Ишбилармон аёллар гардероби мисолида кийим ассортиментини “комплект” тизимида лойихалаш проф. Нигматова Ф. У


Download 47.5 Kb.
Sana16.06.2023
Hajmi47.5 Kb.
#1505449
Bog'liq
3-шўба Ўролова Н (1 чиси)


УДК 687.17 : 536.21
ИШБИЛАРМОН АЁЛЛАР ГАРДЕРОБИ МИСОЛИДА КИЙИМ
АССОРТИМЕНТИНИ “КОМПЛЕКТ” ТИЗИМИДА ЛОЙИХАЛАШ
проф. Нигматова Ф.У.1 Ўролова Н.Ҳ.2 Рустамова К.Т.3
Тошкет тўқимачилик ва енгил саноат институти профессори1
Термиз муҳандислик-технология институти магистранти2,3


Мақолада ишбилармон аёллар гардеробини ўрганиш учун маркетинг тадқиқотлари натижалари тахлил қилинган. ишбилармон аёллар гардеробини тузишга лойихавий типология усуллари қўлланиб саноат кийим ассортиментини лойихалаш тамойиллари кўриб чиқилган. Тадқиқот объекти сифатида аёллар кийимини ишлаб чиқаришда жуда ўзига тортувчи гуруҳ - ишбилармон аёллар сегменти олинган. Сўровнома асосида ишбилармон аёлларнинг тахминий ижтимоий портрети тузилди. Бу эса ўз навбатида ишбилармон аёл учун рационал гардеробни шакллантириш бўйича тасвиялар ишлаб чиқиш имконини берди.

Кийим гардеробини шакллантириш тамойилларининг ичида мухитга қараб лойихалаш, яъни вазиятга қараб лойихалаш истиқболли йўналишдир. Ишбилармон аёллар гардеробини шакллантиришда уларнинг хаёт тарзини билиш, ўрганиш ва шунга мос равишда кийим гардеробини шакллантириш вазиятга қараб лойихалаш усулининг асосидир. Кийим гардеробига системали ёндашув ўз навбатида саноат ассортиментига хам вазиятли лойихалаш тамойилини қўллашни тақозо этади. Кийимга инсон яшаб турган мухитининг бир бўлаги сифатида ёндашув вазиятли лойихалашнинг асосидир.


Вазиятга қараб лойиҳалаш дизайн-концепциянинг энг илғор ғояларидан бири бўлиб, бу ғоя махсулотни ишлаб чиқаришнинг барча босқичларига хам тегишлидир, яъни махсулотни ишлаб чиқаришнинг барча бўғинларида: маркетинг, лойиха, тикув, қадоқлаш, сотиш ва транспортировка жараёнларида уни ким ва нима учун мўлжалланганлигини доимо англаш таклиф этилаётган ғоя ва дизайн-концепциясининг муҳим шартидир. Дизайнда бу усулда лойиҳалаш лойиҳавий типология деб айтилади. Лойихавий типология дизайнда моделлаш ва мухитли ёндашув процедураси вазифасини бажаради ва ассортиментни бутун саноат ишлаб чиқаришини бошқариш инструменти (қуроли) қилиб қўяди.
Кийим ассортиментини шакллантиришга лойихавий типология маъноси шуки, кийим ассортименти бир томондан, турли истеъмолчи гурухлари эхтиёжларини албатта қамраб олиши ва уларни кийиш шароитларига мос бўлиши, иккинчи томондан эса оммавий саноатниг хом ашёвий, технологик ва бошқа ишлаб чиқариш имкониятларини хисобга олиши зарур.
Ушбу илмий мақолада аёллар кийимини ишлаб чиқаришда жуда ўзига тортувчи гуруҳ сифатида ишбилармон аёллар сегменти олинган. Бу аёлларнинг салмоғи маркетинг тадқиқотларига кўра 25%- 30% ташкил қилади.
Тадқиқот объекти сифатида ишбилармон аёллар танланди. Маркетинг тадқиқотлари алгоритмига кўра махсулотни бозорга чиқаришдан аввал маркетинг тадқиқотларини ўтказиш керак ва рационал ассортимент тўпламларини ишлаб чиқиш керак. Гардероб ва ассортиментни лойиҳалаш жараёнида истеъмол қилиш вазиятларини ўрганиш жуда муҳимдир.
Истеъмол қилиш вазияти (ИВ)- товарни ишлатиш режимидир, яъни уни истеъмол қилиш билан боғлиқ вазият бўлиб, товарнинг бадиий- эстетик хоссалари, эксплуатацион хоссаларига қўйиладиган талабларни билдиради.
Истеъмол қилиш шароитлари деганда ташқи муҳит омилларининг йиғиндиси тушунилади. Ташқи муҳит омиллари истеъмолчи кийимига таъсир кўрсатади.
Ишбилармон аёллар ҳаёт тарзини яхшироқ ўрганиш мақсадида ва уларнинг гардеробига таъсир этувчи омилларни ўрганиш учун социологик сўровнома ўтказилди. Сўровнома ишбилармон аёлларнинг турмуш тарзини, уларнинг ижтимоий статусини, эстетик қизиқишларини, диди ва турли кийимларни кийиш вазиятларини тадқиқот қилишга қаратилди. Саволнома ишлаб чиқилди, у 27 пунктдан тузилган. Ҳаммаси бўлиб 500 дан ортиқ аёллардан сўровнома ўтказилди. Бу аёллар банк хизматчилари, хусусий тадбиркорлар, тижорат вакиллари, техник хизматчилар, шифокор ва ўқитувчилар. Сўровномада иштирок этган аёллар ёши 30- 50 ёшда.
Суткалик вақт бюджети таҳлили шуни кўрсатдики, кўпгина аёллар дам олиш кунисиз ишлайдилар (46,6%), шу билан бирга 58% аёллар ўз автомобилига эга. Бу аёллар иш вақтида турли вазиятларда бўлиши мумкин. Масалан, асосий хизмат ваколатларини бажариш мобайнида турли кеча ва кўрикларда бўлишлари, симпозиум ва учрашувлар, конференция ва тадбирларда иштирок этишлари мумкин. Шу билан бирга ресторанда тушлик қилишлари, аэропортда меҳмонни кузатиш ёки кутиб олишлари мумкин.
Ишбилармон аёл ҳаётида тез-тез хизмат сафарига ҳам боради. Хизмат сафарлари чет элга ёки мамлакат ичида ҳам бўлиши мумкин. Сўралганлар ичидан 20%- ҳар ойда бир марта чет элга хизмат сафарига боради; 20%- бир йилда бир марта; 10%- ярим йилда бир марта ва ҳ.к.
“Ишбилармон аёл” фаолияти (хизмат сафарлари, учрашувлар ва презентациялар, кеча ва меҳмондорчиликлар) уларнинг гардеробида турли типдаги костюмлар бўлишини белгилайди.
Гардеробдаги барча кийимлар бу ҳолда умумий функционал аҳамиятга эга бўлиб, аёлнинг турли вазиятларда ҳаёти фаолиятига қулайлик туғдириши керак. Бу сегментдаги аёлларнинг одатда кун давомида кийим гардеробини ўзгартириш учун вақти кам. Шунинг учун кийим гардероби тез ўзгарувчан, яъни турли вазиятларга мос бўлиши маъқул. Яъни гардеробдаги кийимлар бир вақтнинг ўзида ишбилармон учун кундалик ва ваколатли (конференция ва йиғилишларда сўзга чиқиш учун мос), ҳамда ўз навбатида тантанали (меҳмондорчилик ва кечки овқат) бўлиши керак.
Аёлларга берилган саволлар ичида уларнинг мода йўналишига муносабати қандай деб савол бор. Бу хусусда аёлларнинг фикри турлича экан: 27% аёлларнинг модага қизиқиши меъёр даражасида бўлиб, улар мода кетидан қувмайдилар, кийимда модадан орқада қолмасликка ҳаракат қилсаларда, лекин унинг айрим элементларигагина эътибор қаратадилар, 27%- аёллар ўзларини режали тоифага киришларини билдирадилар, яъни улар кийимнинг хислатлари ичида унинг кўркамлиги, асллиги, қулайлиги, кўп муддат хизмат қилиши мумкинлиги, сифати каби кўрсаткичларга кўпроқ эътибор қаратадилар, 23% аёллар кийимда универсаллик- кўп вазифалилик хусусиятларини ёқтирадилар. Шу билан бирга 80%- аёллар классик услубда кийинишни, 20%- романтик услубда, 26%- авангард услубда кийинишни ёқтирадилар. Истеъмолчилар фикри бўйича ўзаро комбинацияланадиган кийимлар (94%) кўп эхтиёжга эга, трансформацияланувчи кийимлар, яъни бир неча қиёфага кирувчи кийимлар катта эхтиёжга эга эмас (атиги 3,3%).
Вазифаси бўйича кийимлар қуйидагича тақсимланди: биринчи ўринда кундалик кийимлар, иккинчи- офисбоп кийимлар, учинчи- тантанали кийимлар. Ундан кейинги ўринларда бўш вақт учун кийимлар, актив хордиқ учун кийимлар ва ёрқин кийимлар туради. Шундай қилиб, биринчи ўринда ишбилармон- кундалик кийимлар туради.
Сўровнома натижаларига қараб шу нарса маълум бўлдики, ишбилармон аёллар янги кийимни гардеробни янгилаш мақсадида сотиб оладилар. Сотиб олиш пайтида асосан кийимнинг мода йўналишига мослилига, янги кийимларнинг кўпфункционал ва универсал бўлишига, бошқа кийимлар билан янги комплектлар ҳосил қилиш имкониятига эга бўлиши керак.
Энг кўп харид қилинувчи кийимларга юбка ва шим, пиджак, блейзер, блузка ва кўйлаклар киради. Шимли ва юбкали костюмлар кўпчилик томонидан энг “оммавий” деб тан олинди (63%). Респондент аёлларнинг 56,6% кийимларни бозордан; 46,6%- танишларидан; 33,3%- бутиклардан харид қиладилар; 46,2%- кийимни буюртма асосида тиктирадилар; 27%- катта магазинлардан сотиб оладилар.
Шундай қилиб, тадқиқот натижаларидан маълум бўлдики, кийим гардеробини шакллантиришда комбинациялашув, кўпвазифалилик ва ўзароалмашинувчанлик каби костюмнинг хислатлари- замонавий кийим моделларининг асосий ютуғидир ва бу хислатларга саноатчилар кийим ишлаб чиқариш жараёнига эътибор қаратишлари лозим. Кийим ассортименти ва саноат коллекцияларини ишлаб чиқаришда комбинациялашувчи ва универсал кийимларнинг салмоғи юқори бўлиши керак.
Ишбилармон аёлларнинг деярли 50 % бўш вақтларида қўшимча иш билан машғул. Лекин қўшимча ишловчи аёлларнинг кўпчилиги ёш аёллар. 30 -40 ёшли аёллар ичида қўшимча ишловчилар сони жуда кам – 7%. Бўш вақтларида маданий хордиқ чиқарувчи, масалан кино ва театрга борувчи, китоб мутоала қилувчи аёллар хам жуда кам.
Сўровнома асосида ишбилармон аёлларнинг тахминий ижтимоий портрети тузилди. Ижтимоий портрет орқали замонавий ишбилармон аёл хаёт образи, унинг қизиқишлари ва шу орқали кийиниш маданияти тўғрисида тасаввур пайдо бўлди. Бу эса ўз навбатида ишбилармон аёл учун рационал гардеробни шакллантириш бўйича тасвиялар ишлаб чиқиш имконини берди.


Адабиётлар
1.Ф.У.Нигматова, А.Б.Касимова, Е.И.Шин «»Проектирование одежды на основе деформационных свойств хлопко-нитроновых трикотажных полотен» «Проблемы текстиля», №3 2011.
2. Флерова Л.Н., Сурикова Г.И. Материаловединие трикотажа. –М.: Легкая индустрия, 1972. - 184 с.
3. Старкова Г.П.«Методологические основы проектирования спортивной одежды из высокоэластичных материалов» Дисс. Док. Владивосток 2004.
Download 47.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling