Аштархонийлар (жонийлар) сулоласининг Бухоро хонлиги тахтига келиши Баротов Сирожиддин Баҳридинович


Download 42.91 Kb.
Sana26.01.2023
Hajmi42.91 Kb.
#1128191
Bog'liq
Barotov S Аштархонийлар


Аштархонийлар (жонийлар) сулоласининг Бухоро хонлиги тахтига келиши
Баротов Сирожиддин Баҳридинович
Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси


Аннотация: Mақолада XVI аср охирида Бухоро хонлигида юзага келган сиёсий инқироз натижасида шайбонийлар сулоласининг барҳам топиши ва Аштархонийлар (жонийлар) сулоласининг ҳокимият тепасига келиши таҳлил қилинган.
Калит сўзлар: Шайбонийлар, Аштархонийлар (жонийлар), Олтин Ўрда, Астрахан , “Ҳожи Тархон”, Дашти Қипчоқ, Тўқай Темурийлар сулоласи, Хазар ҳоқонлиги

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон тарихи ҳар томонлама холис ва илмий ёритила бошланди. Айниқса, ўзбек давлатчилиги тарихи ва унинг жаҳон цивилизацияси тараққиёти жараёнларида тутган ўрнини ёритишга катта эътибор берилмоқда. Тарихдан ибрат ва хулоса чиқариб, келажакда адашмаслик тўғрисида Ўзбекистоннинг биринчи президенти шундай деган эди: “Тарихдан ибрат олиб яшаш, тарих хақиқатларини билиш кишига қувват беради, уни хаёт хақиқати билан қуроллантиради. Тарихни ёзишда хеч қачон ўнг томонга ҳам, чап томонга ҳам оғмасдан, фақат хақиқат ва адолат нуқтаи назаридан йўл тутилиши керак. Сохта тарих бамисоли оғу каби инсонни заҳарлайди, унинг онгу дунёқарашини чалғитади.... Лекин яхши кунлар, обод ва фаровон хаётнинг қадрига етиш учун инсон баъзи-баъзида ортга назар ташлаб туриши ҳам керак. Тарихдан сабоқ чиқариб яшаши лозим. Мен, авваламбор, ёшларимизга қарата айтмоқчиман: ўқинг, тарихни ўрганинг, тарихини, ўтмишини билган одам келажакда адашмайди”[1]. Шубҳасиз, ўзбек давлатчилиги анъаналарининг шаклланишида ва тараққий этишида муҳим ўрин тутган даврлардан бири ўзбек хонликлари даври ҳисобланади. Ғарбда Каспий денгизигача, жанубда Шарқий Эрон ва Афғонистон, шимол ва шарқда Россия империяси ҳамда Шарқий Туркистон, Хитой билан савдо ва дипломатик алоқалар олиб боришда қулай геополитик афзалликларга эга бўлган хонликлар Марказий Осиё давлатлари орасида қулай геополитик мавқега эга эди. XVI аср бошларига келиб, темурийлардан сўнг шаклланган Шайбонийлар сулоласи Мовароуннаҳр, Хуросон ва ва Хоразмда ўз ҳукмронлигини ўрнатган бўлса, қисқа вақтда у икки қисмга – Бухоро ва Хива хонликларига, XVIII асрнинг бошларига келиб эса учинчи давлатга, яъни Қўқон хонлигига ажралади.


Бухоро хонлигида юзага келган сиёсий инқироз шайбонийлар сулоласининг барҳам топишига олиб келди. Бухоро хонлигида яна тартибсизликлар, бебошликлар бошланади. Ташқи вазият ҳам қониқарли даражада бўлмайди. Ташқи ва ички аҳвол кескинлашиб қолган бир вақтда, XVI аср охирларида бир гуруҳ қабила бошлиқлари ва таъсирчан уламолар Бухоро тахтига Жони Муҳаммад Султоннинг ўғли Дин Муҳаммад Султонни ўтказадилар. Шундан бошлаб Бухорода Аштархонийлар (Жонийлар) сулоласи ҳукмронлик қила бошлайдилар[2]. Икки оғиз аштархонийларнинг келиб чиқиши ҳақида. Олтин Ўрда(Жўжи улуси) заифлашиб борар экан, унинг бир қанча майда хонликларга бўлиниш эҳтимоли ҳам кучайган. Натижада ХV асрнинг 30-йилларида Волгабўйи ерларида Аштархон хонлиги юзага келади. “Астрахан” Аштархоннинг руслашганидир. Аштархон эса аслида “Ҳожи Тархон” сўзидан олингандир. Тархон туркий тилли халқлар орасида имтиёзли унвонлардан ҳисобланиб, машҳур Хазар ҳоқонлиги(VII-X) давриданоқ маълум[3]. Жонибек султон Жўжининг ўн учинчи ўғли Тўқай Темур авлодларидан бўлиб, унинг аждодлари Дашти Қипчоқнинг ғарбида, Ҳожи Тархон (Астархань)да ҳукмронлик қилганлар. Рус давлатининг марказлашуви ва Иван IV (Иван Васильевич, Грозний, 1533-1583-йй) даврида давлат ерларининг қўшни давлатлар ҳисобига кенгайтирилиши жараёнида 1556-йилда Астрахань ҳам рус подшоси томонидан босиб олинди. Шаҳар ҳукмдори Ёрмуҳамад ўз оиласи билан бирга Бухородан паноҳ топади. Кейинчалик Бухоро хони Искандар султоннинг қизига уйланган Ёрмуҳаммаднинг ўғли Жонибек султон хон хонадонига яқинлашади, унинг фарзандлари эса Абдуллахон II даврида юқори мартабаларга эришадилар. Шайбонийлар сулоласи таназзулга юз тутиб, тахтни бошқарадиган сулола вакили қолмаганлиги туфайли Бухоро уламолари ва амирлар кенгашган ҳолда тахтни Аштархоний Жонибек султонга топширадилар. Бироқ у чингизий бўлишига ва тахтни бошқариш хуқуқига тўла имкони борлигига қарамасдан, тахтга Абдуллахон хонадонига яқин бўлганлар кўпроқ ҳақли деб ҳисоблайди ва унинг жиянлари, айни вақтда ўз ўғиллари фойдасига тахтдан воз кечади. Шу тариқа Бухоро хонлиги тахтига янги сулола – Аштархонийлар (сулола асосчиси номи билан Жонийлар деб ҳам юритилган) сулоласи келади.


Шундай қилиб, 1601-йилда Бухоро хонлигида ҳокимият янги сулола- жонийлар(Жони Муҳаммадхон номидан) ёки аштархонийлар(келиб чиқиш ўрни бўйича) деган ном олган Тўқай Темурийлар сулоласи қўлига ўтди. Бухоро тахтига ўлтирган унинг биринчи намояндаси Жони Муҳаммадхон бўлган ва Цамбаурнинг фикрига кўра, 1601-йилда ҳукмронлик қилган, унинг номига танга зарб қилинган[4]. Бухоро хонлигида яна парокандалик бошланади. Ташқи сиёсий аҳвол ҳам кескинлашади. Мана шундай оғир шароитда қабила бошлиқлари Бухоро хонлиги тахтига Жони Муҳаммад Султоннинг ўғли Дин Муҳаммад Султонни ўтказадилар. Бу вақтда тахтни эгаллаши лозим бўлган катта ўғил Динмуҳаммад хонликнинг жанубий-ғарбий вилоятларида ноиб бўлиб, Нисо ва Обивардда ҳокимлик қиларди. Бухорода юзага келган вазиятдан хабар топган эронликлар ҳарбий юриш бошлаб, чегара ҳудудларига хавф сола бошлайдилар ва Обивардни қамал қиладилар. Динмуҳаммад душманга қарши бир неча кун жанг олиб боради ва кўзидан ҳамда оёғидан ярадор бўлади, Бухорога қайтишда йўлда дуч келган қароқчилар томонидан ўлдирилади. Динмуҳаммад ҳалок бўлгач, тахтга унинг укаси, бу вақтда Самарқанд ҳокими бўлиб турган Боқимуҳаммад (1601-1605) ўтказилади. 1601-йилда аштархонийлардан Боқи Муҳаммад Бухоро ҳокимиятини қўлга олгач, шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги тугатилган[5]. Боқимуҳаммад янги сулоланинг биринчи вакили сифатида тахтга чиққан бўлсада ҳозирча расмий ҳокимият Жонибек султон измида бўлиб, унинг номидан иш юритилган, фармонлар чиқарилган ва тангалар зарб этилган, унинг номи хутбага қўшиб ўқилган. Боқимуҳаммаднинг давлат тепасига келиши ва Бухоро хонлигида янги сулоланинг ҳокимиятни эгалаши билан амалда катта ўзгаришлар содир бўлмади. Абдуллахон II нинг ўлими ва шайбонийлар сулоласининг сўнгги вакиллари даврида бошланган ўзаро ички курашлар ва сиёсий тарқоқлик янада кучая бошлади. Шунинг учун янги ҳукмдор олдида турган энг муҳим вазифалардан бири мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ва марказий ҳокимиятни кучайтиришдан иборат эди[6]. Илк даврда пул муомаласидаги тангалар Жонибек Султон номидан зарб этилган бўлсада, амалда ҳокимиятни Боқимуҳаммад бошқарди.
Хулоса қилиб айтганда, шайбоний Абдуллаxон II вафотидан кейинги марказий xокимиятнинг инқирози ва мамлакатдаги тартибсизликлар сиёсий вазиятни таранглаштирди. Бундай вазиятдан Буxоро xонлигининг ички ва ташқи рақиблари зудлик билан фойдаланишга уринишди. Оқибатда, ана шундай оғир шароитда янги сулола – Аштарxонийлар сулоласи ҳокимият тепасига келди.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

1. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. Т.: “Ўзбекистон”, 2015. – Б. 117.


2. Шониёзов К. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни. Тошкент., “Шарқ”. 2001. 404–б.
3. Азамат Зиё. Ўзбек давлатчилиги тарихи. Тошкент., “Шарқ”. 2001. 258–б.
4. Аҳмедов Б. Тарихдан сабоқлар. Тошкент., “Ўқитувчи”. 1994. 195-б.
5. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент., «Ўзбекистон миллий энциклопедияси». 833-б.
6. Атаджанов Ш., Илҳомов З., Ишқуватов В., Аллаева Н. Ўзбек хонликлари тарихшунослиги. Тошкент., Низомий номидаги ТДПУ. 2001. 8-б.
Download 42.91 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling