Тошкент давлат шарқшунослик университети Шарқ фалсафаси ва маданияти кафедрасида


Download 19.92 Kb.
Sana17.06.2023
Hajmi19.92 Kb.
#1520896
TuriДиссертация
Bog'liq
Шокировага Илм раҳб ҳулосаси 21 12 2020




Тошкент давлат шарқшунослик университети
Шарқ фалсафаси ва маданияти кафедрасида
09.00.03 – Фалсафа тарихи ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган
Шакирова Надира Дадоевнанинг
УПАНИШАДЛАР ВА “АВЕСТО”ДАГИ АХЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАР КОНЦЕПТУАЛ АСОСЛАРИНИНГ ГЕРМЕНЕВТИК-ҚИЁСИЙ ТАДҚИҚИ
диссертациясига илмий раҳбар хулосаси
Шарқ фалсафасининг турли йўналишлари ва таълимотларини қиёсий тадқиқ этиш, тарихий ёзма матнларини герменевтик таҳлил қилиш ва тегишли илмий хулосалар чиқариш назарий, ҳам амалий нуқтаи назардан жуда муҳим аҳамиятга эга. Фанимиз олдида турган асосий вазифалардан бири ёзма манбаларнинг маъно ва мазмунини герменевтик методология ёрдамида тушуниш, тушунтириш, ахлоқий-аксиологик қадриятларни аниқлаш, бугунги кун контекстида уларга баҳо бериш, глобаллашув шароитида уларнинг маънавий, тарбиявий имкониятларидан фойдаланишдир.
Шу маънода қадимги Шарқ цивилизациясининг муҳим ёзма ёдгорликлари Упанишадлар ва “Авесто” ҳозирги давргача тадқиқотчиларнинг диққат марказида туриб, уларнинг фалсафий-диний мазмуни бутун дунёда катта қизиқиш билан тадқиқ этилмоқда. Диссертантнинг ҳақли фикрича: Упанишадлар ва “Авесто” Ўрта Осиё, Эрон ва Ҳиндистон халқлари цивилизацияларининг муҳим ёзма манбаи, энг қадимий машҳур маданий ёдгорликлари сифатида жаҳон илм-фанининг доимий тадқиқот объектига айланди. Унинг бадиий, фалсафий, ахлоқий, ҳуқуқий ва ижтимоий соҳа тараққиётига қўшган ҳиссаси жаҳон халқлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда”. Шу маънода мазкур диссертациянинг мавзуси жуда долзарб аҳамиятга эга.
Диссертация таркиби кириш, тўққиз параграфни ўз ичига олган уч боб, хулоса, фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати ҳамда иловалардан иборат. Диссертация ҳажми 139 бетни ташкил этади.
Тадқиқот ишининг Кириш қисмида мавзунинг долзарблиги, шунингдек, ўрганилганлик даражаси асосланган. Ушбу ҳолат муаллифга илмий ишнинг мақсад ва вазифаларини тўғри белгилаб олиши учун имкон яратган.
Ишнинг I-боби мавзунинг методологик асосларини тадқиқ этишга бағишланиб, унда Упанишад ва “Авесто” таълимотлари шаклланишининг маданий-цивилизацион ва ғоявий асослари; Упанишадлар ва “Авесто” ахлоқ фалсафасига герменевтик ёндашувнинг муҳим жиҳатлари ўрганилган; Упанишадлар ва “Авесто”даги ахлоқий категориялар тизими ҳамда уларнинг қиёсий таҳлили амалга оширилган.
“Упанишадлар ва “Авесто”да эзгулик категориясининг қадриявий моҳияти”, деб номланган II-бобда Упанишадлар ва Авестода эзгулик категорияси генезиси ва структураси ҳамда Упанишадлар ва “Авесто” да эзгулик категорияси фалсафий-диний тизимнинг концептуал асоси сифатида моҳияти тадқиқ этилган.
“Упанишадлар ва “Авесто” да табиат ва жамият алоқадорлигининг ахлоқий – қадриявий жиҳатлари”, деб номланган III-бобда Упанишадлар ва “Авесто”да табиатга сиғинишнинг ахлоқий-аксиологик асослари; табиатга сиғиниш билан боғлиқ мифологик образларининг ахлоқий хусусиятлари ҳамда Упанишадлар ва “Авесто”даги ахлоқий категорияларнинг қадриявий аҳамияти очиб берилган.
Тадқиқот ишининг илмий янгили сифатида қуйидагиларни кўрсатиша мумкин:
1. Упанишадлар ва “Авесто”нинг ахлоқий-қадриявий асослари, мифологик прототиплари, ижтимоий функцияларнинг тарихий, ижтимоий белгиланган диний-ахлоқий талқинлари биринчи марта таснифланиб, яхлит ҳолда ўрганилган;
2. Реал тарихий-ижтимоий муносабатларнинг маънавий ҳаётда, диний ва маиший расм-русумларга диний тизимнинг мифологик тасаввур орқали боғланадиган ахлоқий масалалар шахс маънавиятига таъсири доирасида кўрсатиб берилган;
3. “Авесто”да эзгулик категорияси генезиси “тринити” (эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал) тушунчаси орқали структуравий асосланган;
4. Эзгулик ва ёвузлик қарама-қаршилигининг тарихий асослари Упанишадлар ва “Авесто” материаллари асосида таҳлил қилинган ва ёвузликнинг мотивлари турличалиги, моҳияти эса эзгулик йўлини тўсувчи ёвузлик экани кўрсатилган. Жамият миқёсида ёвузликнинг умумлашма тимсоли Авестода “ёвузлик” лейтмотиви орқали талқин қилингани очиб берилган;
5. Упанишадлар ва “Авесто” матнларининг ахлоқий категориялар нуқта назаридан қиёсий герменевтик таҳлили Зардуштийлик ва ҳиндуизм даврининг ижтимоий ҳаёти, фалсафий-ахлоқий тамойиллари ҳақида яхлит фундаментал тасаввурлар пайдо қилиш имкониятини берган; табиат ва жамиянинг ўзаро алоқадорлиги ҳамда табиатга сиғиниш(культи)нинг ахлоқий-аксиологик асослари талқин қилинган.
Диссертация мавзуси бўйича жами 37 та илмий иш нашр этилган. Мазкур тадқиқот натижалари 4 та халқаро ва 25 та республика илмий-амалий конференсияларда маъруза кўринишида баён этилган ҳамда апробациядан ўтган; 1 та монография, 2 та халқаро ва 5 та республикадаги илмий журналларда нашр этилган.
Хулоса қилиб, 09.00.03 – Фалсафа тарихи ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган Шакирова Надира Дадоевнанинг “Упанишадлар ва “Авесто”даги ахлоқий қадриятлар концептуал асосларининг герменевтик-қиёсий тадқиқи” мавзусидаги диссертациясини якунланган деб ҳисоблайман. Ушбу диссертация тадқиқод иши ОАК талабларига жавоб беради, уни ҳимояга тавсия этаман.
Илмий раҳбар:
Шарқ фалсафаси ва маданияти”
кафедраси мудири, ф.ф.н.,профессор Д.А.Пулатова
Download 19.92 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling