Мусиқа ижрочилигини ривожланишида қўшиқларини аҳамияти


Download 277.23 Kb.
bet1/2
Sana07.04.2023
Hajmi277.23 Kb.
#1338321
  1   2
Bog'liq
Мақола Азизбек 2023 йил


Мусиқа ижрочилигини ривожланишида қўшиқларини аҳамияти.
Фарғона давлат университети Сиртқи бўлими ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси катта ўқитувчиси, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочиси
Раҳмонов Улуғбек Каримович.
Аннотация. Мақолада халқ ижодиётини ривожланишида қўшиқ жанрини жамият ҳаётида кириб келиши, инсон турмун тарзида тутган ўрни, халқ урф-одатлари, удумлари, маросимлари, байрамлари таркибида ифодаланиши ҳақида маълумотлар берилган.
Аннотация. В статье представлены сведения о внедрении песенного жанра в жизнь общества в развитии народного творчества, его роли в жизни человека, выражении в народных обычаях, традициях, обрядах, праздниках.
Annotation. The article presents information about the introduction of the song genre into the life of society in the development of folk art, its role in human life, expression in folk customs, traditions, rituals, holidays.
Калит сўзлар. Қоришиқ, кишилик, тафаккур, синтетик, ибтидоий, қадимий, эътиқоди мифологик, змпирик, тасаввур, удумлар, маросим.
Ключевые слова. Смешанное, личность, мышление, синтетическое, первобытное, древнее, вера, мифологическое, мпирическое, воображение, обряды, ритуал.
Keywords. Mixed, personality, thinking, synthetic, primitive, ancient, faith, mythological, miraculous, imagination, rites, ritual.
Мусиқа ижрочилигини ривожланишида қўшиқ жанрлари - инсон нутқи шаклланиши билан халқ оғзаки бадиий ижодининг кадимий тур ва жанрлари ҳам қоришиқ ҳолда юзага кела бошлади. Кишилик бадиий тафаккурининг турли шаклларини ўз ичига олган бу синтетик ижод намуналари ибтидоий ин­сон маишати ва фаолиятининг барча жиҳатлари билан маҳкам боғланган бўлиб, қадимги одамларнинг диний эътиқодий ва мифологик қарашларини, бошланғич илмий, яъни эмпирик билимларини, табиат ва жамият ҳақидаги тасаввурларини акс эттирган. Бироқ, қадимий фольклорнинг бундай намуналари бизгача етиб келмаган, балки уларнинг излари ва айрим қисмлари халқнинг яшаш ва турмуш тарзи билан боғлиқ турли-туман тасаввур ва қарашларида, халқ урф-одатлари, удумлари, маросимлари, байрамлари таркибида, баъзи бир ёзма манбаларда, кейинги даврларда ёзиб олинган фольклор асарларида қолдиқ ҳолидагина сақланиб қол­ган.
Қўшиқ-инсон руҳининг таржимони. У бешикдан қабрга қадар қўшиқ тинглайди. Қўшиқ билан дил розини баён этади. Қайғули кунларида ҳам, қувончлидамларида ҳам қўшиқ билан ҳамнафас бўлади, қўшиқ оғушида бўлади, қўшиқ яратади. Ривоят қилинишича, инсон танасига Оллоҳ руҳни қўшиқ орқали олиб кирган дейишади. Шундай экан, унинг бутун турмуш тарзи ва ҳаёти қўшиқларда ўз инъикосини топган. Қўшиқларда халқ ҳаёти, миллий урф-одати, қадрият ва анъаналари бутун қирралари ҳамда жозибаси билан ўз кўринишига эга. Қўшиқларда халқ тафаккури, дунёқараши ва ўзига хос табиати мужассамлашган.
Ўзбек мусиқашунослигида ҳам қўшиқ жанри таҳлили, унинг бадиий жилвакорликка ниҳоятда бойлиги-ю, ифодавийликлари сермазмун эканлиги кўпгина тадқиқотчи олимларимиз томонидан тадқиқ этилган. Уларнинг жуда кўп қисми ёзиб олиниб, маънавий меросимизга айлан-тирилган. Айниқса, бу соҳада ўзбек миллий қўшиқшунослар Музайяиа Алавия, филология фанлари доктори, профессорлар Т.Мирзаев, М.Жўраев, Д.Ўраева филология фанлари доктори А.Мусоқулов, олим Р.Носиров, тадқиқотчи Н.Ортиқматов ва бошқаларнинг қўшиқ жанри ранг-баранглиги, лирик оҳангдорлиги, поэтик хусусиятлари атрофлича таҳлил этилган. Яна таниқли олим Эргаш Очиловнинг "Шода-шода марварид” номли ўзбек халқ қўшиқларининг тўплаб нашр этилиши ҳам улкан ютуқлардан биридир. Шунингдек, мусиқашунослигимиз замиридаги ўзбек халқ қўшиқчилигини ўрганиш, уни тадқиқ этишга катта аҳамият берилмоқда. Хусусан, профессор О.Сафаровнинг, “Туй муборак, ёр-ёр" асарига киритилган никоҳ маросими билан боғлиқ маросим қўшиқлари, “Бухорча” ва “Мавриги" тароналари асарлари салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. Китобда фақат Бухорога хос булган туркумларнинг поэтик таркиблари, туркумларнинг тарихий ге­нетик асослари, ижро усуллари ва композицион хусусиятлари маҳорат билан талқин этилган. Бундан таш-қари, Академик Ю.Ражабий томонида чоп этилган “Ўзбек ҳалқ мусиқаси” китобида халқ қўшиқлари ва термалари тўпланиб жамланган. Китобнинг мувоффақиятли томони шундаки, унда ўзбек халқ қўшиқлари жанри таркиби жиҳатидан бой зканлиги эътироф этилиб, ёзиб олинган қўшиқ ва термалар шу жанр мавзусига хос гуруҳларга ажратиб келтирилган. Халқ қўшиқларининг меҳнат, лирик, никоҳ тўйидан ташқари, сатирик ва юмористик қўшиқлар, мотам қўшиқлари, мавсумий қўшиқлар, замонавий ва ахлоқий қўшиқлар, болалар фольклоридаги муножот, насиҳат жанридаги қўшиқлар ҳам янги кўринишдаги қўшиқ намуналаридир.
Қўшиқнинг ўзига хос бойлиги - бадиий мазмун ва тасвирий воситаларга ниҳоят даражада бойлигидир. Улардаги мисралар мазмунли иборалар, бўлаклар ва бадиий воситаларга бойлиги билан, киши қалбида муҳрланиб қолиши билан бошқа жанрлардан фаркланади. Халқона руҳ, халқона теранлик ва ижодкорлик алоҳида кўриниб туради. Қўшиқлардаги рўмол, рўмолча, узук, тикан, илон, гул, булбул, олма, лола. дарё, от каби бадиий тасвирий воситалар мавжудки, уларнинг хар бири рамзий мазмун касб этади. Чунончи, рўмолча-кўнгил, ишқ-муҳаббат рамзи. Маъшуканинг ошиққа рўмолчани бериши у билан бирга ҳаёт куриши, бирга бўлишга ризолигидир. Бироқ ошиқ учун энг юксак орзу. Ҳаёт - мамот жангида ғолиблик саналади. Рўмолча тимсоли ёзма адабиётда ҳам шу рамз тимсолни билдиради. Алишер Навоий ғазалида ҳам рўмолча тимсолида ошиқнинг ғам-аламлари, меҳр-муҳаббати ва садоқати ҳар бир нина қатидаги ипларда му­жассам эканлигини бадиий тарзда ифода этади:
Ёғлиғин, эйким, тикарсен, игна мужгонимни кил,
Нақш этарда тори онинг риштаи жонимни қил.
Ўзбек халқи лирик қўшиқларида бадиий тасвирий воситалари ранг-баранглари билан ажралиб туради. Ундаги ҳар бир ибора ўхшатиш, такрор, ритм, жонлантириш, сифатлаш ва рамз кабилар шахс руҳиятининг турли кечинмалар суратини ифодалашда аниқ бўлак вазифасини бажаради. Чунончи, машҳур “Сунбула” қўшиғидаги ўхшатиш хар бир бола онгида умрбод муҳрланиб қолгандир. Бу ўх­шатиш фироқ ўтида ёнган ҳар қандай ошиқ кунглига малҳам бўла олади:
Бу дунёда бор бўлса,
Юрак-бағри бутуни.
Қоғоздан ўчоқ ясаб,
Гулдан қилай ўтинни.
Қадамингга гуллар бчилсин!
Шу нарса аниқки, инсон бу оламда яшар эканми, албатта у бир нарсани қўлга киритса, бир нарсани йуқотади. Бахт қатида қандайдир бахтсизлик туйғулари, яъни сарфланган беҳад куч, ғам-ташвиш, алам, ўкинчлик ва армон кабилар ҳам яширинган бўлади. Инсонга бахт шу йўқотишлар эвазига берилади. Бу ҳаёт шартидир. Қоғоздан ҳеч қачон ўчоқ ясаб бўлмаганидек, гул ҳеч қачон ўтин вазифасини бажармаганидек тўла-тўкис, йўқотишсиз бахтга эришиб бўлмайди, деган ҳаёт ҳақиқати бу ўхшатиш орқали ёрқин баён этилган. Қўшиқларда олма тасаввури кўп учрайди, Олма ҳам фольклорда ошиқлар ўртасидаги ишқ-муҳаббат рамзи. У аниқроқ ифодаланганда оила, фарзанд кўриш орзуси тимсоли:
Олманинг нозиклигидан,
Кўринади донаси.
Баргига шабнам тушибди,
Мен унинг девонаси,
Олманинг нозиклиги - муҳаббатни асраш, унга эришиш жуда мураккаб, ўзига муносиб ёр топиш ўта ҳаётий муаммо эканлиги бўлса, унинг донаси - фарзанддек улуғ неъматга эришиш эса ундан ҳам буюкроқ бахт. Шабнам-шу йул, бахтга томон қўйилган қадамнинг софлиги, беғуборлигидир. Девоналик зса ана шу саъй-харакатнинг эгаси бўлишдир.
Қўшиқларда такрорлаш санъати алоҳида ўрин эгаллайди, Бу такрорлар сўзда, ундовларда, мисраларда ва нақаротларда кўп қўлланилади ва ҳар бири муайян поэтик вазифа бажаради:
Оҳ, укажоним-ей,
Қуралай кўзим-ей.
Рангинамни сариқ қилган
Шул қалам қош-ёй
Мисралардаги ўхшатишлар, яъни укажон - жуда яқинлик, қуралай - оҳу боласининг кўзидек гўзал кўз, сариқ ранг - ҳажр, фироқ азоби лардан ташкари “ей” ундовининг келтирилиши - бу ҳиссиётдаги эҳтиросларни янада кучайтйриб баён этиш учун хизмат қилган.
Қўшиқларда ёр-ёр такрори кўп учрайди. Бунинг асл мохияти ёр-ёр - никоҳ тўйи маросимини ифода этади. Ушбу маросим билан боғлик ибора анъанавий такрор турларидан бири бўлиб, у қўшиқларда ритмик мусиқавийликни яратишда муҳим вазифа бажаради:
Қошингни каро, дейдилар
Қора кўз укам, ёр-ёр.
Ширин сўз укам, ёр-ёр,
Кўрсат қошингни бир кўрайин,
Жоним укам-ей.ёр-ёр.
Бизнинг давримизда халқ қўшиқларини ижро этишга бўлган қизиқиш янада кучайди. Улар халқ куйида, эстрада жанрида ва терма йўлида куйланиб келинмоқда. Айниқса, Ўзбекистон халқ артиста Фаррух Зокиров, Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков. Гулсанам Мамазоитова, республикада хизмат кўрсатган артистлар Ҳоси­ла Рахимова, Хуршид Расулов, каби санъаткорлар репертуаридаги миллий ўзбек қўшиқлари халқимизга манзур бўлмоқда.
Қўшиқ – кенг маънода шеърий-мусиқий жанр, вокал мусиканинг энг оммалашган, кўпроқ банд шаклига асосланган тури, шунингдек, куйлашга мўлжаллаб тўқилган шеърий асарларнинг умумий ифодаси. Халқ ижодига мансуб, бастакор ва композиторлар яратган, оммабоп мусиқа йўналиши-даги қўшиқлар фарқланади. Келиб чиқиши, жанри ва мазмунига қараб маросим қўшиқлари, оммавий қўшиқ, шаҳар, деҳқон, болалар, маиший, ҳарбий, лирик, ракс ва бошқа қўшиқлар ажратилади. Қўшиқ қуйи диапа-зони ихчамлиги, мусиқа ривожи банд ёки банд-нақарот шаклига асослан-ганлиги, оҳанглар тизимида сўз ва куй интонациялари муштараклиги, шеърий матндаги ғоявий-ҳиссий мазмун ривожининг умумий тарзда бадиий якуни сифатида ифодаланиши билан ажралиб туради. Қўшиқнинг яна ўзига хос томони — шеърий матн ва куй шаклларининг ўзаро мутаносиблиги, бир хил ҳажмдаги тузилмалар шеърда-банд, куйда-даврга асосланганлигидан иборат. Қўшиқнинг шеърий матнлари аниқ, компози-цияси, ҳар бир бандида муайян тугал фикр ифодаланганлиги билан ажралиб туради. Шарқда халқ қўшиқлари ўзига хос миллий хусусиятларга эга бўлиб, Ўрта Осиёда ир (жир), терма, ўлан, лапар, ялла каби номлар билан аталади. Булар негизида бастакорлар ижоди, XX асрда замонавий қўшиқ шакллари ривож топган. Европа профессионал мусиқа санъатида Ўрта асрдаги шоир - хонандалар Францияда трувер ва трубадурлар, Германияда миннезингерларнинг асарлари, мейстерзингерлар саньати намуналари, Уйғониш даврида яратилган кўп овозли итальян canzonetta, немисча Lied, франиузча chanson, XVII – XVIII аcлардан оммавий туc олган гомофония услубидаги қўшиқлар, романтизм давридаги компози-торлар ижодидаги қўшиқ, XX асра кенг ривож топган оммавий қўшиқ, эстрада қўшиқлари ва бошқа профессионал қўшиқларнинг ривожланиш босқичларидир. Шоирлардан П..Беранже, Р.Бёрнс, Р.Ҳам­затов, В.Висоцкий ва бошқалар, Ўзбекистонда Ҳамза, Ҳабибий, Собир Абдулла, Миртемир, Чустий, Т.Тўла, П.Мўмин, Н.Нарзуллаев, Муҳаммад Юсуф, Э.Вохидов, Ж.Жабборов ва бошқалар-нинг қўшиқ шеърияти ривожидаги хизматлари катта.
Тор маънода қўшиқ – ўзбек халқ ижо­дидаги жанр кўш қофия билан бошланувчи, асосан, 7-8 хижоли бармоқ вазнидаги тўртликлар билан куйланадиган, банд шаклли айтим тури. Биринчи шеър тўртлиги кофия-лари аааа. аава, аавв ёки аавс нисбатида бўлиши мумкин. Ўзбек қўшиқ-ларида биринчи банди одатда тўрт шеърий мисра ва уларни куйлашга асос бўлган нисбий тугал оҳанг тузилмалари уйғунлигидан ташкил топади. Куй тузилмалари сони 2-4 бўлиб, уларнинг ўзаро нисбатлари эса асосий жумлани такрорлаш, ўзгартириш ёки маълум даражада ривожланган янги жумла билан якунлаш каби воситалардан иборат. Ўзбек қўшиқлари, ашуладан фарқли ўлароқ, кичик овоз доирасида асосан, квинта - секста диапазонида бўлиб, баъзан доира жўрлигида ижро этилади. Куйчан оҳангли қўшиқлар, асосан лирик мавзудаги намуналарда учрайди. Бошқа қўшиқларда куйчанлик хусусиятига эга чўзимли оҳанг­лар учрасада, улар кўпроқ қўшиқнинг якунланиши арафасида намоён бўлади. Қўшиқларда махсус алоҳида нақаротлар деярли қўлланмасада, баъзан кичик нақарот вазифасини касб этувчи такрор сўзлар келиши, шунингдек, «жон», «ёр», «дод-эй» каби ундов-ундалма иборалар ишлатилиши кузатилади. XX аср ўзбек бастакорлари ва айниқса, композиторлари ижодига мансуб қўшиқлар жанр нуқтаи назаридан ўзида бошқа жанрлар, жумладан лапар, ялла, ашула, терма хусусиятларинн мужассам қилиб, маълум ўзгаришларга юз тутган. Жумладан, уларда банд-нақарот тузилмалари, жўрнавоз чолғулар, рақс шаклларини ҳам кўриш мумкин. Ўзбек бастакорларидан Ю.Ражабий, К.Жабборов, Фахриддин Содиқов, Т.Жалилов, Ғ.Тошматов, Н.Хасанов, М.Мирзаев, Б.Алиев, Р.Турсунов ва бошқалар, композиторлардан Т.Содиқов, М.Бурҳонов, М.Левиев, С.Юдаков, А.Отажонов, Ф.Назаров, А.Назаров, Ф.Алимов, К.Комилов, болалар учун А.Мухамедов, Е.Шварц, Ил.Акбаров, Н.Норхўжаев, Анвар Эргашев, А.Мансуров, эстрада йўналишида Ш.Рамазонов, Ик.Акбаров, Э.Солихов, Д.Омонуллаева, А.Расулов ва бошкалар қўшиқ жанрида салмоқли ижод қилган.
Ўзбек халқ қўшиқларини ўрганиш - миллий маданиятимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат ва эҳтиромимиз намунаси. Ҳар бир қўшиқ халқимиз ижодкорлиги саналиб, юксак маънавиятимиз уммонига қўшилган беқиёс хазинадир.

Download 277.23 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling