Ф. С. Абдугаппаров, И. Р. Асқаров, М. М. Хожиматов, М. Холмуродова Андижон давлат университети


Download 18.27 Kb.
Sana02.05.2023
Hajmi18.27 Kb.
#1421767
Bog'liq
Абдугаппаров Ф.С. (Тезис)


CИЙДИКДА ТОШ ҲОСИЛ ҚИЛУВЧИ ТУЗЛАР, УЛАРНИНГ КИМЁВИЙ ТАРКИБИ ВА УЛАРНИ ТАБИИЙ МАНБАЛАР АСОСИДА БАРТАРАФ ЭТИШ
Ф.С.Абдугаппаров, И.Р.Асқаров, М.М.Хожиматов, М.Холмуродова
Андижон давлат университети
Маълумки, дунёда аҳоли орасида кўплаб касалликлар қатори сийдик тош касалликлари ҳам кенг тарқалган касалликлар жумласига киради. Бу касалликлар юртимизда ҳам бир мунча кенг тарқалган бўлиб, унинг келиб чиқишида минтақа иқлими, тупроқ структураси ва ичимлик суви сифати, турли экологик омиллар ҳамда аҳолининг баъзи бир ижтимоий-маиший хусусиятлари сабаб бўлиши мумкин.
Сийдик ажратиш тизимида тош ҳосил бўлишида формал ва каузал турлари кузатилади. Туз ҳосил бўлишининг формал турида жараённинг бориши унинг физик-кимёвий нуқтаи назари ва шароитларидан келиб чиқиши билан тушинтирилади. Унинг каузал турида эса жараённи чақирувчи этиологик омилларига боғлиқлиги билан асосланади.
Сийдик тош касалликларида ҳосил бўлган тошларни синфлашда уларнинг жойлашуви, ўлчами, кимёвий таркиби, этиологияси, қайта ҳосил бўлиш хавфи ва рентгенологик характеристикалари инобатга олинади.
Сийдик тошлари ҳосил бўлган жойларига кўра буйрак (нефролтитаз), сийдик йўллари (уретеролитиаз) ва сийдик қопи (цистолитиаз) каби турлари фарқланади.
Сийдик тошлари умумий ҳолда қуйидагича синфланади:
-урат тошлари-силлиқ, жигарранг тусли бўлиб, сийдик кислотаси асосидаги тузлар негизида шаклланади.
-оксалат тошлари- силлиқ бўлмаган ва айрим ҳолларда игнасимон шаклга эга бўлиб, оксалат кислотаси тузлари асосида шаклланади.
- фосфатли тошлар-юмшоқ ва нозик структурали кулранг тусга эга фосфат кислота тузлари асосида шаклланади.
-Цистинли тошлар- нисбатан қаттиқ ҳолатда бўлиб, тошларнинг юза қисми силлиқ шаклда бўлади.
-Аралаш тошлар- ушбу тошларнинг ядроси турли тузлардан шаклланган ҳолда бўлади.
Сийдик таркибини ташкил этувчи турли конкрементлар ва уларнинг физик-кимёвий хоссаларини ўзгаришлари натижасида сийдик тошлари ҳосил бўлиши кузатилади.
Сийдик таркибидаги конкрементлар кўплаб турдаги органик ва ноорганик бирикмаларнинг аралашмасидан иборат бўлиб, уларни ташкил этувчи компонентларга қараб сийдик тошларнинг таркиби ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Сийдик конкрементларининг кимёвий таркиби эса бевосита бемор жинсига ҳам боғлиқ бўлиб, амалда эркак беморлар сийдиклари конкрементларида оксалат тузлари концентрацияси юқори бўлса, аёл беморларда фосфат тузлари концентрацияси юқори бўлиши кузатилади. Амалиётда олинган натижалар аксарият ҳолларда оксалат тошлари эркакларда 39,5 % ни ташкил этса, аёл беморларда бу кўрсатгич 6,9 % ни ташкил этишини кўрсатган.
Дунёнинг аксарият мамлакатларида замонавий тиббиёт соҳасида касалликларни даволашда бугунги кунда синтетик препаратлардан фойдаланиб келинади. Синтетик препаратлар касалликларни даволашда самарали натижалар бериши билан бирга ўзининг нохуш ён таъсирларига ҳам эгадир.
Беморларни синтетик препаратлар билан даволашда сийдик тошлари ҳосил бўлиш ҳолатлари кузатилади. Бунда ҳозирда касалликларни даволашда кенг қўлланилаётган амоксациллин, ампициллин, цефтриаксон, триметоприм эфидрин, фторхинолонлар ва сульфаниламид препаратлар сийдик йўлларида кристаллар ҳосил бўлиши ва бунинг оқибатида уларни тошга айланишида фаол иштирок этиши амалиётда исботланган.
Сийдик тошлари ичида кенг тарқалганлари кальций оксалат асосидаги тошлар бўлиб, улар сийдик тошларининг 57 % ни ташкил этади. Ушбу тошлар таркибига вевеллит (С2O4•H2O) ва ведделлит (С2O4•2H2O) минералларининг кристаллари киради.
Сийдикдаги тошларни ҳосил бўлишида турли омиллар таъсир этади. Буларга организмда сийдик миқдори суткалик нормада ажралмаслиги, сийдик муҳитининг ўзгариши, сийдик йўллари инфекциялари, сурункали диарея, буйрак тубуляр ацидози, гипоцитратурия, гиперурикозурия, гиперпаратиреоидизм, гиперкальциурация, гиперурикемия ва гиперфосфатурия каби ҳолатларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Сийдик тош ҳосил бўлиши натижасида келиб чиқувчи касалликларини даволашда бугунги кунда замонавий тиббиётда жарроҳлик амалиёти билан бир қаторда синтетик ва табиий препаратлардан кенг фойдаланилади.
Сийдикда ҳосил бўлган тошларни бартараф этишда уларни кимёвий хоссаларини инобатга олган ҳолда тиазид диуретиклар (индапамид, гипотиазид, гидрохлортиазид), биофосфонат гуруҳи препаратлари, кальцитонин сақловчи препаратлар, пиридоксин, цитратлар, аллопуринол, Цистон, Фитолизин, Канефрон Н ва Литолозин каби келиб чиқиши синтетик ҳамда табиий препаратлари қўлланилади.
Синтетик препаратларнинг ён таъсирлари ва нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши, таркибида табиий биологик фаол бирикмаларга бой бўлган маҳсулотларига бўлган талабни ортишига сабаб бўлмоқда.
Касалликларни даволашда инсоният қадимдан доривор хусусиятларга эга ўсимликлар, ҳайвонлар ва минераллардан фойдаланиб келган.
Бугунги кунда мамлакатимизда сийдик тош касалликларини даволашда халқ табобатининг фитотерапия усуллари билан кимё фанлари доктори, профессор И.Р.Асқаров томонидан тайёрланган “Астош”, “Айритош”, “Олтин Водий”, “Шифои босим” ва “Тоғ гули” каби табиий озиқ-овқат қўшилмаларидан фойдаланиб келинмоқда.
Юқоридаги маълумотлардан шуни айтиш мумкинки, маҳаллий шифобахш ўсимликлар асосида арзон, сифатли ва асосийси организм учун безарар бўлган табиий озиқ-овқат қўшилмаларини янги турларини яратиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Download 18.27 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling