Дилбархон Наргиза

Sana01.01.1970
Hajmi
#103612
Bog'liq
Дилбархон Наргиза


ТАРБИЯ – ИЖТИМОИЙ ОМИЛ

“Инсон боласи бошқа мавжудотлардан фарқли ўлароқ дунёга йиғлаб келади. Шунинг учун ҳам у тарбияга муҳтож”.


Иммануэль Кант

Одам яралибди-ки, ижтимоий муносабатлар қуршовида инсон сифатида шаклланади, ривожланади, ҳам ақлий, ҳам жисмоний камолотга етади. Бунда тарбиянинг аҳамияти муҳимдир.


Тарбия турли кўринишларда бўлади. Бирламчи, ота-она томонидан бериладиган тарбия. Кейин махалла-куй, таълим билан биргаликда олиб бориладиган тарбия. Сўнгиси инсоннинг ўз-ўзини тарбиялаш жараёни. Бу тарбия босқичлари инсон ҳаётининг турли босқичлари билан боғлиқ жараён саналади.
Инсон боласининг бу фоний оламдаги дастлабки одимлари оиладан бошланади, чунки оила – тарбиянинг илк куртакларини яратади ва янги авлодга ҳадя этади. Соғлом муҳитга эга бўлган оилалар — тарбияси, одоб-ахлоқи ва ҳулқи мақбул фарзандларни камол топтиришнинг кафолатидир. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим ва тарбияси учун бош жавобгарлар – ота-она, устоз ва мураббийлардир. Бирламчи тарбия, бу чақалоқ дунёга келиши бошланади. Аввало, яхши қаров – тўғри овқатлантириш, гигиена, кийинтириш ҳамда болани ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишдир. Бу боланинг 1,5-2 ёшигача давом этади. Сўнг бевосита бола учун муҳим бўлган навбатдаги жараён лар юзага келади.
Сўзлашиш. Бунда боланинг атрофидагилар катта роль ўйнайди. Негаки, болага “тили чиққани”дан бошлаб сўзларни яримта, чучук қилиб эмас, тўла, тўғри талаффуз этиши, натижада бола уларга тақлидан сўзларни айтилгани каби такрорлашини кўзда тутиш лозим. Шу ёшда болага турли бемаъни ва сўкиш сўзларини ўргатиш яхши натижага олиб келмайди, албатта.
Овқатланиш. Катталардан аввал дастурхонга қўл чўзмаслик, тамадди пайтида гапирмаслик, ўнг қўлда овқатланиш сингари кўникмалар сингдирилади.
Ўйин. Ўз тенгдошлари билан уришмаслик, берилган ўйинчоқни талашмай, келишиб, биргаликда ўйнаш ва ўйин жараёнида кийимларини ифлос қилмаслик ўргатилади.
Гигиена. Қўлларни, юзни, оёқларни, тишларни бир кунда уч махал ювиш, ўзгаларнинг шахсий буюми(коса, пиёла, қошиқ, сочиқ, ўрин)дан фойдаланмаслик кўникмалари шакллантирилади.
Ижтимоий муносабатларда – катталарга салом бериш, хайрлашиш, кичикларни хафа қилмаслик ва озор бермаслик, онаси ва атрофидаги катта ёшли кишиларнинг илтимосларини бажаришга рағбатлантирилади.
Бу жараёнлар бола катталашгани сари мураккаблашиб бораверади. Инсон боласининг камолга етишида қадриятларнинг ўрни беқиёс. Қадриятларнинг қадрига етмаган одам ўз қадрига ҳам етмайди, албатта. Маълумки, қадриятлар ўз мазмунига кўра моддий ва маънавий, кўламига кўра эса миллий ва байналмилал гуруҳларга бўлинади. Олий даражадаги моддий қадриятларга сахий Қуёш, она Ер, ҳаво, сув, нон, фойдали қазилмалар, асори атиқалар, мева-чевалар, бешик ва исириқ кабилар мисол бўлса, бебаҳо асарлар, ажойиб санъат дурдоналари, халқ оғзаки ижодининг маҳсуллари, дилрабо куй ва қўшиқлар маънавий қадриятлардир. Ёруғ оламга кўз очган дилбандлар дастлаб олий даражадаги моддий қадриятлар ҳисобланмиш ҳаво, она сути ва сувдан баҳраманд бўладилар. Сўнгра бошқа организм учун зарур қурилиш ашёлари ва организмнинг тана ҳарорати ва барча саъй-ҳаракатлари учун қувват берувчи моддаларни ўзлаштириш ва ўзгартиришга ўргана боради. Ота ва онанинг ўз фарзандларини ҳалол луқма билан боқишлари муҳим омиллардан биридир. Болаларнинг жисмонан, ақлан ва маънан соғлом бўлишлари кўп жиҳатдан уларнинг экологик тоза таъминланишига боғлиқ. Бундай таъминот, энг аввало, ҳаво, тупроқ, сув ва бошқа моддий омилларнинг софлиги билан белгиланади. Одам боласи ейиш учун эмас, балки яшаш учун ейиши, яъни тўлақонли озуқа рациони билан таъминланиши лозим. Чунки инсоннинг ўсиши ва ривожланиши учун моддий ва энергетик таъминот лозим. Ўсиш – миқдор ўзгаришлари (бўй-баст, вазн, куч – қувват маъносида) бўлса, ривожланиш – сифат ўзгаришларидир (ҳомила даври, эмбрионал ҳолат, чақалоқлик, болалик, ёшлик, ўсмирлик, жинсий балоғат, навқиронлик, ақлий комилликка эришиш, таълим ва тарбия олиш, касб – ҳунар эгаллаш, меҳнат қилиш малакасини ўзлаштириш, ўрта ёшлик, кексалик боқичларини бошдан кечириш кабилар).
Таълим, тарбия – бу боланинг боғча, мактаб, ўрта-махсус ва олий таълм жараёнида юзага келади. Аммо бу жараёнда ҳам ота - оналар асосий ролни бажаришлари шарт. Таълим ва тарбия жараёнларини тўғри ташкил этиш ўта муҳим ижтимоий масаладир. Тўғри ва тўлақонли тарбия топган ҳамда кучли билим ва касб-ҳунар соҳиблари жамиятнинг ривожлатирувчи кучи ҳисобланади.
Инсон туғилганидан бошлаб тарбия деб аталган ижтимоий омил қуршовида ҳаёт кечиради. Умрининг охиригача бу омил чегараларини бузиб чиқиб кета олмайди. Шахс камолотида оила, мактаб (таълим муассасаси) ва жамоатчиликнинг ҳамкорлигини инкор этмаган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, энг олдинги позицияда таълим ва тарбия жараёнлари туради. Шунинг учун ҳам ижтимоий-иқтисодий тараққиёт негизини таълим ва тарбия ташкил этади, деб эътироф этилиши — объектив ҳақиқатдир.


Дилбархон Инамова
Наргиза Хайитова
Наманган шаҳридаги
43-мактаб ўқ итувчиси
Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling