7. Эшқобилов 31.01.2020

Sana01.01.1970
Hajmi
#126098
Bog'liq
7. Эшқобилов 31.01.2020


УМУМТАЪЛИМ МАКТАБ РАҲБАРЛАРИНИНГ БОШҚАРУВ САМАРАДОРЛИГИНИГИ БАҲОЛАШДА KPI ТИЗИМИНИНГ АҲАМИЯТИ
Сaнжaр Эшқобилов,
A.Aвлоний номидaги
ХТТРМХҚТМОИ 1 - босқич докторанти
Телефон:+998(90)1789297
seshkobilov@umail.uz
Аннотация: Ушбу мақолада умумтаълим мактаб раҳбарлари бошқарув самарадорлигини баҳолашда KPI тизимининг аҳамияти, умумтаълим мактаб раҳбарларининг фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонлари ҳақида сўз боради.
Калит сўзлар: Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичи, бошқарув самара-дорлиги, баҳолаш мезонлари.
Мамлакатимизда таълим тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий қилиш орқали сифатли таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, сифат ва самарадорлигини баҳолаш асосида такомиллаштириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир.
Бизга маълумки таълим муассасаларини бошқаришда замонавий ахборот коммуникацион технологиялари (АКТ), ахборот тизимларини жорий этиш босқичма-босқич амалга ошириб борилмоқда. Ўз навбатида таълим муассаларини АКТ воситалари ёрдамида бошқаришда замонавий раҳбарлар замонавий технологиялардан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлишлари зарур. Таълим муассасаларини бошқаришда АКТ воситаларидан фойдаланиш бошқарув самарадорлигини ошишига хизмат қилувчи асосий омиллардан биридир.
Бугунги кунда дунё миқёсида тўпланган тажрибалар турли давлатларда таълим муассасалари раҳбарларининг бошқарув самарадорлигини баҳолашнинг турлича механизмларидан фойдаланиш амалиёти мавжудлигини кўрсатмоқда.
Умумтаълим мактаб раҳбарлари бошқарув самарадорлигини KPI (Key Performance Indicators – самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари) тизими асосида- баҳолаш орқали улар ўз фаолиятларини таҳлил қилиш ва стратегик режалар тузиш, фаолият йўналишларидаги бўшлиқлар устида ишлаш режаларини тузиб оладилар.
Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (Key Performance Indicators, KPI) бу стратегик ва тактик мақсадларга эришишда ёрдам берувчи муассаса ёки ходимлар фаолиятига тааллуқли кўрсаткичлар ҳисобланади. Бу кўрсаткичлардан фойдаланиш орқали таълим муассасаси ёки раҳбар ходими учун ўз ҳолатини таҳлил қилиш имкониятини тақдим этади ва стратегик вазифаларни амалга оширишни баҳолашда ёрдам беради.
Самарадорликни баҳолаш кўрсаткичи ходимлар, бўлимлар ва бутун муассасадаги ишчанлик фаоллигини назорат қилиш шароитини яратади. Бу кўрсаткич ютуқлар даражаси ва унга эришиш учун қилинган харажатлар даражасини ўзида акс эттирувчи фаолият натижадорлигининг муҳим кўрсаткичидир.
Самарадорликни баҳолаш кўрсаткичи тизимида таълим муассасаси бошқаруви ва ходимлари фаолияти рақамлар орқали ўлчанади. Кўрсаткичлар бўйича ҳисобот тайёрлангач, режалаштирилган мақсадга қанчалик даражада эришилгани, режалар қай даражада аниқ ва тўғри қўйилганини баҳолаш мумкин. Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари натижаси стратегик ва тактик мақсадларга тузатишлар киритиш, таълим муассасаси раҳбарлари ўз фаолиятидаги кучли ва заиф томонларини аниқлашга кўмак беради.
Ўзбекистон Республикаси вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг “Умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш тўғрисида”1 ги қарори бўйича умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш қуйидаги кўрсаткичлар орқали амалга оширилади:

  • битирувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлиги ва таълим сифати даражаси;

  • умумтаълим муассасаси 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси кўрсаткичи;

  • умумтаълим муассасасининг олий ва биринчи тоифали педагог ходимлари улуши;

  • ижтимоий сўровнома натижалари.

Умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда қуйидаги фаолият йўналишларини мезон сифатида олиш мумкин:

  • умумтаълим муассасасининг олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминланганлиги;

  • раҳбар томонидан ходимларнинг самарали меҳнат қилишлари ва ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун шарт-шароитларнинг яратилганлиги;

  • умумтаълим муассасасини бошқаришнинг очиқлиги, уни бошқаришда таълим олувчилар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик фикри инобатга олиниши;

  • раҳбарнинг таълимга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билиши, раҳбарлик қобилияти, касбий ва лавозим вазифаларида белгиланган вазифалар бўйича билимини аниқлаш;

  • умумтаълим муассасаси битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қайд этган кўрсаткичлари;

  • умумтаълим муассасаси ўқувчиларининг ўқув фанларини давлат таълим стандартларига мувофиқ ўзлаштириш даражаси;

  • умумтаълим муассасаси рейтинги кўрсаткичлари;

  • умумтаълим муассасасида бюджетдан ташқари қўшимча маблағ топишнинг йўлга қўйилганлиги;

  • умумтаълим муассасасида директор жамғармаси ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш кўрсаткичлари.

KPI тизими асосида баҳолашда биринчи навбатда мезонлар ишлаб чиқилади. Ишлаб чиқилган мезонлар бўйича мониторинг олиб борилади. KPI тизими асосида баҳолашда маълум бир муддатда олинган натижалар таққосланади. Мониторинг натижаларига кўра яъни самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларига қараб таълим муассасасини ривожлантириш режалари тузилади, қарорлар қабул қилинади.
Таълим муассасаси раҳбарларининг бошқарув фаолиятидаги самарадорилиги таълим муассасасининг умумий фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларига таъсир кўрсатади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, фаолият самарадорлигини баҳолаш натижаларига кўра таълим муассасаси раҳбарлари ўз устида ишлаш, мунтазам касбий маҳоратини ошириб бориши ва бунинг натижасида таълим муассасаси билан ижобий натижаларга эришишига замин яратади.

1 Узбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг “Умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2018 йил 17 декабрь 9-мҳ, 14-мҳ қарори.

Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling