2-маъруза Хуабэн жанрининг вужудга келиши
Download 23.67 Kb.
|
6 маъруза Хуабэн жанрининг вужудга келиши
2-маъруза Хуабэн жанрининг вужудга келиши Агар Танг даври манбаларида ровийлар ҳақида маълумот айрим ўринларда учраса, Сунг манбаларида ровийликни касб қилиб олганлар ва уларнинг фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Жянг Ши ва Сяошо ровийлари, айниқса, машҳур бўлган. Жянг Ши ровийлари хитой халқининг қаҳрамонона ўтмиши, афсонавий жанглар, машҳур қўмондонлар ҳақидаги ҳикояларнинг ижрочилари бўлган. Жянг Шилар орасида, масалан, Уч ҳукмдорлик – Шо Сан Фэнь ва Беш сулола – Ву Дай Ши даври ҳақида ҳикоя қилувчилар бўлган. Сяошуо гуруҳи ровийлари ижодида ишқий ва фантастик мавзудаги қиссалар, олижаноб эрлар, суд можаролари ҳақидаги ҳикоялар етакчи ўрин тутади. Сунг даври ровийлари ҳақидаги маълумотлардан ташқари, бевосита ҳикояларнинг матнлари ҳам сақланиб қолган. Уларни 话本 “Хуабэн”, яъни «ҳикоя учун асос» деб аташган. Хуабэн, одатда, ижрочининг оғзидан ёзиб олинган ёки ижрода фойдаланилган матн ҳисобланади. Тарихий мавзуларни маъқул кўрган ровийларнинг ижроси кунлаб, баъзан ҳафталаб, ҳатто ойлаб давом этган. Уларнинг қиссалари 平话 «пинхуа”, яъни «оддий ҳикоя» деб номланган. Бизгача етиб келган Cунг даври пинхуаларидан «Беш сулола ҳақида янгидан тузилган оддий ҳикоя»ни алоҳида қайд этиш жоиз. Бу асарда асосий тарихий воқеаларни тасвирлаш расмий тарих баёни тарзида берилган. Фақат иштирокчилар характерини, жангу-жадал саҳналарини таърифлашда ҳикоя анча кенг, батафсил, ёрқин ва ровийнинг ижодий тасаввурлари билан тўлдирилган кўринишга эга бўлади. «Буюк Сунг Сюан Xэ ҳукмдорлик йилларида унутилган ишлар» асарини ҳам пинхуа туридаги ҳикоялар жумласига киритиш мумкин. Унда Сунглар даврида Хитой марказини жанубга кўчиришдан олдин рўй берган воқеалар ҳикоя қилинади. Асар турли услубларни ўзида жам этган. Унинг алоҳида қисмлари орасида боғлиқлик йўқ; кўпгина қисмлари “Вэнян”1 китобларидан кўчириб олинган. Унда акс эттирилган Сунг Жян қўзғолони Ши Най Аннинг «Дарё ўзанлари» романи учун манба бўлиб хизмат қилган. Ниҳоят, «Буюк Танг даврида роҳиб Шюан Жуангнинг муқаддас китобларни излаб сафарга чиққани ҳақида» номли катта фантастик қиссани ҳам пинхуалар жумласига киритиш мумкин. Унда Шюан Жуангнинг Ҳиндистонга сафари чоғидаги саргузаштлари ҳикоя қилинади. Бу асарда биринчи бор баён матни бобларга ажратилган ва ҳар бир бобга ном қўйилган. Кейинчалик ушбу сюжет У Ченг Иннинг «Ғарбга саёҳат» романига асос бўлди. Қайд этилган пинхуалар янги жанр – романнинг ривожланишида катта рол ўйнаган бўлсада, ғоявий ва бадиий қиммати жиҳатидан сяошуо ровийлари қиссаларидан сезиларли даражада паст турарди. Сяошуо ижрочилари китоблардан маълум бўлган қадимий қиссаларни ижро этибгина қолмай, кўп ҳолларда ўзлари замонавий ҳаётдан олинган сюжетлар асосида ҳикоялар ҳам яратар эдилар. Уларнинг фаолияти шунчалар кенг қулоч ёйдики, Жанубий Сунг сулоласи даврида улар «Сўз усталари жамияти»ни ташкил этдилар. Сайёр ровийлар, асосан, шаҳар аҳолисининг қуйи ва ўрта табақасидан чиққан сўз усталаридан иборат эдилар. Улар бозор майдонларида, махсус сайргоҳларда чиқишлар қилишар эди. Сяошо ровийларининг хуабэнлари XV – XVI асрнинг «Пойтахтда нашр этилган оммабоп ҳикоялар» тўпламида, шунингдек, XVII асрнинг «Ўтмиш ва бугунги кун ҳақида ҳикоялар», бошқача номи «Тўғри йўлга бошловчи ўгитлар» ёки «Инсонларни огоҳликка чорловчи сўзлар» ва «Одамлар кўзини очувчи боқий сўзлар» сингари уч машҳур тўпламда сақланиб қолган. Мазкур тўпламлар Сунг ва Юан хуабэнларининг барини қамраб олмаган. Бу, аввало, ҳукмрон табақанинг халқ ҳикояларини менсимай қараши билан изоҳланади. Улар хуабэнларни тингловчиларни ҳайратга соладиган, ёлғон-яшиқларга тўла, фақат бузуқликка даъват этувчи асар деб баҳолашган. Юан замонидан ХХ аср бошларигача халқ адабиётининг бир қатор намуналари ҳатто ҳукуматнинг махсус фармонлари билан тақиқлаб қўйилгани ҳам маълум. Бироқ булардан қатъи назар, «Юн Лэ энциклопедияси» (XV аср) мажмуасига юзга яқин Сунг хуабэнлари киритилган эди. Илк хуабэнлар қаторида бир ҳикояни бир ўтиришда айтишга мўлжалланган «Лянь Цяодаги учрашув», «Билдирмай қилинган яхшилик» каби нисбатан қисқа асарлари ҳам бор эди. Нисбатан узун хуабенларга эса «Мактуб йўлловчи роҳиб», «Яшмакори Гуан Ин», «Цуй Нинни хатолик оқибатида қатл этганлари ҳақида» ва бошқаларни киритиш мумкин. Афтидан, улар бир неча қисмга бўлиб ижро этилган. Хуабэн ўз шаклига кўра бянвэнни эслатади. Айрим бянвэнлар муқаддима билан бошланганидек, халқ ҳикоялари бошида 入 话“жухуа” «ҳикояга кириш» туради. Жухуа асосий матндаги ғояга яқин ёки мутлақо тескари мазмундаги мустақил ҳикоя кўринишида бўлади. Бундай муқаддима ровийга халқ йиғилгунга қадар вақтни чўзиш имконини берган. Хуабэнлар, одатда, ровийнинг ўзи ёзган ёки халқ шеъриятидан олинган “Си” ёхуд “Чи” шеърлари билан безатилган. Бироқ, бянвэнларда шеърлар катта, баъзан ҳатто насрий матндан ҳам кўпроқ ўрин эгалласа, хуабэнларда уларнинг миқдори нисбатан камроқдир. Бундан ташқари, бянвэнларнинг шеърий қисми насрий матнни такрорласа, хуабэнларда шеърлар ҳикоя мазмунига табиий тарзда бирикиб кетади. Одатда, улар табиат гўзалликлари, инсон фазилатлари, аёллар жозибаларини тасвирлашда, шунингдек, у ёки бу кўринишдаги афоризмлар, ҳикояда баён этилган фикр хулосаси сифатида келтирилади. Хуабэнлар қаҳрамонлари кўп ҳолларда ровийлар тингловчилари мансуб бўлган ижтимоий қатлам вакилларидан эди. Улар, одатда, оддий ҳунармандлар, савдогарлар, деҳқонлар, кичик амалдорлар, роҳиблар, хизматкорлар ҳамда шаҳар зиёлиларининг қуйи табақалари вакилларидан таркиб топган. Хуабэнларда амалдорларнинг очкўз ва калтафаҳмлигига норозилик кўзга ташланади. Уларда, Танг ва Сунг новеллаларидан фарқли ўлароқ, халқчиллик ғояси очиқроқ, ёрқинроқ ифодаланган. Хуабэн жонли сўзлашув тилида ёзилган. Уларда оддий, кундалик нутқ ва сўзлашувга хос бўлган барча белгилар сақланиб қолган. Хуабэнда оғзаки нутққа хос бўлган сўзлашув ифодалари, диалоглар кўп учрайди. Бирор жузъий нарса ҳақида гап борар экан, уни йўл-йўлакай эслаб ўтиш билан қаноатланиш ҳам халқ ҳикояларига хосдир. Баён чоғида кўпинча кўчирма гапнинг кесими бўлган «деди», «сўради» каби сўзлар тушириб қолдирилган. Оғзаки ижрода уларнинг ўрни қўл ҳаракати, имо-ишоралар, интонациялар билан тўлдирилган. Шунингдек, ровий баённинг услубий жиҳатларига ҳам етарли эътибор бермаган, шунинг учун бундай ҳикояларда услубий дағаллик, такрор каби камчиликлар учрайди. Ровий, аввало, у ёки бу лавҳанинг тингловчига қандай таъсир этиши ҳақидагина ўйлаганлиги боис, бу ҳикояларда барча тасвирлар ҳам мантиққа мувофиқ келавермаслиги илк хуабэнларнинг чиндан ҳам сайёр қиссахонлар учун баъзида пала-партиш ёзиб олинган либретто эканлигини яна бир карра тасдиқлайди. Хуабэнларнинг адабий қиммати ҳам бир хил эмас. Баъзи хуабэнлар мазмунига кўра анчагина содда, тили ғализ ва бадиий асардан кўра кўпроқ баён характеридаги муайян бадиий хусусиятларга эга бўлган парчаларга ўхшайди. Айрим хуабенларга эса композициясининг пухталиги, сюжетининг ривожланиши услубий хусусиятлари ва хусусиятлари тил билан ҳақиқий бадиий асардек ўқилади. Хуабэн услубида ҳикоя ёзиш, айниқса, Минг сулоласи (1368-1644) ҳукмронлигининг охирларида кенг оммалашди. Бундай асарлар тўпланиб, алоҳида тўпламлар ҳолида нашр этилди. Минг ҳикоялари оғзаки нақлнинг бир вақтлардаги Сунг даври халқ ҳикояларининг бевосита жонлилиги ва ёрқинлиги хос бўлмаса-да, бироқ улар билан ажралиб турган ёзма адабиёт сифатида майдонга чиқди. Хулоса қилиб айтганда, ўрта аср хитой адабиётида кичик эпик жанрга мансуб бўлган ҳикоянинг кўплаб турлари пайдо бўлди ва мазмунига кўра шаклланди. Улар композицияларининг пухталиги, сюжетларининг ривожланиши, услубий хусусиятларининг ранг-баранглиги билан бир-бирларидан фарқ қилсаларда, лекин барчаси хитой адабиётининг шаклланишида муҳим ўрин эгаллайди. Мазкур жанрда ёзилган ҳикоя ва новеллалар ўзидан кейинги жанрларнинг пайдо бўлиши ва ривожига ҳам катта хизмат қилган. 11 Wenyan ( 文言wényán), ёки «мумтоз хитой тили» — XX асрнинг бошларига қадар Хитойда қўлланилган хитой ёзуви. Иероглиф ёзув, хусусан, сўзнинг овозини эмас, балки маъносини берганлиги сабабли вэнян қадимги хитой тилининг синтактик ва морфологик меъёрларини сақлаган, бунинг натижасида XX асрга келиб у байхуа дан – оғзаки хитой тили ёзуви тизимидан анча фарқ қила бошлади. Wenyan 1919 йилнинг 4 майида талабалар Ҳаракати бошлангандан сўнг ўзининг расмий мавқеини йўқотди, иштирокчиларнинг талабларидан бири вэняндан воз кечиш ва байхуага ўтиш бўлган. Шу билан бирга замонавий хитой тилида вэняннинг кўпгина таркибий қисмлари сақланади. Download 23.67 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling