Тошкент давлат иқтисодиёт университети мустақил тадқиқотчиси Садиков Шохрух Шухратович томонидан


Download 92.72 Kb.
Sana17.06.2023
Hajmi92.72 Kb.
#1550502
TuriДиссертация
Bog'liq
Тақриз Садиков Ш.


Тошкент давлат иқтисодиёт университети мустақил тадқиқотчиси
Садиков Шохрух Шухратович томонидан
08.00.16 - “Рақамли иқтисодиёт ва халқаро рақамли интеграция” ихтисослиги бўйича “Олий таълим фаолияти мониторингини ташкил этишда рақамли технологиялардан фойдаланиш жараёнларини тадқиқ этиш” мавзусидаги иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация ишига
ТАҚРИЗ

Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш мазмунини такомиллаштириш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш таълимга технологик ёндашувни талаб этади. Бунда бевосита таълим жараёнини, олий таълимнинг ўқув режа ва дастурларини янги педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини кенг жорий этиш, илмий-таълим жараёнини сифат жиҳатидан янгилаш ва замонавий ташкилий шаклларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.


Таълим сифати ҳозирги кунда олий таълим тизимининг стратегиясига айланди ва бу масалага рақобат устунлигининг асосий таркибий қисми сифатида қаралмоқда. Бугунги таълим тизимини ислоҳ қилиш борасидаги амалий ҳаракатлар даврида “сифат” олий таълимнинг мамлакат реал иқтисодиёти билан бевосита боғлиқлиги ва аҳамияти фонида янада муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда олий таълимнинг роли йилдан-йилга ортиб бормоқда ва бу кейинги ўн йилликларда ҳам давом этади. Олий таълимни билим ва уни қўллашнинг асосий нуқтаси, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва юқори малакаларни ошириш орқали иқтисодий ўсиш ва ривожланишга катта ҳисса қўшадиган муассаса сифатида кўриш мумкин. Бу ҳаёт сифатини яхшилаш ва асосий ижтимоий ва глобал муаммоларни ҳал қилиш йўли сифатида қаралади.
Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини мониторинг қилиш трансформацияси эндиликда такомиллашиб бораётган жараёнлардан ҳисобланади. Мониторинг қилиш тажрибасини ошиб бориши таълим соҳасидаги муаммоларни аниқлаш, таълим-тарбия жараёнидаги миқдорий ўсиш динамикаси, фаолият натижаларини яхлитлаш, таълим берувчи ва таълим олувчилар самарадорлигини таҳлил қилиш, умумий фаолиятни назорат қилиш ҳамда бошқарувнинг инновацион тизимини йўлга қўйиш тенденцияларига имконият очиб бормоқда.
Муайян мақсад сари бирлашиб ташкил этилган ҳар қандай фаолият қачонки ўзининг самарадорлик кўрсаткичларига эга бўлгандагина ўз мақсадини оқлайди. Чунки, мамлакатимизнинг барча жабҳаларида ҳам бирдек таълим муассасаларини тамомлаган ҳар бир ёшнинг билим даражаси аниқ мақсад асосида баҳоланадиган бўлса, мустақил ҳаёт учун етарлича тажрибани кўрсатмайди. Демак, оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги асосида талабаларни ўқитиш сифати ҳам устозлар зиммасидаги вазифаларни эталон сифатида белгилаб қўйилган малака талабларига мос равишда олиб борилишига боғлиқдир. Бунда, ушбу ҳамкорликнинг таъсирини мунтазам баҳолаш технологияларини йўлга қўйиш катта аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам, ўқув фаолиятини квалиметрик-мониторинг қилиш моделини ишлаб чиқиш, таълим-тарбия ишларида оила, маҳалла ва таълим муассасаси интеграциясини ўрганиш ва квалиметрик баҳолаш бугунги куннинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Олий таълим муассасаларида мониторинг олиб боришдан мақсад таълим-тарбия сифатини баҳолаш тизимига хизмат қилиш ва таълим сифатига таъсир этувчи омилларни аниқлашдан иборат. Бу экспериментал тадқиқот сифатида бир қанча шунга доир илмий изланишларни ўрганиш ва таҳлил қилиш вазифасини юклайди.
Юқоридагиларга асосланган ҳолда таъкидлаш мумкинки, диссертант томонидан танланган мавзу бугунги кунда мамлакатимизни янада ривожлантириш бўйича Тараққиёт стратегияда белгиланган долзарб масалалардан бирига бағишланган ҳамда олий таълим фаолияти мониторингини ташкил этишда рақамли технологиялардан фойдаланиш жараёнларини таҳлил қилиш соҳасидаги илмий-амалий муаммоларга қаратилганлиги билан аҳамиятга эга.
Диссертация иши олий таълим тизимида фаолият кўрсатаётган таълим муассасалари мониторингини ташкил этишда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича илмий асосланган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган.
Диссертация ишининг таркиби мантиқан изчил боғланган уч боб, боблар бўйича хулосалар, тадқиқот натижаларидан келиб чиққан умумий хулоса ва таклифлар, адабиётлар рўйхати ва иловалардан ташкил топиб, 135 бет машина ёзувидан иборат.
Диссертациянинг кириш қисми Олий аттестация комиссия талаблари асосида ёзилган. Унда мавзунинг долзарблиги, ўрганилганлик даражаси, мақсади, вазифалари, илмий янгилиги, илмий-амалий аҳамияти, натижаларнинг ишончлилиги ва жорий қилинишини акс эттирувчи маълумотлар баён этилган.
Тадқиқот мақсадининг аниқ қўйилганлиги, тадқиқот предмети мазкур мақсадга мувофиқлиги ўтказилган тадқиқотлар натижасида маълум даражадаги илмий таклифлар ва амалий тавсиялар олинишига ёрдам берган.
Диссертациянинг биринчи боби «Рақамли иқтисодиёт шароитида олий таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этишнинг назарий асослари» деб номланган бўлиб, унда олий таълим бозорининг ўзига хос жиҳатлари баён этилган ва тадқиқотчи томонидан муносабатлар билдирилган (12-53 бетлар).
Шунингдек, биринчи бобда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида олий таълимнинг ўрни ва роли, олий таълим муассасасининг ўқув жараёни мониторингини ташкил этишнинг асосий вазифалари ва хусусиятлари, олий таълим муассасаларида рақамли технологияларни қўллаш орқали мониторинг жараёнларини ташкил этишнинг хориж тажрибаси каби масалалар атрофлича ёритиб берилган ва боб якунида мазкур масалалар бўйича илмий хулосалар шакллантирилган.
Тадқиқотнинг “Олий таълим ахборот тизимида рақамли технологик ечимларни қўллашнинг услубий асослари” деб номланган иккинчи бобида таълим хизматлари бозорида олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини шакллантириш механизмига контцептуал ёндашувлар, ҳамда олий таълим сифатини мониторинг қилиш соҳасидаги мавжуд муаммолари таҳлил қилинган, рақамли технологиялардан фойдаланиш соҳасида олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини баҳолаш методикаси таклиф этилган (54-92 бетлар).
Диссертациянинг эътиборга лойиқ жиҳатларидан яна бири, унинг «Рақамли трансформация шароитида олий таълим муассасалари мониторинг фаолиятини такомиллаштириш йўллари» деб номланган учинчи бобида кўрилган масалалар ҳисобланади. Ушбу бобда олий таълим муассасасида таълим сифати мониторингини такомиллаштириш ва рақамли технологиялар асосида таълим жараёнини бошқариш ва мониторинг қилиш услубиётини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқот олиб борилган ҳамда зарурий таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилган (93-123 бетлар).
Диссертация бўйича хулосалар, таклиф ва амалий тавсиялар ишнинг хулоса ва таклифлар қисмида ўз аксини топган. Диссертантнинг илмий изланишлари натижасида олинган янгиликлари назарий ва амалий жиҳатдан аҳамиятга эга, чуқур таҳлил ва мустақил ёндашувга асосланганлиги билан ажралиб туради.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг “Докторлик диссертацияси ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидалари”да тавсия этилган тартибга мувофиқ расмийлаштирилган.
Тадқиқотнинг назарий ва услубий асосларини мавзуга оид бўлган махсус илмий манбалар, Ўзбекистон Республикасининг ушбу мавзуга оид Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва асарлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сонли “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, олий таълим хизматлари бозорини тартибга солиш, олий таълим фаолияти мониторингини ташкил этиш ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш усулларини ўзганишга бағишланган чет эл ва республикамиз олимларининг яратган асарлари ташкил этади.
Ш.Садиков диссертация ишини Тошкент давлат иқтисодиёт университети мисолида бажарган. Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамиятини диссертацияда асосланган назарий, услубий ва амалий тавсиялар ҳамда ишланмалар олий таълим муассасаларининг таълим ва бошқарув жараёнларига автоматлаштирилган таълим ва мониторинг тизимларини жорий этишда, шунингдек, ташқи ва ички муҳит ўртасида ахборот алмашинув жараёнларини самарали ташкил этишда аосий манба сифатида фойдаланиш мумкинлиги билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти диссертация ишида олинган илмий натижалардан Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг таълим тизимида ҳамда ўқув жараёнларини мониторинг қилиш билан боғлиқ бўлган ахборот жараёнларида кенг ва самарали жорий этишни такомиллаштиришда ҳамда «Иқтисодиётда ахборот-коммуникацион технологиялар ва тизимлар», «Таълимда ахборот технологиялари» ва «Ахборот тизимлари» фанлари бўйича кейс-стадилар, ўқув қўлланмалар тайёрлашда илмий манба сифатида фойдаланиш мумкинлиги билан изоҳланади.
Тадқиқотда қуйидаги илмий янгиликлар олинган:
- ташқи ва ички параметрларининг ўзгарувчанлигига юқори мослашувчан ҳамда ташқи омилларни баҳолашга имкон берадиган стандартлаштиришнинг статистик усуллари орқали олий таълим муассасаларининг таълим хизматлари бозоридаги рақобатбардошлигини баҳолаш алгоритми таклиф этилган;
- рақамли трансформация шароитида ҳар қандай таълим тизимини инновацион ривожлантиришнинг объектив эҳтиёжи саналган таълим сифатини мониторинг қилиш моделлари ва ахборот архитектурасини лойиҳалаш учун сифат мониторингининг умумлаштирилган модели таклиф этилган;
- олий таълим муассасалари фаолияти сифатини англатувчи функционал йўналишлар бўйича хулосанинг амалдаги ҳолати ва қўйилган мақсадларнинг бажарилиш даражасини белгилаб берувчи сифат белгилари таркиби ҳамда умумий сифат аниқлигини оширишга хизмат қиладиган сифат белгилари параметрларининг индикаторлари ишлаб чиқилган;
- профессор-ўқитувчилар, талабалар, уларнинг ота-оналари ҳамда таълимни бошқариш тизимлари ўртасида тезкор мулоқот тизимини яратиш ва вужудга келадиган муаммоларни тезда бартараф этиш имконини берадиган, рақамли технологиялар орқали ўқув жараёнини мониторинг қилиш ҳамда таълим жараёнини бошқаришга мўлжалланган кўп функцияли онлайн платформа, яъни автоматлаштирилган таълим ва мониторинг тизими ишлаб чиқилган.
Диссертациянинг юқорида таъкидланган илмий ютуқлари билан бир қаторда айрим камчиликлари ва мунозарали жиҳатлари ҳам мавжуд. Булар қуйидагилардан иборат:
- мамлакатимизда ишлаб чиқилган давлат дастурлари асосида олий таълим тизимини ривожлантириш соҳасида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар тўлиқ ёритилмаган, шунингдек, рақамли технологиялар ҳамда таълим фаолияти мониторинги тушунчасига мазкур соҳани ўрганган маҳаллий олимлар томонидан берилган таърифлар етарлича келтирилмаган (1-боб, 1.1 ва 1.2-параграф);
- тадқиқотчи томонидан таълимнинг замонавий технологик воситалари ва талабга мослигини баҳолаш ҳамда фаолият самарадорлигини ҳар томонлама баҳолаш ва таълим тизимларини ўз-ўзини ривожлантириш мониторингини ишлаб чиқиш бўйича илмий таҳлил ва амалий татбиқ масалалари тўла ёритилмаган (2-боб, 2.1 ва 2.2-параграф);
- учинчи бобнинг иккинчи параграфи рақамли технологиялар асосида таълим жараёнини бошқариш ва мониторинг қилиш бўйича автоматлаштирилган таълим ва мониторинг тизимини ишлаб чиқишга бағишланган, аммо ушбу жараёнда пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммолар ёритилмаган;
- диссертация схема ва расмлар билан бойитилган, аммо айрим расм (1.2, 1.3, 1.9, 2.4 ва 3.1)ларга тавсифлар қисқа берилган ва иқтисодий мазмунлари яхши тасвирланмаган;
- диссертация матнини статистик жадваллар билан бойитиш, уларни тавсифлаш ва иқтисодий таҳлил қилиш лозим;
- тадқиқот ишида фойдаланилган адабиётлар рўйхатини бойитиш, яъни диссертация мавзусидан келиб чиқиб хорижий ва мамлакатимиз олимлари томонидан яратилган адабиётларни қўшиш мақсадга мувофиқ;
- илмий ишда таҳрир талаб айрим жумлалар ва иборалар мавжуд бўлиб, улар аниқлаштиришни талаб этади.
Диссертант Ш.Садиковнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори (PhD) илмий даражасини олиш юзасидан юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликлар ва билдирилган истаклар ишнинг назарий ва амалий аҳамиятига бериладиган ижобий баҳога таъсир кўрсатмайди, балки уларни эътиборга олиш диссертацияни мазмунан бойитишга ва илмий савиясини янада оширишга хизмат қилади.
Юқорида баён қилинган фикрларга асосланган ҳолда, Тошкент давлат иқтисодиёт университети мустақил тадқиқотчиси Садиков Шохрух Шухратовичнинг «Олий таълим фаолияти мониторингини ташкил этишда рақамли технологиялардан фойдаланиш жараёнларини тадқиқ этиш» мавзусидаги 08.00.16-«Рақамли иқтисодиёт ва халқаро рақамли интеграция» ихтисослиги бўйича иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация иши мустақил бажарилган илмий иш бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАКнинг “Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига тўлиқ жавоб беради ва уни кейинги босқичга тавсия этиш мумкин.


Тошкент давлат иқтисодиёт
университети “Инновацион таълим”
кафедраси мудири, п.ф.д., профессор М.Ф. Ҳакимова
Download 92.72 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling