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган чегарасини белгилашдир. Мазкур назарияни рус олими С.С.Шварц ишлаб чиқиб, қўллаш учун таклиф қилган. Экологик меъёрлаштирилишнинг тўғри йўлга қўйилиши яшаш муҳитидаги табиий мувозанатни сақлаб қолиб, инсон учун ноқулай экологик вазият вужудга келишининг олдини олади.
Маълумки, кишилик жамиятининг ривожланиши билан атроф муҳитга антропоген омилларининг таъсири кучайиб кетди. Айниқса кейинги йилларда бундай таъсир биосфера чегарасидан чиқиб, коинотгача етиб борди ва муҳитнинг экологик тозалигини сақлаш дунё миқёсидаги глобал масалага айланди. Шунга кўра экология фани вазифаларининг доираси ҳам янада кенгайди. Буни экологиянинг бошқа фанлар билан боғлиқлигида ҳам кўрса бўлади.
Экология ва унинг вазифалари

Ҳозирги кунда иқтисодиётнинг турли реал тармоқларида “Саноат экологияси”, “Кимё экологияси”, “Биокимёвий экология”, “Қишлоқ хўжалик экологияси”, “Ҳарбий экология”, “Психо экология”, “Ижтимоий экология”, “Инсон экологияси”, “Қурилиш экологияси” каби йўналишлар ривожланмоқда.


Экология гарчи биология фанидан келиб чиққан бўлсада, у нафақат биологик фанлар билан, балким жуда кўп нобиологик фанлар билан ҳам узвий боғлиқ. Бундай фанлар қаторига математика, физика, кимё, геодезия, архитектура, дизайн, назарий механика, бинолар ва иншоотлар қурилиши,
қурилиш материаллари ва буюмлари, қурилиш индустриясининг технологик ускуналари ва бошқа фанлар билан узвий боғлиқ (1-расм).



1-расм. Экологиянинг фанлар билан узвий боғлиқлиги

Буни қуйидаги бир неча мисолларда кўриш мумкин:
математика фани билан алоқаси
– экологияни математик моделлаштириш асосида “йиртқич- ўлжа” ҳамда “паразит-хўжайин” муносабатларини ўрганиш;
физика фани билан алоқаси – қуёш энергияси, электромагнит ва товуш тўлқинлари, радиоактив нурланиш, иссиқлик режими ва бошқаларнинг организмларга
таъсирини ўрганиш;

кимё фани билан алоқаси – органик ва минерал моддаларнинг табиатда айланишини ўрганиш ва ш.к.
Экологиянинг мақсади - ҳозирги ва келажак авлодлар учун экологик хавфсиз муҳитни таъминлаш. Экологик хавфсиз муҳит организмларнинг барқарор ҳолатда кўпайиши, ўсиши ва ривожланиши учун тоза, соғлом ва қулай табиий атроф муҳит ҳолати демакдир. Ушбу мақсад қуйидаги вазифаларни бажаришни талаб этади:
планетамиз ресурслари ва табиий атроф муҳит ҳолатини диагностика қилиш, яъни ҳисобга олиш ва баҳолаш;
локал (маҳаллий), регионал (минтақавий), глобал (курравий) миқёсда экологик мониторингни олиб бориш;
давлат, давлатлар ва халқаро ҳамжамият томонидан экологик назоратни ташкил этиш ва уларниишлаш механизмини яратиш. Бир пайтнинг ўзида нодавлат ташкилотлари, кишилар ва жамоат назоратини ўрнатиш ва
уларни тавсия кучидаги маълумотларидан экологик бошқарувда кенг фойдаланиш;
глобал миқёсда организмлар ва табиий атроф муҳит ҳолатига салбий таъсир этувчи инсон фаолиятини қаттиқ назорат остига олиш, меъёрдан ошган тарзда уни кескин тўхтатиш чораларини қўллаш;
истиқболга йўналтирилган экологик режа ва дастурларни мамлакат, қитъа ва Ер курраси бўйича ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва татбиқ қилинишига катта эътибор бериш;
экологик ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг жавобгарлигини белгиловчи локал, регионал ва универсал ихтисослашган органларни яратиш;
маҳаллий, регионал ва глобал миқёсда фаолият юритувчи экологик ёрдам гуруҳини яратиш. Экологик жамғармалар фаолиятини фаоллаштириш;
экологик туризм орқали табиий атроф муҳит ҳолатини сақлаб қолиш;
табиат ва жамият ўртасида экологик, экологик иқтисодий муносабат шаклларини ўрнатиш ва ҳ.к.
Шундай қилиб, экологиянинг қамрови кенг ҳисобланади. У айниқса ўтган асрнинг иккинчи ярмида у кўпчилик фанлар ичига кириб борди. Бунинг сабаби экологик билимлар аҳамиятининг катталигидир. Бу билимлар нафақат инсон фаолиятининг табиатга зарар етказиши, балки бу билан инсоннинг ўз яшаш шароитларини ўзгартириб юбориб, ҳатто унинг ҳаёти учун хавф туғдириши мумкинлигини ҳам ўргатади.
Табиат биз тасаввур этгандан кўра анча мураккабдир. Шунга кўра экологиянинг биринчи қонунини қуйидагича ифодалаш мумкин: “Табиатда инсон нимаики иш қилмасин, уларнинг барчаси унда кўпинча олдиндан билиб бўлмайдиган у ёки бу оқибатларни келтириб чиқаради”. Шундай қилиб, экологияни табиий ресурслардан фойдаланишнинг назарий асоси дейиш мумкин.
Экология ғояси фундаментал илмий фан сифатида жуда муҳим аҳамиятга эга. Агар биз бу фаннинг актуаллигини эътироф этадиган бўлсак, энг аввало, биз унинг қонунлари, тушунчалари, атамаларидан тўғри фойдаланишни ўрганиб олишимиз керак. Улар одамларга ўзларини ўраб турган табиий муҳитда ўз ўрнини аниқлашда, табиат бойликларидан тўғри ва оқилона фойдаланишда жуда катта ёрдам беради. Табиат биз ўзимиз тасаввур этгандан кўра ҳам анча мураккаброқдир.
Организмларнинг яшаш шароити ва уларнинг ташқи муҳит билан ўзаро муносабати, турлар, популяциялар, биоценозлар, экотизмлар, биосфера ва бошқа тушунчалар экология фанининг манбаини ташкил этади. Умумий экология - ўзаро боғлиқ ва ўзаро ҳаракатдаги организмларнинг яшаш муҳити қонуниятлари ҳақидаги фан. Умумий экологиянинг асосий вазифаси 1954 йили Киев шаҳрида бўлиб ўтган экологларнинг III-конференцияси қарорларида қуйидагича белгиланган:
организмлар ва муҳит ўртасидаги кўп киррали муносабатларни аниқлаш учун турларнинг муҳитга тарихий мосланиш йўлларини ўрганиш;
турнинг яшаш шакли бўлмиш тур вакиллари ҳосил қиладиган ва ривожланадиган популяцияларни ўрганиш билан бир вақтда уларнинг фарқланиши, сон ва сифат ўзгаришини ўрганиш;
маълум жойда, маълум муҳит ҳосил бўлган ва ривожланаётган биоценозларни, улар ичидаги организмларнинг муносабатларини ўрганиш.
Умумий экология асосан тўрт бўлимга бўлиб ўрганилади. Булар: аутэкология, популяциялар экологияси, синэкология ва биосфера ҳақидаги таълимот.
Aутэкология (“aутос” – юнончa сўз бўлиб, “ўзи” дегaн мaънони билдирaди) aйрим турлaрнинг улaр яшaб тургaн муҳит билaн ўзaро муносaбaтини, турлaрнинг бундaй муҳитгa кўпроқ вa узвий мослaшгaнлигини ўргaнaди.
Популяциялaр экологияси (“популяцион” – фрaнцузчa сўз бўлиб, “aҳоли” дегaн мaънони билдирaди) популяциялaр тузилмaси вa динaмикaси, мaълум шaроитдa турли оргaнизмлaр сонининг ўзгaриши (биомaссa
динaмикaси) сaбaблaрини текширaди.
Синэкология (“син” – юнончa “биргaликдa”) биогеоценознинг тузилиши вa xоссaлaрини, aйрим ўсимлик вa ҳaйвон турлaрининг ўзaро aлоқaсини ҳaмдa улaрнинг тaшқи муҳит билaн муносaбaтини ўргaнaди.
Экотизмларнинг тадқиқ қилишнинг ривожланиши биосфера (юнонча “биос” – “ҳаёт”, “сфера” – “шар”) ҳақидаги таълимотни вужудга келтиради. Сайёрамизда таркалган организмлар, яъни ер кобиғидаги мавжудотлар тизими биосфера деб аталади. Биосфера ҳақидаги таълимот - биосфера таркиби, тузилиши ва энергетикаси тирик организмлар фаолияти мажмуи билан белгиланадиган, яъни тирик мавжудотлар тарқалган ер қобиғидир.
Download 48.12 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling