Режа Психология тарихининг методлари Психология тарихининг асосий манбалари Ғарб олимларининг психологик ғоялари
Download 117.5 Kb.
|
1-мавзу Психология тарихи
1-мавзу. Психология тарихининг методлари на манбалари. Режа Психология тарихининг методлари Психология тарихининг асосий манбалари Ғарб олимларининг психологик ғоялари Қадим замонлардан буён ижтимоий ҳаёт эҳтиёжлари одамнинг ўз хатти-ҳаракатларида атрофидаги одамларнинг психик тузилишлари хусусиятларини фарқлашни ва ҳисобга олишни тақозо этиб келган. Даставвал бундай хусусиятлар руҳнинг, жоннинг иши деб тушунилган. “Жон” тушунчасининг дастлабки юзага келиши ибтидоий халқларнинг анимистик1 қарашлари билан боғлиқ. Анимистик нуқтаи назарга кўра, жон ҳамма жойда ва ҳамма нарсада, қаердаки ҳаракат ва иссиқлиқ бўлса ўша ерда мавжуд деб ҳисобланган. Ўз навбатида Анимизм жон ҳақидаги тарихан биринчи таълимот бўлиб юзага келган. Унинг асоси бўлиб юқорида айтилганидек оламдаги жамики мавжуд нарсаларда жон элементлари бўлишлиги ҳақидаги тасаввур хизмат қилган. Жон эса танадан ажратилган ва барча жонли ва жонсиз предметларни бошқара оладиган мустақил моҳият сифатида тушунилади. Бугунги кунларимиздаги мавжуд тасаввурлар нуқтаи назаридан шубҳасиз ўта содда бўлган тасаввурлар ёрдамида қадимги одамлар кўплаб психик ҳодисаларни (етарлича мураккаб бўлган ўлим ва уйқу кабиларни ҳам), мантиқан тушунтириб бера олганлар. Бунга кўра одам ўлганда унинг жони танасини бутунлай (мангуга) тарк этади, ухлаган вақтда эса, унинг жони танани вақтинча тарк этиб, уйғонганида яна қайтиб келади деб ҳисобланган. Ўша вақтлардаги психик ҳодисалар табиатини фалсафий тушуниш ва тушунтиришга уринишларда жоннинг танадан мустақиллиги, унинг келиб чиқиши моддий эмаслиги ҳақидаги фикр асосий ўринни эгаллаган. Улардан кейин жонни натурфалсафий талқин қилишга уринишлар, яъни уни бошқа барча шунга ўхшаш ҳодисалар билан бирга мантиқан оламни умумматериалистик тасвирига кириб кетувчи моддий ҳодиса сифатида тушуниш юзага келди. Психикани илк бор бундай тушунтириш ва ифодалаш олам, уни ташкил этувчи уч асосий элемент: сув, ҳаво ва оловдан ташкил топганлигига асосланувчи қарашларда ўз аксини топган. Бунга мос равишда Ер юзидаги барча нарсалар шу моддий элементлардан ташкил топган деб тасаввур қилинган, бунда жонни ташкил қилувчи, олиб борувчи элемент олов деб ҳисобланган. Жоннинг ўзига эса ҳаракатлантириш функцияси берилган. Ибтидоий, ёввойи одамнинг табиат олдидаги ожизлиги билан шартланган, индивид ва жамоанинг жон билан боғлиқлиги ҳақидаги бундай тасаввурлари руҳга сиғиниш муносабатларини юзага келтирди. Бу эса диннинг дастлабки шакллари эди. Кейинчалик жамиятнинг ривожланиши билан, “ишлаб чиқаришнинг маънавий кучлари” ва жисмоний меҳнатнинг режалаштирилиши, ундан фойдаланишнинг табақаланиши, синфийлик жамиятининг юзага келиши ва одамнинг мавхумлаштирувчилик қобилиятларининг ривожланиши билан руҳнинг номоддий табиати ҳақидаги ғоялар юзага келди. Шулар билан бирга аввалги анимистик, мифологик тасаввурлар ўз ўрнини, жонни, олам тасвирини натурфалсафий талқин қилишга уринишларга бўшатиб бера бошлайди. Шундай қилиб руҳ, жон ҳақидаги дастлабки фалсафий қарашлар юзага келиб шу билан руҳ, жон ҳақидаги (психология) таълимотлар ривожлана бошлади. Бу ўринда психология (руҳ-жон) ҳақидаги таълимотларни шартли равишда “Ғарб”" ва “Шарқ” таълимотларига фарқлашимиз мумкин. Қуйида шулар ҳақида қисқача бўлсада тўҳталиб ўтамиз. Ғарб мутафаккирларининг руҳ, жон ҳақидаги таълимотларига назар солгудек бўлсак, қадимги Греция материалист-мутафаккирларидан Фалес (эр. ав. VII - VI асрлар), Анаксимен (эр.ав. V аср) ва Гераклит (эр.ав.VI - V асрлар) жонни, руҳни одамлар ва ҳайвонларни жонлантирувчи, оламнинг бошланишини ташкил қилувчи элементлар шакли (сув, ҳаво, олов) деб талқин қиладилар. Уларнинг тасаввурича, жон ўз моҳиятига кўра оловсимон, “учқунча”дан (Гераклит) ёки “олов атоми”дан иборатдир (Демокрит эр.ав. V - IV аср), жоннинг мавжудлиги ва ўзгариши ҳам бутун оламдаги нарсалар асосида ётувчи табиий сабабларга боғлиқдир. Бу билан психик ҳаётнинг бориши ҳам табиий жараёнларнинг умумқонуний изига солиб юборилган эди. Психикани материалистик асосда тушуниш тирик таннинг тузилиши ва функциясини билиш соҳасида эришилган дастлабки ютуқларни мустаҳкамлади. Эрамиздан олдинги VI асрда қадимги грек врачи Алкмеон анатомия ҳамда медицина соҳасидаги тажрибаларига асосланиб, психиканинг органи миядир деган фикрни илгари суради. Бу фикрга кўпчилик олимлар қўшилишмайди. Алкмеондан кейин ҳатто бир қанча асрлар даъвомида ҳам айрим олимлар (шу жумладан Аристотель (эр.ав.384-322 й.й.), Абу Наср Форобий (873-950) ва Ибн Синолар (980-1037 й.й.) ҳам) гўё психиканинг асосий органи юрак бўлса керак деган фикрни ҳимоя қиладилар. Атоқли грек файласуфи Аристотель ўзининг “Жон ҳақида”ги рисоласида психика ҳақидаги билимларни системалаштиришга илк уринишларни амалга оширган. Унингча жон тана ва унинг хулқини тузилиш усулидир. У илк бор тана(организм) ва жон(психика)нинг ўзаро муносабатли функцияларини изоҳлаб берди. Аристотель таълимотлари психика табиатига янгича ёндошишга асос солди. Шунга кўра жон (руҳ) тана(организм)нинг мифологик эгизаги тарзида талқин қилинмай, балки унга тирик организмларнинг ҳаётий фаолиятини ташкил қилувчи механизм сифатида қараладиган бўлинди. Аристотелнинг жон ҳақидаги ғоялари илмий психологиянинг ривожланиши учун ўзига хос пойдевор бўлиб хизмат қилди. Умуман қадимий грек, қадимий рим ва қадимий шарқ врачлари психологиянинг табиий илмий асоси ҳақидаги тасаввурларнинг ривож-ланишига катта ҳисса қўшганлар. Эрамиздан аввалги VI асрдаёқ грек врачи Алкмеон, кўз нервларининг мавжудлигини таъкидлаган ва шу билан руҳ органи мия деган хулосага келган. Илмий медицина фанининг асосчиси Гиппократ (эр.ав. 460-370 й.й.) психологияни ўзининг темпераментлар ҳақидаги таълимоти билан бойитди. Бу таълимот одамлар ўртасидаги индивидуал фарқларни илмий равишда тушунтириб беришда муҳим роль ўйнади. Одамлар темпераменти ўртасидаги фарқлар, ўша даврдаги тасаввурга кўра, одам танасини ташкил қилувчи тўрт элементнинг (“шарбатлар”нинг) аралашмаси билан боғлаб тушунтирилган. Одам темпераментининг қандайлиги ана шу аралашмада у ёки бу элементнинг кўпроқ миқдорда бўлишига боғлиқ ҳодисадир деб қаралган. Шундай қилиб, психик фаолиятни илмий тушуниш йўлидаги дастлабки катта ютуқлар табиий олам қонунларига психиканинг бўйсунишини тан олиш ва организмнинг анатомик-физиологик тузилиши психик фаолиятнинг кўринишларини юзага келтиради деган таълимотнинг майдонга келиши билан чамбарчас боғлиқдир. Шу билан бирга ўша давр материализми намояндалари қўлга киритган маълумотлар нима сабабдан одам мантиқий абстракт фикрлаш хусусиятига эга, шахснинг ахлоқий сифатлари қандай таркиб топади, одамнинг мақсад кўзлаш ва ўз иродасига танини бўйсундира олиши нимага боғлиқ деган ва шу каби бошқа саволларга жавоб бера олмас эди. Чинакам инсоний хулқ - атворнинг ана шу сифатларини атомлар ҳаракати, “шарбатлар аралашмаси” ёки миянинг сиртқи тузилиши билан тушунтириб бўлмас эди. Бу ҳол қулдорлик жамиятида реакцион кучларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи файласуфларнинг психика ҳақидаги идеалистик қарашларини янада авж олдириши учун қулай шарт-шароитни вужудга келтирди. Бу файласуфлар орасида Платон (эр.ав. 427-347 й.й.) алоҳида ўрин тутади. Платон жон қисмлари ҳақидаги тушунчани яратар экан, у жонни қуйидаги қисмларга ажратади: а) ақл, б) мардлик, в) нафс ва улар одам танасининг турли қисмларида (бошда, кўкракда ва қоринда) жойлашган бўлади, деган фикрни илгари суради. Платоннинг фикрига кўра, жоннинг турли қисмлари одамларда баробар тақсимланган бўлмайди. Бинобарин жон қисмларидан биронтасининг бошқаларидан ортиқ бўлиши одамнинг у ёки бу ижтимоий гуруҳга (табақага) мансублигини белгилайди. Масалан, оддий меҳнаткашлар (қуллар) - жонни қуйи қисмининг, яъни нафснинг ҳукмронлиги билан фарқланадилар. Қулдор, аристократ-файласуфларга, яъни жоннинг ақлий қисми устунлик қилувчи кишиларга хизматкор бўлиш оддий меҳнаткашнинг тақдирига азалдан битилган бўлади. Демак, ақл руҳи эгалари булар - қулдорлар, аристократ файласуфлар, мардлик, жасорат руҳи эгалари - жангчилар, саркардалар ва нафс руҳи эгалари - қуллардир. Бу ўринда Платон қарашларининг синфий моҳияти яққол кўриниб турибди. Юқорида келтириб ўтилганлардан кўриниб турибдики Ғарб мутафаккир-лари ишларида руҳ, жон ҳақида турлича таълимотлар илгари сурилиб улар бир-бирларини гоҳ инкор этиб, гоҳ тасдиқлаб келган. Умуман ғарбда одам психикаси ҳақидаги илмий тасаввурларнинг юзага келиши ва ривожланиши диний мистик тўсиқларни аста секинлик билан енгиб ўтиб табиий илмий ўзанда амалга ошиб борди. Шарқда эса жон, руҳ масаласи кўпроқ, тўғри хулқ ҳақидаги таълимотлар сифатида этик нуқтаи назардан, шахсни ўз-ўзини такомиллаштириши орқали камолотга эришиши тарзида талқин қилинган. Эрамиздан аввалги VI асрда шарқда юзага келган буддизм руҳни, такрорланмас дақиқалар, бир-бири билан алмашиниб турадиган ҳолатлар оқими тарзида талқин қилиб, уни алоҳида моҳият сифатида инкор қилган. Ундан кейин шарқда юзага келган фалсафий мактабларда руҳ ҳақидаги таълимотлар, руҳнинг этик потенциалларини англаш асосида қурилган. Шунинг учун шарқ илми, фалсафаси, йогия ўша даврларда ҳам, ҳозир ҳам руҳни англаш учун, ўз-ўзини англаш, билиш учун унинг барча қора (салбий) кўринишларини бартараф этиш, тана ва психик функциялар (диққат, ирода, тафаккур)нинг бошқариш тизимидан фойдаланиш лозимлигини таъкидлайди. Қуйида шарқ мутафаккирлари таълимотларида руҳ, жон ҳақидаги қарашларнинг талқин қилиниши хусусида ҳам тўхталиб ўтамиз. Шарқ ва Ғарб мутафаккарларининг руҳ жон ҳақидаги таълимотларида ўзига хос фарқли ва ўхшашлик жиҳатлар мавжуд. Масалан, айрим ғарб мутафаккирлари психологик қарашларида синфийлик характери сезилиб турса (Платон, Фалес), шарқ мутафаккирлари таълимотларида бу ҳолат кузатилмайди. Платоннинг жон ҳақидаги таълимотларида одамнинг бу ҳаётда қайси синф, табақага мансуб бўлишлиги тақдири азалдан, олдиндан белгилаб қўйилишлиги таъкидланса, ундан фарқли ўлароқ шарқ мутафаккирлари ишларида одам ким бўлишидан қатъий назар “Ҳақ” (Худо) олдида тенглиги таъкидланади. Масалан шарқнинг буюк мутафаккирларидан бири Конфуций (эр. ав. 551-479 й.й. Хитой мутафаккири) ўз таълимотларида жон қисимларини ҳудди Платон таълимотларидагидек уч қисмга фарқлаган, лекин улар бошқача номланган. Булар: а) ақл, б) қалб, в) куч руҳларидир. Платон қарашларидан фарқли ўлароқ, Конфуций ва бошқа шарқ мутафаккирлари таълимотларига кўра бу жонларнинг ҳар бири у ёки бу одамда эмас, балки битта одамда мавжуд бўлиб унинг ҳулқини, психикасини белгилаб туришлиги таъкидланади. Фақат бу жон қисмлари турли одамларда турли даражада ривожланган бўлиши мумкин ва бу жонларнинг ривожланганлик даражасига кўра одамлар бир-бирларидан фарқ қиладилар. Агар одамлар ўзларидаги шу жонларини ҳаммасини бирдек ривожлантириб, ривожланишнинг энг юқори даражаси мукаммаллик, комилликка эришса, у “комил инсон”, “мукаммал инсон”лик даражасига етади ва Оллоҳнинг руҳсорини кўришга муяссар бўлади. Яъни, одам ўз руҳиятини такомиллаштириш орқали мукаммалликка эришиши, Оллоҳга яқинлашиши, Авлиёга, Ҳизрга айланиши мумкин - деган каби ғоялар илгари сурилади. Бундай ғоялар Хинд халқининг машҳур фалсафий мерослари “Моҳобҳорат” ва “Рамаяна”ларнинг асосини ҳам ташкил қилади. Уларга кўра одам ўз руҳини ривожлантириб "Комил инсон" даражасига эришса, у оддий одамлар қатори физика, физиология қонуниятлари бўйичагина эмас, балки руҳият қонуниятлари билан яшаш чегарасига ўтади. Шарқда машҳур “Йогия” таълимотлари, Япон, Вьетнам, Корея халқлари бадиий, фалсафий меросларида ҳам шу каби анъаналар кузатилади. Уларга кўра одам ўз руҳини, жонларини ривожлантириш учун қуйидагиларни амалга ошириши керак. Масалан: “Ақл” руҳини ривожлантириш учун одам дунёвий илмларни мукаммал эгаллаши, яъни барча илмлардан мукаммал хабардор бўлиши лозим. “Қалб” руҳини ривожлантириш учун - диний илмларни ва “Куч” руҳини ривожлантириш учун эса жисмоний ва гигиеник илмларни мукаммал эгаллашлари лозим бўлган. Ўрта Осиё мутафаккирлари Абу Райхон Беруний, Абу Носр Форобий, Аҳмад Яссавий, Абу Али Ибн Сино, Ҳусайин Воиз Кошифий, Паҳловон Маҳмуд ва бошқаларнинг фалсафий, психологик қарашларида ҳам шундай шарқона фалсафа таъсири яққол сезилиб туради. Шунинг учун ҳам шарқда азал-азалдан илмга, дунёвий ва диний илмларни ўзлаштиришга, жисмоний ва гигиеник тарбияга алоҳида эътибор бериб келинган ва илмлиларнинг мавқеи юқори саналган, Ҳатто шоҳлар, амирлар ҳам у ёки бу буюк илм соҳибини ўзига пир билиб унга сиғинганлар (Амир Темур - Сайид Баракотга, Хоразмшоҳ - Паҳлавон Маҳмудга ва ҳ.к.). Барча шарқ мутафаккирлари ўзларида “Ақл” руҳини мукаммал ривожлантириш учун ўз замонасидаги мавжуд дунёвий илмларни эгаллашга ҳаракат қилганлар, деярли барча мутафаккирлар диний илмларнинг ҳам кучли билимдони ҳисобланганлар. Чунки диний илмлар уларда “Қалб” руҳининг камолотини таъминлашга хизмат қилган. Дунёда ҳеч бир дин ва диний илм йўқки у ўз таълимотларида одамларни эзгуликка ундамаса, уларнинг ҳар бири ўз эътиқодчиларини ёвузликдан, худбинликдан узоқ бўлишга, ўз манфаатларидан воз кечиб бўлсада ўзларини Ҳаққа, халққа бахшида этишга ундайди. Бу эса уларнинг қалбини ёвузлик, худбинликдан тозалашга хизмат қилади. Маълумки, ўрта асрларда араб давлатларида (араб тилли давлатларда), араб тилида юритиладиган илмларда сезиларли ривожланиш кузатилган. Шунингдек бизнинг ҳудудларимизда ҳам бу даврда араб тили илмий тил ҳисобланган ва ўрта асрларда яшаб ижод этган алломаларимиз ўзларининг илмий асарларини араб тилида ёзиб қолдирганлар. Бу ҳолат бутун Ўрта-Осиё, Хиндистон, Хитой ҳудудларида ҳам кузатилган. Араб ҳукумронлигининг шарқида руҳ, жон ҳақидаги илмий қарашлар Абу Наср Форобий (873-950) Ибн Сино (980-1037 й.й.) томонидан ривожлан-тирилган бўлса, араб оламининг ғарбида, Мороккода - Ибн-Рўшд (Авероис 1126-1198 й.й.) томонидан ривожлантирилган бўлиб уларнинг таълимотлари кейинчалик Европада ҳам кенг тарқалиб Европа уйғониш даврини ғоявий жиҳатдан тайёрлашда ва охир оқибат ХVIII аср материализмини шакллантиришда муҳим рол ўйнаган. Улар ўз таълимотларида руҳ ҳолатларини тана фаолияти билан асослаб берганлар. Абу Наср Форобий “Инсон нафси бўлаклари ва унинг қувватлари ҳақида сўз” юритар экан ўзидан 1000 йиллар кейин яшаб ижод этган, ХХ асрнинг атоқли психолог олими Зигмунд Фрейд томонидан яратилган “Психоанализ” таълимотида илгари сурилган шахс фаоллиги манбалари, инстинктлар ҳақидаги таълимотга асос солиб кетган. Шунингдек унинг анализаторлар, нерв системаси, мия функциялари, шахс хулқи мотивлари ҳақидаги мулаҳазалари ҳам кейинчалик Ғарб психологиясида, психофизиологияда, физиологияда, ижтимоий психологияда яратилган кашфиётларга (жумладан И.М.Сеченовнинг “Бош мия рефлекслари”, “Рефлектор назария” таълимотларига) асос бўлган. Бироқ у ҳам ўз давридаги илм-фан тараққиёти имкониятларидан келиб чиққан ҳолда худди Аристотель ва Ибн Сино қайд этганидек психиканинг асосий органи юрак деб ҳисоблаган2. Ибн-Сино Гален бошлаган тадқиқотларни даъвом эттириб руҳнинг психофизиологик тадқиқ этишни даъвом эттирган. Умуман бу даврга келиб руҳ табибларнинг тадқиқот предметига айланиб қолган. Ибн-Сино “Тиб қонунлари”да руҳнинг мия фаолияти билан боғлиқлигини кўрсатиб ўтган. Юқорида айтиб ўтганимиздек шарқнинг буюк алломаларидан бири Абу Али Ибн Сино ҳам Аристотель каби психиканинг асосий органи юрак деб ҳисоблаган бўлсада, у ўз таълимотларида “Қалб” руҳи одам психикасини бошқарувчи, унинг саломатлигини таминловчи руҳ ҳисобланишини таъкидлайди. У буюк табиб сифатида беморларни, касалликларни ўрганар экан, одам танасининг асосий органи юракка (қалбга) катта эътибор беради. Ўлган одам юрагини ўрганиб, жон ҳақидаги тасаввурларини ривожлантиради. Маълумки, одам ўлганда унинг юраги охирги марта уриб (қисқариб), юракнинг чап бўлмаси охирги марта сиқилиб, ундаги артериал қон томирларга чиқиб кетган ҳолда қолади. Ибн Сино юракни ўрганар экан чап бўлмадаги бўш қолган бўшлиқда “ҳаво”, “жон”, яъни “қалб руҳи” бўлса керак ва одам тирик экан шу қалб руҳи унинг психик фаолиятини бошқариб туради деб ҳисоблайди. Ибн Сино номи билан боғлиқ “Агар ҳаво тоза бўлса, (яъни “ҳавода” чанг-ғубор бўлмаса) одам минг йил яшаши мумкин”- деган фикрни ҳамма билади. Лекин бугунги кунда кўпчилик одамлар, ҳатто врачлар ҳам Ибн Синонинг бу ҳикматини асосан экологик нуқтаи назардан идрок қиладилар, яъни ҳаво одам организми учун зарарли бўлган ҳар хил чанг ғуборлардан, зарарли газлардан тоза бўлса одам соғлом бўлади деб айтган бўлса керак деб ҳисоблайдилар. Аслида эса Ибн Сино бу фикрни одам нафас олаётган ташқаридаги ҳавонинг чанг ғуборлардан тоза бўлишигагина эмас, балки унинг “ички ҳавоси”, “қалб руҳи”нинг ташкил қилган “ҳаво”нинг “чанг ғуборлар”дан тоза бўлишлигини, қалбнинг тозалигини, асабнинг тинчлигини назарда тутган бўлиши мумкин. Бу “чанг ғуборлар” одамнинг ғами, алами, ташвиши, нафрати, ғазаби, хасади, худбинлиги, асабий сиқилишлари кабилардан ташкил топади. Агар одамнинг “қалб руҳи” тоза бўлса, ҳозирги замон тили билан айтганда, асаби тинч бўлса, у ҳар хил кўнгилсиз стресслардан ҳоли бўлса, у ғазабга, нафратга, ҳасадгўйликка, худбинликка берилмаса, у ҳар қандай дарддан соқит бўлади, соғлом яшайди, узоқ умр кўради ва ҳоказо. Қалб руҳи тоза бўлишлигига Аҳмад Яссавий таълимотларида, Боҳовуддин Нақшбанд тариқатларида ва бошқа алломалар ишларида ҳам катта эътибор берилган. Масалан, шарқнинг атоқли алломаларидан бири Ҳусайин Воиз Кошифий жавонмардлик тариқати ҳақида ёзиб шарқда психологик, ижтимоий психологик таълимотларнинг ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. Бу тариқатга кўра жавонмардлар, ўз манфаатларидан бутунлай воз кечиб ўзларининг бор куч қувватларини, билимини ва лозим бўлса жонини ҳам ўз халқи, ўзлари яшаб турган ҳудуд ахолиси манфаатлари йўлида бахшида қилишга тайёр одамлар бўлишлиги талаб қилинган. Бу тариқатнинг мазмунида ҳам қалб руҳининг тозалиги, одамнинг ёвузлик, худбинликдан ҳоли бўлишлиги ётади. Кошифий ўзининг “Футувватномаи Султоний: ёхуд жавонмардлик тариқати” номли рисоласининг муқаддима қисмининг иккинчи фаслида футувват илмининг мавзуи ҳақида ёзар экан “Футувват илмининг ўз мавзуи бор, бу мавзу - инсон руҳи ҳисобланади. Зеро инсоннинг руҳини тарбиялаш, парвариш этиш орқали уни гўзал ва ҳамида хулқ-атворли, фазилатли қилиб етиштириш мумкин”3 - деб ёзади. Бундай фикрлар бугунги кунларимизда психология бўйича чоп эттирилаётган ҳар қандай дарсликка эпиграф тарзида берилишга лойиқ фикрлардир. Кошифийнинг мазкур асарида илгари сурилган ғоялардан биз бугунги кунларимизда миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлари, қуролли кучлар, ёнғинга қарши кураш хизмати, қутқарув хизмати каби аҳоли хавфсизлигини таминлаш тизимларида фаолият кўрсатувчи ходимларни танлаб олиш, уларни касбий тайёрлаш ишларини такомиллаштиришда, улар шахсига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқишда наъмуна (андоза) сифатида фойдаланишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. “Куч” руҳини ривожлантириш учун эса жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиш (шарқда машҳур яккакураш турлари ва улар билан шуғулланувчиларга қўйиладиган талаблар), гигиеник тарбия (йоглар машқлари) талабларига амал қилиш талаб қилинган. Бу эса одамни жисмонан бақувват, гигиеник соғлом бўлишини таъминлаш билан бирга, уларда ирода, ирода кучининг ривожланишига асос бўлган. Чунки жисмонан заиф, ожиз, иродасиз одам дунёвий ва диний илмларни ўзлаштириш билан боғлиқ бўлган қийинчиликларни енгиб ўта олмайди. Шарқ психологик таълимотларига кўра бу руҳларнинг, жон қисмларининг ривожланиши у ёки бу одамда, унинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар фарқланмаганлиги, уларнинг синфий табақаланмаганлиги ва одамлар ким бўлишидан қатъий назар (шоҳми, гадоми) комиллик сари интилиши мумкин ва лозим эканлигининг таъкидланиши шарқда азалдан одамларнинг ҳар томонлама ривожланиши, илм, фан, маърифатнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатган. ХIV асрга келиб овропа илмида Р.Бекон томонидан асос солинган рационалистик ёндошиш кучая боради. Оксфорд университети профессори У.Оккам психологияга принципиал муҳим тушунча белгини киритиш билан, психика моҳиятини талқин қилишда янгича методологик ёндошишни амалга оширди. Шунга кўра психик фаолиятнинг манбаи бўлиб, одамларнинг ижтимоий-тарихий ўзаро муносабатларида белгили кўрсаткичларни олган ташқи ҳодисалар тан олина бошланди. Табиатни билишнинг янги усуллари, дунёни янгича тушуниш шаклланди. Воқеликдаги ҳодисаларни тадқиқ этишга ёндошишнинг янгича маданияти шаклланди, оламнинг бутун борлиғича билиш эҳтиёжи юзага келди. Табиий-илмий билишнинг янги уфқлари очила борди. Психофизиологиядаги дастлабки кашфиётлар қилина бошланди, инсон шахсига нисбатан бўлган қизиқиш кескин ортди. Воқеа-ҳодисаларнинг сабаб боғланишларини аниқловчи инсон интеллекти қудрати англанила борди. 1543 йил Коперникнинг “Осмон жисмларининг айланиши ҳақида”ги китоби чоп эттирилган йили А.Везалиянинг “Одам танаси тузилиши ҳақида”ги рисоласи (трактати) ҳам дунёга келади. Оламни ва одамни детерминистик тушуниш анъанаси мустаҳкамланади. ХVII асрга келиб инсоният жамиятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши борасида амалга ошган туб жадаллашуви билан боғлиқ равишда инсониятнинг оламни билишида илмий революция деб ном олган чуқур ўзгаришлар рўй берди. Бу даврнинг атоқли мутафаккирларидан бири Френсис Бэкон (1561 - 1626) (“Фақат табиатга моҳирона саволлар бера олиш ва ундан махсус ихтиро қилинган билиш қуроллари ёрдамида унинг сир-асрорларни билиб олиш орқалигина, инсон табиатнинг ҳукмрони бўлиб боради”) илмий билишда экспериментнинг ҳал қилувчи роли ҳақидаги ғояга асос солди. Табиат термометрлар, барометрлар, микроскоплар ва телескоплар ёрдамида санаш, ўлчаш, кузатиш ва тажрибалар ўтказиш объектига айланиб қолди. Илмий тадқиқотлар тамойиллари шаклланди ва бу тамойиллар кейинчалик одамни ўрганишга тадбиқ қилина бошланди. Табиат физика қонунлари бўйича ҳаракат қилувчи улкан механизм сифатида талқин қилина бошланди, шунингдек одамга ҳам, илоҳий руҳ учун жой қолмаган алоҳида бир механизм сифатида қарала бошланди. Атоқли француз олими, математик, файласуф ва физиолог Рене Декарт (1596-1650) одам табиатини тадқиқ этишга бағишланган ўз тадқиқотлари (“Руҳ истаклари” (“Страсти души”), “Одам ҳақида” рисола) да одамнинг олам билан ўзаро муносабатлари руҳнинг иродаси, хоҳишига кўра эмас, балки одамнинг моддий тузилишига мувофиқ келадиган ташқи турткилар (стимуллар) эвазига амалга ошади деб таъкидлайди. Унинг қайд этишича, руҳ олдиндан берилган фаолликнинг ўзи билан эмас, балки ташқи ҳодисаларнинг “тана машинасига” таъсир этиши орқали белгиланади. Психикани талқин қилинишидаги бу революцион силжиш, психикани ташқи детерминлаштирилган бошқарилувчи механизм сифатида қабул қилиниши кейинчалик одам психикаси ҳақидаги илмий тасаввурларнинг ривожланишига асос бўлиб хизмат қилди. Р. Декарт фанга рефлекс (акс этиш) тушунчасини киритар экан психик ҳодисаларни илк бор моддий асосланган бошқарилувчи - акс этувчи рефлектор жараёнлар сифатида тушунтириб берди. Унинг қарашлари асосида психологияда муҳим тушунчалардан рефлекслар ва ассоциациялар юзага келди. Шунингдек Декарт фанга онг (жоннинг ўзи ҳақидаги бевосита билими) тушунчасини ҳам киритди. ХVII - ХIХ асрларда эмпирик психология деб номланган таълимот кенг тарқалди. Жон ҳақидаги мулоҳазаларни юритар экан эмпирик психология ўз қарашларини “одамнинг ички тажрибаси”ни ўрганишга қарши қўяди. Бироқ эмпирик психологиянинг дастлабки назарий ҳолати идеалистик эди, у “одамнинг ички тажрибаси”ни ташқи, амалий тажрибадан ажратган ҳолда қарайди, уни ўзи билан ўзи ўралиб қолган ва ташқаридан кузатиб бўлмайдиган деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиққан ҳолда эмпирик психология психикани ўрганишнинг асосий методи деб ўзини-ўзи кузатиш (интроспекция)ни, психиканинг асосий механизми деб эса - ассоциатив боғланишларни тан олади. Бу даврларда жон, руҳ ҳақидаги механистик тасаввурларнинг ҳукмронлигига қарамай, айрим мутафаккирлар психиканинг моҳияти ҳақидаги механистик тасаввурларни енгиб ўта олганлар, Масалан, голланд файласуфи Бенедикт Спиноза (1632-1677) ўзининг “Этика” деб номланган рисоласида, тафаккур моҳиятини таҳлил қилар экан, нарсаларнинг тартиби ва боғлиқлиги қандай бўлса, ғояларнинг тартиби ва боғлиқлиги ҳам шундайдир - деб таъкидлайди. Г.Лейбниц (1646-1716) психика тузилишида икки даражани: онг ва онг остини фарқлайди. Бироқ ХVII асрда, билимлар қайдай йўллар билан ўзлаштирилишига қизиқмайдиган тасаввурлар ўз ўрнини эмпиризмга бўшатиб бера бошлади. Конкрет психик ҳодисалар психологик тадқиқотлар объекти бўла борди. Уларни табиатнинг умумий универсал қонунларига бўйсунишлиги тан олинди. Психик ҳодисаларнинг сабабий боғлиқлиги, детерминлашганлиги ғоялари юзага келди. Англиялик файласуф Жон Локк (1632-1704) эмпиризмнинг ғоявий йўлбошчиси бўлиб ҳисобланади. Локк барча ғоялар тажрибадан келиб чиқади, унда ташқи объектлар таъсирида юзага келган ҳиссий таассуротлар, айни вақтда руҳ ҳис этаётганлар таассуротлар билан бирлашади деб таъкидлайди. Локкнинг таъкидлашича, онг - бу одам томонидан унинг ақлида (миясида) рўй бераётганларни идрок этишдир. Локкнинг бу мулоҳазаси психологияда икки аср мобайнида хукмронлик қилган интроспекционизм парадигмасига замин бўлиб хизмат қилди. Download 117.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling