Мавзу Билиш назарияси (Гносеология) Билиш назариясининг предмети. Билим ҳар доим амалий информацион хусусиятга эга бўлган. «Гносеология»
Download 14.31 Kb.
|
Мавзу Билиш назарияси e715f38c1fba8f94f614c210a87440a5
. Мавзу Билиш назарияси (Гносеология) Билиш назариясининг предмети. Билим ҳар доим амалий информацион хусусиятга эга бўлган. «Гносеология» - соф фалсафий категория. Унинг номи юнонча gnosis – билим, илм ва logos – таълимот, фан сўзларидан келиб чиққан. Сўзма-сўз маъноси - «билиш ҳақидаги таълимот (фан)», «онг ҳақидаги таълимот (фан)». Фалсафий адабиётларда, шу жумладан фалсафий қомуслар ва луғатларда «гносеология» атамаси «билиш назарияси» деб таржима қилинган. Шу билан бир қаторда, айни шу мазмунни ифодалаш учун фалсафий адабиётларда «эпистемология» сўзи ҳам қўлланилади. Умуман олганда, ҳозири замон фалсафасида гносеология билиш жараёнининг умумий – фалсафий моҳияти ҳамда муаммоларига эътиборни қаратади. Эпистемология эса, бизнинг муайян нарсалар ҳақидаги билимларимиз ва (ёки) эътиқодларимизнинг ишончлилик даражасини ўрганади. Демак, эпистемология гносеологиянинг таркибий қисми ёки унинг амалий ифодасидир. Сўзнинг ўз маъносидаги эпистемология ҳозир бизнинг илмий, ҳақиқий билимларимизнинг мазмунини, шунингдек диний эътиқодларнинг гносеологик моҳиятини ўрганиш билан шуғулланади. Биз бу ерда билиш (онг)нинг моҳияти тўғрисида баҳс юритувчи фалсафий таълимот маъносидаги «гносеология» атамасидан фойдаланамиз. Бироқ аввал гносеология муаммолари доирасини аниқлаб оламиз. Гносеология – бу фалсафий билимлар бўлими; инсоннинг дунёни ва ўзини билиш даражасини фалсафий ўрганиш; билиш жараёнида билмасликдан билим сари юксалиш қандай юз беришини тадқиқ қилиш; билимларимиз табиатини уларнинг аслича, ўз «онтологик» моҳиятига боғлаб ўрганиш ҳамда бу билимларнинг идрок этилаётган нарсалар ва ҳодисалар билан ўзаро нисбатини аниқлаш демакдир. Демак, умуман олганда, гносеология онг, билим, билишни ўрганиш билан шуғулланади. Шахсий ва ижтимоий тажрибада биз онгнинг мавжудлигини аниқ сезамиз, онгнинг ўз-ўзига, бошқа одамларга ва умуман жамиятга таъсири натижаларини физиологик даражада ҳис қиламиз ва кўрамиз. Айни вақтда, онгнинг ўзи кўринмайди. Моддий дунё ҳодисаларидан фарқли ўлароқ, онгни кузатиш мумкин эмас. У гўё вақт ва макон чегараларидан ташқарида туради. Гносеологиянинг вазифаси бу кўринмас онгни идрок этиш, унинг моддий нарсалар ва ҳодисалар дунёси билан ўзаро алоқаларини аниқлаш, уни ўз муҳокама ва тадқиқот предметига айлантиришдан иборат. Гносеологиянинг асосий муаммоси қуйидаги «оддий» масалани ечишдан иборат: бизнинг барча билимларимиз тажрибада синалганми? Бу саволга жавоб излаш ва масала ечимини топишда гносеологияда икки мухолиф анъана: билимларимиз тажрибада синалганини қайд этувчи эмпиризм ва буни инкор этувчи рационализм тўқнашади. Рационализм (рационалистлар) инсонда туғма ғоялар, масалан, адолат, инсонийлик, уйғунлик ғоялари ва тажрибадан олиниши мумкин бўлмаган бошқа ғоялар мавжудлигидан келиб чиқади. Зотан, тажриба тўла адолат, ялпи инсонийлик мавжуд эмаслигини, бизни қуршаган дунёда уйғунлик устидан хаос ҳукм суришини кўрсатади. Бунда айрим ашаддий рационалистлар (масалан, Платон, Августин ва уларнинг ҳамфикрлари) кўрсатиб ўтилган ва уларга ўхшаш ғоялар инсон ақлига хос, туғма ғоялар бўлиб, уларни инсон фақат ўз ақлидан олишини қайд этадилар; бошқа, мўътадил рационалистлар (масалан, Лейбниц, Вольф, Баумгартен) эса, кўрсатиб ўтилган ва уларга ўхшаш ғоялар ақлга боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳам мавжуд бўлса-да, бироқ улар фақат ақлда фикрлаш ва фалсафий мушоҳада юритиш жараёнида туғилишини таъкидлайдилар. Эмпиризм (эмпиристлар, масалан, Френсис Бэкон, Локк, Гоббс, Юм, Фейербах), аксинча, инсон, инсоният шахсий ёки ижтимоий тажрибага эга бўлгунга қадар бирон-бир ғоя мавжуд бўлганлигини инкор этадилар. Улар барча ғоялар инсон онгида ё шахсий тажриба, ё бошқалар тажрибаси, бутун инсоният тажрибасини умумлаштириш ётувчи ўрганиш орқали туғилишини қайд этадилар ва бу тезисни исботлашга ҳаракат қиладилар. Уларнинг фикрига кўра, бу тажриба инсон онгида унинг сезгилари ва ўзини қуршаган дунёни идрок этиши орқали акс этади. Фалсафада идрок этишни перцепция (лотинча «perception» - идрок этиш) деб аташ одат тусини олган. Лейбниц ташаббусига кўра, перцепция деб, ўзини қуршаган дунёдаги нарсалар ва ҳодисаларни сезгилар орқали идрок этишга айтилади, борлиқни ақл билан англаш, билиш ва уларни ғояларда ифодалаш эса аперцепция деб аталади. Гносеология инсон билимининг чегаралари тўғрисидаги масалани ечишни ҳам ўз ичига олади. Кўпгина эмпириклар (масалан, Давид Юм, Дюбуа Раймонд, агностиклар) ва рационалистлар (масалан, Кант ва унинг ҳамфикрлари) инсон нафақат умумий нарсалар ва ҳодисаларни, балки муайян, конкрет нарсаларни ҳам билиши мумкин эмас, деган фикрга қўшиладилар. Айрим нарсалар, ҳодисалар ва концепциялар борки, улар перцепциямизнинг чегараларига ҳам, тафаккуримиз, рефлексиямиз (лотинча «reflexes» - орқага қайтиш) доирасига ҳам сиғмайди. Масалан, Кант Коинот ибтидоси ёки ибтидосизлиги, Худонинг борлиги ёки йўқлиги, жоннинг боқийлиги ёки фонийлиги, ахлоқнинг сабабийлиги ёки сабабсизлиги ақлнинг билиш чегараларига сиғмайдиган, оқилона ўрганиб бўлмайдиган трансцендентал (лотинча «transcendentalism» - чегарага сиғмайдиган) масалалардир, деб ҳисоблаган. ХХ аср позитивистлари, эмпиризм ғояларини ҳимоя қилган йирик олимлар (Морис Шлик, Рудольф Карнап, А.Ж.Айэр) Катннинг трансцендентал муаммоларини мантиқсиз деб эълон қилдилар. Гносеология инсон билими ва билишга доир жуда кўп муаммолар билан шуғулланади. У бизнинг билимларимиз қай даражада эътиқод, қай даражада кўр-кўрона ишонч ва қай даражада реал борлиқнинг ҳақиқий инъикоси эканлигини аниқлашга ҳаракат қилади. Сўнгги ўн йилликларда гносеологияда билимлар ўртасидаги фарқ, «нимани биламан», «қандай биламан», «шахсий тажрибамдан биламан», «далилга кўра биламан» каби иборалар мазмунининг ўзаро нисбати масалалари муҳокама қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда, гносеология борлиқни тўлиқ қамраб олиб, унда бирон-бир тафсилотни назардан қочирмасликка ҳаракат қилаётир. Оптимизм. Скептицизм. Агностицизм. Билиш жараёни ривожланиш қонуниятларининг шакллари, ҳақиқатнинг тагига етиш имкониятлари нуқтаи назаридан ўрганилади. Унинг ҳар хил моделлари, ёндашувлари мавжуд. Материалистик моделлар замирида дунёнинг инсон онгида акс этиш принципи: Демокритда – образлар (эйдослар), Янги давр файласуфларида – сенсор сигналлари, Берклида – субъектнинг сезгилари ётади. Лейбниц билишни илоҳийлаштирилган ғоянинг инсон туғма тушунчаларига таъсири деб ҳисоблаган. Гегель таклиф қилган моделнинг замирида мутлақ ғояни англаш ётади. Мах, Авенариус ва бошқа субъектив идеалистларда (XIX аср охири – XX аср бошлари) билиш жараёни – бу сезгиларнинг бўш ва тежамли алоқасини амалга ошириш. Инсон ақли билиш пиллапоясидан юқорига кўтарилар экан, ҳар бир янги поғонада қайта-қайта қуйидаги саволга жавоб топишга ҳаракат қилади: қандай қилиб билиш мумкин, умуман дунёни билиш мумкинми? Билишнинг чегаралари борми? Бу саволга жавоб беришга уринишда уч асосий йўналишни оптимизм, скептицизм ва агностицизмни фарқлаш мумкин: (Кант ва бошқалар). Оптимистлар дунёни билиш мумкинлигини таъкидлайдилар, агностиклар, аксинча, буни рад этадилар (И.Кант – «нарса ўзида»). Скептиклар эса, дунёни билиш мумкинлигини инкор этмайдилар (XVIII асрда Д.Юм), бироқ билимнинг ҳақиқийлигига шубҳа билдирадилар. Одатда, скептицизм парадигмалар, қадриятлар, ижтимоий тизимлар ва ҳоказолар ўзгараётган даврда (ёки унинг арафасида), илгари ҳақиқий деб ҳисобланган хулосалар фан ва амалиёт олган янги маълумотлар нуқтаи назаридан сохта, асоссиз бўлиб чиққан ҳолда равнақ топади. Скептицизм психологиясига хос хусусият шундан иборатки, у дарҳол нафақат эскирган, балки янги, шаклланаётган фикрлар, ғояларни ҳам топтай бошлайди. Бу психология замирида тадқиқотчининг янгиликка ташналиги ва инсон тафаккурининг кучига бўлган ишонч эмас, балки қачондир қабул қилинган «қулай» принципларга таяниш ётади. Скептицизм таълимот сифатида, зарарлидир, чунки у инсоннинг билиш борасидаги деярли барча имкониятларини камситади. Билимга чанқоқ бўлган, билишга ҳаракат қилаётган одам: «Мен бунинг нималигини билмайман, бироқ билишга умид қиламан», дейди. Агностик эса, «Мен бунинг нималигини билмайман ва ҳеч қачон била олмайман», деб таъкидлайди. Юзаки скептицизм, кўр-кўрона фанатизм каби, дунёқараши тор одамларда кўп учрайди. Ф.Ларошфуко таъбири билан айтганда, калтабин одамлар одатда ўз дунёқараши доирасидан четга чиқадиган ҳамма нарсани қоралайди. Бироқ оқилона даражадаги скептицизм фойдали ва ҳатто зарур. Билиш усули сифатида скептицизм шубҳа шаклида амал қилади, бу эса ҳақиқатнинг тагига етиш сари ташланган қадамдир. Шубҳа эскирган, қотиб қолган ақидаларнинг тагига сув қуяди, уларга путур етказади. У – ривожланаётган фаннинг муҳим унсури. Билимсизлик қайд этади ва инкор қилади, билим – шубҳаланади. Агностиклар дунёни билиш мумкинлигини инкор этадилар, аммо бу кўр-кўрона, ҳеч нарсага асосланмаган инкор этиш эмас. Улар кўрсатаётган кўпгина саволларга чиндан ҳам ҳали жавоб топилмаган. Агностицизмга олиб келувчи асосий муаммо шундан иборатки, нарса ёки ҳодисани билиш жараёнида бу нарса ёки ҳодиса албатта бизнинг сезги ва фикрлаш аъзоларимизда акс этади. Бу нарса ёки ҳодиса бизнинг сезги ва фикрлаш аъзоларимизда акс этиш натижасида қандай кўриниш касб этган бўлса, биз улар ҳақида шундай маълумотга эга бўламиз. Нарсалар ва ҳодисалар аслида қандай эканлигини биз билмаймиз ва билишимиз мумкин ҳам эмас. Қаршимизда бош-адоғи йўқ дунё ястаниб ётади, биз эса унга ўз формулаларимиз, схемаларимиз, моделларимиз ва тушунчаларимиз билан яқинлашиб, чексизликни ўз тасаввурларимиз билан илғаб олишга ҳаракат қиламиз. Тушунчалар, категориялар ва назариялар «тугунлари»ни қай даражада қаттиқ қилиб турмайлик, дунёни тушуниб етишга шу йўсинда даъвогар бўлишимиз тўғрими? Бундан чиқди, биз ўз билиш усулларимиз билан чегараланган дунёда яшаймиз ва олам ҳақида ҳаққоний бир гап айтишга қодир эмасмиз. Бироқ билиш фанининг ривожланиши агностицизмнинг бу амалий хулосасини ҳар қадамда рад этади. Масалан, позитивизм асосчиси О.Конт инсоният Қуёшнинг кимёвий таркибини аниқлашга қодир эмас, деб таъкидлаган эди. Бироқ кейинчалик спектрал анализ ёрдамида Қуёш таркиби аниқланди. XIX аср фанининг баъзи бир намояндалари атомлар амалда мавжуд эмас, улар фақат тафаккур маҳсули, деб ҳисоблар эди. Бироқ Э.Резерфорд атомлар амалда мавжуд эканлигини исботлаб берди, орадан ярим аср ўтгач, генларнинг кенг кимёвий таркиби аниқланди. Шунга қарамай, бугунги кунда ҳам агностик хулосаларни неопозитивизм, феноменология, экзистенциализм, прагматизм ва ҳоказоларда кузатиш мумкин. Уларнинг агностицизми нафақат гносеологик хусусиятга эга бўлган сабаблар, ички мантиқ билан, балки маълум даражада Д.Юм ва О.Конт фалсафаси бошлаб берган анъана билан ҳам белгиланади. Кант агностицизми. Кант агностицизмининг қисқача мазмуни қуйидагича: биз биладиган нарса (феномен) ва ўз ҳолича мавжуд бўлган нарса (ноумен) мутлақо ҳар хилдир. Биз ҳодисалар моҳиятини қай даражада теран англамайлик, бизнинг билимимиз барибир ўзича мавжуд бўлган нарсалардан фарқ қилади. Шундай қилиб, Кантнинг фикрича, бизнинг онгимизга, ҳиссиётимизга, тафаккуримизга боғлиқ бўлмаган нарсалар олами мавжуд. Уни файласуф «нарса ўзида» сифатида таърифлайди. Кантнинг таъкидлашича, билиш жараёни «нарса ўзида»нинг сезги аъзоларимизга бевосита таъсири остида ҳис-туйғунинг уйғонишидан бошланади. Ваҳоланки, ҳис-туйғулар, тушунча ва ҳукмлар ўз ҳолича «нарса ўзида» ҳақида муайян назарий билим беришга қодир эмас. Лекин бундан ишончли билим йўқ экан, деган хулосага келмаслик керак. Математика ва табиатшунослик айнан шундай ишончли билим манбаидир. Аммо улар қай даражада ишончли бўлмасин, «нарса ўзида» ҳақидаги ҳақиқий билим бўла олмайди. Бизнинг тафаккуримизда шаклланган тушунчалар «нарса ўзида»ни қай даражада тўғри ёки нотўғри акс эттира олади, деган саволга аниқ жавоб мавжуд эмас, дейди Кант. Агностицизм Кант билиш назариясининг негизини ташкил этади. Инсон объектни ўз табиатига кўра ҳодиса ва моҳият нуқтаи назаридан ўрганади. Демак, бу жараён маълум даражада бир-бирига қарама-қарши қўйилади. Ҳодисадан моҳиятга ўтиш зиддиятли жараёндир. Сезги берган илк маълумотлар тўғридан-тўғри тафаккур «лабораторияси»га қабул қилинавермайди. Аммо, Кант фикрига кўра, шундай бир субъект борки, унинг учун билим даражаси мавжуд эмас. Унинг билими доимо тўлиқ ва ҳақиқийдир. Бу субъект – Худо. Гарчи Кант диний эътиқод манфаатларини кўзлаб билимни чегаралаб қўйган бўлса-да, у айни вақтда ахлоқнинг эътиқоддан мустақил эканлигини таъкидлашга ҳаракат қилади. Ахлоқ динга эмас, балки аксинча, ҳар қандай дин ахлоққа асосланмоғи керак, деган хулосага келади. Гносеологик релятивизм – ҳодисалар, борлиқ ва билиш воқеаларининг ўзгарувчанлиги, ўткинчилигини мутлақлаштириш агностицизмнинг йўналишларидан бири ҳисобланади. Релятивизм тарафдорлари дунёда ҳамма нарса ўткинчи, ҳақиқат дунёвий даражада ҳам, ҳаттоки илмий даражада ҳам бизнинг олам ҳодисалари ҳақида олган фақат шу пайтдаги билимларимизни ифодалайди, кеча ҳақиқат деб ҳисобланган нарса бугун иштибоҳ, хато сифатида тан олинади: худди дори каби, ҳақиқатнинг ҳам сақланиш муддати бор. Нисбий мушоҳадалар бундан ҳам омонатроқ. Бу ижтимоий ҳаётда, ахлоқ нормалари ва эстетик дидларда айниқса яққол сезилади. Яқиндагина шак-шубҳасиз деб эътироф этилган нарса энди дўзахдан чиққан бало сифатида инкор этилади. Баҳолар калейдоскопдаги рангли доғлар каби ўзгаради. Бундан гўё билиш жараёни – муваффақиятсизликка учраши тайин бўлган ҳақиқат кетидан «қувиш», деган умумий хулоса чиқарилади. Бизнинг барча билимларимиз гўё ноаниқлик ва ноаҳиқиқийлик денгизида сузади, у фақат – ва фақат! – нисбий, шартли конвенциал (лотинча «conventional» - шартномага мувофиқ) ва субъективдир. Download 14.31 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling