Илм билан дунё топган миллиардер


Download 72.45 Kb.
bet1/4
Sana17.06.2023
Hajmi72.45 Kb.
#1524363
  1   2   3   4
Bog'liq
mashxur tadbirkorlar


Илм билан дунё топган миллиардер

Америкалик тадбиркор ва жамоат арбоби Билл Гейтс номи бутун дунёга машҳур. Унинг асл исми Уилям Генри Гейтс III. 1955 йилнинг 28 октябрида йирик адвокат Уилям Генри Гейтс II оиласида дунёга келди. Сиэтлдаги энг яхши мактаблардан бирида ўқиди. У ерда дастурлаш тилини пухта ўрганди, тажрибасини ошириб борди. Мактабда ўзи кераксиз деб ҳисоблайдиган грамматика, жамият бошқаруви ва бошқа айрим фанларни яхши ўзлаштира олмади, лекин математикадан "аъло” баҳоларга ўқиди. Биллдаги ғалати феъл-атвор ота-онаси ва ўқитувчиларини ташвишга соларди. Шу сабаб бошланғич мактабни тугатаётганида уни руҳшуносга кўрсатишди. "Мен компютер жиннисига айлангандим. Жисмоний тарбия билан умуман шуғулланмасдим. Ярим кечагача компютер синфида ўтирар, дам олиш кунлари ҳам дастурлаш билан овора бўлардим. Ҳафтанинг йигирма-ўттиз соатини ўша ерда ўтказардим. Дўстим Полл Аллен билан бирга паролни ўғирлаб, тизимни бузганимиз учун компютерни ишлатишдан мосуво этилганмиз. Бутун ёз компютерсиз қолганман. Ўшанда ўн беш-ўн олти ёшларда эдим”, деб эслайди Гейтс ўша пайтлар ҳақида.
1973 йили Билл Ҳарвард университетига ўқишга кирди, бироқ икки йилдан кейин ўқишдан ҳайдалди. Шу вақтдан эътиборан у компютер дастурлари яратиш билан шуғуллана бошлади.
1975 йили мактабдош дўсти Полл Аллен билан бирга "MicroSoft” компаниясига асос солди, бу компания кейинчалик "Microsoft Corporation” номи билан бутун дунёга донг таратди.
1994 йилнинг 1 январида Мелинда Френчга уйланди. Ҳозир уларнинг уч нафар фарзанди бор - Женнифер Катарин, Рори Жон ва Фиби Адел.
1994 йили Леонардо да Винчи асарлари тўплами – "Codex Leicester”ни сотиб олди. Бу нодир асарлар ҳозир Сиэтлдаги Санъат музейида кўргазмага қўйилган.
2004 йили автомобил, бўёқ ишлаб чиқариш ва тўқимачилик саноати корхоналарини ўзида бирлаштирган йирик компания – "Berkshire Hathaway” кенгашига аъзо бўлди.
2005 йили Британия иқтисодиёти ва дунёда қашшоқлик даражасини пасайтириш ишига қўшган ҳиссаси учун Британия Империяси рицар-командори ордени билан тақдирланди. Шу йили Американинг "Тайм” журнали Билл ва унинг хотини Мелинда Гейтсни "Йил қаҳрамонлари” деб эълон қилди.
Бешикдаги боланинг бек бўлишин ким билар деган мақол бор халқимизда. Бир пайтлар талабаликка муносиб топмай Биллни ўқишдан четлатган Ҳарвард университети маъмурияти 2007 йил 7 июнда уни ушбу ўқув даргоҳининг битирувчиси деб ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилди.
2008 йил 7 январда "Microsoft” корпорацияси бошқарувчиси лавозимидан кетиб, фаолиятини хайрия ишларига йўналтиришини маълум қилди. Июлда эса корпорациядаги доимий ишидан мутлоқ кетиб, ўзи ва хотини биргаликда тузган "Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси” хайрия тадбирларига раҳбарлик қила бошлади. Шунга қарамай у фирмасидан буткул кетгани йўқ, амалий ишларга аралашмаса-да, Директорлар кенгаши раиси лавозимида, махсус лойиҳаларга раҳбарлик қилади. Корхона акцияларнинг катта қисми – 8,7 фоизи унга тегишли.
Гейтс жуда оддий ва камтар ҳаёт кечиради. Уйининг асосий қисмини замонавий электроника асбоб-ускуналари эгаллаган. Шахсий кутубхонасининг шифтига Френсис Скотт Фицжералднинг "Буюк Гэтсби” романидан олинган иқтибос ёзиб қўйилган.
Машҳур ишбилармоннинг 1995 йили "Келажакка қадам” ва 1999 йили "Тасаввур тезлигидаги бизнес” номли китоблари босилиб чиққан. Ҳар икки китоб ҳам ахборот технологиялари, бизнесни бошқариш ва таълим тизимини янгилашда ахборот технологияларидан фойдаланиш каби масалаларга бағишланган. "Тасаввур тезлигидаги бизнес” китоби йигирма бешта тилга таржима қилинган ва дунёнинг олтмишдан ортиқ мамлакатида сотувга чиқарилган. Жуда кўп танқидчиларнинг ижобий баҳосини олган, юқори ададларда сотилган. Унинг ўзи ҳақида ҳам бир неча китоблар ёзилган, филмлар суратга олинган. Уларда дунёнинг етакчи миллиардерларидан бирининг ҳаёт йўли, ўй-фикрлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Билл Гейтс 1996 – 2007 йиллар мобайнида ва 2009 йили "Forbes” журнали ҳисоб-китобларига кўра сайёрамизнинг энг бой одами деб топилган. 2009 йил сентябрда унинг маблағлари ва мулки эллик миллиард доллар деб баҳоланган. Бу машҳур тадбиркор хайрия ишларига пул ажратиш бўйича ҳам етакчи. 1994 – 2010 йиллар мобайнида "Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси”га йигирма саккиз миллиард доллардан кўпроқ маблағ берган. 2010 йил февралида эса барча миллиардерларга мурожаат билан чиқиб, бойликларининг ярмини хайрия ишларига сарфлаш фикрини илгари сурди. Бир қизиқарли маълумот: эзгулик ишларига қўрқмай, аямай пул ишлатадиган бу тадбиркор ҳар дақиқада 6659 доллар пул топади.

Download 72.45 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling