Ички ишлар органларини кадрлар билан таъминлашнинг қуйи ва юқори поғоналари масалалари


Download 49.33 Kb.
bet1/2
Sana12.03.2023
Hajmi49.33 Kb.
#1265378
  1   2
Bog'liq
ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИНИ КАДРЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШНИНГ ҚУЙИ ВА ЮҚОРИ ПОҒОНАЛАРИ МАСАЛАЛАРИ


ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИНИ КАДРЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШНИНГ ҚУЙИ ВА ЮҚОРИ ПОҒОНАЛАРИ МАСАЛАЛАРИ

Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳукуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.


Биз бу йўлда ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азму шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади.
Ш.М. Мирзиёев.

Маълумки, муайян давлатнинг куч қудрати, тараққиёт даражаси шу давлат фуқароларининг интеллектуал қобилиятига, билим ва малакасига боғлиқдир. Кадрлари етук ва баркамол, замон талабларига жавоб берадиган юртгина ривожланиш сари юз тутади. Шу боис ҳам мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ юксак малакали ва янгича дунёқарашга эга бўлган миллий кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор берила бошланди, ҳаётимизда энг муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар қаторида таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни замон талаблари даражасига кўтариш, баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказиш давлатимиз раҳбариятининг диққат марказида бўлди, чунки давлатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, «...мамлакатимизда ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тақдирида, одамлар дунёқарашининг ўзгаришида, буюк давлат барпо этишдек олижаноб орзумизнинг рўёбга чиқишида замон талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади». Юртимизда ҳар доим ҳам ҳар жиҳатдан етук ва баркамол кадрларни тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб келган.


Бугунги кунда мaмлaкaтимизнинг қудрaти, унинг мустaқиллиги, дaвлaт чегaрaлaрининг дaxлсизлиги, фуқaрoлaримизнинг юртимизгa меҳр-муҳaббaтли қилиб тaрбиялaнгaнликлaрига, Янги Ўзбекистонни бунёд этишдаги олдимизда турган қатор муҳим вазифаларни амалга оширишгa ҳaм тaйёр бўлишдек oлижaнoб фaзилaтлaргa эгa бўлишлaригa бoғлиқдир. Бу фaзилaтлaрни xaлқимизгa, энг муҳими, юртимиз келaжaги – ёшлaр oнгидa қaрoр тoптириш вa шaкллaнтиришдa бизнинг имкoниятлaримиз чексиз.
«Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир»1.
Ҳар бир соҳанинг етук, малакали, забардаст вакилларини тайёрлашда инсоннинг болалигидан оиласида, маҳалласида, мактаб ва бошқа қуйи тарбия масканларида тарбияланишини кадрлар тайёрлашнинг қуйи поғонаси сифатида оладиган бўлсак, унинг ундан кейинги коллеж, техникум, олий ўқув муассасалари, малака ошириш институтларидаги маълум бир фаолият тури – касбга йўналтирилган билим ва малакаларни эгаллашини юқори поғона деб қараш мумкин. Бу кадрлар тайёрлашдаги икки қанот – ўта муҳим жараёндир.
Биз қуйида, аввал малакали кадрлар тайёрлашнинг қуйи поғонаси хусусида тўхталиб ўтамиз. Бу масалада дунёга машҳур ва маълум мутафаккирларнинг ўз асарларида ёзиб қолдирган ёшлар тарбияси тўғрисидаги қарашларига эътибор қаратамиз.
Қадимги Юнон файласуфи Суқротнинг фалсафий ва педагогик қарашларида тарбиядан кутилган мақсад инсонни билимларни билиб олишга эришиш, уни юксак ахлоқли қилиб камол топтиришдир. У ўз таълимотида мардлик, донолик, мўътадиллик, адолатлилик тушунчаларини белгилаб беради. Унинг фикрича, мардлик – қўрқувни даф қилиш, донолик – жамият қонунларига риоя қилиш, мўътадиллик – ўз ҳиссиётларига эрк бермаслик, адолат – яхшиликни амалга ошириш йўлларини ўргатишдир.
Суқротнинг таълимотича, инсон энг аввало, умумий ахлоқ меъзонларини, инсон учун муқаддас бўлган фазилатларни эгаллаб олиши керак.
Юнонистоннинг, машҳур мумтоз файласуфи Афлотун тарбияни ташкил этиш ҳақидаги фикрларини «Давлат» ва «Қонунлар» асарларида баён этади. Унинг фикрича, катталарнинг болаларга кўрсатган таъсири болаларда ахлоқий сифатларнинг таркиб топишида кўринади. Ҳис-туйғуга таъсир этиш, кичик ёшдаги болаларни тарбиялашнинг асоси, деб ҳисоблайди.
Қадимий Юнон мутафаккири Арасту таълимотига кўра, тарбия болаларнинг ёш хусусияти ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак. Арасту тарбия муддатини 21 йил – бола туғилгандан 7 ёшгача, 7 ёшдан 14 ёшгача, 14 ёшдан 21 ёшгача деб белгилади. У боланинг ҳар бир давридаги ўзига хос хусусиятини кўрсатади, ҳар бир даврда амалга ошириладиган тарбиянинг мақсади, мазмуни ва усулларини баён этади. Шу билан бирга тарбия масаласида Шарқ мутафаккирларининг, «болани 5 ёшгача подшо бил, 5 ёшдан 15 ёшгача қул бил, 15 ёшдан кейин ўзинг билан тенг бил» деган тарбия усулларида пурмаъно бор.
Форобий таълим-тарбияда ёшларни мукаммал инсон қилиб тарбиялашда ақлий-ахлоқий тарбияга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлайди, унинг фикрича, билим, маърифат, албатта яхши ахлоқ билан безанмоғи лозим, акс ҳолда кутилган мақсадга эришилмайди, бола етук бўлиб етишмайди.
Ибн Сино боланинг ахлоқий тарбияси ҳақида билдирган фикрларида энг муҳим воситалар боланинг нафсониятига, ғурурига тегмаган ҳолда, яккама-якка суҳбатда бўлиш, унга насиҳат қилишдир, дейди. Ибн Сино болада ахлоқий хусусиятларни меҳнат, жисмоний ақлий тарбия билан ўзвий бирликда шакллантиришни, уни инсон қилиб камол топтиришда асосий омил деб билади.
Юсуф Хос Хожибнинг уқтиришича, ҳар бир киши жамиятга муносиб бўлиб камол топмоғи керак. Бунинг учун у туғилган кундан бошлаб зарур тарбияни олмоғи лозим.
Мирзо Улуғбекнинг оила муҳити соғлом авлодни етиштириш ҳақидаги фикрлари шундан иборатки, алломанинг уқтиришича, боланинг билим олишига бўлган қизиқиши, ҳавасини оширишда у тарбияланаётган муҳит муҳим ўринни эгаллайди. Оилада ота-оналар, айниқса, ўқимишли ота-оналар ўз фарзандларининг ҳақиқий инсон бўлиб камол топишига алоҳида эътибор беришлари лозим. У аввало ёш авлоднинг ақлий ва маърифий тарбиясига катта ахамият бериб, уларни дунёвий билимларини эгаллашга даъват этди. Фақат ривожланган фан ва маданият инсон тафаккурининг камол топишини таъминлашига ишонади.
Алишер Навоий боланинг вояга етишида, камол топишида тарбиянинг кучи ва қудратига алоҳида эътибор беради. Тарбия натижасида боланинг фойдали ва етук киши бўлиб ўсишига ишонади.
Воиз Ал-Кошифий ўзининг педагогик қарашларида болаларда мустақил фикрлаш қобилиятини ўстириш масаласига алоҳида эътибор беради. Бола тўғри сўзли, ваъдага вафодор, яхши хулқли қилиб тарбияланиши керак.
Жалолиддин Давоний ота-онанинг бола тенг ҳуқуқли, тенг иштирок этиши, боланинг яхши хулқ-одоб қоидаларини, муайян бир касбни эгаллашига кўмаклашиши илм-фан ва касб-ҳунар эгаллашининг моддий асоси бўлмиш озиқ-овқат, кийим-кечак, керакли буюм ва жиҳозларни етказиб бериш учун жозибалик кўрсатиши керак.
Шарқ мумтоз адабиётининг буюк намоёндаларидан бири Муслихиддин Сади Шерозийнинг фикрича, бола қобилиятли ва камқобилиятли бўлиши мумкин. Қобилият ўз-ўзидан ривожланмайди. Унинг ривожланиши учун болани тарбиялаш керак, тарбия бўлмаса, боладаги қобилият сўнади. Тарбияни 3 асосий – ақлий, нафосат ва жисмоний меҳнат тарбиясига бўлади.
Комил Хоразмий ўз асарларида маърифат, ахлоқий камолот, ватанпарварлик ғояларини олға сурди. У илм-маърифатнинг халқ, жамият фаровонлигига, инсоннинг ахлоқ камолатида тутган ўрни, ахлоқий ва нафосат тарбиясининг узвий бирлиги хақидаги педагогик фикрларини ҳам баён этади.
Шунингдек, ёшларда дин хақида ҳолис дунёқарашни шакллантиришда Марказий Осиё мутафаккирларининг меросидан унумли фойдаланиш ҳам самарали натижа беради. Бинобарин, уларнинг беқиёс маънавий меросини ёшларимизга таълим бериш орқали илм соҳаларига бўлган қизиқишларининг янада орттиришга сабаб бўлади.
Шундай экан, улуғ аждодларимизнинг илмий-маънавий, диний-маърифий меросини тарғиб қилиш, ҳозирги кунда яратилаётган моддий ва маънавий мулкни авайлаб-асраш бўйича тарбиявий ишларни кучайтиришимиз зарур. Шу маънода, бугун амалий ишлар доирасида ёш авлодни ҳаётга қатъий эътиқод ва қарашлар руҳида тарбиялашга ва менталитетимизга ёт бўлган зарарли ижтимоий иллатларга қарши тура оладиган, миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар асосида камолга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. «…шу ишларимиз, ислоҳотларимизнинг барча-барчаси улуғ ва ягона бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, халқимизнинг тинчлиги, осойишталигини асраш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашдан иборат»2.
Мамлакатда яшаётган ҳар бир фуқаро теварак-атрофда юз бераётган ўзгаришларни англаб етиши ва уларга нуқтайи-назарини билдириши шарт. Ўқувчи-ёшлар орасида ижтимоий-сиёсий ҳамда мафкуравий дунёқарашни юксалтириш, маънавиятимизга, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга ҳурмат туйғусини шакллантириш, ёшларнинг қалби ва онги, соғлом тафаккури учун курашни тақозо этаётган бугунги кунда маънавий-маърифий, тарбиявий ишларга алоҳида эътибор қаратиш, маънавиятни ёшлар онгу-шуурига сингдиришнинг янгича услуб ва механизмларига қаратиш замон талабидир. Бугунги кунда сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт ва маънавият, ижтимоий ҳаёт, суд-ҳуқуқ тизими, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш каби кўплаб йўналишларда эришилган ривожланиш ва юксалиш натижаларини ёшларимиз ўртасида кенг тарғиб этиш, ёш авлод қалби ва онгига мустақилликнинг беқиёс аҳамиятини, унинг кенг имкониятлар манбаи эканини, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада чуқур сингдириш, мустақиллик йилларида эришилган энг катта бойлигимиз – халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, жамиятдаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун бўлиб яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётганини англаб етишларига эришиш таълим тизими талим-тарбия ишлари истиқбол режасининг муҳим бандларини ташкил этиши керак. Ёшларда комил инсон фазилатларини тарбиялаш, уларнинг дунёқарашини бунёдкор ғоялар билан озиқлантириш, бўш вақтини сермазмун ўтказиш, маънавий тадбирларнинг маърифий тадбирлар билан уйғунлигини таъминлаш, интеллектуал мулкка эгалик туйғусини шакллантириш, ташаббус ва янгиликни қўллаб-қувватлаш, юрт тинчлиги ва ўзаро жипсликка эришишга доир кўникмаларни шакллантириш мураббийлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалардир.
Таълим-тарбия ишларида бир қатор муаммолар мавжуд. Ўқувчиларда мустақил ўқиш, ўрганиш, китоб устида ишлаш, муаммоли масалаларни мантиқан фикрлаш, таҳлил қилиш, воқеалар тафсилотларини умумлаштириш, уларни баҳолаш, у ёки бу тарихий воқеага ўз муносабатини билдириш, тегишли хулосалар қилиш, кундалик ҳаёт ва замон билан боғлаш кўникмаларнинг шаклланиши ўта оғир кечаётир. Бундай ҳолатга ўқувчилар устидан назорат ва талабчанликнинг яхши йўлга қўйилмаганлиги, ҳар хил оммавий тадбирларнинг дарс ҳисобидан ўтказилиши ва бошқа ишлар билан шуғулланишларига боғлиқ ўқув жараёнига етказилаётган зарарлар ҳам кучли таъсир ўтказмоқда.
Ўқувчиларнинг ўқув муассасасига оид ўзаро муносабатларидаги одоб-ахлоқ тамойиллари, хулқ-атвор қоидалари ва мажбуриятларига риоя этишларини қаттиқ назоратга олиш лозим. Уларга риоя қилиш мактабда соғлом маънавий ва ижтимоий-психологик муҳитни шакллантириш, унинг нуфузи ҳамда обрў-эътиборини асраб-авайлаш, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи баркамол авлодни тайёрлашга кўмаклашиш, ўқув масканининг жамиятдаги ҳамда таълим тизимидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади. Таълим муассасасининг асосий вазифалари эса юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, жамият, давлат ва оила олдида ўз масъулиятини ҳис этадиган, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини тўғри англайдиган, ватанпарвар ва халқпарвар, ташаббускор ва тадбиркор, замонавий билимлар билан қуролланган ҳамда юксак инсоний фазилатларга эга бўлган иродаси бақувват, иймони бутун ва виждони уйғоқ ёшларни тарбиялаш, уларнинг маънавий иммунитетини шакллантириш, сақлаш ва ҳимоя қилиш, ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан зўравонлик, ҳаёсизлик ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, жумладан, ёшларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатларидан, бошқа турли ҳалокатли таҳдидлар ҳамда биз учун ёт бўлган диний экстремистик таъсирлардан ҳимоя қилишга кўмаклашишдан иборат эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Академик лицей таълимида маънавий-маърифий тарбия борасидаги асосий устувор вазифаларнинг барчасини шу соҳага оид бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунлари, Президент Фармонлари, мақолалари, чиқишлари, кўрсатмалари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ички ишлар вазирининг буйруқлари моҳиятидан келиб чиқиб белгилаб олиш, тадбирларни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Хотин-қизлар Қўмитаси, “Ёшлар иттифоқи” ИҲ Марказий Кенгаши, Республика Тиббий статистика ва саломатлик институти, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, сиёсий партиялар ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратуранинг ҳудудий идоралари ҳамда мутасадди ташкилотлар билан кенг миқёсда ҳамкорликни йўлга қўйиш бу йўлда ижобий натижаларга эришиш омилидир.
Биз юқорида кадрлар тайёрлашнинг қуйи поғонаси хусусида фикр юритдик.
Мамлакатимиз дунёнинг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олиш учун тараққиёт довонлари сари илдам ҳаракат қилмоқда. Кейинги 5 йил давомида жамият ҳаётининг барча соҳаларида кескин илгари силжишлар кузатилмоқда. Шу ўринда жаҳон мамлакатлари тараққиёти ҳам бир жойда тўхтаб тургани йўқ. Шунга муносиб одамларнинг онги ҳам, келажакка, яхши ҳаётга бўлган орзу-умид, интилишлари, қарашлари ҳам тубдан ўзгармоқда. Мамлакатимиз раҳбарлари томонидан давлатимиз мустақилликнинг 31 йили давомида Ички ишлар органларини бочқичма-босқич тубдан ислоҳ қилишга қаратилган амалий ишлар Ўзбекистон жамиятида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, жиноятлар ҳамда турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ўстириш каби омилларга сабаб бўлмоқда. Ютуқлар ўзимизники, уларни янада кўпайтириш, такомиллаштириш, нуқсонларини тузатиш, камчилигини тўлдириш ҳар биримизнинг Ватан олдидаги фуқаролик бурчимиздир.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ тасарруфида фаолият кўрсатаётган академик лицейлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги ПҚ 3216-сон «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан ташкил этилган. Ушбу академик лицейлар келажакда ўз ҳаётини ички ишлар органлари фаолияти билан боғламоқчи бўлган ёшларни саралаб олиш, уларни соҳага мос равишда тарбиялаш, соҳанинг билим-кўникмаларини эгаллашларидаги бошланғич босқичида муҳим қадамлардан биридир. Баъзи ўринда айтиш мумкинки, академик лицейларга ўқишга қабул қилиш жараёнидаги имтиҳон синовлари (чуқур тиббиёт кўригидан ўтказиш, яъни соғликда нуқсон бўлмаслиги, психологик тест имтиҳонидан ўтиш, жисмоний тарбия-спорт бўйича талабдаги меъёрий-мезонларни бажариш, ҳуқуқ, маънавият асослари, миллий ғоя, ўзбек тили ва адабиёти фанларидан оғзаки суҳбат, шу ўринда ёшларнинг дунёқараши даражаси ўрганиш ва ундан кейин тарих, чет тили фанларидан Давлат тест маркази томонидан ўтказиладган тест синовлари имтиҳони)ни олий ўқув юртларига қабул жараёнидаги имтиҳонларга тенглаштирса бўлади. Бу албатта келажакда ўз ҳаёти-фаолиятини ички ишлар органлари билан боғламоқчи бўлган ёшларнинг ҳар жиҳатдан энг сарасиниҳар томонлама билимли, жисмонан соғлом, маънан етук, дунёқараши кенг, иродаси мустаҳкам, Ватанга фидойи, мард, жасурларини танлаб олиш имконини беради. Бу эса, ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳанинг жамият ҳаётидаги ўрнини чуқур мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ўз-ўзидан бу жараён ички ишлар органлари сафларини малакали кадрлар билан таъминлашда муҳим омилдир.
Академик лицейлар ташкил этилганидан, яъни 2017 йилдан 2022/2023 ўқув йилига қадар лицейлардаги ўқиш даврийлиги 3 йиллик ҳисобида амалга оширилди. 2022/2023 ўқув йилидан эса лицейдаги ўқиш даври давомийлиги 2 йил қилиб белгиланди. 3 йиллик ўқиш даврийлиги даврида ўқувчиларга умумий ўрта мактаб таълими тизимидаги 10-11- синфларда ўтиладиган барча фанлар ўтилган ҳолда унга қўшимча сифатида лицей йўналишидаги касбий соҳа билан боғлиқ махсус фанлар, шу билан бирга чуқурлаштирилган ҳуқуқшунослик фани ҳам ўқув тизимига киритилди ва ўқитилди. Бу эса, ўз-ўзидан ёшларни касбий соҳага қизиқишларини янада орттирди, билимларни чуқур ўзлаштиришга қизиқтирди ва танлаган касбий соҳа ўқишига янада чуқур муҳаббат уйғотди. Албатта, бунинг натижасида ўз-ўзидан маълумки, юқоридаги 3 йиллик ўқиш даврийлигида таълим олган ёшлардан келажакда ўз соҳасининг етук мутахассислари етишиб чиқишига замин яратилди. Тизимда 2022/2023 ўқув йилидан эса 2 йиллик ўқиш даврийлигига ўтилиши оқибатида касбий соҳа йўналишидаги махсус фанлар таълим тизимидан чиқариб ташланмоқда, соҳа билан боғлиқ ҳуқуқий фанлар қисқартирилмоқда. Албатта бу, давлатимизнинг (ИИВнинг) мутасадди раҳбарлари томонидан чуқур ўйлаб амалга оширилган ислоҳотларнинг бир қисмидир. Лекин, менинг фикри-ожизимча, бу ўзгаришлар ўқувчи ёшларнинг танлаган соҳаси бўйича чуқур билим олишларига монеълик қилади ва ўзининг салбий таъсирига эга бўлади. Бир донишманд, шунча ўқиб-ўрганиб, ҳеч нарса билмаслигимни билдим, деган экан. Илмлар чексиздир. Ички ишлар органларида 20 йил хизмат қилган ходим яна 2-3 йил хизмат қилиб берса, бу фақат жамият учун фойдадан холи эмас. Яъни ана шу 2-3 йилда малакали ички ишлар ходими ёш ички ишлар ходимларига устозлик қилиб («Устоз-шогирд» анъанаси), ўз касбининг сир-асрорларини ўргатади, муваффақиятларга эришиш кўникмаларини баҳам кўради. Яъни бунга ходимларнинг пенсияга чиқиш ёшини 2-3 йилга узайтириш орқали эришилади (изоҳ: бошқа соҳа вакиллари 55-60 ёшдан пенсияга чиқмоқда).
Яна бир масала – академик лицейларда бугунги кунда ўқув гуруҳлари раҳбарлигига асосан фан ўқитувчилари тайинланиб келинмоқда. Бу эса, ўқувчиларнинг келажакдаги эгаллаши керак бўлган касбий фаолияти билан боғлиқ жараёнларга ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Ушбу муаммони ҳал этиш учун эса Ички ишлар вазирлиги академик лицейларини ҳарбийлаштириш ва гуруҳлар раҳбарлигига ички ишлар органлари ходимлари – сафдорлар таркибидан тайинланишига эришиш мақсадга мувофиқ бўларди.
Бугунги кунда Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Полиция академияларида ўқиш давомийлиги 5 йил, Индонезияда 4 йил, Туркияда эса 4 йиллик бакалавриат. Америка Қўшма Штатларида олий маълумот одатда коллеж ёки университетда 4-6 йил ичида олинади.
Индонезияда Миллий полиция Академияси (индонезиячасига: Akademi Kepolisian, қисқартирилган «AKPOL») – бу Индонезия миллий полициясига профессионал офицер бўлиш учун янги қабул қилинганлар учун асосий институт, ўқув маркази ва мактаб. Полиция Академиясида 4 йиллик машғулотлардан сўнг курсантларга 2-тоифа полиция инспектори унвони берилади (Inspektur Polisi Dua) (армиядаги иккинчи лейтенантга тенг). Ушбу унвонни олиб, ўқишнинг сўнгги 5-босқичини муваффақиятли тугатганларидан сўнг улар олий маълумот ва полиция инспектори унвонига эга бўладилар.
АҚШ Полиция академияларига ўқишга қабул қилиниш жараёни янада мураккаброқ.
Собиқ совет даврида Ўзбекистон Республикаси Олий милиция мактабида ўқиш муддати 5 йил бўлиб, ўтмиш совет давлатининг турли минтақаларидан ёшлар келиб ушбу милиция мактабида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўргатувчи фанлардан сабоқ олиб, тўлақонли ҳуқуқ ҳимоячиси – милиция ходими бўлиб етишарди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида олий ўқув юртларида, шу жумладан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академиясида ўқиш муддати 4 йил қилиб белгиланди.
Бугунги кунда ички ишлар органлари соҳасида, айниқса ходимларни ўқув муассасаларида тайёрлаш жараёни бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўлами кенг қулоч ёймоқда. ИИВ академиясида кадрлар тайёрлашнинг бир босқичли тизими дастури бўйича кундузги ўқиш муддати стипендия ва моддий ёрдам тўлаш билан уч йилни ташкил этмоқда. Ўзбекистон ИИВ академиясига талабаларни кириш имтиҳонисиз махсус профессионал синов ва суҳбат асосида қабул қилишга ўтилди. Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланган, ички ишлар органлари ходимларининг тайёрлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган чоралар доирасида амалга оширилмоқда.
Уч йилдан ортиқ хизмат фаолияти ўтаётган ходимлар учун ўқишнинг сиртқи шакли ҳам киритилди. Ўқишнинг бундай шакли 4 йиллик қилиб белгиланди. Олий маълумотли ходимлар учун сиртқи таълим уч йиллик бўлиб, тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Академияда олинган олий таълим магистр даражасига тенглаштирилди. Кундузги бўлимга 600 нафар ва сиртқи бўлимга 200 нафар ўқувчи қабул қилинмоқда.
Академияда қўшимча тартибда чет тиллари курси, педагоглар тайёрлов курси ва илмий-амалий изланишлар маркази ташкил қилинган. Шунингдек республикадаги бир неча лицей ва коллежлар ИИВ академияси оталиғига олиниб, у ерда ўқувчилар Академияга киришга чуқурлаштирилган тайёрловдан ўтишмоқда. Бундай лицейларга қабул ИИВ квоталарига кўра танлов асосида амалга оширилади. 2020/2021 ўқув йилларидан бошлаб ИИВ Академиясига фақат ИИВга таалуқли бўлган лицейлар битирувчилари ҳамда ИИВ ходимлари қабул қилинади.
ИИВ лицейлари битирувчиларига Ҳарбий-техник институти ва Ёнғин хавфсизлиги институтига киришда олинган балига, максимал балнинг 10% миқдорида қўшимча имтиёз бали берилади.
Ундан ташқари бундай лицей битирувчилари ИИВ Академияси, Ҳарбий-техник ёки Ёнғин хавфсизлиги институтларига кира олмаган тақдирда, уларга ИИВги тасарруфидаги органларга ишга жойлашишда имтиёз берилади. Шунингдек, Академияда етакчи хорижий тажриба асосида вазиятлар полигони ва моделлаштириш маркази қурилмоқда. 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ИИБ ходимларини масофадан туриб ўқитиш тажрибаси қўлланила бошланди.
Интернет сайтларидаги Оммавий ахборот воситаларидан гувоҳи бўлмоқдамизки, Республикамизнинг баъзи – Қашқадарё, Водий вилоятларидаги баъзи туманлар ҳамда Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ички ишлар органлари фаолиятида жиноятларни очиш учун амалга оширилаётган жараёнларда XX асрнинг эскича иш юритиш услублари қўлланилаётгани кишини ўйлантириб қўяди. Туман Ички ишлар бўлими терговчиси 2-гуруҳ ногирони – оёғига темир протез ўрнатилган фуқарони уйига келиб, ўзини ҳокимият вакили сифатида таништириб, Сизга туман ҳокимлигидан ижтимоий ёрдам ажратилган, мен билан юринг ва ёрдамни қабул қилиб олинг деб олиб кетиб, туман ички ишлар бўлимининг ГОМига олиб бориб, камерасиз хонага қамаб қилмаган жиноятини бўйнига олишга мажбурлаб дўппослаш, протез ўрнатилган оёғига тепиб жароҳат етказиш ва 1 киши тикка ҳолда зўрға сиғадиган хонага кун давомида ногирон ва дўппосланган фуқарони тикка ҳолида қамаб қўйиш ва бунинг оқибатида фуқаронинг касалхонага тушиб қолиши ҳолати, афсуски, ҳақиқат. Албатта бу ички ишлар органи ходимига нисбатан жиддий айблов, лекин бу ҳақиқат. Бу ҳодиса юқорида қайд этилган ногирон фуқаро – яъни, туғишган укам билан содир бўлган. Ногирон фуқаро адвокат ёрдамида туман ички ишлар бўлимидан айбни исботлаш учун экспертиза ўтказишларини талаб қилганида, ноҳақликлари очилиб қолишидан, яъни ички ишлар органлари тили билан айтганда «вешдок» топилмаслигидан қўрққан ИИБ экспертиза ўтказмасдан ногирон фуқарога айби иботланмаганлиги тўғрисидаги бир энлик хат жўнатиши, фуқарони ИИБ ходими дўппослагани учун кечирим сўрамаслиги ҳолатини кўриб қайси замонда яшаётганлигимизни тушунмай қоласан киши. Халқимизда бир нақл бор, «гуруч курмаксиз бўлмайди». Шу «курмаклар»ни ўз вақтида териб ташлай олсак, бу бизнинг ютуғимиз.
Қонунчилигимизга асосан туман судлари судьялари мамлакатимиз Президенти томонидан тайинланади. Бу жамиятда адолат қарор топтиришнинг олий шаклларидан биридир. Шундай экан, туман ИИБ бошлиқлигига номзодларнинг номзодликкача бўлган фаолиятлари чуқур ўрганилса, улар ҳам ҳеч бўлмаса ИИВ томонидан тузилган махсус комиссияси суҳбатидан ўтказилса, шундагина инсофли, диёнатли, ўз касбининг устаси, малакали, тажрибали кадрлар раҳбарликка келади. Юқорида мисол тариқасида келтирилган ҳодисаларга ўхшаш ҳолатларнинг содир бўлишига, яъни оддий фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига бир мунча бўлсада барҳам берилади.
Ўзбекистонда қонунчиликни қатъий қарор топтириш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида Республикамиз раҳбарияти томонидан жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз натижаларни бермоқда. Республикамиз Мустақиллигини қўлга киритиш, уни турли ёт унсурлар тажовузидан асраб қолиш ва ҳимоя қилиш, ёш мустақил давлатимизни тетапоя қилиб, оёққа турғазишда мамлакатимизнинг биринчи президенти И.А. Каримов билан елкама-елка туриб жонбозлик кўрсатган, халқимизнинг тинчлиги, осойишталигини ҳимоя қилишда мисли кўрилмаган хизматлари билан элимизнинг ҳурмат ва ардоғига эга бўлган ватанпарвар, элпарвар фидойи инсон – генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг улкан тажрибасидан унумли фойдаланишни кўзда тутадиган қарорнинг қабул қилиниши – яъни, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан ушбу инсоннинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланиши ички ишлар органлари соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг энг сарасидир. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан 2005 йилларгача бўлган «Ушбу даврда ички ишлар органлари ходимлари ўз жонини хатарга қўйиб, турли ёт унсурларнинг қилмишларини фош этиб, фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш, қонун устуворлиги ва жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида матонат билан хизмат қилдилар»3. Давлатимиз Президентининг юқорида кўрсатган ташаббусини давом эттириш мақсадида шу даврларда ички ишлар органларида фаолият кўрсатиб, бугунги кунда нафақада дам олаётган тажрибали, фидойи ходимлардан Республикамизнинг туманлари ва вилоятлари Ички ишлар идоралари раҳбарларига маслаҳатчилар тайинлаш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Download 49.33 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling