Монополияга қарши бошқарув фаолиятини амалга оширишда комплайнс тизимидан фойдаланиш ва рақобатни ривожланириш


Download 33.35 Kb.
Sana26.03.2023
Hajmi33.35 Kb.
#1296891
Bog'liq
КОМПЛАЙНС(1)


МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ БОШҚАРУВ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА КОМПЛАЙНС ТИЗИМИДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА РАҚОБАТНИ РИВОЖЛАНИРИШ
магистрант. Тешабоев Бахромжон.
АДУ

Рақобат — бозор субъектлари иқтисодий манфаатларни тўқнашувидан иборат бўлиб,улар ўртасидаги юқори фойда ва кўпроқ нафлиликка эга бўлиш учун курашни англатади. Хозирги бозор иқтисодитида рақобатнинг қуйидаги асосий вазифаларини ажратиб кўрсатиш мумкин:


-тартибга солиш вазифаси;
-ресурсларни жойлаштириш вазифаси;
-инновацион вазифа;
-мослаштириш вазифаси;
-тақсимлаш вазифаси ;
-назорат қилиш вазифаси.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда қуйидагиларни таъкидлади:
“Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз.”1 Шунингдек, Давлат раҳбари томонидан давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш, рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш борасида мутлақо янги тизим яратиш лозимлиги таъкидланди (Мирзиёев Ш.М., 2020).

Комплаенс (ингл. compliance – “мувофиқлик, мослик”; to comply – “риоя этмоқ”феълидан олинган) муайян ички ёки ташқи талаб ва меъёрларга мувофиқликни англатади. Монополияга қарши комплаенс монополияга қарши қонунчилик бузилиши ҳолатлари учун жавобгарликка тортиш бўйича рискларни камайтиришга қаратилган бўлиб, унинг ёрдамида жарималар ёки монопол даромадларни мусодара қилиш билан боғлиқ харажатларни қисқартириш мумкин.


Комплаенс назорат тизими илк бор АҚШда 1906 йилда вужудга келди. Бунга зарурият мамлакат иқтисодиётида хавфсизликни таъминлашга қаратилган компания ва корпорацияларнинг ташкил этилиши билан боғлиқдир. Хорижий амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, бозор иқтисодиёти қонунларга асосланган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат (compliance control) тизимини ташкил этиш ҳисобланади
Ҳозирги кунда халқаро даражада комплаенс сифатини таъминлашнинг иккита стандарти мавжуд: ISO 19600 “Комплаенс менежмент тизимлари” (Compliance Management Systems) ва ISO 37001 “Порахўрликка қарши менежмент тизимлари” (Anti-Bribery Management Systems) (ISO 19600, 2014, ISO 37001, 2016).Монополияга қарши комплаенс рисклари рақобат эркинлиги, бозорларда рақобатлашаётган корхоналарнинг тенглиги ва адолатли рақобат қоидаларидан бирининг бузилиши натижасида моддий ва номоддий йўқотишларнинг юзага келиш эҳтимолини ўз ичига олади. Масалан, Европанинг рақобат бўйича бош директорати томонидан 1990-2016 йиллар мобайнида 815 та компанияларга умумий миқдори қарийб 26 млрд. евро бўлган жарималар солинган. Шу боисдан ҳам, компаниялар рақобатни чекловчи ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ рискларни бошқариш мақсадида рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилишга оид дастурлардан фойдаланадилар. Бундай дастурлар рақобат тўғрисидаги қонунларни бузиш хавфи юқори бўлган бошқармалар ва ходимларни аниқлашга қаратилган тадбирларни ўз ичига олади (Götz ва бошқ., 2016). Коплаенсни бошқариш ҳуқуқий ёки тартибга солишга оид талабларни бажариш учунгина эмас, балки глобал муҳитни бизнес стратегиясини амалга ошириш йўналишида бошқариш учун ҳам муҳимдир.
Монополияга қарши органлар ресурслар чекланганлиги муаммоси туфайли қонунбузарликни аниқлаш ва олдини олишда ўз ташаббусига кўра ҳисобот бериш амалиётига таянадилар. Шу боисдан, улар компанияларни ишончли ва самарали комплаенс дастурларига инвестиция киритишга ундай олишлари керак (Riley, Sokol, 2015).
Монополияга қарши комплаенснинг ягона универсал тизими мавжуд эмас, унинг самарадорлиги бозордаги мавжуд ҳолатга мослаша олиши ва муайян компаниянинг индивидуал талабларига мос келишига чамбарчас боғлиқ. Бошқача айтганда, монополияга қарши комплаенс тизими муайян бир компания учун махсус ишлаб чиқилади (Gozman, Currie, 2014).
Монополияга қарши комплаенс чора-тадбирлари мажмуи таркибида қуйидагилар муҳим ўрин эгаллайди:
– монополияга қарши комплаенс сиёсатининг (дастури) бузилиши юзасидан санкциялар белгилашни кўзда тутувчи меъёрий ҳужжатлар;
– ташкилотлар томонидан монополияга қарши комплаенсни бузиш рискини келтириб чиқарувчи бозордаги у ёки бу фаолиятни амалга оширишни мувофиқлаштириш жараёнларини ўрнатувчи меъёрий ҳужжатлар;
– контрагентларни танлашда камситишга йўл қўйилмайдиган шароитлар вамезонларни ўз ичига олган савдо-сотиқ сиёсати;
– монополияга қарши қонунчилик ва монополияга қарши курашиш органларининг амалиётидаги янгиликларни етказиш/тушунтириш бўйича дастур ва тренинглар;
– ахборот сиёсати, ахборотларни ошкор қилиш ёки махфийлигини таъминлаш бўйича ташкилот ходимлари учун йўриқномалар;
– монополияга қарши комплаенс дастурларини амалга оширишдаги муаммоларни тезкор аниқловчи ички аудит хизмати.
Корхоналарда монополияга қарши риск-менежмент жараёнлари қуйидагиларни қамраб олади:
– монополияга қарши курашиш соҳасидаги рискларни аниқлаш (соҳалар ва риск омилларини топиш);
– монополияга қарши курашиш соҳасидаги рискларни баҳолаш;
– амалга оширилган назорат жараёнларини мониторинг қилиш ва баҳолаш;
– монополияга қарши риск бошқаруви жараёнларини такомиллаштириш бўйича режа тузиш.
Шуни такидлаш керакки, Еврокомиссия томонидан монополияга қарши корпоратив дастурларнинг муҳимлиги таъкидлансада, жарима қўллашда уларнинг мавжудлиги ҳисобга олинмайди (European Commission, 2011). Бироқ миллий даражада Европа Иттифоқининг айрим аъзо мамлакатларида жарималарни 10 % (Франция) ва 15 фоизга (Италия) камайтириш имконияти берилган.
Монополияга қарши комплаенсни жорий этиш бўйича тавсиялар қуйидаги ҳужжат шаклларида ишлаб чиқилган: Адолатли савдо бўйича бошқарма (the UK Office of Fair Trading) томонидан ишлаб чиқилган ва қўлланиладиган тавсиявий йўриқнома (Буюк Британия); Монополияга қарши орган (Autorite´ de la concurrence) намунавий ҳужжати (Франция); Маъмурий жарималарни белгилашда миқдорий мезонларни қўллаш бўйича асосий тамойиллар (Италия). Айтиб ўтиш жоизки , АҚШда корпоратив тизимда комплаенснинг мавжуд бўлиши жавобгарликни юмшатиш ёки жавобгарликдан озод этишга асос бўлиб хизмат қилади. Қўшни мамлакат Қозоғистонда ҳам монополияга қарши комплаенс институти 2015 йил 29 октябрда қабул қилинган Тадбиркорлик кодекси (195-1 модда) билан қонунийлаштирилган. Россия Федерацияда дастлаб табиий монополия субъектлари, давлат корхоналари, унитар корхоналар ва бошқалар томонидан монополияга қарши комплаенсни мажбурий жорий этилиши ҳақида ташаббуслар илгари сурилди (Пузыревский С., 2018). Россия Монополияга қарши федерал хизмати 2013-2024 йилларда Россия
Федерациясида рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши тартибга солиш стратегиясига монополияга қарши комплаенс масаласини киритиш ташаббуси билан чиқди. Мазкур стратегиянинг 2.1.1-бандида, хўжалик субъектлари, ассоциациялар ва товар бозори иштирокчилари ўртасида комплаенс тизимини жорий этишни рағбатлантирувчи қонун даражасидаги нормаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарурати кўрсатиб ўтилган. Россия Монополияга қарши федерал хизматининг хўжалик субъектлари томонидан монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этилишига оид ташаббуслари кейинчалик қуйидаги меъёрий ҳужжатларда ўз аксини топди:
1. Россия Федерацияси Президентининг 2017 йил 21 декабрдаги 618-сонли “Рақобатни ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида”ги фармони. Фармон билан рақобатни ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг муҳим принциплари белгиланган бўлиб, улар қаторида монополияга қарши қонунчилик талабларига мувофиқликни таъминлашнинг ички тизимларини жорий этган хўжалик субъектларини рағбатлантириш ҳам қайд этилган.
2. Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2018 йил 1 мартдаги "Россия Федерациясининг монополияга қарши қонунчилигига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишда иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини хавф-хатар сифатида таснифлаш мезонларини тасдиқлаш тўғрисида" ги 213-сонли қарори. Қарорга кўра, хавф-хатар даражасини пасайтириш мезонларидан бири бу рискни таснифлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб камида бир йил фаолият юритган хўжалик юритувчи субъектида мазкур субъектнинг ички ҳужжатларида кўрсатилган монополияга қарши қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилишга йўналтирилган ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар тизимининг амал қилиши ҳисобланади.
3. Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2017 йил 26 апрелдаги 795-сонли фармойиши билан тасдиқланган “Монополияга қарши қонунчилик, давлат мудофаа харидлари ва харид фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига риоя қилишнинг ички назоратини жорий этиш бўйича услубий тавсиялар”. Қозоғистон монополияга қарши комплаенс амалиётига кўра ҳозирги кунда
исталган компанияда монополияга қарши қонунбузарлик ҳолатлари таҳлил қилиниши мумкин. Масалан:
- рақобатга қарши келишилган ҳаракатларни амалга оширишда (бир вақтнинг
ўзида нархларни пасайтириш ва кўтариш ва ҳ.к.) товар бозорида 5 фоиздан юқори
улушга эга бўлган компания жалб қилиниши мумкин;
- рақобатга қарши битимлар тузиш учун (нархларни белгилаш ёки ушлаб туриш,
чегирмалар, имтиёзлар ва бошқалар) бозорда 20 фоиздан ортиқ улушга эга бўлган компания жалб қилиниши мумкин;
- устун ёки монопол мавқеини суиистеъмол қилганлик учун (юқори ёки паст нархларни белгилаш ва ҳ.к.), бозор улушининг 35 фоизидан кўпроғига эгалик қилувчи ёки биргаликдаги бозор етакчилигида бозор улушининг 15 фоизидан кўпроғига эга бўлган компания жалб қилиниши мумкин.
Монополияга қарши қонун бузилишларини таҳлил қилишда биринчи навбатда ижтимоий аҳамиятга эга бозорларда фаолият юритадиган компаниялар кўриб чиқилади. Булар электр энергияси, нефть ва газ, авиация ва темир йўл саноатида фаолият юритадиган компаниялардир.
Айни пайтда таъкидлаш керакки, монополияга қарши текширувларни бошлаш учун истеъмолчиларнинг шикоятлари асос бўлади. Монополияга қарши комплаенсни жорий этиш компаниялар томонидан монополияга қарши комплаенснинг ички ва/ёки ташқи меъёрий ҳужжатларини қабул қилиш орқали амалга оширилади. Ташқи меъёрий ҳужжатлар бозорларда компаниялар ўртасидаги соғлом рақобат сиёсати ва қоидаларини тартибга солади. Ички меъёрий ҳужжатлар эса компанияларда монополияга қарши қонунбузарликларнинг юзага келиши рискларини бошқариш ва баҳолаш усулларини ҳамда риск бошқарувини ташкил этиш тартибларини белгилайди. Масалан, Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазирининг 2017 йил 13 февралдаги 65-сонли буйруғи билан монополияга қарши комплаенснинг ташқи меъёрий ҳужжатлари намунаси тасдиқланган. Бироқ, компаниялар бундай ҳужжатларни ўзлари мустақил
ишлаб чиқиш ва монополияга қарши органга намунавий ҳужжатларга мослигини тасдиқлаш учун юбориш ҳуқуқига эга. Айни пайтда таъкидлаш ўринлики, Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазирининг соҳага оид юқоридаги буйруғида таъкидланишича, комплаенсга оид ташқи меъёрий
ҳужжатнинг қабул қилиниши бозор субъектлари учун бирор моддий ёки бошқа устунликни бермайди, шунингдек, рақобатни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликга риоя қилиш мажбуриятидан озод қилмайди, балки соҳага оид қонунчилик нормаларини бузиш рискини камайтиради.
Ўзбекистонда монополияга қарши комплаенсни жорий этишни самарали ташкил этиш бўйича қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
1. Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан монополияга қарши комплаенснинг ташқи ҳужжатлари намуналари ишлаб чиқилиши, шунингдек, корхоналарнинг комплаенс тизими жорий этишдан оладиган самараси, мумкин бўлса, имтиёзлари кенг тарғиб қилиниши зарур. Бундан ташқари, давлат улуши юқори бўлган корхоналар, хусусан, табиий монополия субъектлари кесимида комплаенсни жорий этиш босқичлари белгиланиши зарур.
2. Комлаенс дастурлари ижросини ташкилий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари кузатув кенгашлари таркибида комплаенс ва рискларни бошқариш қўмитасини ташкил этиш зарур.
3. Комплаенс соҳасида кадрлар таъминоти муаммосини бартараф этиш мақсадида монополияга қарши комплаенс бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш лозим.

Адабиётлар.


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиши. 2020 й. 28 май


2.European Commission (2011). Compliance Matters – What Companies Can Do Better to Respect EU Competition Rules (November 2011) accessed 31 October 2012;
3. Götz G, Herold D, Paha J. (2016). Results of a survey in germany, austria, and
switzerland on how to prevent violations of competition laws. In Forthcoming:

1 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиши. 2020 й. 28 май

Download 33.35 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling