мадинага

Sana01.01.1970
Hajmi
#165219
Bog'liq
мадинага


Бибихоним – аёл ардоғи рамзига айланган малика
Чиғатой улуси хони Қозонхоннинг қизи Бибихоним (асл исми Сарой-мулкхоним, 1341 — 1408) Амир Темурнинг катта хотини эди. У дастлаб, 1355 йил амир Қазағоннинг набираси Ҳусайн ибн Мусаллабга, 1370 йил Ҳусайн қатл этилгач, Амир Темурга никоҳланган. Шу боис Амир Темур “Кўрагон” унвонига мушарраф бўлади. Хон авлодига мансуб Сароймулкхоним эса ҳарамдаги барча маликалардан улуғ ҳисобланиб, “Катта хоним” ёхуд “Бибихоним” деган унвонга ноил бўлади.
Бибихоним ўз замонасининг юксак идрокли, фаросатли, тадбиркор, маслаҳатдон ва етук акл-заковат соҳибаси, шунингдек, ҳусн-латофат бобида ҳам беназир аёл эди. У инсонпарвар, ватанпарвар, мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан яхшигина хабардор бўлган, салтанат ишларида доно маслаҳатлари билан қатнашиб турган. Айниқса, у илм-маърифатга алоҳида эътибор берар, толиби илмларга ҳомийлик қиларди. Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришларида кўпинча ҳамроҳлик қилган. Бибихоним салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишда ўзининг оқилона маслаҳатлари билан фаол қатнашган. Бу доно аёл гарчи ўзи фарзанд кўрмаган бўлса-да, Соҳибқирон ўз набиралари – Муҳаммад Султон, Халил Султон, Мирзо Улуғбек ва бошқа мирзоларни бевосита зукко Бибихоним тарбиясига топширган эди.
Клавихонинг шоҳидлик беришича, Бибихоним XIV аср охирида “онаси шарафи”га ўз жамғармаси ҳисобидан улкан мадраса қурдирган. Европалик сайёҳ, олим Ҳерман Вамбери таъкидлашича, бу мадрасада 1000 га яқин талаба ўқиган. Бибихоним мадрасаси ёнида унга “қўш” услубда Туман оғо хонақоҳи қурилган эди. Чортоқли кенг хонақоҳ, тепаси баланд гумбаз билан боғланган. Деворларига манзара нақшин гуллар, серҳашам безаклар ишланган эди. Тўрт тарафидаги кенг деразалар – тобадонлар ва эшиклар орқали хонақоҳ жуда яхши ёритилган. Остидаги тагхона—сардоба эса кичикроқ бўлиб, деворлари йирик кулранг тоштахталар билан безатилган. Тагхонада бир неча тош тобутлар сақланган. 1875 йил зилзиласи натижасида тагхона гумбазчаси ўпирилиб, пастда тоштобутлар борлиги маълум бўлди. Шу сабабли ушбу хонақоҳ Бибихоним мақбараси деб юритилган.
Амир Темур фармони билан Бибихонимга атаб 1399—1404 йилларда Бибихоним жоме масжидини бунёд этилган. Масжидни қурган уста ва меъморларнинг номлари номаълум. Масжиднинг кенг саҳнли ҳовлиси тўрт томондан равоқ ва пештоқлар билан ўралган ҳамда бурчакларида баланд миноралар бўлган. Бино зилзилалар таъсирида аста-секин емирилиб вайрон бўлган. Ҳовлининг ҳар икки ёнида ташқи дарвозага эга бўлган тўртта пештоқли дарвозахонаси бор.
Ундаги ранг-баранг нақшларда ўша давр халқ усталарининг нозик диди ва юксак маҳоратидан дарак беради. Масжиднинг ҳовли саҳнига мармар тош-тахтачалар ётқизилган. Ҳовли ўртасида мармар тошдан ясалган улкан лавҳ бўлиб, у дастлаб асосий бино ичида турган. Атрофига нафис ҳошиялар чизилган, муқарнаслар, ўсимликсимон нақшлар ва ёзувлар билан безалган лавҳ Амир Темурнинг набираси Улуғбек фармонига биноан XV аср ўрталарида ясалган. Пештоқнинг ички томонида кичикроқ равоқда ўйма мармар ҳошияли дарвоза бўлган. Унинг устидаги лавҳада масжиднинг қурилган йили ва Амир Темур шажараси ёзилган. Қўш табақали дарвоза етти хил металл қотишмаси—“ҳафти жуш”дан ясалган. Пештоқнинг кенг юзаси жилвали кошинлар, ранг-баранг, қалқон шаклидаги нақшлар билан безатилган. Масжиднинг асосий биноси Амир Темур замонасининг меъморий услублари ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Шарафиддин Али Яздийнинг “Агар осмон гумбази бўлмаганда масжид гумбази оламда ягона бўлар эди”, деган муболағаси бежиз эмас. Унинг кириш томонлари ҳам бош пештоқ каби ранг-баранг кошинлар билан қопланган, сопол ғиштчалар ётиқ, сирланган рангли ғиштчалар тик терилган. Асосий нақш шакллари тиниқ, ложувард ғиштчалардан терилиб, уларнинг оралиғи зангори ғиштчалар, оқ тошлар билан тўлдирилган. Оддий ҳандасий шакллар ва печак каби чирмашиб кетган ёзувлар бино безагининг таркибий қисмини ташкил этади. Кошинкор безакнинг ҳар бир бўлаги, гулларнинг ўзаклари, косачалари, поялари, ғунчалари ва барглари махсус замин-кошинлар парчасидан алоҳида кесиб олинган, сополчалар оралиқ қолдирмай бир-бирига мос жойлаштирилган. Бу кошинлар тиниқ шиша каби ялтираб туради. Масжиднинг ички қисмини пардозлашда наққошлик безаклари қаторида зарҳал бўртма нақшлардан кенг фойдаланилган. Масжиддаги кўп қиррали юлдузлар, уч қаватли хатлар ўйилган лавҳалар жажжи муқарнаслар билан безалган, ҳошиялар оқ тошдан йўнилган. Тарихнавис Ибн Арабшоҳнинг шаҳодат беришича, Жоме масжиди маҳобатидан ҳайратга келган замондошлари “Обидаларимиз авлодларга бизнинг кимлигимиздан дарак беради”, деб ғурур билан жар солишган экан.
1868 йилда подшо Россияси қўшинлари Самарқандни қамал қилганда Бибихоним жоме масжиди тўп ўқидан вайрон бўлган. Вайрона ҳолда бўлса ҳам масжиднинг меъморий шакллари серҳашамлиги, безакларининг нафислиги билан кишилар диққатини жалб қилиб келган. 1875 йилда катта гумбазнинг қулашидан хавфланиб, йирик тош лавҳ ҳовли ўртасига чиқариб қўйилган. Масжидга кираверишдаги пештоқнинг юқори қисми 1897 йилги зилзила пайтида қулаган эди.
Шўролар ҳукуматининг илк йилларида Самарқанднинг шавкатли тарихидан гувоҳлик берувчи бу улкан вайрона 1920 йил 19 июнда асори – атиқаларни асраш Самарқанд Комиссиясининг йиғилишида муҳокамага қўйилди. Унда Бибихоним масжиди ва мақбараси атрофини тозалаш, масжид ҳужраларидан аҳолини кўчириш, Бибихоним жоме масжидини тиклаш ва сақлашни ташкил этиш масаласи илгари сурилди. Бунинг учун Кастальский томонидан ишланган режага кўра 300 млн сўм талаб қилиниши айтилди1. 1920 йил 20 июн архитектор-рассом Иоффан тайёрлаган тахминий сметага биноан Бибихоним мадрасасини таъмирлаш ва тиклаш иши 100 миллион сўм қилиб ишлаб чиқилди2. Аслида пулнинг берилмаслиги аниқ ва тарихий биноларнинг ҳам уларга қизиғи йўқ эди. Ёлғон режалар баҳонасида одамларни тарихий бинолардан узоқлаштиришнинг асл сабаби эса Амир Темурдан қолган битмас тугалмас хазиналарни қидириш эди.
1920 йил Средазкомстарис раҳбари Д.И.Нечкин талаби билан Афросиёб, Гўри Амир, Бибихоним ансамбли атрофида қазиш ишлари авж олдирилди. Бироқ, топилмаларни жамлаб Афросиёб номида музей қуришни ваъдаси амалга ошмади3. Дарҳақиқат, “археологик қазувлар” улкан кўламда ўтказилди. Уларнинг ортидан биноларга ҳалокатли таъсир кўрсатувчи катта-катта харобалар қолди.
XX асрнинг 20-йиллари Бибихоним жоме масжиди ҳовлиси бозорнинг таркибий қисмига айланиб кетди. Унинг ҳудудида қизил чойхона, савдо дўконлари, фото уйи, этикдўз хоналари, қоровулхоналар жойлашиб олди. 1939 йил 1 апрелга келиб Самкомстарис Бибихоним ҳудудининг бир қисмини қайтадан ўз тасарруфига олди. Унинг бир қисмини музейга айлантириб, патта сотиш орқали аҳолига хизмат кўрсатди. Қолган қисмини йилига 12498 сўм эвазига турли ташкилотларга ижарага беради4. Советлар мамлакатида Буюк Соҳибқироннинг муҳташам ёдгорлиги улкан харобага айлантирилган ҳолда сақланди.
1966 йил 5 майда ЎзССР Министрлар Совети ўринбосари Содиқ Азимов Самарқанднинг 2500 йиллик юбилей муносабати билан Бибихоним масжидини муҳофазага олиш ва таъмирлаш учун қарор чиқаради5. Бу таъмирлаш ҳам аслида обиданинг атрофидаги ахлатларни тозалашдан нарига ўтмади. Бибихоним масжиди мудираси Зебохон Маҳмудова бу ҳақда: “Мен бу жойга 1969 йил воиз экскурсовод сифатида ишга олинганман. Ўша вақтларда Бибихоним масжиди ҳақиқий вайрона ҳолида бўлиб, унинг ёнлари турли савдо бинолари, туникасозлар устахоналари билан ўралган эди. Айниқса, 1941 йил Бибихонимнинг қабри очилганида унинг суяклари Тошкентга олиб кетилганди. Иккинчи жаҳон уруши туфайли суяклар узоқ вақт Тошкентда сақланиб, фақат 1958 йилга келиб, Самарқанд Музейи директори Муҳаммадсоли Юсуповнинг саъйи ҳаракатлари билан суяклар қайтариб ўз ўрнига қўйилганди. Мен ишга келга вақтларимда Бибихоним мақбараси савдо дўконлари, кафе ва ошхоналар орасида қолиб кетган, мақбаранинг ҳилхона қисми эса аянчли даражада хароб эди. Эсимда акаларимни чақириб Бибихонимнинг оналари Ўлжой она, Бибихоним ва уч канизакларининг қабрларини тозалаб, саришта қилиб ичкаридаги ахлатларни тозалаб иш бошлаган эдим”.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ўтмишимизнинг бошқа меъморий ёдгорликлари қатори Бибихоним жоме масжидини тиклашга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш” ҳақидаги қарорига биноан меъморий мажмуада улкан таъмир ишлари олиб борилмоқда.



1 ЎзР МДА. Ф. Р-394, опис 1., д. 3., лл. 44.

2 ЎзР МДА. Ф. Р-394, опис 1., д. 3., лл. 95-96.

3 ЎзР МДА. Ф. Р-394, опис 1., д. 3., лл. 81.

4 ЎзР МДА. Ф. Р-2296, опис 1., д. 222., лл. 45.

5 ЎзР МДА. Ф. Р-2296, опис 6., д. 14., лл. 11.

Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling