Хоразм мусиқа тарихи музейининг экскурсия матни


Download 196.5 Kb.
Sana17.02.2023
Hajmi196.5 Kb.
#1209024
Bog'liq
ХОРАЗМ МУСИКА ТАРИХИ МУЗЕЙИНИНГ


ХОРАЗМ МУСИҚА ТАРИХИ МУЗЕЙИНИНГ
ЭКСКУРСИЯ МАТНИ.

Ўзбекистон дея аталмиш юртимиз сиёсий, иқтисодий ва маданий ютуқларини бутун жаҳонга намойиш этмокда. Биргина мусиқа сохасини оладиган бўлсак, мамлакатимизда бу борада «Шарқ» тароналари», «Замонавий мусиқа», «Симфоник мусиқа», «Миллий чолгулар» каби нуфузли халқаро фестивалларнинг ўтказилиши, қатор театр ва мусиқа кошоналарининг юзага келиши маьнавий ислоҳотлар йўлидаги улкан одимлар эканлигини исботлашга ортикча ҳожат йўқ.


Тошкент шаҳрининг марказида консерватория биносининг қад кўтариши ва унга Ўзбекистон давлат консерваторияси номининг берилиши эса Марказий Осиё халқларининг мусиқа тарихидаги жаҳоншумул вокеа дейиш мумкин.
Президентимиз И. А. Каримовнинг консерватория янги биносининг очилишида сўзлаган нутқида мусиқа саньатининг, мумтоз куй ва қўшиқларнинг бугунги ҳаётимиздаги аҳамиятига қуйидагича баҳо берилган:
«Ўзбек халқи ўзининг юксак мусиқий салоҳияти, мусиқа саньатига улкан муҳаббати билан азалдан жаҳон аҳлининг эътирофини қозонган.
Ҳар бирна шу саньатга чексиз ҳурмати ва ихлосидан далолат беради». Бугун биз ривожланган давлатлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, юртимизда эркин ва фаровон жамият барпо этар эканмиз, санъатни, мусиқани, ўзимизнинг маънавий ҳамроҳимизга айлантирмасдан туриб, ана шу юксак марраларга эришишимиз, ҳаётимизни янада мазмунли, янада ёруғ ва ҳар томонлама мукаммал қилишимиз мумкин эмас албатта». Хоразм халқ мусиқаси ўзбек мусиқа тарихининг энг қадимий илдизидир. Хоразм халқ мусиқаси асрлар давомида турли маданиятлар билан мулоқотда бўлган. Бу воҳада: арий, сак, скиф, массагет, ўгиз, хварри, сарт, қипчоқ, эфталитлар бирга яшаб табиат офатларига, босқинчиларига қарши курашларда чиниқиб, ҳамкорликда бой хусусиятларга эга бўлган қадим саньат ва маданиятни яратишган. «Авесто» дунёга келган Хоразм барча даврларда етти иқлим маданиятининг энг илғор ғояларини ўзлаштирган ва тараққий қилдирган юрт эканини археолог олимлар С. П. Толстов, кейинчалик Я. Ғуломовлар ўзларининг археологик қазилмалари натижасида исботлаб беришган.
Хоразм мусиқа тарихи бўлими «Қози-калон» мадрасасида жойлашган. «Қози- калон» мадрасаси 1905 йили Хива хонининг бош қозиси Муҳаммад Салим Охун томонидан қурдирилган. Бош фасади шаҳар кўчасига қараган мўъжазгина бу иншоот ғарбий ва шарқий дарвозаларнинг кўндаланг ўқини бир-бири билан бирлаштириб туради.
Мадрасанинг бурчак деворига ташқи томонидан тиргак сифатида 2 та гулдаста қурилган. Гулдаста оқ, кўк, яшил кошин қопламалари билан безатилган.Баланд пешток остидаги кичикрок дарвоза ўйма эшик, қўш табақали орқали усти ёпиқ 3та гумбаз билан бостирилган миён-саройга кирилади. Мадрасада чапда дарсхона, ўнгда масчид жойлашган.Мадрасанинг кириш, дарсхона ва масчитига ўрнатилган эшиклар Хивалик ёгоч ўймакори усталари томонидан гулсимон, новдасимон, баргсимон, ислимий, геометрик нақшлар билан безатилган.
Мадрасада 16 ҳужра бор.Ҳужраларнинг эшик ва деразалари айвон томонга қараган. Айвонда қудуқ бўлиб чукурлиги 8,12см. Мадрасанинг ташқи ва ички пештоқларида араб ва форс алифбосида фалсафий маънодаги ёзувлар бор. Мадраса ўз қиёфаси ва саҳни билан унча катта бўлмасада ўқитиш услуби билан бошқа мадрасалардан фарқ килган .
Мадрасада диний билимлар билан бир қаторда қонуншунослик, турли закот ва солиқлар йиғиш яъни юридик билимлар берилган. Мадрасада таълим 3 босқичдан иборат бўлган. Адно (бошланғич), авсат (ўрта), аъло (олий).талабалар нафақа олиб таҳсил олганлар.Ҳар бир мадрасани вақф ери бўлгани сингари Қози-Калон мадрасасининг ҳам 1108 таноб (1 Хива таноби 20кг) вақф ери булган,
Мадраса қурилишида энг Машҳур усталар Худойберган Ҳожи, Қаландар Қўчим, Боғбек Абдурахмонов, Ваис Кулол ва бошқалар иштирок қилганлар, Хивалик уста Абдулла Болтаевнинг эсдаликларида мадрасада 35 талаба таълим олганлиги ёзилган. Мадраса майдони 32,5м х 24,4м ҳовлиси 16,6м х 9,8м дарсхона ва масчид 4,7м х 4,7м Мадрасада 1924 йилгача ўкитилган.
1992 йилдан бу мадрасада «Хоразм мусиқа тарихи» музейи иш бошлади. Музей экспозицияси эрамизнинг биринчи асридан йигирманчи асригача бўлган даврни ўз ичига олади.. Музей миёнсаройида сиз Тупроққалъа, Қўй- қирилган қалъа деворларида акс эттирилган «Масхарабоз ниқоби», «Арфа ушлаб турган аёл», «Мусиқа асбоби ушлаб турган аёл» тасвирланган суратларни ва «Мусиқа сеҳри» деб номланувчи паннони томоша қилишингиз мумкин. Мадрасанинг чап томон залида мақомчилар гуруҳининг машқ қилиб ўтирганликлари тасвирланган муляж(ҳайкал)ларини томоша қилиб, Хоразм куйларидан эшитишларингиз ҳам мумкин. Хоразм мусиқа маданиятининг тараққиёти гоҳ ривожланган, гоҳ таназзулга учраган. Ҳар доим саньатни таназзулдан сақлаб қоладиган фидоий инсонлар топилган. Шундай инсонлардан Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Сонийдир (1864-1910). Муҳаммад Раҳимхон II даври Хоразмда адабиёт, санъат, хусусан мусиқа сохасида сезиларли ютукларнинг қўлга киритилиши билан эътиборга лойиқ. Муҳаммад Раҳимхоннинг ўзи турли соҳаларда илм олган истеъдодли шоир ҳамда соз санъатининг оташин мухлиси бўлган.У Феруз тахаллуси билан ажойиб шеърлар ёзиб девон тузган, дутор ва танбур чалишни, мумтоз куйларни ва мақом йўлларини чуқур мутоала этиш илмини ўзлаштирган. Мусиқа ва шеърият кечаларини ўтказиш Ферузнинг доимий одатига айланган. Хива хонлиги музофотида 32 та созанда қўши(гуруҳ) фаолият кўрсатган. Уларнинг ҳар бири ўз дастур ва маҳоратини намойиш этиб, шахсан хон назаридан ўтгандан сўнг, тўй- ҳашамлар, базму зиёфатларда юришга ижозат берилган. Бундай расмий имтиҳон созанда қўшлари учун йилда бир марта мунтазам равишда ташкил этиб турилган.
Ўзича бўлар-бўлмас ашулалар айтиб юрадиган саёқ созандалар фаолияти нуфузли давраларда ман этилган.Соз ва суҳбатнинг афзаллиги, куй руҳий озуқа эканлиги ҳакидаги ривоятлар, уламо ва аслзодаларнинг мусиқага бўлган ҳаваси халқ оғзига тушиб кетган. Хон Ферузнинг нафис мусиқий диди тўғрисидаги гап-сўзлар, латифалар тарқала бошлаган. Ана шундай ҳангомалардан бири.
Бухородан Хивага ҳурматли меҳмонлар ташриф буюради. Улар шарафига бўлаётган базм бир жойга борганда хон меҳмонларга қараб «Соз бўлсинми?», - деб илтифот этади. Бухоролик меҳмонлардан бири лутф билан «Соз бўлса соз, бўлсин», дея сўз ўйини қилади. Хон созандаларга қараб, «нима чаласизлар» - дейди. Рост мақомдан ижро этайликми, - деган маънода созандалар «Рост бўлсинми?»- деб ижозат сўрайди. Феруз ҳар иккала лутфни инобатга олиб, «Рост бўлса, Рост бўлсин»,-дея чиройли жавоб қилиб, созни Бобо (Бобожон) буломончи бошқарсин –деб ҳам қўяди. Шунда жуда антиқа соз базми бўлган экан. Меҳмонлар мақомчилар шаънига тасаннолар айтган .Хон созандалар устидан тиллолар сочган. Бобожон буломончига ҳам инъомлар бериб, лекин ижродаги кичик бир хатосини инобатга олиб қўйган. Буломончи хурсанд бўлиб уйга қайтса, уч-тўрт навкар унинг уйининг томини очаётган бўлади.
- Эй нима қилаяпсизлар?, - деб сўрайди буломончи.
-Хоннинг буйруғини бажаряпмиз! - дейди навкарлар.
Вазиятни тушунган буломончи, дарров хоннинг олдига қайтади ва навкарларингиз менинг хонам(уйим)ни бузяпти,-деб нолинади.Хўш, унда бизнинг хона(куй ,жумла) ларни бузишга сизнинг нима хаққингиз бор эди?,-дейди Феруз.
Тақсир,айб менда, бир қошиқ қонимдан ўтинг.Оғзимда сўлак тўпланиб, авждаги жумланинг охирида сал тутлиқиб кетдим. Бундай нарса энди бошқа такрорланмайди, деб илтижо қила бошлайди буломончи.
-Майли бораверинг! Бизники ҳам бошқа такрорланмайди,-дейди хон.
Буломончи хомуш бўлиб уйига келса, бояги навкарлар томни бошқадан ёпаётган эмиш. Ферузнинг созга қизиқишларининг васф этилиши нозиктаъб Хоннинг эл орасидаги ҳурматидан далолат беради. Ферузнинг бевосита назорати остида сарой созандалари гуруҳи тузилади.
Бу ишга лаёқати етадиган ҳофиз ва чолғучилар жалб этилиб, уларга махсус маош тайинланади. Иккинчи ҳужрада Комил Хоразмий, Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз), Худойберган Муҳркон, Девон бобо, Матёқуб Ҳарратов, Худак оталар суратлари уларнинг ҳаёти ва ижодлари Хоразм мақомлари шажараси билан танишасиз.
Комил Хоразмий (1825-1899) Комил Хоразмий ўз давридаги машҳур созандалар раҳбарлигида Хоразм мақомларини ўрганади ва шу билан бир вақтда ўзи ҳам куйлар ижод қила бошлайди. ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Хоразмда адабиёт ва санъатнинг юксак даражада ривожланишга Огахий ва Комил Хоразмийларнинг хизматлари катта .
Комил Хоразмий созанда ва гўяндалардан ташкил топган мақомчилар гуруҳига раҳбарлик қилиш билан бирга уларга устозлик ҳам қилган. Бу гуруҳда Муҳаммад Расул Мирзо, Қанбар бобо (Муҳаммад Шариф) дуторий, Муҳаммад Ёқуб Фозачи танбурий, Худойберган Муҳркон, Каландар Дўнмас, Абдулла Маҳадик, Худойберган Сунито, Бобо буломончилар ижод қилганлар. Муҳаммад Раҳимхон Соний давлат арбоби, хассос шоир, мақомларнинг зукко билимдони, моҳир созанда Комил Хоразмийга Хоразм мақомларини ноталаштиришни буюради. Уни бир неча маротаба Петербург, Масков ва Тошкент шахарларига нота йўлларини ўрганиш учун жўнатади. Бу ўрганишлар натижасида ХIХ асрнинг саксонинчи йилларида Паҳлавон Ниёз Мирзабоши томонидан танбур учун махсус табулатура нота ихтиро қилинди. 2002 йил Ҳофиз Олланазаров томонидан Президентимизга тақдим қилинган танбур нотаси ҳозирда Тошкент давлат Консерваторияси музейида сақланмокда.
Отажон Абдуллаев (Девобобо) 1878 йилда тугилган . 1900 йилдан хон саройида девонлик ва ҳаттотлик килгани сабабли Девонбобо деб атала бошлади. Унда ёшлигиданок мусиқага ҳавас пайдо бўлиб тўй томоша, сайл ва байрамларда мусиқа эшитади ва мусиқа устозларидан ўрганади. Кейинчалик ўзи ҳам кўплаб шогирдлар етиштириб чиқарган. Кейинги хонада ХХ аср бошларида яшаб ижод қилган санъаткорлар ҳаёти ва ижоди билан танишасиз. Мусиқага доир китоблар, машҳур мақомчилар суратлари билан танишасиз.
Гуржи ота Авезметов (1868-1958). Хивада тугилган, ўша даврнинг машҳур созандаларидан, ашулачиликни мусиқа чалиш сирларини ўрганиб кейинчалик халқ орасида эътиборли созанда бўлади. Гуржи ота Авезметовнинг репертуари кўпроқ мақомлардан ва халк қўшиқларидан иборат бўлиб, кейинчалик узоқ йиллар Хива мусика драма театрида ишлаб ўзида бор билимларни ёшларга ўргатган. Шу даврни яна бир етук санъаткорларидан бири Матёқуб Ҳаррот Қурбоновдир. 1867 йилда туғилган. Ўз замонасининг таниқли ва машҳур инсони Комил Хоразмийнинг энг яқин шогирди. Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) саройида мусиқачи ва котиб бўлиб ишлаган.
Саройдаги ансамблда Аваздорчи, Абдужаббор Махсум, Шариф Қамбар каби устоз созанда ва гуяндалар билан бирга мақомчилар гуруҳида хизмат килган. Бундай шарафга Ферузнинг шахсан ўзи имтихон қилганидан кейин, синовлардан муваффақиятли ўтганидан сўнг сазовор бўлган. Ўша даврларда Комил Хоразмий Хоразм мақомларини танбур чизиги нотасига туширишга киришган эди. Унинг нихоясига етказишда чуқур билим, зеҳн- идрокли Матёқуб Ҳаррот Қурбонов ҳам якиндан кўмак берган 1920 йиларга келиб Хоразм ҳукумати махаллий инқилобий қўмитаси котиби бўлиб ҳам ишлаган. 1923 йили Хивада мусиқа мактаби очилиши билан шу ерда танбурдан дарс бера бошлаган. 1934 йилда таниқли мусиқашунос Илёс Акбаров Е.В.Рамановскаялар Хоразмга фольклор экспедицияси уюштирадилар. Улар Матёқуб Ҳарратов ҳакида эшитиб, у билан учрашадилар. Матёкуб ота ижросидаги «Наво», «Дугох», «Ирок», «Бузрук», «Рост», «Cегох», «Панжгох», мақомлари ва уларнинг савтларини тўла ёзиб олишади. Бу воқеа Матёқуб Ҳарратов шуҳратини янада оширади. Унинг қўшиқлари пластинкага ёзиб олинади, у ҳакда марказий газетада мақолалар чоп этилади. Нуроний созанданинг ҳаёти кутилмаганда ачинарли тугайди. 1938 йилнинг ёз фаслида Урганч театрининг очиқ саҳнасида движокдан қувват оладиган электр чироқлари тез-тез ўчаверган. Осмонда эса ой чарақлаб турган. Шунда Матёқуб Ҳарратов ҳеч қандай ғаразсиз-Оллоҳнинг нури порлаб турганда «жин чироқ»нинг нима кераги бор экан, деган эмиш. Шу «миш-миш» гапнинг ўзи кекса саньаткорга «Ильич чироғи»ни ҳақорат килди, деб айб қўйилиши учун кифоя бўлган. «Хон саройида хизмат қилган» деган устама айб хам қўшилган. Хуллас, сиёсат кўчасидан ўтмаган кария «халқ душмани» сифатида таьқиб остига олинган. Бутун умрини саньат, мусиқага бағишлаган элда азиз инсон бўлган Матёқуб Ҳарратов 1939 йили 73 ёшида оламдан ўтган.
Бу хонада сиз Хоразмнинг бир гуруҳ машҳур ҳофиз ва мусиқачилари тасвирланган фотосуратни ҳам кўришингиз мумкин. Булар: иккинчи қаторда, ўнгдан чапга иккинчи Мадраҳим Ёқубов-Шерозий, учинчи Отажон Деванов, тўртинчи Матпанабой, бешинчи Ҳаррот Девон, олтинчи Худойберган буломончи, саккизинчи Матёқуб доирачилар.
Матюсуф Харратов (Чокар) (1889-1952) машҳур Хоразм мусикачиси.
Матюсуф Ҳарратов 1889 йили машҳур саньаткор Матёқуб Ҳарратов оиласида тугилган.Ўғлини саньатга бўлган иштиёқини пайқаган отаси уни таниқли мусиқашунос Комил Хоразмийга шогирдликка беради. Айни пайтда Матёкуб позачи ва Қаландар Дўнмасдан ҳам саньат, мусиқанинг сир-асрорларини эринмасдан ўрганади. Кейинчалик ўзи ҳам устоз саньаткор бўлиб етишади. М. Ҳарратов Чокар тахаллуси билан шеьрлар, ғазаллар ҳам ижод қилган. Тарихий манбаларда Матюсуф Ҳарратовни ўзбек мусиқа маданияти тараққиётига жуда катта ҳисса қўшган саньат арбоби эканлиги қайд этилади. 1923 йили қадим Хивада республикада биринчи мусиқа мактаби ташкил қилинган. Бу мусиқа мактабининг ташкилотчиси ва директори Матюсуф Ҳарратов бўлган, сўнгра Самарқанд мусиқа ва хореография институтининг ходими ва 1935 йилдан умрининг охиригача Тошкент радиокомитетида хизмат қилган. Мусиқа саньати соҳасидаги самарали ишлари учун М. Ҳарратовга Ўзбекистонда хизмат курсатган саньат арбоби унвони берилган.
Хоразм танбур чизиғига битилган мақомларга янгидан жон бахшида қилган Матпано ота Худойберганов шогирдларига фақатгина мусиқа ва қўшикларини ўргатибгина қолмай, театрнинг қишлоқлардаги концертларига ҳам қатнашиб жамики созандаю-гўяндаларнинг меҳрибон, суюкли мураббийсига айланган. Матпано ота моҳир танбурчи, созанда бўлиши билан бирга ширали шоир ҳам бўлган. Унинг тахаллуси Суханвардир ғазаллари ўйноқи ва содда, халқ ўртасида машҳур бўлган . Матпано ота Худойберганов-Суханвар 1961 йил 1 авгутда 82 ёшида оламдан ўтган.
Ҳожихон Болтаев ҳаёти ва ижодига доир суратлар.
Ҳожихон Болтаев 1904 йили Хоразм вилоятининг Хонқа тумани яқинидаги Қаричмон мавзеъсида туғилган. Ёшлигидан этикдўзлик ҳунарини ўрганиш билан бир қаторда мусиқа ва шеъриятга катта ихлос қўйди. Кунлардан бир кун ёш Ҳожихон ХХ аср бошларида жуда катта эътибор топган дин пешволаридан бири Машарифжон (Муҳаммад Шариф) Пир назарига тушиб қолади. Навқирон йигитнинг истеъдодидан чуқур таъсирланган Пир санъат йўлида ҳалол хизмат қилишга оқ фотиҳа беради. Бу ўз фарзандининг ҳофиз бўлишини унча хуш кўрмай юрган Ҳожихоннинг отаси учун ҳам ҳал қилувчи воқеа бўлди. Пир дуосидан сўнг оталари розилик бермасдан иложи қолмади. Ҳожихоннинг ўзи бутун вужудини ҳофизлик санъатига бахшида этди. Бу йўлда санъаткор камолот чўққисига эришиб, ўзбек мумтоз мусиқасининг ХХ асрдаги энг кўзга кўринган устозларидан бири бўлиб етишди.
2004 йили Ҳожихон Болтаев таваллудининг 100 йиллиги кенг миқёсда нишонланди. Тугилган шахри Хонка туманида уй музейи иш бошлади. Президентимиз фармони билан «Буюк хизматлари учун» ордени берилди.

Ҳожихон бир мулкким, олтин хазина,


Хоразм созининг якпардаси-у
Инжудир узукнинг қошу-кўзига
Басе, қўшиқ аҳлин саркардаси у.

Матниёз Юсупов (1925-1992). Истеъдодли композитор, Узбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби. Ҳамза номидаги давлат мукофотининг совриндори, профессор. У ўндан ортик мусиқали драма, опера, балет, ўзбек халқ чолғу асбоблари учун қатор асарлар яратган.Хоразм мақомлари, куй ва қўшиқларини замонавий нота ёзувида етти жилдлик китоб шаклида нашр эттирган.


Кейинги хонада Хоразмда авлоддан авлодга ўтиб келаётган ўзига хос бахшичилик санъатига ўз ҳиссасини қўшган ХХ аср Хоразм бахшичилик мактабига асос солган Бола бахши Абдуллаев ҳаёти ва ижоди ҳамда Хоразм халфачилик мактаби намоёндаларидан Анабиби Отажонова (Ожиза), Назира Собирова, Амина халфа, Уллибиби Бойжонова, Зумрад Мадраҳимова, Хивалик булгуси гармончилар гурухи билан танишасиз.
Қурбонназар Абдуллаев (Бола бахши) (1889-1994). Машҳур бахши Қурбонназар Абдуллаев Хива шаҳридан бир неча фарсаҳ нарида жойлашган Гулламбоғ ёки Соёт қишлоғида дунёга келган .Қурбонназарнинг илк устози Ёдгор буломончидир.7 яшар вақтидан устозидан кўплаган достон куйларини ўрганиб, савод чикаргач Раҳима халфадан достон куй қўшикларини ўрганади. 1914-29 йиллар Жуманазар бахшига шогирд тушиб, устози оламдан ўтгандан сўнггина ўзи мустақил достон куйлай бошлаган.

Болалигидан достон куй-қўшиқларини куйлагани сабабли Бола бахши лақабини олади. Хоразмдаги ўзбек, қоракалпоқ, туркман бахшилари достонларини асосан дуторда ижро килиб келганлар.ХХ-аср бошларига келиб Хоразмда Кавказнинг тор мусиқақ асбоби истеьмолга кира бошлаган. Бола бахши биринчилардан булиб достон куйлашда тор асбобини қўллаган. Бола бахшига 1938 йили Узбекистон халк достончиси унвони берилган. Халк достончиси Бола бахши Абдуллаев кўплаб шогирдлар етиштирган устоз. Шовот туманида Қаландар бахши, Кўхна Урганчда Шомурод бахши, Хивада Нурмат бахши, Самарқандда Дурди Кизил бахши, Навоий вилоятида Жобберган бахши шулар жумласидандир. Ота касбини мерос қилиб олган ўгиллари-Норбек, Матёқуб, Етмишбойлар элимизга бахши номи билан танилмокдалар.


Призидентимиз фармони билан 14 март 2000 йилда Бола бахшининг ўгли Қурбонназар Абдуллаевга (Норбек бахши) Ўзбекистон
Халқ бахшиси унвони берилди. Қурбонназар Абдуллаев санъатда ўзига хос бир сулола яратиб кетди. Хоразм достонларининг ҳозирги кунгача келишида бола бахши сулоласининг хизматлари катта.
Санъатсиз Хоразмни таъсаввур қилиб бўлмайди. Айниқса Хива санъаткор аёллари ўртасида қадимий бетакрор халфачилик мактаби кенг ривожланган. Хоразмда ўтадиган ҳар тўй-у томошалар, байрамлар Хиванинг халфа созандаларисиз ўтмайди. Биз бу хонада қисман бўлса-да Хивалик санъаткор халфаларнинг ҳаёти ва ижодини ёритишга ҳаракат қилдик.
Онабиби Отажонов (Ожиза) Машҳур шоира, халфа бастакор.1898 йилда Хива шахри якинидаги Киччи Каттабоғ ( ҳозирги Огахий жамоа хўжалиги) қишлогида камбагал деҳкон оиласида дунёга келган. Отаси Отажон лапарчи Полвонмурод деган бойнинг шоли тегирмонида хизмат қилган.У 3 ёшлик пайтида чечак касаллиги билан оғриб, кўзлари кўрмайдиган бўлиб қолади. Санъатга қизиққан Онабиби 13 ёшидан Машраб, Огаҳий ва Аваз шеърларига басталанган ашулаларни куйлаган Кўзи ожизлиги туфайли халқ орасида Онабиби Қори Ожиза деб юритилган. Машҳур мусиқачи Худойберган Девондан соз чалишни ўрганиб олади. 1920 йиллар Сафо Муғанний, Комил Девоний ва Чокарлар билан бирга Хоразм халқ театрини ташкил қилишда иштирок қилади, сўнг Хива шаҳридаги халқ театри ва Кўзи ожизлар артелида бадиий хаваскорлик тугарагининг раҳбари бўлиб ишлаган 1938 йилдан умрининг охиригача Огаҳий номидаги Хоразм вилоят театрида хизмат қилади. Шукур халфа, Онабиби халфа, Рўзибека халфа, Онабиби Жуманиёзова, Назира Собирова, Робия Ахмедова, Уллибиби Жуманиёзова сингари кўп шогирдларни тарибиялади. Онабиби созанда ва қўшиқчи шоира бўлган.У ўзининг деярли барча шеърларини куйга солиб халқ ўртасида куйлаган Унинг «Сиз бу гулни қайси боғдан олдингиз», «Тунинай», «Ғайратим-ғайрат устина», «Тарғунча», «Уяламан», «Галмади-галмади» каби жуда кўп қўшиқлари элимизнинг энг севимли ашулалари бўлиб келмокда.
Назира Собирова Хива шахрида заргар оиласида дунёга келган. Мактабда ўқиётган пайтларидаёқ Назира Собированинг санъатга бўлган иштиёқи катта эканлиги яққол сезиларди. Чунки у шеърлар ёдлар, халфаларга тақлид қилар эди. Назира Собирова кўзи оғригани сабабли 9 синфни битказгач, мактабни тарк этади. Шу пайтдан бошлаб у ўзининг бутун умрини шеъриятга санъатга бағишлайди ва ашулалар айтиб, аста-секин дугоналари даврасида, сўнгра тўй- маъракаларда хизмат қила бошлайди.
Овозининг таърифи Онабиби қори Отажоновагача етиб боради. Онабиби Отажонова Назирани тинглаб кўргач, шогирдликка олади ва унга халфачилик сирларини қунт билан ўргатади Онабиби Қори шогирдига оқ фотиҳа беради ва ўз гармонини Назирага бахшида этади. Назира халфа ўзи мустақил ижод қила бошлайди. Устозига ҳар тамонлама ёрдам бериб келади. Онабиби Отажонова анъанасини давом эттиради ва шу билан бирга ўзининг репертуарини хам янги шеър ва қўшикқлар билан бойитиб боради.
Мадримова Зумрад Болтаевна -1963 йил 8 февралда Хива шахрида ишчи оиласида туғилган. 1988 йил САМДУнинг филология факультетини тамомлаган.
Бола бахши Абдуллаевнинг невараси бўлганлиги сабабли мустақил мусиқа сирларини ўргана бошлаган.Синглиси Дилором (доирачи) билан 10 йилдан зиёдроқ вақт халқ орасида хизмат қилиб келмокда. 1998 йилда Назира Собировани ўзига яқин тутиб, устоз сифатида ундан шеър ва ғазалларни ўргана бошлайди. Халфачилик мактабига асос солган ва ўзининг шеър ғазаллари билан бойитиб келган Анабиби Отажонова вафот қилгандан кейин созини шогирди Назира Собировага васият қилиб беришларини сўраган.
Устоздан Назира Собировага ёдгор бўлиб қолган соз ҳозирги кунда Зумрад Мадраҳимовага васият қилиб берилган.Зумрад Болтаева ҳозирги кунда устоздан қолган соз қўлида булганлигидан фахрланиб юрганлигини гапириб беради.Зумрад Болтаева халқ орасида бўлаётган «Хуршида жахон галди», «Хива шаҳрининг 2500 йиллиги», «Жалоладдин Мангубердининг 800 йиллиги» «Паҳлавон Маҳмуднинг 750 йиллиги», «Республика лапарчи ва халқ ансамбллари кўрик танлови», «Ўзбекистон Ватаним маним», «Авестонинг 2700 йиллиги» ва «Наврўз», «Мустақиллик» байрамларида, 2002 йил апрел ойида «Апрелная весна» жаҳон фестивалларида чиқишлар қилиб фахрли ўринлар эгаллаб,элимиз, юртимиз олқишига сазовор бўлган санъаткорлардан биридир. Олтинчи хонада- Сувораларни ижро қилишда ўзига хос услуб кашф этган, куй ва қўшиқлар яратиб бастакор сифатида танилган Мадраҳим Ёкубов (Шерозий ) билан танишасиз.
Мадраҳим Ёқубов Шерозий 1890 йилда Хива шаҳрида дунёга келган. Мадраҳим мактабда ўкиб юрган кезларида ашулачилик санъатига ихлос қўйган бу ихлос бора-бора катта истиқболга айланди. Ўз даврининг машҳур хонандалари Полвонниёз дузчи ва Қурбонниёз Авазмат ўғли каби атоқли созандаларга эргашиб, улардан таълим олади. Қора кўл терисининг олий навидан попоқ кийиб юргани учун Шерозий деб лақаб кўядилар.У Хоразм санъатининг новатори бўлиб, ўз ижрочилик услубини, мактабни яратган санъаткордир.
1921 йилда Х.Х.Ниёзийнинг Хоразмга келиши воҳамиз маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Ўша вақтда мавжуд бўлган ҳаваскорлар яъни талантли ёшларни тўплаб тўгараклар асосида театр тузадилар ва бу театр маълум вактгача уз фаолиятини кўрсатиб туради. Кейинчалик Ҳамза Хўжайлига жўнаб кетади.
У Хўжайлидан туриб Мадраҳим Шерозийга хат йўллайди.Бу хатда хамкасиблари билан Хўжайлига етиб келишини илтимос килади. Ҳамза бу вақтда Хўжайлида маориф сайлини ташкил қилишни режалаштирган эди. Шерозий ўз дўстлари билан Хўжайлига етиб келади ва у ерда катта сайил тантаналари бошланади. Сайилдан тушган даромад етим болалар учун мактаб- интернат ташкил килинади., Бу интернат ҳануз ўз фаолиятини давом эттирмокда. Унга Ҳамза номи берилган.
1923 йили Москвада бўлган Бутун Россия қишлоқ хўжалиги кўргазмасида берилган концертларда қатнашади. 1937 йилда Москвада бўлиб утган биринчи Ўзбек адабиёти ва саньати ўн кунлиги{декадаси}да қатнашиб катта ҳурмат ва шуҳратга сазовор бўлади. Ўзбек мусиқа саньати ва маданиятига қўшган улкан ҳиссалари, 80 ёшга тўлиши муносабати билан Мадраҳим Ёкубов Шерозий Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди, ҳамда «Мехнат қизил байроқ» ордени билан такдирланди. Мадраҳим Ёкубов Хоразм мусиқа саньатида ўз ижрочилик услубини, мактабини яратган саньаткордир.
Кейинги хонада Хоразм булбули номини олган машҳур ҳофиз Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов ҳаёти ва ижодига доир экспонатлар билан танишасиз.
Комилжон Отаниёзов 1917 йилнинг 20 июлида Шовот туманига қарашли Буйрачи қишлоғида туғилади. Комилжон Отаниёзовнинг улкан саньаткор бўлиб етишишида оила аьзоларининг шунингдек, ўша даврнинг таниқли саньаткорлари Маткарим Абдурахманов, Мадраҳим Ёкубов Шерозийларнинг хизматлари катта. Улар ижро этган Хоразмнинг ўзига хос жозибали, сирли оҳангларга бой куй-қўшиқлари, достон-у мақомлари Комилжонни ўзига мафтун этади. Маьлумки қўшиқ қалб безаги, инсон руҳининг ифодасидир. Комилжон Отаниёзов қўшиқлари давр руҳига ҳамоҳанг бўлиб, инсонларнинг юрак зарбига жўр бўлди. Ҳофиз улкан қурилишларда, шаҳар-қишлоқ аҳли, завод-фабрика ишчилари ҳузурида бўлиб, эл-юртнинг тантаналарида фаол қатнашиб, сози, саньати билан ҳалол хизмат қилди. Халқимиз К. Отаниёзовни «Хоразм булбули», «Ҳофиз бастакор», «Устоз» деб аташган. К. Отаниёзовнинг ижоди бой ва ранг-баранг бўлиб, унда ўзбек мусиқа ва қўшиқларидан ташқари туркман, озарбойжон, қоракалпоқ, тожик ва бошқа халқларнинг қўшиқ куйлари мавжуд. Хонанда ўзининг жонажон Хоразм ўлкаси саньати туфайли қанот ёзди ва улгайди. К. Отаниёзов халк ичидан чиққан, кейинчалик машҳур саньаткорлар қаторидан мунсиб ўрин олган, ўз бахти ва иқболини топган инсон эди. К. Отаниёзовнинг ёшларга мураббийлиги ҳам диққатга сазовор. У Хоразмда, Тошкентда ва Тошховузда ашула ва рақс дасталарини ташкил этаркан, уларга иқтидорли ёшларни жалб қилиб, уларни саньатда камолот сари ундарди. Ихлосмандлар К, Отаниёзовни «Хоразм булбули деб аташганда у камтарлик билан Агар қўшиқ саньати бир дарахт бўлса, мен унинг бир япроғиман халос» - деб жавоб берган экан. К. Отаниёзов ҳаётда аччиқ дамларни бошидан кечирганда ҳам «Тикансиз гул, садафсиз дур, машаққатсиз ҳунар булмас»,- деган сўзлардан мадад олган.
К. Отаниёзов нафақат Ўзбекистонда балки хорижий давлатларда ҳам таниқли эди. Унинг қўшиқлари Хитой, Муғилистон, Бирма, Афғонистон, Кампучия, Тайландда ҳам қанот ёзди.
К. Отаниёзовнинг саньатдаги кўп йиллик қилган меҳнати муносиб такдирланди.
У Ўзбекистон (1949), Туркманистон (1964), Қорақалпоғистон (1968)халқ артисти деган шарафли унвонлар, уч марта «Ҳурмат белгиси» ордени ва қатор фахрий ёрлиқлар билан такдирланди. К. Отаниёзов эллик саккиз йил умр кўрди, шундан 40 йилини саньатга бағишлади. Ўзбекистон ҳукумати К. Отаниёзов номини абадийлаштирди-кўча ва мактаблар бугунги кунда К. Отаниёзов номи билан аталади. Ўзбекистон Президенти И. Каримовнинг 2000 йил 25 августдаги фармони билан марҳум ҳофиз К. Отаниёзовнинг «Буюк хизматлари учун» орденига муносиб деб топилиши юқоридагиларнинг исботидир.
Кейинги хоналарда К. Отаниёзовнинг шогирдлари Ўзбекистон халқ артистлари О. Ҳайитова, О. Отажонов, О. Худойшукуров, Б. Хамдамов ҳаёти ва ижодига оид экспонатлар билан танишамиз.
Олмахон Ҳайитова - 1940 йилда Хонқа туманида туғилган, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон халқ артисти. ХХ асрнинг мумтоз саньаткорларидан бири. Турон заминининг суюкли фарзанди. У ўзининг кўплаган дилрабо қўшиклари билан миллион-миллион мухлислари қалбидан жой олган. Хоразм, ўзбек саньатини тарғиб қилишда катта меҳнат қилган саньаткорлардан.
Ортиқ Отажонов Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон халқ артисти.
1947 йил 30 январда Хоразм вилояти Боғот туманининг Пахтакор қишлоқ кенгашига қарашли Хитой қишлоғида Отажон Шермат оиласида туғилган. Ўзбек халқининг орзу-армонлари О. Отажонов қўшиқлари ва куйларида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Ҳофизнинг ғоят шуҳрат қозонганлиги унинг ижодига юксак баҳо берилаётганлиги ҳам шундандир. Унинг саньати фақат Республикамизда эмас, қардош Туркманистоннинг Тошховуз, Чоржўй, Мари вилоятларида, Қорақалпогистонда, Тожикистонда, Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида, талай хорижий мамлакатларда ҳам манзур ва машҳурдир. Зеро О. Отажонов қўшиқлари инсоннинг дўстлик, садоқат, муҳаббат, вафо, ҳалолликни қадрлаш, ҳаёт, халқ ва Ватанни севиш, ота-она иззатини жойига қўйиш каби гўзал туйғуларни улуғлайди. «Ортиқ Отажонни Ўзбекистонни қўшиқ қироли деса арзийди. Унинг қўшиқлари орқали биз Ўзбекистонни, узбек халқини севиб қолдик». Бу сўзлар Ҳиндистонда чиқадиган «Таймс оф-Индия» рўзномасидан О Отажоновнинг халқчил ижоди ўзбек халқига хизмат қилишнинг ёрқин мисолидир.
Комилжон Отаниёзов мактабининг ёрқин юлдузларидан Яна бири Ўзбекистон, Туркманистон, Қоракалпоғистон., Татаристон халк артисти Хамза мукофотининг совриндори Отажон Худойшукуровдир. О.Худойшукуров 1944 йили Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳрида туғилган. Ашула айтишни амакиси хонанда Й.Оллашукуров ва К.Отаниёзовдан ўрганган. 1963 йил Қорақалпоқ филармониясида яккахон ашулачи Худойшукуров репертуаридан мумтоз халқ ашулалари «Феруз», «Хоразм сегохи», «Тошкент ироғи», «Самарканд ушшоғи», ва бошка Хоразм достонларидан қўшиқлар композитор ва бастакорларнинг асарлари «Кўзларинг санинг », «Ўзбекистоним» , «Раъно бўлайин деб», «Соғиниб келдим» ва бошқалар. Шунингдек туркман, озарбойжон, қорақалпоқ, қозоқ, ва қирғиз қўшиқлари ўрин олган. Худойшукуров созанда (торчи) ва ўзи айтадиган кўп қўшиқлари «Мужгонларинг», «Шахлони демасман», «Ёр уйғонмади», «Оламда бир», «Биринчи муҳаббатим» кабиларнинг бастакори сифатида танилган. Ҳамза мукофотининг лауреати.
Раҳматжон Қурбонов. Ўзбекистонда, Қоракалпогистонда хизмат кўрсатган артист. «Лазги» давлат қўшиқ ва рақс ансамблининг бадиий раҳбари. Раҳматжон Қурбонов 1959 йили Хивада ҳофиз оиласида туғилди. Унинг биринчи устози отаси Хударган хофиздир. Рахматжон Курбонов. Хива мусиқа мактабида, сўнгра Урганчдаги Матюсуф Ҳарратов номли мусиқа билим юртида, уни тугатиб Мухтор Ашрафий номли давлат консерваториясининг Шарқ бўлимида тахсил олади.Ёш санъаткор 1983 йили Республикада биринчи бор ўтказилган мақомчилар конкурсининг ғолибидир. 1989 йили Раҳматжон Қурбоновни устозлари Гавҳаржон Раҳимова, Комилжон Отаниёзов, Ортиқ Отажонов бошқарган «Лазги» давлат қўшиқ ва рақс ансамблига бадиий раҳбар лавозимига лойиқ топилади. Раҳматжон Қурбонов Хоразм мусиқа санъатининг нафақат Республикада, балки Япония, Ҳиндистон, Франция, Туркия Арабистон давлатларида намойиш қилишга муяссар бўлган саньаткорлардан биридир.
Кейинги хоналарда Хоразм театрининг иш бошлаган дастлабки пайтидан ҳозирги кунгача бўлган фаолияти билан танишамиз.
Олти ярим мақом мусиқа мулкига, саньатнинг барча турлари бўйича бой маданий меросга эга, шаркда машҳур созандаю гуяндалар, хассос ҳофизлар ўлкаси бўлмиш Хоразмда ХХ-асрнинг 20 йиллариданоқ Хоразм зиёлилари, етук саньаткорлар бутун бир труппага бирлашиб халққа хизмат қилишдек эзгу ният йўлида ҳаракат бошлаганлар. 1922 йили Ҳамза Ҳакимзоданинг Хивага келиши бу ҳаракатларнинг амалга ошишида катта аҳамиятга эга бўлган.
1922 йил 2-март куни Хивада «Халқ уйи» номи берилган янги театр биносининг очилган ва 12 кишидан иборат «Ҳукумат театри» тузилган. «Известия ТуркЦИКА» рўзномасининг 1922 йил 3 март 48-сонида шундай мақола босилиб чиққан: Хоразмнинг икки йиллиги байрами тантаналарининг иккинчи куни «Халқ уйи» номи берилган янги театрнинг очилиш маросими бўлди. Минг кишига мўлжалланган театр тўрт ойда қуриб битказилган. Ушбу кун театр бой безаклар билан безатилди. Театр очилишига атаб ёзилган «Шаркнинг уйгониши» поэмаси кўрсатилди. Очилиш маросимида икки мингдан зиёд одам қатнашди. Театрнинг очилиш маросимида қатнашган жамики мусулмонларда катта таассурот қолдирди». Етук саньаткор Машариф Полвонов бошлиқ «Ҳукумат театри» ўз ишини кичик саҳна асарларидан бошлаб, тез орада тўлақонли драматик асарларни саҳналаштирди, халқ орасида ҳурмат топа бошлади. Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи», «Туҳматчилар жазоси», «Заҳарли ҳаёт», Маннон Уйғурнинг «Фарғона фожеалари», «Қармоқ», «Телефон», «Туркистон табиби» каби пьесалари шулар жумласидандир.
1923 йил кузида Хивада биринчи марта Фотиҳий Бурнашнинг «Тоҳир ва Зуҳра» асарининг саҳнага қўйилиши Хоразм саҳна саньатининг катта ютуғи бўлди. Асарни саҳналаштиришда Машариф Полвонов, Ёқуб Девонов, Ойша Бикчурина ва бошқаларнинг хизматлари катта бўлган, Театр пойдеворига илк ғишт қўйганлар қаторида С. Саройманов, Ш. Солаев, М. Ҳарратов, М. Шерозий, Қ.Қутлиев, Калантаров ва кўплаб саньаткорларни бугунги кунда хурмат ила тилга оламиз. Хоразмнинг маркази 1933 йили Урганчга кўчганлиги муносабати билан театр хам Урганчга кўчирилди, ва Хоразм округ давлат мусиқали драма театри номини олди. Театр давр билан ҳамнафас одимлаш, одамларнинг тараққиёт йўлидаги интилишларини акс эттириш борасида ўз репертуарини ранг баранг асарлар билан бойита борди. Айни шу даврда театрга воҳанинг ҳамма жойларидан, жумҳуриятнинг ҳамма вилоятларидан жумладан М. Шерозий, Роззоқ ота Оманов, К. Рахимов, К.Искандаров, О. Очилова, С. Девонов, В. Фаёзов, З. Қобулов, Тамарахоним, Юсуфжон қизиқ ва бошқа талантли актёр ва созандаларни келиб қўшилиши театрнинг янада юқори поғоналарга кўтарилишига, унинг мусиқали драма театрига айланишига сабаб бўлди.
Улуғ Ватан урушидан кейин театр ўз репертуарини янада бойитди, кўплаб элга манзур саҳна асарлари яратилди.
Ҳ.Болтаев, К.Отаниёзов, С, Девонов, Н. Болтаев, З. Ғаффарова, Н. Шабанов, Л. Абдуллаева Н. Юсупова, Р. Муродова, Р. Оллабергановлардек талантли, забардаст гўяндалар, актёрлар, мусаввиру созандалар, раққосаларнинг келиб қўшилиши театрнинг довруғини янада юксак поғоналарга кўтарди. 1949 йилги Тошкент ва Фарғона водийси бўйлаб қилинган ижодий сафар Хоразм театри учун бениҳоя самарали бўлганким, шу йили К, Отаниёзов Ўзбекистон халк артисти, М. Шерозий, М. Сафоев, О. Очилова, Ю. Жаббаров, К. Исмоиловлар Республикада хизмат кўрсатган артист унвонига сазавор бўлдилар. Шу ўтган даврда театр саҳнасида 500дан зиёд узбек ва қардош халқлар драматургиясининг энг сара асарлари халқимизга намойиш этилди. Театр ўз асарларини нафақат жумҳуриятимиз вилоятларида балки қўшни Туркманистон, Тожикистон, Қиргизистонда ҳам намойиш этиб келмоқда.
Хоразм вилоят қўгирчоқ театри.
Бу театр жуда ёш бўлиб, 1993 йили август ойида Хива шаҳрида ташкил топди.
Театр тарихига назар ташлайдиган бўлсак олдинлари халқ ўйинлари, масхарабозлар, қўғирчокбозлар турли жойларда тўйларда, байрам ва сайилларда ўз саньатларини намойиш этишганига гувоҳ бўламиз. Хонлик тузумида ҳам саройдаги қизиқчи-масхарабозу қўғирчоқбозлар турли тадбир ва базмларда хизмат килишган. Ажаб эмаски якин ўтмишда ўтган Вовоқ ота, Баки тўра, Бўва тўқ-тўқ, Давлат поқа-поқ каби халқ орасидан етишиб чиққан ажойиб саньаткорларнинг руҳи-поклари сабабли Хивада кугирчок театри ташкил топган бўлса?. «Оққан дарё оқмай қолмас» деганларидек, Хиваликлар севиб «эски театр» деб атайдиган бу маскан бугунги кунда яна театр саньати шайдолари хизматида. Ижодий жамоага кейинчалик Огахий театри қошидаги «Куғирчоқ театри» студияси қатнашчилари шунингдек Хива туман маданият уйи қошидаги ҳаваскорлик «Қўғирчоқ театри» қатнашчилари ҳам жалб этилиб, устоз-шогирдлик аньанаси асосида мукаммал ижодий муҳит юзага келди. Шу кунгача театр репертуари 100дан зиёд турли мавзулардаги спектаклларга эга бўлди.
Республикамизнинг барча вилоятларида, шунингдек қўшни Туркманистон, Қозоғистон давлатларида ижодий сафарларда бўлиб, Хоразм қўғирчоқбозлик саньатини тарғиб қилмокдалар.
Кейинги хонада Хоразм вилоятида ижод қилаётган халқ дасталари, маданият уйлари, мусиқа мактабларини ижодларини акс эттирувчи экспонатлар билан танишасиз.
Хоразм мусиқа услуби-бу шу воҳадаги халқ қўшиқ ва лапарлари, турли маросим, томоша ва ўйин, рақс-куйлари ҳамда достончилик, ашулачилик ва мақом саньати каби мусиқа аньаналаридан ташкил топган. Хоразм мусиқаси айни вақтда ўзгача тароватга эга. Хоразм мусиқа услубларининг ўзига хослиги унинг аньанавий чолғуларида ҳам намоён бўлади. Кейинги залимизда Хоразм мусиқа асбобларини томоша қилиб улар ҳакида маьлумотларга эга бўласиз.
Бу хонада мусиқа асбоблари тўрт тоифага бўлиб қўйилган, пуфлаб чалинадмган, камонли, уриб чалинадиган ва торли мусика асбоблари. Юкорида айтиб ўтганимиздек Хоразм мусиқа услубини ўзига хослигини мусиқа асбобларида ҳам кўриш мумкин. Масалан, буломон-пуфлама чолғуси бўлиб у факат Хоразмда қўлланиладиган мусиқа асбоблари сирасига киради. У бошқа маҳаллий услублар учун хос эмас. Буломон тут дархтидан ишланган кичик сурнай шаклидаги чолғу бўлиб, унда якка ҳолда ва ансамбллар таркибида ижро этиш мумкин. Хоразмда Кавказнинг тор чолғу асбоби ҳам кенг тарқалган. Тор мусиқа асбоби Хоразмга ХIХ асрнинг охирларида кириб келган. Баьзи маьлумотларга кўра, торга бўлган қизиқиш Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз топшириғи билан сарой созандаларининг раҳбари Қаландар Дўнмас қўл урган. ХХ асрнинг 20-йилларига келиб бу чолғуда Хоразмнинг таниқли саньаткорлари Шерозий, Бола бахшилар ижро эта бошлаганлар.Торнинг кенг оммалашуви эл севган Хоразм ашулачиси К. Отаниёзов номи билан боғлиқ.
К. Отаниёзовнинг бетакрор овози, ташқи кўриниши, ижодий ва инсонийлик салоҳияти, кўрки уни тўй-томошалар ва саҳнанинг юлдузига айлантириб юборди. Шунинг учун айнан К. Отаниёзов ижоди тор чолғуси ишлатиш доирасининг тез орада кенгайиб кетишига сабаб бўлди.
ХIХ асрнинг ўрталаридан бошлаб эса «гармонь» чолғуси ҳам қўллана бошлаган.Уни «соз»деб аташади
Гармонь Хивага Россиядан савдогарлар томонидан олиб келинган. Хон саройида уюштирилган базмда рус савдогарларидан бири гармонь чалиб беради. Гармонь товуши хонга ёқиб колиб, сарой созандаларидан янги чолғу асбоби ҳақида фикрларини сўрайди. Мусиқачилар ҳам сознинг ёққанлигини таькидлашади. Шундан сўнг созни сотиб олишни буюради.Созандалардан бири гармонда Хоразм куйларини чалишни машқ қила бошлайди. Гармонь шу тариқа Хоразм саньатида ўзининг муҳим ўрнини эгаллаган. Секин-аста гармончи созандалар етишиб чиқади. Шу вақтларда гармонь «соз» деб юритилган. Гармонь чалувчи мусиқачилар исмига эса «созчи» сўзи қўшиб айтилган. Хўжа созчи, Шерозий созчи, Курбон созчи. Гармоннинг икки пардалиги, яьни тугмачалиги ва аккордеон пардалиги, яьни пионина шаклидагиси бўлган.
Сознинг кириб келиши Хоразм мусиқачилигида халфачиликнинг юксалишига имкон берди. Айникса,гармонь кўзи ожизлар учун кўл келади, чунки улар созни бармок билан топиш, чалиш осонроқ бўлгани сабабли тезда ўзлаштириб оладилар. Онажон халфа Собирова, Онабиби Қори ва бошқалар истеьдодли гармончи бўлиб етишадилар.
Булардан ташқари Хоразм мусиқа амалиётида деярли барча ўзбек халк чолғулари истеьмолдадир, яни ижро этилади. Бу хонада Хоразм мусиқа асбобларини қандай чалинишини бевосита томоша қилишингиз ҳам мумкин. Булардан ташқари, Хоразм мусиқа саньати дарғаларини олтин фондларда сақланаётган дурдоналаридан замонавий техник воситалар ёрдамида томоша қилиб, куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлишингиз ҳам мумкин.
Хулоса қилиб шуни айтиб ўтиш керакки Мустақиллик очиб берган ойдин йўл хукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар туфайли маьнавият ва маьрифат соҳасини ривожлантириш тезкорлик билан давом этмоқда. Вилоятда чинакам саньатни тиклашга, уни қунт билан ўрганишга катта куч сарфланмокда.
Саньат халқнинг ўткир зеҳни, тиниқ назари ва янгроқ овози, деган хақиқат билан бугунги Хоразм маданиятига назар ташлар эканмиз, унда гўзал бир фазилат шаклланаётганини кўрамиз. Бу ўтмишга юксак эътиқод , бугунга чуқур ихлос ва келажакга мустаҳкам ишонч хислатидир.
Барча қилинаётган ишлар, ўтказилаётган оммавий ташкилий тадбирлар, танловлар, томошалар бир эзгу максадга-истиклол тафаккурини, миллий мафкурани шакллантириш ва ҳаётга тадбиқ этишга қаратилган.
Саньат-бу гузаллик олами! Бу олам халқимизнинг олий мақсади, гўзал ҳаёти билан ҳамиша ҳамоҳангдир.
Фойдаланилган адабиётлар.



  1. Тўра Қиличев. Хоразм халқ театри. Т. 1988

  2. О. Матёқубов. Мақомот.2004.

  3. Тузувчи Т. Е. Соломонова. Ўзбек мусиқаси тарихи. Т.1981.

  4. Мулло Бекжон Раҳмон ўгли ва Муҳаммад Юсуф Девонзода. Хоразм мусиқий тарихчаси.М.1925. нашрга таёрловчи Б. Матёқубов. Т. 1922.

  5. К. Аваз. Хива дилбанди.Т. 1977.

6 С. Собирова. Х. Солаев. Хива булбуллари.



Download 196.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling