Лицензия шартномалари ва уларнинг турлар. Лицензия шартномасининг мазмуни Мутлақ ҳуқуқларнинг амал қилиш муддатлари


Download 39.34 Kb.
bet1/3
Sana05.05.2023
Hajmi39.34 Kb.
#1426941
  1   2   3
Bog'liq
маъруза (5)


Мавзу: Интеллектуал мулк ҳуқуқи.
Режа:

  1. Лицензия шартномалари ва уларнинг турлар.

  2. Лицензия шартномасининг мазмуни

  3. Мутлақ ҳуқуқларнинг амал қилиш муддатлари.

1. Лицензия шартномалари ва уларнинг турлар.
Лицензия шартномаси бўйича интеллектуал фаолияти натижасига ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи воситаларга нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган тарафга (лицензияга) тегишли интеллектуал мулк объектидан фойдаланишига рухсат берилади.
Лицензия шартномаси интеллектуал мулк объектларидан учинчи шахсларнинг фойдаланишига имкон берувчи муҳим фуқаролик ҳуқуқий восита ҳисобланади. Лицензия шартномаси интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга рухсат бериш ҳақидаги келишув ҳисобланади. Мулк эгаси (патент эгаси, товар белгиси соҳиби, муаллифлик ҳуқуқи объекти соҳиби, ошкор этилмаган ахборотлар эгаси) нинг ҳуқуқий муҳофаза остидаги объектдан фойдаланиш ўзига тегишли ҳуқукларни белгиланган тартибда ва маълум шартлар асосида учинчи шахсларга беришга лицензия (рухсатнома) дейилади. (Қаранг: Гражданское право. М., изд. Бек, 1994. 248—249-б.).
Лицензия шартномаси ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра анъана-вий олиш-сотиш ва мулкий ижара белгиларига ўхшаб кетса ҳам бу шартномалардан ўзига хос жиҳатлари билан фарқ қилади.
Биринчидан, олиш-сотиш ва мулк ижараси шартномалари сотувчининг ёки ижарага берувчининг мулк ҳуқуқига ёки ашёвий ҳуқуқига асосланади. Лицензия шартномаси эса лицензия берувчининг интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқига асосланади.
Иккинчидан, олиш-сотиш ёхуд мулкий ижара асосида ашё олувчига ёки ижарага топширилади ва бу ашёга нисбатан бир вақгнинг ўзида икки тарафлама эгалик қилиш мумкин. Мутлақ ҳуқуқ объектини эса кўп ҳолларда топширишга ҳожат йўқ: ихтиро, саноат намунаси мазмуни ёки товар белгиси тасвири эълон этилган ва ҳамма у билан танишиши, хабардор бўлиши имконига эга. Бу объект бир вақтнинг ўзида лицензия берувчи (лицензиар) томонидан ҳам, номуайян доирадаги учинчи шахслар (лицензиатлар) томонидан ҳам фойдаланилиши мумкин. Ушбу хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда, олди-сотди шартномаси бўйича ФКнинг товарни топшириш юзасидан сотувчининг мажбуриятлари (ФКнинг 388-моддаси), сотувчининг сотилган товарни сақлаш мажбурияти (ФКнинг 391-моддаси), сотувчининг товар камчилик-нуқсонлари учун жавобгарлиги (ФКнинг 409-моддаси) ва шу каби мулкий ижара шартномаси бўйича қатор қоидаларни лицензия шартномаси бўйича амалда қўллаб бўлмайди.
Лицензия шартномасининг предмети бўлиб ҳуқуқий муҳофаза остидаги ижодий фаолият натижаси (фан, адабиёт, санъат асарлари, компьютер дастурлари, ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ва ҳоказо) ёки хусусий аломатларни акс эттирувчи восита (фирма номи, товар, хизмат кўрсатиш белгиси) ҳисобланади. ФКнинг 1109-моддаси 3-қисмига асосан, товар чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи лицензия шартномаси предмети бўла олмайди. Шартномада қатнашувчи тараф – интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқ соҳиби – лицензиар ҳисобланади. Мутлақ ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқлари қонуний асосга кўра вужудга келган ёки ваколатли давлат идораси берган ҳуқуқий муҳофаза ёрлиғи билан гувоҳлантирилган бўлиши шарт. Шартномада қатнашувчи бошқа тараф – интеллектуал мулк объектидан фойдаланишга рухсатнома олган шахс – лицензиат деб аталади.
Лицензия шартномасида бериладиган ҳуқуқ, фойдаланиш чегаралари ва муддатлари аниқ белгилаб қўйилиши лозим.
Юқорида кўрсатилгандай, интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар доираси ниҳоятда кенг ва ранг-баранг. Бундай ҳуқуқлар шартли равишда уч гуруҳга бўлиниши мумкин: ҳуқуқ эгасининг объектдан шахсан фойдаланиши, бошқаларга фойдаланишга рухсат бериши, бошқаларнинг фойдаланишини тақиқлаб қўйиши. Айни вақтда бу ҳуқуқлар ҳам турлича кўринишларда намоён бўлиши мумкин: ўзи фойдаланиши, бошқага ҳам фойдаланишга рухсат бериши; фақат ўзи фойдаланиши; ўзи фойдаланмай, бошқага фойдаланишга рухсат бериши. Бошқага фойдаланишга беришда бундай фойдаланиш ҳудуди, фойдаланиш ҳажми ва миқёслари (ўзи хоҳлагандай маълум технологик жараён ёки ишлаб чиқаришда, маълум маҳсулотга нисбатан ва ҳоказо) ҳам аниқ белгилаб қўйилиши лозим.
Лицензия шартномасида лицензия асосида лицензиатнинг интеллектуал мулк объектидан фойдаланиш муддати аниқ белгилаб қўйилиши лозим. Бу муддат лицензия берилган вақтдан бошлаб, объектни ҳуқуқий муҳофаза қилиш муддати доирасидан қисқа бўлиши шарт. Масалан, ихтирога берилган патент 20 йил амал қилади, айтайлик, ушбу ихтиродан фойдаланишга лицензия берилганда, патентнинг амал қилиш муддати 10 йил қолганди. Лицензия муддати ана шу қолган муддатдан қисқа бўлиши шарт. Агарда объектдан фойдаланишга берилган рухсатнома муддат билан чегараланмаган, яъни объектнинг ҳуқуқий муҳофаза муддати давомида амал қиладиган бўлса, у ҳолда фойдаланиш лицензия шартномаси орқали расмийлаштирилмайди, бунда ФКнинг 1035-моддаси 1-қисми қоидалари қўлланилади.
Лицензия шартномаси ҳақ бараварига тузиладиган шартнома ҳисобланади. Одатда лицензия шартномаси бўйича ҳақ тўлашда икки хил шакл кенг қўлланилади: бир вақтнинг ўзида ҳақнинг ҳаммасини тўлаш (паушал тўлов) ва лицензия асосида ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки сотилган товардан олинган даромадлардан ҳисса ажратиб бериб туриш (роялти). Баъзан ҳар иккала шакл биргаликда қўлла­нилади. Бунда дастлаб кафолатланган қатъий миқдордаги ҳақ ва кейинчалик ҳар белгиланган даврда фойдадан улуш ажратиш. Баъзи ҳолларда ҳақ натура шаклида ҳам олиниши мумкин. Тўловнинг шакли тарафларнинг келишуви асосида белгиланади.
Лицензия шартномаси асосида лицензиатга қуйидагиларнинг берилишини назарда тутиш мумкин:
- интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа шахсларга лицензия бериш ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда (оддий мутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини;
- интеллектуал мулк объектидан, лицензиарнинг ундан фойдаланиш ҳуқуқи сакланиб қолган ҳолда, бироқ бошқа шахсларга лицензияларни бериш ҳуқуқисиз (мутлақ лицензия) фойдаланиш ҳуқуқини;
- қонунда йўл қўйиладиган бошқа турдаги лицензияларни.
Оддий мутлақ лицензияда интеллектуал мулк объектидан мутлақ ҳуқуқ эгасининг ўзи (яъни лицензиар), лицензиат ва айни вақгда мутлақ ҳуқуқ эгасидан рухсат олган бошқа учинчи шахслар ҳам фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Бинобарин, бундай ҳолда лицензиат лицензия асосида фойдаланишга рухсат олган объектда мут­лақ ҳуқуқ эгасининг фойдаланишига, шунингдек, лицензиат олинган лицензия асосида олдиндан мавжуд ёки кейинчалик пайдо бўлувчи бошқа лицензиатларнинг объектдан фойдаланиш ҳуқуқларига эътироз билдиришга ҳақли эмас. Бунда лицензиатга объектдан бошқалар қатори фойдаланиш ҳуқуқи ўтади, холос.
Мутлақ лицензияда объекгдан лицензиат ҳам, лицензиар ҳам фойдаланишга ҳақли, бироқ лицензиар бошқа учинчи шахсларга объектдан фойдаланиш бўйича лицензия беришга ҳақли эмас. Бинобарин, мутлақ лицензия шартномаси амал қилган вақтда лицензиат ҳам, лицензиар ҳам объектдан фойдаланишда тенг ҳажмли ҳуқуққа эга бўлади.
Қонунларда, шунингдек, мажбурий лицензия, очиқ лицензия берилиши шарт бўлган лицензия турлари ҳам мавжуд.
«Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғриси­да»ги Қонуннинг 11-моддасига асосан патент эгалари патент рўйхат­га олинган санадан бошлаб уч йил мобайнида саноат мулки объектидан фойдаланмаса ёки етарли даражада фойдаланмаса, ушбу муҳо­фаза этилаётган саноат мулки объектидан фойдаланишни хоҳловчи ва фойдаланишга тайёр ҳар қандай шахс, патент эгаси лицензия шартномаси тузишдан бош тортган тақдирда, ўзига мажбурий номутлақ лицензия беришни сўраб судга илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин. Агарда мутлақ ҳуқуқ эгаси саноат мулки объектидан фойдаланмаганлик ёки етарли даражада фойдаланмаганлик узрли сабабларга кўра рўй берганлигини исботлаб бермаса, суд юқорида кўрсатил­ган шахсга фойдаланиш доираси ҳажми, муддатлари ва ҳақ тўлаш тартибини белгилаган ҳолда мажбурий лицензия беришга ҳақли. Бунда тўланадиган ҳақ миқдори лицензиянинг бозор баҳосидан кам бўлмаслиги шарт.
«Селекция ютуклари ҳақида»ги Қонуннинг 40-моддасига асосан агар патент эгаси патент берилган санадан эътиборан уч йил мобайнида селекция ютуғидан Ўзбекистон Республикасида фойдаланмаса ҳамда лицензия шартномаси тузишни рад этса ва, агар мазкур селекция ютуғидан фойдаланмаслик жамият манфаатларига дахл этадиган бўлса, бу селекция ютуғидан фойдаланиш истагидаги шахс ўзига мажбурий лицензия беришни сўраб ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин. Мажбурий лицензия номутлақ (оддий) лицензия тариқасида берилади ва унинг эгасига патент эгасидан дастлабки уруғлик, кўчат ёки насл материалини олиш ҳуқуқини беради. Мажбурий лицензия фақат селекция ютуғидан ижозат этиладиган услубда ва лицензияга мувофиқ фойдаланилишини таъминлай оладиган шахсга берилади. Мажбурий лицензия патент эгасининг муҳофаза қилинаёт­ган селекция ютуғидан фойдаланишига ёки селекция ютуғидан фойдаланиш учун бошқа шахсга лицензияни беришига тўсқинлик қил­майди. Патент идораси мажбурий лицензиялар берилганлиги ҳақи­даги маълумотларни эълон қилади.
Мажбурий лицензиянинг яна бир кўриниши – берилиши шарт бўлган лицензия ҳисобланади. «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари ҳақида»ги Қонуннинг 32-моддасига асосан, агар патент эгаси саноат мулки объектидан унинг таркибида бошқа юридик ёки жисмоний шахсга қарашли муҳофаза қилинаётган ўзга объект қўлланилиши туфайли фойдалана олмаса, патент эгаси мазкур шахсдан бу объектдан шартномада назарда тутилган шартлар асосида фойдаланиш учун лицензия беришни талаб қилишга ҳақлидир.
Интеллектуал мулк ҳуқуқининг баъзи объектларига нисбатан очиқ лицензия шартлари қўлланилади. «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида» ги Қонуннинг 32-моддасига асосан, патент эгаси патент идорасига ҳар қандай шахсга саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини бериши ҳақида ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бундай тартибда олинадиган лицензияга очиқ лицензия дейилади. Очиқ лицензия сотиб олиш истагида бўлган шахс патент эгаси билан тўловлар ҳақида шартнома ёхуд номутлақ лицензия бериш ҳақида шартнома тузиши лозим. Шартнома шартлари бўйича низолар хўжалик судлардда кўрилади. Патент эгасининг очиқ лицензия бериш ҳақидаги аризаси қайтариб олиниши мумкин эмас.
«Селекция ютуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига асосан, патент эгаси Патент идорасига селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳар қандай шахсга бериш тўғрисида ариза топширишга ҳақли. Бу ҳолда патент ёки гувоҳнома ўз кучида сакланганлик учун ундириладиган бож ёки йиғим 50 фоизга камайтирилади. Патент эгасининг очиқ лицензияга бўлган ҳуқуқини бошқа шахсга бериш тўғри­сидаги аризаси чақириб олинмайди. Очиқ лицензия сотиб олиш истагини билдирган шахс патент эгаси билан тўловлар ҳақида шартнома тузиши шарт. Шартнома шартларига доир низолар суд томонидан ҳал этилади.
Интеллектуал мулк объектидан мутлақ ҳуқуқ эгасидан лицензия олмасдан фойдаланишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда­гина йўл қўйилади. Бундай фойдаланиш ҳақ эвазига ёки текин бўлиши мумкин. Масалан, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасида белгиланган ҳол­ларда ва тартибда саноат мулки объектидан аввалдан фойдаланувчи лицензия олмасдан, текин фойдаланишга ҳақли. Ушбу қонуннинг 32-моддаси 4-қисмига асосан саноат мулки объектидан патент эгасининг розилигисиз мутаносиб миқдорда унга товон тўлаган ҳолда фойдаланилишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда рухсат бериши мумкин. Бунда тўлов ҳажми тўғрисида низолар Олий Хўжалик Суди томонидан ҳал этилади.
Лицензия шартномаси ёзма равишда тузилади. Саноат мулки объектлари (ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, товар [хизмат] белгиси)дан фойдаланиш, шунингдек, селекция ютуқлари, ноу-хаудан фойдаланишга берилган лицензия Патент идорасида рўйхат­дан ўтказилиши шарт, акс ҳолда, ФКнинг 112-моддаси 1-қисмига асосан улар мутлақ (ўз-ўзидан) ҳақиқий ҳисобланмайди. Муаллифлик лицензия шартномасининг ўзига хос хусусиятлари ҳақвда ФКнинг 1071-моддасида белгилаб қўйилган. Гарчи қонунда бевосита талаб қилинмаса ҳам яратилиши факти бўйича мутлақ ҳуқуқ вужудга келадиган ва ҳуқуқий муҳофаза қилинадиган объектлардан фойдаланишга лицензия бериш ҳақидаги шартномалар нотариал тартибда гувоҳлан­тирилмоғи мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Download 39.34 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling